Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Феврал 2017 00:00

Маълумки, уруғлик чигитни тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва дорилаш ишларини давлат стандарти талаблари асосида бажарилиши пахтадан мўл ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда республикада уруғлик чигит тайёрлаш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Уруғлик чигитни белгиланган муддатларда сифатли қилиб тайёрланишида “Ўздавуруғназоратмарказ”, Ғўза уруғчилиги республика маркази, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва уларнинг жойлардаги бўлимлари мутахассисларининг ўрни катта.

Уруғлик чигит UZ DSt 663: 2006 Ўзбекистон давлат стандарти талаблари асосида тайёрланади. Чигит экишда Давлат реестри рўйхатидан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш тавсия этилган ғўзанинг суперэлита, элита ҳамда биринчи, иккинчи ва учинчи авлодли уруғлик чигитдан фойдаланилади.

Уруғлик чигитлар тукли, кам тукли ҳамда туксизлантирилган ҳолда тайёрланади. Нав тозалиги суперэлита ва элита авлодли уруғлик чигитда 100%, биринчи авлодда 99%, иккинчи авлодда 98% ва учинчи авлодда 96%дан кам бўлмаслиги шарт.

Бундан ташқари, уруғлик чигит унувчанлик, намлик, туклилиги, механик шикастланганлик ва қолдиқ тола кўрсаткичлари каби сифат кўрсаткичларига мос бўлиши керак. Жумладан, унувчанлик камида 90 фоизни, намлик 10 фоизни, ифлослик туксизлантирилган чигитларда 0,3 фоизни, кам тукли чигитларда 0,5 фоизни ва тукли чигитларда 0,7 фоизни, туклилиги туксизлантирилган чигитларда кўпи билан 0,5 фоизни, кам тукли чигитларда 2,5 фоизни, механик шикастланганлик кўпи билан 7-8 фоизни ташкил этиши лозим.

Пахтачиликда турли касаллик, зараркунанда ва микроорганизмлардан ҳимоя қилишда уруғлик чигитни сифатли дорилаш муҳим тадбир ҳисобланади.

Илдиз чириш ва гоммоз касалликларига қарши уруғлик материални дорилаш учун П-4 65% сус.к. 4,0 л/га, Дальброн 6,0–7,0 кг/т, Зирх 36% 2,0–2,3 кг/т, Баҳор 93% с.э. 0,65 л/т, Узхитан 2% с.э. 20,0 л/т юқори биологик самарадорли уруғ дорилагичлар ҳисобланади. Ғўзанинг ёш ниҳол пайтида зарар етказувчи зараркунандаларга қарши эса, Ортен 75% н.кук 4,0 кг, Далучо 70% кук. 5,0 кг ва Крузер 3,0 кг 1000 кг уруғ ҳисобида ишлатилиши мақсадга мувофиқ. Ушбу препаратлар ғўзани илдиз чириш ва гоммоз касаллигига ва шира-трипсларга ишлатиш учун Давлат кимё комиссиясининг махсус рўйхатига киритилган.

Дорилаш жараёнида уруғлик материалнинг сифатига, кимёвий препаратлардан ишчи эритма тайёрлаш меъёрларига ва жойларда санитар талабларни таъминлаш қоидаларига амал қилиниши шарт. Уруғликни дорилаш препаратнинг сувли суспензияси ёки унинг сувдаги эритмаси билан бажарилади. Препаратларнинг чигитларга ёпишувчанлигини яхшилаш мақсадида, ёпишқоқ қўшимчалар ишлатилади. Пахта тозалаш корхоналарида уруғлик чигит ярим ҳўллаш усули билан дориланади. 1 тонна тукли чигит учун 25–30 литр ишчи эритма ишлатилади.

Дориланган уруғлик чигитлар уч қатламли қоғоз қопларга массаси 30 кгдан (+1) ошмаган ҳолда қопланиб, оғзи зич қилиб беркитилади.

Тайёр уруғлик чигит олдиндан текширилган махсус омборларда селекцион нави, авлоди, миқдори ва бошқа кўрсаткичлари бўйича алоҳида сақланади. Омборнинг томи тўлиқ ёпилган бўлиши ва ундан чакка ўтмаслиги; қопланган уруғлик чигитларни сақлаш учун етарли миқдордаги ёғоч тагликларининг бўлиши; қишлоқ хўжалик зараркунандаларига қарши ишлов берилганлиги тўғрисида тегишли далолатнома тузилган бўлиши шарт.

Юқорида санаб ўтилган тадбирлар оқилона бажарилса, фермер хўжаликлари сифатли уруғлик билан таъминланиб, чигитларни бир текис ундириб олинишига ҳамда пахтадан мўл ҳосил олинишига замин яратилади.

   Ж.Абдураимов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech