Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Январ 2017 00:00

Боғ-токзорлардан мўл ва сифатли ҳосил олиш учун ҳозирдан тайёргарлик кўриш зарур. Қатор оралари ҳайдалмай қолган боғларда 25–30 см чуқурликда ҳайдаш, шўрланган ерлар атрофидаги коллектор ва зовурларни тозалаш ишлари бажарилади. Ёғингарчилик кам бўлиб, намгарчилик етарли бўлмаган боғ қатор ораларига қишки яхоб суви бериш, бунда ҳар бир гектарга 1500–2000 м3 сув сарфланиб, 4–5 кун давомида суғориш керак.

Ҳаво ҳарорати +5оСдан юқори бўлганда уруғли мева дарахтлари хусусан олма, нок, беҳининг синган шох-шаббалари, нобуд бўлган пўстлоқлардан ва зараркунанда захираларидан тозалаш ишлари бажарилади. Дарахтларга ёққан қорларни силкитиш, яъни ёққан қор шохларни синдирмаслиги олдини олиш чоралари кўрилади.

Илиқ ҳаво ҳароратида уруғли мева дарахтларига шакл бериш, буташ, сийраклаштириш ишлари давом эттирилади. Қуриган дарахтлар олиб ташланади.

Боғларда дарахтларни буташдан асосий мақсад :

1. Дарахт шохларини бир текис жойлаштириб, шох-шабба учун мустаҳкам скелетни шакллантириш.

2. Дарахтларни эрта ҳосилга кириши учун қулай шароит яратиш.

3. Шох-шаббанинг барча қисмини бир текис яхши ёритилишини таъминлаш.

4. Дарахтлар ҳаётининг бутун даврларида уларнинг ўсиши ва ҳосил бериши ўртасидаги физиологик мувозанатни бошқариб туриш.

5. Дарахтларнинг ҳосилдорлиги ва жойлаштириш схемасига мувофиқ ҳолда уларнинг шох-шаббаси ўлчамини чеклаб туриш.

6. Дарахтларнинг ёшини инобатга олган ҳолда уларнинг ҳар бир тур ва навидан юқори сифатли мўл ҳосил олишга эришишдир.

Боғ-токзорларда қўлланиладиган қишлоқ хўжалик машиналари, агрегатлари ва транспорт воситаларини таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Боғлар зараркунанда ва касалликларига қарши ҳимоя воситаларини ғамлаш ҳамда имкон даражасида экин қатор орасига органик ўғитларни солиш, чунончи паст бўйли интенсив боғларга гектарига 60–80 т, ўрта бўйли олмазорга гектарига 50–60 т, кучли ўсувчи боғларга 30–40 т гўнг солиш керак. Уруғли ва данакли боғларда дарахтларнинг туп тагларидаги тупроқ ағдариб чопилади, тўкилган барглар ва бегона ўтлар йўқ қилинади.

Боғларда олма, нок ва беҳи дарахтлари асосий навларининг танасига эркин ўсишини таъминлаш мақсадида шакл берилади.

Сийрак ярусли тизим бўйича тўлиқ шакллантирилган мева дарахти биринчи тартибдаги 2–4 шохидан иборат бўлади. Биринчи тартибдаги она шохлари билан бирга иккинчи ва учинчи тартибдаги шохлар ҳам шакллантирилади. Иккинчи шох биринчисидан 25–30 см оралатиб шакллантирилади. Учинчи тартиб шохлари ҳам шу тариқа шакллантирилади. Иккинчи ва учинчи тартибнинг скелет шохлари ён томондан ўсган бўлиши керак. Пастки оналик шохларда иккинчи тартибнинг 2–3, қолганларида 1–2 та новда қолдирилади. Иккинчи тартиб шохларида учинчи 1–2 новдаси қолдирилади. Кучли ўсган ён шохларни кесиб, ярим скелет шохларга айлантирилади. Скелет ва ярим скелет шохлар ўртасида ўсган ён куртакларни кесиб ёки эгиб ҳосил шохларга айлантирилади.

Шох-шаббага шакл беришда етакчи шох билан шох-шабба ўртасидаги боғлиқларни сақлаб қолишга аҳамият бериш зарур, яъни марказий шох доимо биринчи тартибдаги шохчалардан 20–25 см узунроқ бўлиши, биринчи тартибдаги шохчалар ҳам ўз навбатида иккинчи тартибдагилардан шунчага узунроқ бўлиши керак. Асосий шох ёнида ўсувчи рақиб шохлар кесиб ташланади. Агар рақиб шох асосий шохдан кучлироқ ва яхшироқ йўналган бўлса, рақиб шох қолдирилиб, асосий шох кесиб ташланади ёки эгиб қўйилади. Шох-шаббаси тор пирамидал шаклдаги навларнинг шох-шаббасини кенгайтириш учун биринчи тартибдаги асосий шохлар иккинчи тартибдаги ташқи ён шохлар устига ўтказилади ва ўсиш бурчагини кенгайтириш мақсадида пастга эгиб қўйилади.

Шох-шаббаси ёйиқ олма навларининг биринчи тартибдаги шохларини иккинчи тартибнинг юқорига қараб йўналган шохлари устига ўтказилади. Шох-шаббанинг асосий шохларига шакл берилгандан сўнг марказий етакчи тана 45°бурчак остида якка ўсган ён шох баландлигида кесилади. Шунда дарахтнинг бўйи пастлашиши туфайли шох-шабба ички қисмининг яхшироқ ёритилишига қулай шароит яратилади.

Шу мақсадда биринчи тартибдаги тик ўсган шохлар иккинчи тартибнинг ташқи ён шохлари устига ўтказилади.

Мева дарахтлари шох-шаббасини дастлабки беш-етти йил давомида шакллантириш лозим. Бунда дарахтларнинг тур ва нав хусусиятларини инобатга олган ҳолда буташ керак.

Олма дарахтлари ҳосилга кира бошлаганидан бошлаб 6–15 ёшгача шох-шаббаси сийраклаштирилади: бир-бирига халақит берадиган ва шох-шаббани қоронғилаштирадиган барча новдалар олиб ташланади. Суст новда чиқарадиган, асосан ҳалқасимон (кольчатка) ва мураккаб ҳалқасимон-ҳосилли шохларда мева тугадиган навларда барча тартибдаги скелет шохлардан ўсиб чиққан бир йиллик шохларни қисқартириш давом эттирилади.

Кучли шохланадиган олма навларда фақат узунлиги 60 см.дан кўпроқ ўсган шохлар қисқартирилади. Шохлар меъёрида ўсганда (40–45 см), қисқартирилмайди. Уларнинг йиллик ўсиши 15–20 см. гача камайганда, бўйини 35–40 см атрофида сақлаб туриш мақсадида, бу шохлар қисқартирилади. Ён томондан ўсиб чиққан шохларни эгиб ёки қисқартириб, улардан мева шохлари ҳосил қилинади.

Дарахт тўлиқ мевага кирган даврда навларига қараб 8–15 ёшгача ўтказиладиган буташлар уларнинг бўйи ва ҳосилдорлигини сақлаб қолишга қаратилади. Бу вақтда дарахтлар ёш давридагига нисбатан камроқ буталади, фақат майда, шох-шаббани, қоронғилаштирувчи ва бачки шохлар олиб ташланади, алоҳида ўсган ва янги ҳосил бўлган узун шохлар қисқартирилиб, мева шохларига айлантирилади. Катта шохлар эса бир-бирига ўзаро боғлиқ ҳолда кесилади.

Агар скелет шохлар учининг ўсиши ҳосилнинг ҳаддан ташқари кўплиги ёки агротехниканинг ёмонлиги туфайли 15–20 см. гача қисқарса, у ҳолда ўсишни кучайтириш мақсадида 2–3 йиллик шохлари кесилади, чеканка қилиб қисқартирилади, кейинги йилларда ўсиб чиққан заиф шохлар олиб ташланади. Бундай тадбир мева берадиган дарахтларда шохларнинг меъёрида ўсиши учун вақти-вақти билан ўтказиб турилади. Бу даврда ерга осилган, касал ва синган шохлар кесиб ташланади.

Скелет шохлар учининг ўсуви анча заифлашиб, 10–15 см бўлиб қолса, ён томонга ўсган шохлар яхши ўсиши учун тахминан беш-олти йиллик шохлари қисқартирилади. Мураккаб ҳалқасимон ва мева шохлар, уларнинг ҳолатига кўра, учдан бир қисмига ёки ярмига қисқартирилади.

Бачки ярим скелет шохларни алмаштириш ёки уларни мева шохларига айлантириш мақсадида шакллантирилади, ортиқчалари олиб ташланади, жароҳатланган жой атрофидаги бачки шохлар вақтинча қолдирилади.

Ҳосил мўл бўлиши кутилаётган йилларда буташ йўли билан ўтган мавсумда шаклланган гул куртаклари сонини камайтириш келгуси йил ҳосил заминини яратиш мақсадида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш ҳисобига янги куртакларни шакллантириш зарур.

Кам ҳосил олинган йилларда камроқ буташ йўли билан илгари шакллантирилган гул куртакларини сақлаб қолиш керак. Аксинча кучли бутаб, баҳорда сийраклаштириш йўли билан келгуси йил ҳосили учун шакллантирилган гул куртаклари сонини қисқартириш зарур.

Интенсив боғларда дарахтлар пакана пайвандтагга уланганлиги боис кўчатларга алоҳида шакл берилади. Ёш дарахтларга эса веретино усулида шакл берилади. Бунда асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ новда беришга қаратилади, яъни шохлатилади. Шакл беришда дарахтнинг асосий лидер шохида штамби учун 50 см қолдирилиб, ундан юқорисига 8–10 та кўз, ундан сўнг яна шип учун 3 та кўз қолдирилиб, ортиқчаси кесилади.

Келгусида етарли шохлаши учун 50 см танасидан юқорида жойлашган 3 та кўз ойсимон шаклида (кўчат кўчатхонасида шохланмаган бўлса) кўзни ўсиш қисмидан кербовка (кесма) қилинади ва яна учта кўз ташлаб яна учта кўз тўғри чизиқ шаклида кербовка қилинади. Бу жараён дарахт ўса бошлаган даврида қилинса яхши натижа беради.

Кейинги йиллари интенсив боғларда Бактериал куйиш касаллиги дарахтларга жиддий зарар келтирмоқда. Бунда асосан дарахтларнинг пайвандтаги зарарланади. Эрта баҳорда гул тугунчалари ва новдалари зарарланиб, пайванд қилинган ердан кўпгина ҳолларда сариқ суюқлик чиқа бошлайди.

Зарарланган гул тугунчалари қуриб, қўнғир тусга кириб, новдаларни учи эгилиб, пастга қараб қурий боради. Баъзи ерларда сарғиш суюқлик чиққач, тамоман қуриб қолади, новданинг пўсти тарам-тарам бўлиб ёрилади.

Касалликка қарши дарахтнинг барги 60–70% тўкилгандан сўнг Бордо суюқлигининг 3 фоизли эритмаси билан яхшилаб ишлов бериш керак. Бунда интенсив боғларда илиқ кунлари ҳар бир гектар боғга тахминан 30 кг мис купороси ва 30 кг оҳак 1000 л. сувда аралаштириб пуркалади. Эрта баҳорда ушбу тадбир қайтарилади.

Токзорларда таъмирлаш ишлари темир-бетон устунларни тўғрилаш, симларни тортиш, гектарига 30–40 т гўнг солиш, 1–2 марта яхоб суви бериш (1200–1500 м3/га) ҳамда шўр ювиш, коллекторларни тозалаш ишлари олиб борилади.

Юқоридаги агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилса, боғ-токзорлардан юқори ҳосил олишга пухта замин тайёрланади.

   Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева, Ж.Агзамходжаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech