Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Феврал 2017 00:00

Мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан ғўза селекцияси ва уруғчилигига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, селекция ва уруғчилик ишларини ривожлантириш мақсадида, бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши бу соҳанинг ҳуқуқий асосларини яратиб берди. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 ноябрдаги тегишли қарорида селекция, уруғчилик, навларни янгилаш, пахтанинг тола сифати юқори бўлган янги тезпишар навларни амалиётга жорий этиш ва уларни мамлакатимизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида оқилона жойлаштиришни ҳар томонлама такомиллаштириш ва жадаллаштириш устувор давлат вазифаси эканлиги белгиланди.

Нав яратиш, навнинг уруғчилигини ташкил этиш ва навларни мос келадиган минтақаларга тўғри жойлаштириш тизимининг барча босқичларидаги фаолиятининг фан ва амалиёт билан интеграциялашувиагросаноат мажмуаси учун ўта муҳимдир. Бироқ фан ва амалиётда уруғ ва тола сифатини таҳлил қилиш ва ўрганиш учун намуналар танлашдаги фарқ, тадқиқот ва синов ишлари учун чекланган миқдорда уруғликлардан фойдаланиш, муаллифлик назоратининг етарли даражада эмаслиги, бирламчи уруғчиликдаги ҳолатга ҳамда нав учун қулай бўлган минтақаларни тўғри танлашга салбий таъсир этади.

Республикамизда тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, навларни жойлаштириш бўйича 5 та минтақа белгиланган:

1. Ўта тезпишар навларни, яъни 108-Ф ғўза навига нисбатан 12–15 кун эртапишар навлар экиладиган минтақалар. Бу минтақага денгиз сатҳидан 900–1300 метр баландликда жойлашган, самарали ҳарорат миқдори 1900–2000оС. бўладиган Косонсой ва бошқа туманлар киради.

2. Тезпишар навларни, яъни 108-Ф ғўза навига нисбатан 8–10 кун эртапишар навлар экиладиган минтақалар. Бунга шимолий вилоятлар текислик минтақалари, Қорақалпоғистон Республикасининг шимоли, Тошкент ва Самарқанд вилоятининг тоғли туманлари кириб, бунда самарали ҳарорат миқдори 2000–2150оС ташкил этади. С-4727, Омад ва бошқа навлар экилади.

3. 108-Ф нави типидаги ғўза навлари экиладиган, яъни марказий вилоятлар, текислик ва тоғ олди денгиз сатҳидан 100-850 метр баландликда жойлашган минтақалар киради, самарали ҳарорат миқдори 2150–2500оС.

4. Тошкент, Андижон, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг сув таъминоти яхши бўлган минтақалари киради.

5. Ингичка толали навлар экиладиган минтақалар.

Об-ҳавонинг кескин ўзгариши туфайли юқоридаги минтақалар қайтадан ўрганиб чиқилиб, уларга баъзи бир ўзгартиришлар киритилиши мақсадга мувофиқдир.

ўўза навларининг эртапишарлик кўрсаткичи муҳим-хўжалик белги ҳисобланади. Бу кўрсаткич пахта майдони минтақалар об-ҳаво шароити, яъни иссиқликнинг етарли даражада эмаслигини ҳисобга олиб, техник экиннинг ҳосилдорлиги ва тола сифатини маълум миқдорда белгилайди.

Совуқ тушгунга қадар, эрта териб олинган пахта хомашёсида биринчи саноат навига мансуб тола, кеч муддатларда териб олинган пахтадан кўп бўлиши маълум. Биринчи саноат навига мансуб пахтадан тола чиқиши 32–34 % бўлса, учинчи-тўртинчи саноат навига мансуб пахтанинг тола чиқиши 24–28 % га тенгдир.

Деҳқончиликда умумқабул қилинган тамоил мавжуд, яъни ҳар бир минтақага фақат ана шу минтақа учун районлаштирилган (реестрга киритилган) ва истиқболли навлар экилиши мақсадга мувофиқдир. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича Адолат–1, С-9085, ЎзПИТИ–201, ЎзПИТИ–202, ЎзПИТИ–203, Порлоқ–1, Келажак, Ишонч, Ўнқўрғон–2, ЎзПИТИ–2601, С-01, Порлоқ–2, С-8286, Жарқўрғон, С-6565, АН-419, АН-519, ЎзПИТИ–103, ЎзФА–703, ЎзФА–705, Порлоқ–4, Генофонд–2 ва бошқа ғўза навлари истиқболли этиб белгиланган.

Навларни жойлаштиришда уруғлик фондини механик ва биологик аралашиб кетишига йўл қўймаслик ва навнинг муаллиф тавсифи доирасида навдорлик белги ва хусусиятларини сақлаб қолиш зарур.

Бу борада ҳал қилувчи тавсия Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш давлат комиссияси хулосаси бўлиши керак, табиийки ишлаб чиқаришга жорий этиладиган нав Давлат нав синаш комиссияси томонидан чуқур ўрганилгандан сўнг тавсия этилади.

Бунинг учун навлар экилган майдонларда албатта фазовий чегара (изоляция) бўлиши, пахта тозалаш заводларидаги технологик линиялар бир уруғлик партияси тозаланиб бўлгандан сўнг яхшилаб тозаланиши, шундан сўнг иккинчи уруғлик партияни тозалашга ўтиши ҳамда битта хўжаликда битта нав экилиши лозим.

Нав янгилашнинг беш йиллик схемасидан келиб чиқиб, 1 га элита майдонидан олинган уруғ 1000 га кейинги репродукция майдонларини таъминлашга етишини ҳисобга олиб 1,2 млн га учун 38–40 та элита уруғчилик хўжалигини қолдириш ва уларни лицензиялаш асосида танлаб олиш мақсадга мувофиқдир.

Янги навлар уруғчилиги, селекциянинг бошланғич давридан бошлаб ташкил этилишига эътибор берилиши керак. Конкурс нав синовига янги навнинг меъёрига етказилган уруғлари берилиши, яъни янги навларнинг дастлабки уруғчилиги селекцион ташкилотларда кенг қамровда амалга оширилиши, шунингдек, элита уруғларини етиштиришда, нафақат муаллифлик назорати, балки олимларнинг бу борада бевосита иштирок этишлари лозим.

Навларни жойлаштириш – бу навлар ва нав агротехник тадбирларини танлаш механизмидир. Навларни жойлаштириш билан пахтачиликдаги муаммоларни тўлалигича ҳал этиб бўлмайди.

Бунда комплекс ёндашув, яъни ташкилий ва агротехник тадбирлар, юқори дала маданияти, алмашлаб экиш, тупроқнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги ва вилт билан зарарланганлиги (замбуруғнинг тури ва рассаси) каби жиҳатлар ҳисобга олиниши керак. Муҳими, бунда навлар бўйича экин майдонларини кенгайтириш ёки қисқартириш ишлари олдиндан режалаштирилиши лозим. Навларни жойлаштиришда истиқболга мўлжалланган режага амал қилинса, уруғлик экин майдонларида ўтказиладиган барча тадбирларнинг аҳамиятини янада ошириб, нав тозалиги ва ҳосилдорлиги юқори ҳамда эртапишар бўлган уруғлик экин майдонларини тўғри танлаш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, навларни жойлаштиришда истиқболга мўлжалланган ва ҳар йили қўшимча ва ўзгартириш киритиб бориладиган режалаштириш уруғчиликни ташкил қилишни тартибга солувчи реал йўналишдир.

Навларни жойлаштиришда илмий асосланган ёндошувнинг яна бир муҳим омили бу – ҳар бир конкрет пахтачилик минтақаси бўйича самарали ҳарорат ва ёруғлик даври йиғиндисининг кўп йиллик метеорологик маълумотлардан фойдаланишдир. Шу маълумотлардан янги навларни баҳолаш ва навларни жойлаштиришни режалаштиришда кенг фойдаланиш зарур.

Кўпнавлиликнинг асосий сабаби навларнинг сони эмас, балки нав экин майдонларининг бир-биридан тарқоқ ҳолда жойлаштирилишидадир. Шу боис бир вилоятда жойлаштирилган нав тарқоқ ҳолда эмас, балки яхлит бир табиий минтақада жойлаштирилиши мақсадга мувофиқдир.

Навларни вилоятлар маъмурий чегаралари доирасида эмас, балки вилоятлар тупроқ-иқлим минтақалари бўйича районлаштиришни йўлга қўйишга эътибор бериш зарур. Чунки, ҳар бир вилоят ҳар хил тупроқ-иқлим минтақаларидан иборат эканлигини ҳисобга олсак, навларни вилоятлар бўйича районлаштириш, шу навни етиштириш учун ноқулай бўлган минтақага тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун вилоятлар об-ҳаво, тупроқ ва иқлим минтақаларини ҳисобга олиб, навларни тўғри жойлаштирган ҳолда етиштириш технологияларини қўллаш юқори, эртаги ва сифатли ҳосил ҳамда тўлақонли уруғлик олишни белгилайди.

   А.Нариманов, Ж.Абдураимов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech