Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Январ 2017 00:00

Айни кунларда туман ва муқобил машина-трактор паркларининг устахоналарида, фермер хўжаликларининг машина саройларида тракторлар, чизель-культиватор, борона ҳамда мола-текислагич каби ерларни экишга тайёрлаш техникаларини таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Устахонага келтирилган ҳар бир трактор ёки машина энг аввало, мой ва чангдан, минерал ўғит, ўт-ўлан қолдиқлари ҳамда бошқа чирклардан яхшилаб тозаланиши, юқори босимли сув билан ювилиши зарур, акс ҳолда бундай ифлосликлар носоз жойларни аниқлашга халақит беради, пировардида таъмир сифатига путур етади.

Тракторлар. Таъмирдан сифатли чиқарилган детал ва узелларнингсозлик шартлари: тўла жиҳозланган; ёнилғи, мой ва бошқа суюқликлар томчиламайдиган; детал, узел ва агрегатлар пухта маҳкамланган; ўлчов, ёритиш ва электрон асбоблар яроқли; капот, ойна ва кабина эшиклари шикастланмаган; мажбурий жойлар ёғланган.

Двигател енгил ўт олади, барқарор ишлайди, бегона шов­қин ёки товуш чиқмайди; ёнилғи ва мой сарфи меъёрда, ёнилғи билан таъминлаш ва газ тақсимлаш системасининг бирикмалари маҳкам; тирсакли вал барқарор айланади, двигателнинг қуввати номинал даражада.

Илашиш муфтаси узатмаларни эркин, қадалишларсиз қўшилишини таъминлайди, шатаксирамай ишлайди; карданли узатма бирикмаларидаги радиал ва бўйлама тирқишлар меъёрида; орқа кўприк ва бошқариш механизми тақиллаш, шовқиндан ҳоли; равон ва кескин бурилишлар, ишончли тормозланиш таъминланади.

Занжирли тракторларда трек бармоқлари, етакловчи ғилдирак тишлари чегарада едирилган, таянч катоклар ва йўналтирувчи ғилдираклар лапангламай айланади; ғилдиракли тракторларда рул чамбарагининг эркин йўли меъёрида, рул механизми ва ғилдираклари соз ҳолатда.

Гидравлик осиш системаси машиналарни равон кўтаради ва туширади, механизмлар ишончли, бирикмалардан суюқлик томчиламайди; электр қурилмалар двигателни равон юргизиш ва йўлни яхши ёритишни таъминлайди.

ЧКУ-4А ва ЧК-4-6 чизель-культиваторларда юмшатувчи ва ўқёйсимон панжаларнинг ейилиши, ўтмасланиши ва синиши; улар ўрнатилган устунларнинг эгилиши ва буралиши; втулкалар, сальниклар бошқа туташма деталлардаги резьбаларнинг ейилиши; подшипникларнинг тўкилиши ва стопорларнинг ейилиши ва синиши; иш органлари ва бороналарни кўтариш механизмлари қисмларининг эгилиши ва буралиши каби носозликларни тузатиш талаб қилинади.

Ейилган втулкалар, сальниклар, соққалари тўкилган подшипниклар, уларнинг ейилган ва синган стопорлари ҳамда бошқа носоз деталлар янгисига алмаштирилади.

Ўғит солувчи аппаратнинг бункерларидаги тешик ва ёриқлар пайвандланади. Айланувчи қисмлардаги носоз подшипниклар алмаштирилади. Ўғит солиш меъёрини ростловчи механизм деталлари эгилган, едирилган бўлса таъмирланади.

Раманинг эгилган қисмлари тўғриланади, ёриқлар пайванд қилинади. Таянч ғилдираклар подшипниклари текширилади, носози тузатилади, тешик камералар ямалиб, эски шиналар алмаштирилади.

БЗСС-1,0, БЗТС-1 ва БЗТХ-1,0 русумли тишли бороналарда қуйидаги нуқсонлар кўпроқ учрайди: тишлар маҳкамланадиган планкалар ва бороналарни бир-бири билан улайдиган илгакларни эгилиши ва буралиши, тишларни ўтмасланиши, ейилиши ва эгилиши. Бу нуқсонларни тузатиш учун борона қисмларга ажратилади, планкалар ҳамда илгакларни эгилиши ва буралиши болғалаш йўли билан совуқлайин тўғриланади.

Ўтмасланган, ейилган ва эгилган тишлар темирчилик усулида қиздирилади, болғалаб чўзилади, тўғриланади ва текисланади. Бунда, таъмирланган тишлар бир хил узунликда бўлиши ҳамда ўткир учининг қалинлиги 2 мм. дан ошмаслиги лозим.

Чўзилган ва тўғриланган тишнинг иш қисми темирчилик печкасида 820–840оС гача қиздирилади ва 30–35оС ли сувга ботириб тобланади. Сўнг борона қайтадан йиғилади ва назорат плита устида текшириб кўрилади. Қуйидаги шартлар бажарилганда тишли борона тўғри таъмирланган ҳисобланади:

- борона планкалари ва тишларининг эгиклиги 3 мм. дан ошмаслиги лозим;

- тишлар планкага гайка ва шайбалар ёрдамида маҳкамланган бўлиши ҳамда улардаги резьбаларнинг 2–4 ўрами гайка юзасидан ташқарига чиқиб туриши керак;

- тишлар планкаларга қирраси ва ўткир томони билан ҳаракат йўналишига қараб ўрнатилиши даркор;

- тишларнинг тик ҳолатдан оғиши ±5 мм. дан ошмаслиги лозим;

- тишларнинг учлари билан назорат плитаси сирти орасидаги масофа 10 мм. дан ошмаслиги керак;

- тишлар қолдирган излар орасидаги масофа 50 мм бўлиши, бундан четланиш эса 5 мм. дан ошмаслиги зарур.

БДТ-2,2, БДТ-3,0 ва ТДБ-3/5 дискли бороналарда энг кўп таъмирталаб қисм – бу сферикдисклардир. Носоз дискларнинг сиртлари қийшайган, қиррали ўтмаслашган бўлади. Сиртларни жойида уриб тўғрилаш мумкин эмас. Қийшайган диск ўқидан ечиб олинади, андоза устига жойлаштирилади ва болға билан бир текис қилиб тўғриланади. (Дискнинг заводдан келтирилган янгиси андоза вазифасини бажариши мумкин). Дискнинг марказидаги квадрат шаклидаги тешик едирилган бўлса, унинг ичига пўлат шайба пайвандланади ва эгов билан ўлчамига келтирилади. Диск батареясининг ўқи эгилган бўлса, болғаланиб тўғриланади. Борона рамасидаги дарз кетган жойлар пайвандланади. ТДБ-3/5 боронанинг таянч ғилдираги шиналари едирилган бўлса, янгиларига алмаштирилади. БДТ-3,0 боронадаги темир ғилдиракларнинг гардишлари эгилган бўлса тўғриланади, дарзлар пайвандланади, носоз подшипниклар ўрнига созлари қўйилади. Диаметри кичрайган дискларни янгиларига алмаштирилади.

МВ-6,0 мола текислагичда пичоқлар тўмтоқлашган бўлса, уларнинг тиғлари темирчилик усули билан ўткирланади. Батамом тўмтоқлашган ёки тиғлари охиригача едирилган пичоқлар янгисига алмаштирилади. Четки секцияларни тутиб турувчи тортқиларнинг эгилган жойлари тўғриланади.

Хуллас, устахоналарнинг муҳандис-техник ходимлари, чилангарлар ва механизаторлар ерларни экишга тайёрлаш машиналарининг таъмирлаш тадбирларини сифатли бажарилишига эришмоқлари лозим. Шундагина техникаси сознинг иши ҳам соз бўлади.

   М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech