Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Январ 2017 00:00

Қиш ҳам иш фасли деганларидек, қишлоқ хўжалиги ходимларининг қиш ойларида ҳам ўзига яраша юмушлари мавжуд. Бунда асосан агромелиоратив тадбирлар ўтказиш жорий йилга мўл ҳосилга замин яратади. Агромелиорация, яъни агротехника ва мелиорация тадбирларини ўзаро уйғунликда олиб бориб, ерларнинг унумдорлигини оширишга қаратилган ишлардир. Хусусан шўрланган ерлардаги зовурлар тозалаш тўғри суғориш ва тупроқнинг шўри сифатли ювилиши, сизот сувлар чиқиб кетишини таъминлайдиган асосий тадбир ҳисобланади.

Республикамиз экин майдонларида дренажнинг учта асосий тури: очиқ ва ёпиқ горизонталь ҳамда тик бўлиб, бунда энг кўп қўлланиладигани очиқ-ётиқ дренаждир. Шўрланган ерларда чуқур очиқ (2,5–3,5 метр) дренаж юза (1–2 м) дренажга қараганда энг самарали ҳисобланади. Бунда сизот сувлар сатҳини анча пасайтириш ва ерлар суғорилганда тупроқ шўрини яхшироқ кетказиш мумкин. Очиқ дренажлар самараси кўп жиҳатдан унинг чуқурлигига боғлиқ. Агар дренажларда оқизиқлар ва бегона ўтлар кўп бўлса, улардаги сувнинг сатҳи кўтарилади. Бу эса сизот сувларнинг босим кучи ва бинобарин мелиорациялаш таъсирини камайтиради. Ирригация ва мелиорация институти қошидаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтида олиб борилган текширишлардан маълум бўлишича, зовур суви оқимини кучайтириш ва тупроқнинг шўрини чуқурроқ ювиш учун бундай ерларда зовурлар узунлигини 70–100 метрга етказиш юқори самара беради.

Босими ва силжиш хоссаси яхши бўлган қатлам юза (5–10 м) бўлса, вертикал зовурлар қазиш йўли билан очиқ дренажлар самарадорлигини анча ошириш мумкин. Бунда улар босимли оқим интенсивлигини пасайтиради ва сизот сувларнинг пастга тушишини таъминлайди. Бундан ташқари, зовурлар орасидаги масофани узайтириш ва улар қурилишидаги сарф-харажатларни камайтириш мумкин бўлади. Диаметри 10–15 см ва узунлиги 3–5 м. ли кучайтирувчи чуқурларни гидробур ёрдамида осонгина ковлаш мумкин. Улар зовурлар тубида ҳар 20–30 метрдан кейин ковланади ва устига шағал ташланади.

Турли диаметрли қувурлар шўр ювиш жараёнида кузатув қудуғи орқали назорат қилинади. Сув қувурларга улар туташган жойдаги тирқишлардан ёки пастки томонидаги бир неча қатор тешиклардан тушади. Дренажлар чуқурлиги қуритиш меъёрларига боғлиқ. Агар улар сизот сувлар сатҳидан пастда (ёпиқ дренаж) бўлса, самараси юқори бўлади. Тупроқнинг сув кўтариш хоссаси ва сизот сувларнинг минералланиш даражасига қараб, ёпиқ зовурлар чуқурлиги 2,5–3,5 м бўлиши керак. Дренажлар самарадорлигини ошириш мақсадида, қувурлар анча қия (айниқса, кичик диаметрлилари) жойлаштирилади. Ёпиқ дренаждан фойдаланишда уни лойқа (балчиқ) босиб қолиши мумкин. Шунинг учун уларни вақти-вақтида тозалаб туриш керак. Бунда энг самарали ва тежамлиги механизмлар ёрдамида тозалашдир. Тик дренажлар ер ости ва сизот сувларини махсус насослар билан жиҳозланган чуқур қудуқлардан чиқариб олиш учун қўлланилади. Унинг шўрланган ерлар мелиорациясида самарали восита эканлиги маълум.

Сувни кам ўтказадиган, майда заррали юқори қатламининг таги қум-шағалли бўлган оғир тупроқли ерларда вертикал зовурлар яхши самара беради. Қум-шағалли ётқизиқли қатламнинг жойлашишига қараб, зовур қудуқларининг чуқурлиги 20–30 м. дан 100–150 м. гача бўлади. Чуқурдаги сув қабул қилувчи қувурларнинг юқори қисми яхлит, пасти тешикли ёки ёриқли бўлади. Чуқур жойлаштирилган насослар электр мотор ёрдамида ишга туширилади.

Қудуқ атрофи ўпирилиб кетишининг олдини ўз вақтида олиш, шунингдек, лойқа ёки қум тўлиб қолса кечиктирмай тозалаш муҳим аҳамиятга эга. Ётиқ дренажда (шу жумладан, ёпиқ) босимли ер ости сувлари кўп тушиши, тупроқнинг юқори қатламлари билан шўр ювилишини сусайтириб юборади. Тик дренаждан фойдаланилганда эса ер ости сувлари чиқариб олинади ва уларнинг пизометрик босими камайиб, сизот сувлар пастга қараб силжийди. Бундай шароитда минераллашган сувлар пастга силжиши туфайли тупроқнинг шўри ювилиб боради. Тик дренажни қўллашда чуқурлардан олинадиган сувдан тўғри фойдаланишга катта эътибор бериш керак. Агар минераллашиш даражаси унча юқори бўлмаса, ариқ сувига қўшиб, шўрни ювиш ва экинларни суғоришга сарфлаш мумкин.

Мелиоратив тадбирлар доирасига ер ости сизот сувларининг оқимини таъминлаш ва иккиламчи шўрланишнинг олдини олиш мақсадида, хўжаликлараро ва хўжалик ичидаги зовурларни ҳар йили 45–50 фоизи тозаланиши зарур.

Ҳозирда коллектор-зовур тармоқлари ва тик қудуқлар (сквжиналарни) нинг техник нозослиги ва иш самарасининг (унумининг) ўта пастлиги боис вужудга келган гидроморф ва сув режими ярим гидроморф сув ҳисобланади. Бунда ер ости сизот сувлари сатҳини “критик” чуқурликдан (2,5–3 м) пастда ушлаб туришга қаратилган барча тадбирлар мажмуаси ўз аксини топиши лозим. Амалиётда ярим гидроморф мелиоратив режимини қўлланиши суғориладиган шўрланган тупроқларнинг қулай мелиоратив ҳолатда ушлаб турилишига имкон яратади.

Йирик каналлар, зовурларни лойқа-чўкиндилар ва ҳар хил ўсимликлардан тозалаш механизация ёрдамида амалга оширилади. Кичик каналлардаги лойқа-чўкинди ва ҳар хил ўсимликларни эса ихчам ускуналар ёки қўл кучи билан тозалаш мумкин. Баъзи ҳолларда лойқалатиб сув оқими орқали лойқа-чўкиндилар ўтказиб юборилади, бундай лойқалар ё далага, ё ташламага бориб қуйилади. Лойқани пастки оқимга йўналтирилгандан кўра, канал қирғоқлари ва ён-атрофидаги жойларга ташлаган маъқул. Суғориш каналларида тозалаш ишлари амалга оширилаётганда каналларнинг кўндаланг кесимини лойиҳавий ҳолатга келтириш, қияликлари мустаҳкамлигини ошириш ва лойиҳавий гидравлик ўлчамларни эътиборга олиш зарур.

Ҳар қандай гидротехник иншоотлар, жумладан, улардаги жиҳозлар ишлатилгани сайин емирилиб занглайди ва эскиради. Бироқ, бу ҳолат кучайиб кетмаслиги учун уларни вақтида аниқлаш ва тузатиш доимо эътибор беришни талаб этади. Сув тақсимлаш иншоотларини ишчи ҳолатда сақлаш учун қуйидаги таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш лозим:

- зичлагичлар текширилиб, ишдан чиққанлари алмаштирилади;

- гидропровод болтлари текширилиб, қотирилади;

- зангланган юзалар тозаланиб, зангга қарши қоплама суртилади;

- электр жиҳозлар кўздан кечирилади, электродвигатель очилиб, мойланади, контактлар тозаланади;

- редукторга мой қуйилиб, подшипниклар мойланади;

- захирадаги эҳтиёт қисмлар кўрикдан ўтказилиб, ишга яроқлилиги таъминланади.

Сув тақсимлаш иншоотларидаги барча дарвозалар таъмирлангандан сўнг, бир неча маротаба ёпиб-очиб иш қобилияти текшириб кўрилади.

Каналлардаги сув ўлчаш нуқталарини ишчи ҳолатга келтириш учун ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Хизмат кўприклари таъмирланиб, реперлар созланади, сув сатҳини кўрсатувчи рейкалар ишчи ҳолатга (бўёқлаш, таъмирлаш) келтирилади.

Суғориш каналлари ёки коллектор-зовур тармоқларида сувнинг бемалол ҳаракатланиши каналлар ёнбағирларидаги бегона ўтларга қарши курашнинг самарали усулларини ишлаб чиқишни талаб этади. Бегона ўтлар каналларда сув ҳаракатига тўсқинлик қилади, сифонлар ишлашини сусайтиради, ахлат тутиб қолувчи панжаралар, сув олиш иншоотлари, насос фильтрлари ва ҳоказоларни тўсиб, суғоришларга халал беради.

Шунингдек, СИУ ҳисобидаги суғориш тармоқларининг кичик канал ва ариқларини лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Фермер хўжаликлари ички суғориш лотокларини мунтазам назоратдан ўтказишлари ва таъмирлаш ҳамда биодренаж ёрдамида ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда қуйидаги ишларни амалга оширишлари керак:

- суғориш лотокларининг таянч устунларини тартибга келтириш;

- улардан сув сизишининг олдини олиш учун йўл қурилиш битуми, ипаксит суюқлиги ва бентонит қоришмалари ҳамда махсус геометрик материаллардан фойдаланиш;

- суғориш лотокларида йиғилган чўкмалар кичик ва мўрт бўлганлиги учун қўл билан тозалаш, баъзан сув билан ювиб юбориш.

Тупроқ шўрланиши, аниқроғи унинг асосий сабаби бўлган грунт сувлари сатҳи кўтарилишини маълум экинлар ёки дарахтларни экиш, яъни биологик дренажлар асосида ҳам ростлаш мумкин.

Бунда тут, терак, тол, жийда, қайрағоч, анор, анжир, беҳи каби дарахтларни фермер хўжаликлари экин майдонлари атрофига экиш тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва ер ости грунт сувларининг сатҳини ростлашга ёрдам беради.

Шамол кучли эсадиган туманларда ва қумли ҳамда қумлоқ тупроқларда дарахт полосалари оралиғи кўпи билан 100–170, қум барханлари ўзлаштирилаётган жойларда 80–100, енгил ва ўртача қумлоқ тупроқларда 200, оғир қумлоқ ва гилли тупроқларда 250–300 м. тенг бўлиши мақсадга мувофиқ. Шамол эсиш кучи ўртача минтақаларда ва қумли ҳамда қумлоқ тупроқларда дарахт полосалари оралиғи 200, енгил ва ўртача қумлоқ тупроқли ерларда 250–300, оғир қумлоқ ва гилли тупроқли ерларда 350–400 м қилиб олиш лозим. Ҳозирги кунда ғўза парваришида ҳашаротларга қарши курашда биологик усул билан кураш қўлланиши натижасида иҳота сифатида бодом, анор, анжир каби мевали ҳамда қурилишбоп дарахтларни қўллаш мумкин. Бунда дарахтларнинг шамолни қайтариши сабабли чигит экиладиган майдонда нам сақланиш муддати узайишига эришилади, ер ости сизот сувларини ўзига олиши сабабли ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Дала атрофидаги дарахтларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ипак қурти парваришлаш мавсумида шохлари кесилмаган дарахтларнинг шохларини кесиш тут барги ҳосилдорлиги ошишини таъминлаши баробарида, тут парвонасининг қишлашининг олди олинади. Тол дарахтларини каллаклаш шира зараркунандаси тухумлари нобуд бўлишини таъминлайди. Дарахтларнинг қуриган ва ёрилган шох-шаббаларини кесиш уларда зараркунандалар қишлашига барҳам беради.

Шунингдек, энг асосий қишги тадбирлардан бири бу – маҳаллий ўғит жамғаришдир. Миқдорини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш учун турли хил маҳаллий ўғитларга (қорамол, парранда гўнгги, шаҳар чиқиндилари) ипак қурти нажаси ва ғумбаги, дарахт барглари, ем-хашак бўлмайдиган зироатларнинг қолдиқлари ва эски девор кесаги, ариқ, зовур лойқаси ёки экишда фойдаланилмайдиган дўнглик, шўр бўлмаган тупроқлар ҳамда табиий захиралари мавжуд, бойитилган кўмир кукуни, фосфорит ва ноанъанавий агрорудалар (бентонит, бентонитсимон лойлар, глауконитлар ва бошқалар) ни бир-бирларига аралаштириб, органо-маъдан компостлар тайёрлаш зарур. Бунда чуқурнинг ҳамжи: узунлиги 60–80 метр, эни 3–3,5 метр, чуқурлиги 3,5–4 метр бўлиб, сиғими 1000 тонна атрофида бўлади. Чунки, тупроққа солинган гўнг ёки компост микроорганизмлар ёрдамида парчаланиб, ундаги углерод эса оксидланади. Натижада ҳосил бўладиган карбонат ангдриди тупроқдаги фосфатга таъсир кўрсатиб, унинг эрувчанлигини кучайтиради, бинобарин ўсимлик уни яхши ўзлаштиради ҳамда тупроқ унумдорлиги сақланиб, қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишга пухта замин яратилади.

Шўри ювилган ерлар етилгандан кейин намини сақлаш мақсадида, марзалар текисланиб, ЧКУ-4 чизель-культиватор билан 16–18 см чуқурликда юмшатилади, кетидан борона қилинади (тупроқ шароитларига кўра, иккинчи марта мола-борона қилиниши мумкин).

Фермер хўжаликлари қишки мелиоратив тадбирларни ўз вақтида сифатли бажарсалар, экинлардан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришга замин яратилади.

   Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech