Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Январ 2017 00:00

Сабзавотчиликда айни кунларда амалга ошириш лозим бўлган муҳим вазифаларидан бири бу – эртаги карам кўчатини сифатли тайёрлаш ҳисобланади.

Очиқ майдонга етарли (55–60 минг) миқдорда кўчат етиштириш учун 140–150 м2 плёнкалик иссиқхона талаб этилади. Иссиқхона майдонининг 40 фоизи дала тупроғи, 40 фоизи чиринди, 20 фоизи эса қипиқ, шоли шулхаси ёки қумли аралашмадан иборат бўлиши лозим.

                              Кўчат тайёрлаш

Эртаги сабзавот кўчатларини етиштириш жараёнида асосан икки тадбир амалга оширилади. Биринчи тадбир – уруғ сепиб, ниҳоллар (майса) олинади, иккинчиси эса ниҳолларни 12–14 кундан кейин кўчириб бошқа жойга экиб, парваришлашдан иборат. Иссиқхоналарга солинадиган озиқа аралашма қалинлиги ниҳол тайёрлаш учун 10–12 см. дан, кўчириб экиладиган иссиқхоналарда эса 18–20 см. дан кам бўлмаслиги керак.

Сабзавот ниҳоллари етиштириладиган иссиқхонани 1 гектар катталикдаги майдонига 10–12 см қалинликда 1000–1200 м3 миқдорда аралашма солиниши лозим.

Республикамизда карамнинг эртапишар чет эл дурагайларидан Фарао, Парел, Балбро, Бурбон, Назоми ҳамда маҳаллий ўрта ва кечпишар Термиз–2500, Тошкент–10, Саратони, Ўзбекистон судьяси, Шарқия каби эртапишар, серҳосил дурагайларини экиш тавсия этилади.

Сифатли ва соғлом кўчат тайёрлашда уруғларнинг аҳамияти жуда каттадир. Униб чиқиш хусусияти юқори, бегона ўт ҳамда навлар аралашмасидан ҳоли, биринчи туркумга мансуб бўлган уруғлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Уруғни ердан тўлиқ униб чиқишини таъминлаш учун уларни оддий усулда саралаб, сўнгра экиш тавсия этилади. Уруғ миқдорига мос идишда 3–5 фоизли ош тузи эритмага карам уруғи 1 соат давомида солиб қўйилади. Натижада пуч ва сифатсиз уруғлар эритманинг юза қисмида, тўқ ва сифатлиги эса эритма остига чўкади. Эритма юзасидаги уруғларни олиб ташлаб, эритма аста тўкилади, эритма остига чўккан уруғларни тоза сув билан 2–3 маротаба ювиб, сўнгра уларни ёйиб қуритилади.

Саралаб олинган уруғлар экилганда, ердан тез униб чиқиши учун уларни намлаш ҳамда ниш ундириб экиш усулларини қўллаш зарур. Намланган ва ундирилган уруғларни аввал шамоллатиб сўнгра экиш тавсия этилади. Бир гектар очиқ майдонга экиш учун етарли миқдорда карам кўчати тайёрлашга 350–400 г ҳисобида уруғ сарфланади. Ниҳол олиш учун карам уруғини экиш чуқурлиги 0,5–1,0 см. дан ошмаслиги, акс ҳолда уруғни ердан униб чиқиш муддати кечикади.

Уруғ экилиб, улардан майсалар тўлиқ униб чиққунча иссиқхонани +18+200С ҳароратда сақлаш, майсалар униб чиққач 5–7 кун давомида ҳароратни +6–10оС даража атрофида бўлиши таъминланса, майсаларнинг илдиз қисми яхши ривожланади. Кейинги парваришлаш даврида кундузи ҳарорат +15–17оС, кечалари эса +10–12оС атрофида бўлиши керак.

Майсалар чиққанидан 15–18 кун ўтгач, яъни ер устки қисми 5–7 см. гача ўсиб, уларда 1–2 тадан чинбарг ҳосил бўлгач уларнинг сифатли ва бақувват етилиши учун бошқа жойга озиқа майдонларини (4 х 5 ёки 5 х 5 см) кенгайтириб кўчириб экилади. Улар ўзини тўлиқ тутиб олганидан 10–12 кундан сўнг биринчи марта озиқлантирилади. Озиқлантиришда ҳар 10 литр сувга 13–15 г азотли, 18–25 г фосфорли ва 15–20 г калийли ўғитлар солиниб эритилади ва ушбу эритма ҳар 3–3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади.

Иккинчи марта карам кўчатлари очиқ майдонга экишдан 15–18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 литр сувга маданий ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солинади.

Иссиқхона ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига кўра, эртаги карам кўчатлари ҳафтасига 1–2 маротаба 1 м2 майдонга 4–6 литр сув сарфлаб суғориб турилади.

        Экинни касалликлардан ҳимоялаш

Иссиқхоналардан унумли фойдаланишда экин етиштиришдаги барча тадбирлар ўз муддатида олиб борилиши лозим.

Иссиқхонани экин экишга тайёрлашда энг аввало ўтмишдош экин қолдиқларини йиғиб олиш керак. Шундан сўнг оққанот, қанотли ширалар, ғовакловчи пашша ва занг каналарни ривожланиши ва очиқ майдонларга тарқалишининг олдини олиш учун ўсимлик қолдиқларини чуқурларга кўмиб ташлаш ёки дезинфекция қилиш зарур.

Дезинфекция учун 40 фоизли Формалиндан 2% ишчи аралашма тайёрлаб (200 кг/га), унга 2 фоизли мис купороси аралаштириб қўллаш яхши самара беради. Орадан 2–3 кун ўтгач ўсимлик қолдиқлари олиб чиқиб ташланади.

Помидорни 50–55 кунлик кўчатлари январь охири-февраль бошларида экилади. Тавсия этиладиган навлар Белле F1, Сайхун F1, Видетта F1, Элпида F1, Виласка F1, Шарлота F1, Омад F1, Гулканд, Аве-Мария. 25–30 кунлик бодринг кўчатларини январь охири, февраль бошида Орзу F1, Мультистар F1, Экспоза F1, Супердельта F1, Амур F1, Купосис F1 дурагайларини экиш тавсия этилади.

Ўсимликларга битта пояли қилиб шакл берилади. Бачки новдалар 6–7 см. дан ўсиб кетмаслиги учун ўз вақтида юлиб ташлаш керак. Ўсимликлар учини ҳар ҳафтада канопли ипга ўраб турилади. Мева пиша бошлаши даврида пастки (гулшодадаги) барглари олиб ташланади.

Ўсув даврининг 6–7 ҳафтаси давомида ўсимлик учки қисмини юқоридаги гулшода тепасида 2 тадан барг қолдириб, чимдиб турилади.

Иссиқхоналарда ҳосил етиштиришда экинларга зарар келтирадиган ҳашарот турларини уларнинг озиқланиш усулига қараб иккига бўлиш мумкин.

Биринчиси, сўрувчи зараркунандалар. Булар ўсимлик ширасини сўриб, уни ривожланишдан ортда қолдиради ва ҳосилдорликни пасайтириб, сифатини бузади. Айрим ҳашоротларнинг ширали чиқиндилари ўсимлик барги ва бошқа қисмларни ифлослантириши туфайли сапрофит замбуруғларнинг ривожланиши учун қулай муҳит яратиб, фотосинтез жараёнини издан чиқаради. Буларга, помидор занг канаси, ўргимчаккана, ширалар, оққанот, помидор куяси киради.

Иккинчи тур зараркунандалар – ўсимликнинг вегетатив ва генератив органларини кемириб, зарарлайди. Буларга, кузги тунлам, кўсак қурти, ғовакловчи пашша ҳамда нематодалар киради.

Сабзавот экинлари кейинги йилларда, фузариоз сўлиш, вертицилёз сўлиш, фитофтороз, қўнғир доғланиш, кулранг чириш, бодринг ва тамаки мозаикаси касалликлари билан зарарланмоқда.

Оққанотларга биологик курашиш учун уларнинг зичлигига қараб, энкарзия паразитини оққанот личинкаларига қарши 1:20, 1:10, 1:5 нисбатларда қўллаш керак. Зараркунанданинг етук зотларига қарши сариқ тусли елим суртилган экранлар тутиб қириш лозим. Ҳаммахўр энтомофаглардан оққанотни олтинкўз ва кокцинеллид личинкалари ҳам кўплаб қиради. Кимёвий курашишда, агар оққанотларнинг миқдори кўп бўлса қуйидаги препаратлардан бирини қўллаш тавсия этилади: 25% Апплуд н.кук 0,5 кг/га (10 л сувга 50 г), 20% Моспилан н.к. – 0,15 л/га (10 л сувга 15 мл).

Ўргимчакканага қарши биологик курашишда – олтинкўзнинг катта ёшдаги личинкаси қўлланилса бир кеча-кундузда 800 тагача ўргимчаккана тухумини еб қўяди. Кимёвий усулда – 57% Омайт к.эм. – 1,5 л/га (10 л сувга 15 мл); 10% Ниссоран н.кук. – 0,1 кг/га (10л сувга 10 г); 20% Флумайт сус.к. – 0,2 л/га (10 л сувга 20 мл) қўллаш зарур.

Помидор куясига қарши курашишда – иссиқхоналарнинг дераза ва эшикларига махсус москит (ниқобловчи) сеткалар тортиш, зараркунанда сонини назорат қилиш учун феромон тутқичлардан фойдаланиш, сариқ елим суртилган экранларни гектарига 35 тадан илиб қўйиш ҳам помидор куясининг капалаклари тарқалишининг олдини олади. Кимёвий усулда 9,3% Капито к.с. (индоксакарб+абамектин) – 0,45 л/га (10 л сувга 4,5мл); 42% Эмафос к.э. (эмамектин бензоат+хлорпирифос) – 0,6–0,8 л/га (10 л сувга 6–8 мл); 10% Бензоат супер с.э.г. (эмамектин бензоат) – 0,15–0,25 кг/га (10 л сувга 1,5–2,5мл) қўллаш самара беради.

Ун-шудринг ва сохта ун-шудринг касалликларига қарши Топсин-М, (0,7 кг/т сувга) ёки Сапрол (1 л/т сувга), Топазни (0,5 л/т сувга) қўшиб пуркаш тавсия этилади.

Помидор ва бодрингда фузариоз сўлиш касаллигига зарур чоралар кўрилмаса, экинларни қуриб қолишига олиб келади. Касалликни фузариум оксепориум замбуруғлари қўзғатади. Улар ўсимлик илдиз бўғинида кўпайиб, зарар келтиради. Касалликнинг олдини олиш учун помидор ва бодринг кўчатларини 0,3 фоизли Фундазол эритмаси билан (5 г 10 л сувга) суғорилиши мақсадга мувофиқдир.

Фомоз касаллиги асосан ҳосил тугиш даврида кўпайиб, замбуруғлари экин банди атрофида ривожланади ва аввалига capғиш доғлар ҳосил қилади, кейин эса улар кўпайиб, ҳосил банди жойларини чиритиб, ҳосил тўкилиб кетишига олиб келади. Касалликка қарши курашиш учун энг аввало иссиқхоналарда намлик ортиб кетишига йўл қўймаслик керак. Экинга ўсув даврида Топсин-М дорисини 1 кг/т сувга қўшиб, пуркаш тавсия этилади.

Ўсимликларнинг ўсиб-ривожланиши, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишга катта аҳамият берилса, иссиқхона сабзавотидан мўл ҳосил олинади.

   Р.Ҳакимов, Е.Лян, С.Алимуҳамедов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech