Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Январ 2017 00:00

Кўп йиллик тажриба натижаларига кўра, кузги буғдойда ҳар қандай шароитда ҳам физиологик жараён давом этади, унинг ривожи учун энергия зарур бўлади. Кунлик ҳарорат +3–5оС бўлганда қишлаш даврида фотосинтез жараёни тўхтаб, фақат нафас олиш жараёни устунлик қилади.

Бунда бошоқли дон экинлари уруғини экиш даврида берилган фосфорли ва калийли минерал ўғитлардан илдиз орқали синтез қилинган органик моддалар ҳисобига нафас олиш жараёни содир бўлади. Айтиш жоизки, кузги буғдой совуқ об-ҳаво даврида энергияни фақат нафас олиш пайтида танасидаги захира моддаларни парчаланиши эвазига ҳосил қилади. Шу билан бирга қишда кундуз кунлари ўсимликда фотосинтез жараёни кечмайди. Ўсимлик қуёшнинг ёруғлик энергиясидан фойдаланиши ҳисобига хлорофил доначаларини тўплайди. Бу билан майсанинг кечаси кучаядиган совуққа чидамлилигини оширади.

Селекционер олим янги нав яратиб, унинг потенциал ҳосилдорлигини белгилаб беради. Яратилган навнинг белгиланган потенциал ҳосилдорлигини ғаллакор фермер хўжаликлари томонидан етиштириш учун, энг аввало албатта юқори агротехника шароитини яратиш ва агротехник чора-тадбирларнинг қўлланилиши эвазига мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имконияти мавжуд бўлади.

Республикамиз ғалла майдонларида макро- ва микроэлементлар тақчиллигини қоплаш мақсадида кузги буғдойни куз, қиш ва баҳор ойларида тўғри ва ўз вақтида парвариш қилиш эвазига ўсимликни ноқулай шароитларга чидамлилигини ошириб, маҳсулдорлигининг юқори бўлишини таъминлашимиз зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, кузги буғдой парваришида қиш фаслида агротехник тадбирларни бажаришга қатъий эътибор бериш лозим.

Чунончи январь ойида амалга ошириладиган энг муҳим агротехник тадбирларидан бири бу – 1 гектар майдонга мўлжаллаб ўртача 8–10 тоннадан маҳаллий ўғит жамғаришдир. Ҳар 5 гектар майдонга эса биттадан (чуқурлиги 1,5, эни 3, узунлиги 5 м) шарбат ўралари қазиб, ҳар бир ўрага 50 тоннадан маҳаллий ўғит захирасини яратиш лозим. Далага чиқарилган маҳаллий ўғитларни ўраларга солиб, устини 5–10 см қалинликда кўмиб қўйиш лозим. Шу билан бирга ғаллакорлар экин парваришида қуйидагиларга эътибор беришлари талаб этилади:

- муддатидан кеч экилиб, майса ривожи 3–4 барг, 1-2 барг ёки умуман униб чиқмаган майдонларда ер ёрилиш ҳолатларини аниқлаш, бундай майдонларга жамғарилган қуруқ гўнг ёки чиринди сочишни ташкил этиш (далада юза гўнг қатламини ҳосил қилиш) ҳамда шу майдонларни ҳар 2–3 кунда кузатиб бориш (Республикамизнинг шимолий минтақаларида тавсия этилмайди);

- ер музлаган вақтда ғўзапояси олинмаган майдонлар ғўзапоясини фақат ўриб олиш ёки техника ёрдамида майдалаш ишларини ташкил этиш (ғалла экилган майдонларда ғўзапояни юлиб олиш тақиқланади);

- ғўзапояси ўрилган майдонларда ғўзапояларни зудлик билан олиб чиқиб кетиш тавсия этилади (Ғўзапоя тўпланиб қўйилган майдонларда, ғўзапоя остида ниҳоллар қуёш нури етишмаслиги оқибатида сарғая бошлайди, фотосинтез жараёни тўхтайди);

- ғалла майдонларини сув билан таъминлайдиган ички ариқларни ҳашар йўли билан тартибга келтириш, ғўза қатор ораларини ғўзапоядан тозалаш ишларини тугаллаш мақсадга мувофиқдир;

- ер ости сувлари 1,5 метрдан чуқур жойлашган майдонларда чилла сувини енгил ўтказиш зарур. Шунда, тупроқда нам тўпланади, ғаллага касаллик ва ҳашаротларнинг тушиши олди олинади. Натижада бошоқдаги доннинг вазни ортади ва ғалла ҳосилдорлиги 5–10 центнерга кўпаяди;

- далани бегона ўтлардан ҳимоя қи­лиш, касаллик ва зараркунанда ҳашаротлар тарқалиши олдини олиш мақсадида, дала четлари ва суғориш тармоқларини тозалаш лозим;

- маълум сабабларга кўра, фосфорли ва калийли минерал ўғитлар берилмаган ғаллазорларга ер музлаган вақтидан фойдаланиб, йиллик меъёрдан 10–15 фоиз ортиғи билан сепиш лозим;

- ғалладан бўшаган майдонларга такрор ғалла экилган майдонларда ғалладошлар оиласига мансуб бегона ўтлар кўпайишини ҳисобга олиб, уларга қарши гербицидлар захирасини яратиш чораларини кўриш;

- бошоқли дон экинларининг навларига қараб ғалла ниҳоллари ҳолатини ўрганиб, мутахассислардан иборат дала кузатув гуруҳлар ташкил этиш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Юқоридаги агротехник чора-тадбирларни республикамиз вилоятларининг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда сифатли амалга оширилиши, ғалладан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришни таъминлайди.

   Р.Сиддиқов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech