Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Феврал 2017 00:00

Мамлакатимиз деҳқончилиги суғорма деҳқончиликка асосланган. Сабаби тупроқларимизда табиий намлик экинлардан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун етарли эмас. Текис чўл-саҳро минтақаларида йилига 90–120 мм, тоғ ва тоғ олди минтақаларида эса 360 мм. гача ёғин ёғиши мумкин. Бу фақат қиш ва баҳор ойларида бўлиб, кейинчалик ҳаво ҳароратининг ошиши натижасида ушбу намлик ҳам буғланиб кетади. Шунингдек, республикамиз деҳқончилиги учун суғориш сувлари асосан қўшни мамлакатлардаги баланд тоғлар ҳисобига ҳосил бўлиб, дарёларимиз ушбу сувлардан тўйинади. Демак, тупроқда нам тўплаш, уни сақлаш ва уруғни (айниқса, чигитни) ернинг табиий намига ундириб олиш, ғўза парваришидаги барча агротехник тадбирларни амалга оширишда сувтежовчи усулларни қўллаш деҳқончилигимиз учун муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Тупроқда етарли даражада нам тўплаш ва сақлаш учун ерларни сифатли шудгорлаш, пушта олиб қўйиш, текислаш, куз-қиш мавсумида тупроқ шўрини ювиш, яхоб суви бериш, органик ўғитлар солиш, баҳорда захира суви тараш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш лозим.

Юқоридаги тадбирларни илмий асосланган тавсияларга риоя қилган ҳолда муддатида ва сифатли амалга ошириш деҳқончиликда муҳим аҳамият касб этади. Шуни инобатга олиб, февраль ойида қишлоқ хўжалиги ходимларининг асосий юмушларига қуйидагиларни киритиш мумкин.

Шўр ювиш ишларини давом эттириш. Тупроқнинг шўрланиш даражасини ҳисобга олиб, кучсиз шўрланган ерларда гектарига 2000–2500 м3 сув сарфлаб 1 марта, ўртача шўрланган ерларда гектарига 4000–4500 м3 сув сарфлаб 2 марта, кучли шўрланган ерларда гектарига 6000–6500 м3 сув сарфлаб 3 марта шўр ювиш ишларини ўтказиш керак. Шўр ювиш ишлари 10 февралга қадар тугалланиши лозим.

Шўри ювилган майдонларга органик ўғитлар солиш. Маҳаллий ўғитлар ерга шўр ювилгунга қадар солинганда яхши натижа бериши аввалдан маълум. Баъзи бир сабаблар туфайли бу иш амалга оширилмаган тақдирда ярим чириган гўнг тез кунда далаларга олиб чиқилиши ҳамда фосфорли ва калийли минерал ўғитлар чизель остига солиниши лозим.

Амударёнинг қуйи қисмидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларининг қадимдан суғорилиб деҳқончилик қилинаётган ерларига гўнг, одатда кузги шудгорлашдан ёки баҳорги шудгорлашдан аввал шўр ювишга қадар солинади.

Нам тўплаш. Ушбу тадбир, айниқса, ер ости сувлари чуқур жойлашган, кучли шамол эсадиган минтақаларда ўтказилиши жуда муҳим ҳисобланади. Бундай жойларда биринчидан, бороналашни тез ўтказиш, шудгор натижасида ҳосил бўлган марзаларни текислаш ишлари тупроқдаги намликнинг яхши сақланишига олиб келади. Кузда шудгор ўтказилган экин майдонларида эрта баҳорда бороналаш ишлари биринчи навбатда, сизот сувлар чуқур жойлашган, кейин эса сизот сувлар юза жойлашган майдонларда ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Ёғингарчиликлар туфайли тўпланган намликнинг чигитни ундириб олишга етарли бўлмаслиги нам тўплаш ва яхоб суви берилишини талаб этади. Чунончи, кучли шамоллар таъсирида ернинг устки қисми экиш олдидан қуриб қолади. Демак, ер ости суви чуқур жойлашган, ёғин-сочин кам бўладиган оч тусли ва типик бўз тупроқларда куз-қиш ойларида нам тўплаш сувини бериш муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Яхоб суви берилган ёки тупроғи ювилган майдонларда намни сақлаш мақсадида, эрта баҳорда ўтказиладиган бороналаш ишлари зиг-заг шаклдаги ва 200 мм келадиган тишли бороналар ёрдамида бажарилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг яхоб суви берилган ёки шўр ювилган экин майдонларида ҳайдов қатлами зичлашган бўлса, баҳорги бороналаш самара бермаслиги мумкин. Бундай тупроқли майдонлар борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади. Эрта баҳорги ишлов беришда тишли ва дискли бороналардан тўғри фойдаланиш тупроқнинг ҳайдов қатламини зичлаштирмасдан экишга сифатли тайёрлашни, энг муҳими намликнинг яхши сақланиши ҳамда ернинг оби-тобида етилишини таъминлайди.

Кузда шудгор ўтказилган майдонларда нам тўплаш мақсадида, эрта баҳорда (февраль охири-март ойи бошларида) 8–10 см чуқурликда 2 қаторли зиг-заг борона билан бороналанади. Бороналаш бегона ўтлар сонини анча камайтиради. Бу тадбир асосан тупроқнинг етилишига боғлиқ ҳолда, жумладан Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида февраль ойида, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида февраль ойининг охири ва мартнинг бошларида, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида март ойида ўтказилади.

Бороналаш ер ҳайдаш йўналишига нисбатан диагонал ҳолда амалга оширилса, агрегатларнинг иш унумдорлиги ортади, ишнинг сифати яхшиланади, агрегатларнинг бурилиш жойлари камаяди.

Тупроғи шўрланмаган, намлик ва ёғингарчилик кам бўладиган Қашқадарё вилоятининг Нишон, Косон, Миришкор, Қарши, Муборак ва Касби туманларида, Сурхондарё вилоятининг барча туманларида ҳамда Фарғона водийсининг баъзи туманларида ва Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида чигит пуштага экилиши сабабли пушта олиб қўйилади. Пушта олинган майдонларда тупроқда намлик яхши сақланади ҳамда кесак ҳосил бўлиши камаяди. Ерларнинг ҳайдов қатламида тупроқ зичлигининг мақбул ҳолати узоқ вақт сақланади. Пушта олиш технологиясида тупроқнинг устки қисмида ҳарорат текис далага нисбатан 1–3 даража юқори бўлади. Натижада чигит барвақт униб чиқади, пахта ҳосили 4–8 ц/га. га ошиши таъминланади.

Чигитни пушта ва жўяк олиб экиш учун текис ва бирмунча қия, тупроғи шўрланмаган, шунингдек, кам ва ўртача шўрланган, бироқ шўри яхши ювилган далалар танланади. Кузда пушта олиш имкони бўлмаган майдонларда баҳорда пушта олинади ва бунга тупроқнинг юза қисми етилиши билан киришилади, акс ҳолда кесак кўчиши оқибатида тупроқ юзаси нотекис бўлиб, чигитни экиш сифати бузилади ва тўлиқ кўчат олинмайди. Тупроқнинг табиий намлигига чигит ундириб олиб бўлмайдиган майдонларда нам тўплаш мақсадида баҳорда 22–25 см пушта олиб, тупроқнинг механик таркиби ва қишда тўпланган намлик даражасига кўра гектарига 600–700 м3 миқдорида захира суви берилади.

Захира суви билан тўйинтирилган тупроқларда пушта остида нам етарли бўлиб, бу чигитларнинг тезроқ ва хатосиз униб чиқишини ва тупроқнинг агрофизикавий хоссалари мақбул сақланганлиги боис ниҳоллар илдизининг жадал ва соғлом ривожланишини таъминлайди. Шунингдек, пушта олинган майдонлар ер сатҳига қуёшдан тушаётган фойдали ҳарорат ва ёруғликни кўпроқ ўзлаштириб, ғўза ниҳолларининг ривожланишини жадаллаштиради, қатор ораларига техник ишлов беришда ўсимликлар шикастланишининг (культиваторларнинг ниҳолни кесиб кетиши) олди олинади. Шу билан бирга ниҳолларнинг дастлабки озиқлантиришда берилган минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш коэффициенти ошади.

Шамол эрозиясига кучли чалинган тупроқларни экишга тайёрлаш. Шамол эрозиясига кучли чалинган тупроқлар асосан баҳорда шудгорланади. Сўнгра тупроқдаги намликни йўқотмаслик ва сақлаб қолиш мақсадида ушбу майдонларни пешма-пеш борона қилиш зарур.

Механик таркиби оғир ўтлоқи-аллювиал ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда кечки пайт қуёш чиққунга қадар ер тайёрлаш ишларини бажариш лозим. Акс ҳолда кундузги бороналаш ёки чизеллаш натижасида ҳосил бўлган намликни тезлик билан буғланиб кетиши туфайли кесакларни майдалаш қийинлашади.

Кузда шудгор остига, шунингдек, шўр ювилган майдонларга минерал ўғитлар солинмаган бўлса экиш олдидан фосфорли ўғитларнинг йиллик меъёрини 60–70 фоизи (физик ҳолда аммофос 200 кг/га ёки супрефос 385 кг/га, ёки РS-Агро-250 кг/га ёки нитрофос 600 кг/га) ҳамда маҳаллий калийли ўғитнинг йиллик меъёрини 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) солинади. Ўғитлар муддатида ва меъёрида қўлланилмаса, тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлиги пасайиб кетади. Чунки, ҳосилнинг қарийб ярми ўғит ҳисобига шаклланади.

Гўнг чиқариш ва компост тайёрлаш. Кўп йиллик изланишлардан маълумки, маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш тупроқ табиий намлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Тупроққа қанча кўп маҳаллий ўғит солинса, шунча кўп углерод ажралиб чиқиб, ўсимликни ҳаводан озиқланиш жараёнини кучайтиради, қурғоқчиликка чидамлигини ошириб, суғориш орасидаги муддатни узайтиради. Маҳалий ўғитларни далага чиқариш билан биргаликда улардан самарали фойдаланиш мақсадида, органик ўғитларга (қорамол гўнги, парранда қийи, шаҳар чиқиндилари) дарахт барглари, ем-хашак бўлмайдиган зироатларнинг қолдиқлари, эски девор кесаги, ариқ ва зовур лойқаси ёки экишда фойдаланилмайдиган дўнгликдаги тупроқларни ҳамда табиий захиралари мавжуд бўлган кўмир кукуни, фосфорит ва ноанъанавий агрорудалар (бентонит, бентонитсимон лойлар, глоуконитлар ва бошқалар) дан компостлар тайёрлаш тавсия этилади. Бунда компост тайёрланадиган ўранинг узунлиги 40–50 метр, эни 3–3,5 метр, чуқурлиги 1,5–2,5 метр атрофида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Шуни таъкидлаш керакки, ариқ ва зовурларни тозалаш, ички ва ташқи сув кириш тармоқларини таъмирлаш ишлари асосан февраль ойида бажарилади. Ҳар бир фермер хўжалигида қишки тадбирларнинг юқоридаги тавсияларга кўра, ўтказилиши пахтадан юқори ва сифатли ҳосил учун мустаҳкам замин яратади.

   Ш.Номозов, Ф.Тешаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech