Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Феврал 2017 00:00

Одатда, ғозлар ўз жуфтликларини узоқ вақт сақлайди. Урғочиси тухумни босиб ўтиради, эркаги уясини қўриқлайди. Жўжаларини ота-оналари бирдек олиб юришади. Ўрдаклар фақат бир марталик кўпайиш мавсумига жуфт танлашади.

Ғознинг урғочиси тухум қўйгандан кейин қорнининг устидан парларини юлиб, уясининг тагига солади ва озиқлангани кетаётганда тухумларининг устини парлар билан ёпиб қўяди. Уяларни кўпинча сувга яқин ерларда, ўтлар, дўнгликлар ва бошқалар орасига қўяди. Тухумлар сарғиш, ҳаво ранг, яшил ва шунга ўхшаш рангларда бўлади. Ғозлар 4 тадан тухум босади.

Тухумдан очиб чиққан жўжалар усти қуригандан кейин, эртаси куни ерда югуриб, сувда сузиб юради. Ғоз жўжалари уясидан чиқиб кетгандан кейин у ерга бошқа қайтиб келишмайди. Жўжалар озуқани ўзлари топиб истеъмол қилишади.

Она ғоз ёки ота-она ғозлар эргаштириб олиб юришади, ҳимоя қилишади ва вақтида бағрига олиб иситишади. Жўжалар 1–3 ойлигида қанотини ёйиб, учишни бошлайди. Жинсий вояга 1 йилда етилади, айрим йирик турлари 2–4 йилда етилади. Кўпайиш мавсумидан бошқа вақтларда гала бўлиб юришади. Тропик ва субтропикларда бир ерда турғун ва кўчманчи ҳаёт кечиришади, ўрта ва шимолий кенгликларда қишловга учиб ўтиш ҳаётини кечиради.

Ғозларнинг барча турлари спорт объектлари, айрим жойларда овчилик соҳасининг асоси ҳисобланади. Жаҳоннинг кўплаб ҳудудларида ғозсимонларнинг кескин камайиши кузатилмоқда. Бунинг ҳисобсиз ов қилиш, табиат ўзгаришлари, сувнинг инсон томонидан ифлосланганлиги, табиатнинг кўп жойлари эгаллаб олиниши натижасида ғозларга ин қуриш ва қишлаш учун жойлар қисқариб бораётганлиги ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ғозлар жуда ҳам гомоген подотряд бўлганликлари учун ер юзи бўйича 1 та Anatidae оиласида 48–51 та яшаётган ғоз турлари мавжуд.

Ғоз зотлари

Арзамас ғозлари

Русь эски ғоз зотларидан. XVII асрда уруштириш учун яратилган зот. Номини Арзамас шаҳри номидан олинган. XIX аср бошларидан гўшт йўналишидаги ғоз зоти сифатида кўпайтирилган.

Оқ тусли ва кенг, бақувват гавдали ғоз. Чидамли, тез етилувчи зот, гўштининг юқори сифати ва катта миқдордаги оппоқ пат ва парлари хомашёси билан ажралиб туради. Ғозлар 63 кунлигида 3,5–3,7 кг. ни ташкил этади.

Мавсумда 25–30 дона тухум беради. Тухумининг уруғланиши 80–90%, оғирлиги 170 г, ранги оқ рангда. Ғозларнинг тирик вазни: эркаклари – 7–8 кг, урғочилари – 6–7 кг. ни ташкил этади.

Виштинес зоти

Виштинес – Литва ва Шарқий Пруссия ғозлари билан кейинчалик Эмден ва Померан зотларини мураккаб чатиштириш орқали яратилган. Бу ғоз зоти асосан Болтиқбўйида тарқалган. Уни семиртириб, катта жигари ҳамда сифатли пат ва парлари учун боқилади. Ранги оқ тусли, мавсумда 25–40 дона тухум беради, улардан 64–65 фоизи очиб чиқади. Тухумининг оғирлиги 170–180 г. Тухум беришни 310 кунлик ёшидан бошлайди. Ғозларнинг тирик вазни: эркаги – 6–6,5 кг, урғочиси – 5,5–6 кг бўлади.

Йирик кул ранг зотли ғозлар

XX асрнинг 50-йилларида Ромен ва Тулуза зотларини чатиштириш, кейинчалик уларнинг катта тирик вазни ва тухум беришига қараб саралаб яратилган зот. Бу зот бир вақтнинг ўзида Украина паррандачилик илмий ишлаб чиқариш институтида ва Россиянинг Тамбов вилоятидаги “Арженка” хўжалигида яратилган. Шунинг учун бу зот 2 та – Боровский ва Тамбовский типларига бўлинади.

Маҳсулдор зот, гўшти жуда сифатли. Йилига 35–45 дона, икки циклда 60 донагача тухум беради. Тухумининг вазни 175 г, ранги оқ, тухум бериши мавсумли – февраль, апрель ойлари. Апрель-май ойларидан тухумининг уруғланиши пасайиб кетади. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 55–60 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 60 кунлигида тирик вазни 4–4,5 кг. ни ташкил этади. Ёғли жигарининг оғирлиги 350–450 г. Ғозларнинг вазни: эркаги – 7–9 кг, урғочиси – 6–8 кг бўлади.

Хитой зотли ғозлар

Ушбу зот кўп асрлар олдин хонакилаштирилган Қуруқ бурун (сухонос) ғозидан яратилган. XVIII асрда Хитойдан Европага келтирилган. Йилига 45–70 дона, алоҳида маҳсулдорлари 100 донагача тухум беради.

Ажойиб ташқи кўриниши, серҳаракатлилиги билан ажралиб туради. Тухумининг оғирлиги 120 г, ранги оқ-қаймоқ ранг, 9 ойлик ёшидан тухум беришни бошлайди. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 75–80 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 60 кунлигидаги тирик вазни 3–3,5 кг. Гўшти ёғсиз, нозик ва ширин мазали. Тирик вазни: эркаги – 5 кг, урғочиси – 4 кг.

Кубань зотли ғозлар

Хитой ва Горковь зотлари асосида Кубань қишлоқ хўжалик институтининг Паррандачилик кафедраси ходимлари томонидан XX асрнинг 60-йилларида яратилган.

Юқори маҳсулдор, тухум йўналишидаги зот. Йилига 75–85 дона, айримлари 140 донагача тухум беради. Тухумининг оғирлиги 150 г, ранги оқ-қаймоқ ранг, жинсий етуклиги 240–260 кунда, бир йилда 220–280 кун тухум беради. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 75–84 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 60-кунлигидаги тирик вазни 3,4–3,7 кг. ни ташкил этади. Гўшти ёғсиз, нозик ва мазали. Тирик вазни: эркаги –5,5–6 кг, урғочиси – 5–5,5 кг.

Горковь зотли ғозлар

XX асрнинг 50-йиллари Россиянинг Горковь вилоятида Хитой зотли ғозлар билан маҳаллий зотларни чатиштириб, қони Солнечногор зоти билан аралаштирилган.

Юқори маҳсулдор зот, гўшт ва тухум маҳсулдорлигини ўзида жамлаштирган. Жинсий етукликка 200–250 кунлигида эришилади. Ёш ғозларнинг 60-кунлигида тирик вазни 3,5–3,8 кг. ни ташкил этади. Йилига 45–50 дона тухум беради, оғирлиги 150 г, ранги оқ. Тухумининг уруғланганлиги 90%, жўжа очиб чиқиши 70–80 фоизни ташкил этади. Тирик вазни: эркаги – 7–8 кг, урғочиси – 6–7 кг.

Италия зотли ғозлар

Италия маҳаллий ғоз зотларидан мукаммалаштириш орқали яратилган зот. XIX асрнинг иккинчи ярмидан буён маълум.

Маҳсулдор, тухум йўналишидаги зот, гўшти сифатли. Йилига 45–55 дона, икки циклда 70–80 дона тухум беради. Тухумининг вазни 165 г, ранги оқ. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 65–70 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 9–10 ҳафталигидаги тирик вазни 4–4,2 кг. ни ташкил этади. Тухум босиш инстинкти мавжуд.

Бу зот ёғли жигар етиштириш учун ҳам боқилади. Семиртирилган ғознинг тирик вазни 8 кг бўлса, ундан 500–600 г ёғли жигар олиш мумкин. Тирик вазни: эркаги – 5,5–7 кг, урғочиси – 4,5–6 кг.

Рейн оқ зотли ғози

Германиянинг маҳаллий ғоз зотларидан тўғри селекция ишлари орқали яратилган.

Тез етилувчи, тухум йўналишидаги ғоз зоти, сифатли гўшти билан маълум. Йилига бир циклда 45–50 дона, икки циклда 65–80 дона тухум беради. Тухумининг оғирлиги 170 г, ранги оқ. Маҳсулдор, тухум йўналишидаги зот, гўшти сифатли. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 65–70 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 63 кунлигидаги ёшида тирик вазни 3,8–4 кг. ни ташкил этади. Ёғли жигар етиштириш учун ҳам боқилади, 500–600 г. гача ёғли жигар олиш мумкин. Тирик вазни: эркаги – 6,5 кг, урғочиси – 5,5 кг.

Псков кал ғози

Қадимий Русь зоти бўлиб, Псков губерниясида маҳаллий уй зотларини ёввойи оқпешона зоти билан чатиштириш орқали яратилган.

Йиллик тухум бериш 20–25 донани ташкил этади. Тухумининг оғирлиги 180 г, ранги оқ. Ёш ғозларнинг 63 кунлигидаги тирик вазни 3,9–4,2 кг. ни ташкил этади. Тирик вазни: эркаги – 7,5–8,5 кг, урғочиси – 6,5–7,5 кг.

Ромен зотли ғозлар

Полтава вилоятида маҳаллий ғозларни чатиштириш ва улардан маҳсулдорларини саралаб олиш орқали яратилган зот. Украинанинг Черниговск, Сумск, Полтава, Киев ва бошқа вилоятларда кенг тарқалган.

Ғозларнинг тирик вазни: эркаги – 6 кг, урғочиси –5,5 кг тош босади. Ёш ғозларнинг 60 кунлигидаги тирик вазни 3,4–3,5 кг. ни ташкил этади. Йилига бир циклда 15–20 дона тухум беради, оғирлиги 160–170 г. ни ташкил этади. Тухумдан ғоз жўжаларининг очиб чиқиши 55–60 фоизни ташкил этади.

Холмогор зотли ғозлари

Қадимий Русь зоти. Россиянинг марказий вилоятларидаги маҳаллий оқ рангли зотлар билан Хитой зотини чатиштириш орқали яратилган зот.

Кучли, чидамли, гўшт йўналишидаги, ажойиб ташқи кўринишга эга бўлган зот. Йилига 30–40 дона тухум беради, оғизлиги 190 г, ранги оқ. Ёш ғозларнинг 60 кунлигидаги тирик вазни 3,9 кг. ни ташкил этади. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 50 фоизни ташкил этади.

Тула жанговор зотли ғози

Қадимий Русь зоти. Бир неча асрлардан бери ғоз жангларини ўтказиш учун қўллаб келинмоқда.

Чидамли, ноёб ташқи кўринишга ва жанговор хусусиятларга эга бўлган русь зотини сақлаб қолиш. Йилига 25 дона тухум беради, оғирлиги 150 г, ранги оқ. Ёш ғозларнинг 60 кунлигидаги тирик вазни 4 кг. ни ташкил этади. Она ғоз тухумлардан жўжаларни яхши очиб чиқади ва ҳимоя қилади. Тирик вазни: эркаги – 5,5 кг, урғочиси – 5–5,5 кг. ни ташкил этади.

Ғозларни кўпайтириш

Насл учун саралаш

Ғозлардан насл олиш ишлари октябрь ойининг иккинчи ярми-ноябрь ойининг бошларида ўтказилади ва 3:1 нисбатда, яъни учта урғочи ғозга битта эркак ғоз ҳисобида қолдирилади. Яроқсиз деб ажратилган ғозлар ёғли жигарини олиш учун семиртиришга қўйилади. Наслга саралашда зотнинг ажралиб турувчи белгиларига, яъни тирик вазни, қомати, пат қоплами ва гўштининг турларига эътибор берилади. Эркак ғозларнинг тирик вазни олдиндан аниқланади ва галадан ажратилади. Эркак ғозларнинг урғочисига нисбатан олинадиган наслнинг сифатига, яъни маҳсулдорлигига ва чидамлилигига таъсири катта бўлади.

Шунинг учун эркак ғозларни наслга танлаб олишга катта эътибор бериш керак. Эркак ғоздан хўжаликда 4 йил, урғочисидан 5–6 йил фойдаланиш мумкин. Уларни саралаш ва боқиш жараёнининг қандай даражада бажарилганлигини инкубацион тухумлар сифатидан билиш мумкин. Агар эркак ғоз урчиш мавсумида озиб кетса, инкубацион тухумнинг урчиганлигига ва сифатига таъсир этади. Бундай эркак ғозларга қўшимча равишда озуқа берилади.

Эркак ғозларда қариндошлик урчишлар бўлмаслиги учун улар ҳар уч йилда алмаштириб турилади. Эркак ғозлар бошқа хўжалик ёки ҳудудлардан бир кунлик ғоз жўжаси ёки тухум олиб келиш ҳисобига алмаштирилади. Зотнинг чидамлилигини ошириш мақсадида икки зот чатиштирилади, бунда урғочи ғоз тухум йўналишида, эркак ғоз гўшт йўналишида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Ота-она галасини парваришлаш

Она ғозларнинг тухум қўйишни бошлашини бесаранжом бўлишидан билиш мумкин. Улар инига тез-тез ўтиради ва ҳашакларга кўмилиб олади. Она ғозлар, одатда, кун ора тухум қўяди. Тухумни ҳаво ҳарорати нолдан паст бўлганда инида қолдириб бўлмайди. Совуқ кунлари териб олинган тухумлар ҳарорати +8–12оС, яхши шамоллатиб туриш имконига эга хоналарда сақланади. Тухум учун юқори ҳарорат ҳам, паст ҳарорат ҳам зарарлидир.

Ғозлар асосан гўштга боқилишини инобатга оладиган бўлсак, унда олинадиган барча тухумлар ғоз жўжасини очириб чиқариш учун ишлатилади. Авваломбор ҳаммаси тўлиқ уруғлантирилган, инкубацияга яроқли тухумларни олишни аниқлаш зарур. Бунинг учун бир неча шароитлар яратиш керак бўлади. Биринчидан, бир бош эркак ғозга урғочи ғозлар сони тўрттадан ошмаслиги керак. Иккинчидан, ғозларни фақат уяларда тухум беришга ўргатиш зарур, уяни озода ва тоза тутиш керак. Уянинг поли тахтадан ясалади, тўшамаси янги, қалин ва қуруқ бўлиши керак.

Тухум териш. Тухумларни уядан кунига икки маҳал териш тавсия этилади. Тухумлар иссиқлигида терилса мақсадга мувофиқ бўлади. Уядан янги териб олинган тухумлар +12–18оС гача совутилади ва инкубацияга қўйилгунга қадар ҳаво ҳарорати +12оС ва нисбий намлиги 75–80% бўлган тоза хонада сақланади. Тухум сақлаш идиши (сават, қути, картон қути, фанердан ёки тахтадан ясалган мосламалар) тоза, қуруқ, моғорсиз ва бегона ҳидсиз бўлиши керак.

Тухумларни инкубаторга ёки курк бўлган ғознинг тагига қўйилгунга қадар горизонталь ётқазилган ҳолатда 15 кунгача сақлаш мумкин. Тухумларни 10 кундан кўп сақлаганда, уларнинг сифати пасаяди ва тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиш фоизи камаяди. Тухумларни ҳар 3–4 кунда муртак тухум қобиғи плёнкасига ёпишиб қолмаслиги учун ағдариб туриш зарур.

Инкубацион тухумга бўлган талаб. Тухумлар инкубаторга ёки курк бўлган ғознинг тагига қўйишдан олдин сараланади, жуда йириги (икки сариқлик) ва жуда кичкинаси, нотўғри шаклланганлиги (япалоқроқ, жуда узун, думалоқ ва бошқалар) ҳамда қобиғи ёрилган (икки тухум бир-бирига аста уриб аниқланади) тухумлар олиб ташланади. Тухумларнинг ичи овоскопда ёки қоронғи хонада ичкарига тушаётган қуёш нурига қаратиб кўрилганда, тухум ичида учли томонида пуга (ҳаво), қон доғлари, бегона нарса ҳамда сариғи силжувчи бўлса, улар яроқсиз бўлганлиги учун ажратиб ташланади.

Агар ғоз тухумлари устининг 50 фоиздан кўпи ифлосланган бўлса, тухумлар инкубацияга қўйишдан олдин ювилади. Тухумлар эҳтиёткорлик билан қобиқ устидаги кутикуласига зарар етказмасдан ювилади. Улар ўзининг ҳароратидан +5–6оС га юқори бўлган тоза сувга солинади. Устидаги ифлос нарсалар 1–1,5 фоизли перекис водородида ёки нимранг перманганат калийда ювиб ташланади. Ғоз тухумида 70% оқсил мавжуд. Тухумлар узоқ вақт сақланганда қобиқ орқали ичига тушган микроорганизмлар учун жуда яхши муҳит бўлганлиги сабабли улар катта тезликда ривожланишни бошлайди ва тухум оқсилини парчалайди. Натижада инкубация даврида тухум ичида тумаклар – қорамтир сузиб юрувчи доғлар пайда бўлади. Айрим ҳолатларда оқсилларнинг парчаланиши оқибатида катта миқдорда газ ҳосил бўлиши натижасида пайда бўлган босимга тухум қобиғи бардош бера олмай ёрилиб кетади ва ён атрофдаги бошқа тухумларни ҳам зарарлайди.

Табиий курк бўлиш

Тухумни инкубаторда очириб чиқариш имкони бўлмаса, унда курк бўлган она ғозлар ёки бошқа паррандалар (курка, товуқ, ўрдак ва бошқалар) тагига қўйиб очириш мумкин бўлади. Курк бўлган парранданинг йириклигидан келиб чиқиб, ғоз ёки курка тагига 9–15 дона тухум қўйилади, ўрдакка 8–10 дона, товуққа 5–7 дона тухум қўйилади. Курк бўлган парранда қанотини очмасдан танаси билан ҳамма тухумларни тўлиқ қоплаши шарт. Тухумлар парранданинг тагидан думалаб чиқмаслиги, тўшама ёки полга тушиб қолмаслиги учун хабардор бўлиб туриш керак.

Курк ғозни танлаб олиш. Тухум қилиш мавсумининг охирига келиб, ғозлар ўзларидан пат ва парларини юлиб, инларига тахлай бошлайди. Урғочи ғоз охирги тухумини қилгандан кейин уяда қолади, фақат озиқланиш учун ташқарига чиқиши мумкин. Шу даврда курк паррандани топиш зарур бўлади, кейинчалик ташлаб кетмаслиги учун уни яхшилаб текшириб кўриш керак. Одатда, ёши каттароқ курк бўлган ғозларга берилади. Тухумни унинг тагига қўйишдан олдин, 3–4 кун бошқа тухумларни қўйиб текшириб кўрилади, агар ташлаб кетмаса, тухумни бемалол қўйиш мумкин. Хонада тинчлик, осойишталик бўлиши керак, ёруғлик хира бўлгани маъқул. Куркни текшириш учун тухум босиб ётган жойига одам яқинлашса, ғоз туриб кетмасдан, қанотларини қимирлатиб қўрқитиш учун ўзига хос товуш чиқарса, унда курк ишонарли бўлади.

Уяга кўникиб, хотиржам ўтириши учун курк уяга кечаси ўтқазилади. Яхши курк ғоз тухумга ўтқазилгандан кейин дарров тухумларни тагига олишни бошлайди ва хотиржам ўтиради. Тухумлар исигандан кейин четидан ўртага думалатиб олишни бошлайди. Марказда жойлашган тухумлар иссиқ бўлади. Ғоз эмбрионлари инкубация даврида иссиқликни кўтара олмайди, шунинг учун уларни марказдан ташқарига ва аксинча думалатиб, жойини алмаштириб туриш иссиқлаб кетишдан сақлайди ва муртакнинг ҳамма тухумларда бир хил ўсишини таъминлайди. Тухумдаги муртакка тоза ҳаво ва хона ҳарорати +12–14оС зарур бўлгани учун хонани вақти-вақти билан шамоллатиб туриш керак.

Уя тухум қўйишдан олдин 2 фоизли каустик содаси, 2 фоизли оҳак хлори ёки 1 фоизли формалин билан дезинфекция қилинади, қуритилади, полига қуруқ, чиримаган, моғорламаган сомондан тўшама солинади. Тўшама тагига кул билан ромашка ўсимлигининг кукуни аралаштирилиб ҳар хил зараркунандалар пайдо бўлмаслиги учун сепилади.

Курк бўлган ғозларни парваришлаш. Курк бўлган ғозларга ҳар куни сув ва озуқа берилади. Озуқа ва тоза ичимлик суви уя ёнига қўйилади. Куркларни дон ва дон чиқиндилари билан боқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ғозлар озиқланиши ва айланиши учун тахминан 20 дақиқа вақт кетади. Айланиш вақтида чўмилиши учун ҳам шароит яратиб бериш керак. Бунинг учун ҳовлида тоғорага ёки бошқа идишга сув қўйилади. Агар курк ғоз ўз вақтида жойига қайтмаса, у ҳайдаб киргизилади ва тухумларга ўтқазиб қўйилади. Айрим ҳолларда курк ғоз бир неча кун ўрнидан турмайди. Бундай ҳолларда уни аста кўтариб, ем ва сувнинг олдига олиб келиш керак. Бу вақтда уя кўздан кечирилади, синган тухумлар бўлса олиб ташланади, гўнгдан ва ифлослардан тозаланади, янги, тоза ва қуруқ сомон тўшалади.

Агар курк ғоз тухумда уч ҳафта ўтиргандан кейин тухумини чақиб, ичидаги эмбрионни чўқиб еб, тухумнинг сувини ичиб қўйса, бунга рацион таркибида келиб чиқиши ҳайвонларга оид озуқалар етарли бўлмаганлиги сабаб бўлади. Шунинг учун тухумда ўтирган курк ғоз рационига творог, сут ва бошқалар келиб чиқиши ҳайвонларга оид бўлган озуқалар қўшилади.

Инкубацион тухумнинг ривожланишини кузатиб бориш. Инкубациянинг 11-куни тухум овоскопда ёки қуёшнинг нурида юқорида таъкидлаб ўтилганидек кузатилади. Кузатув вақтида уруғланмаган ёки муртаги нобуд бўлган тухум аниқланиши мумкин. Уруғланмаган тухумнинг ичи бир текис ёруғ бўлади, уруғланган тухумда бутун тухум бўйлаб чўзилиб турган ипсимон қон тизими ва қора доғча катталигида кўзга ўхшаб кўриниб турган муртакни кузатамиз. Муртаги нобуд бўлган тухумда муртакни ўраб олган қон ҳалқасини кўриш мумкин. Бундай тухумлар уядан олиб ташланади. Уядан яна тухум – тумаклар ҳам олиб ташланади.

Инкубациянинг 27 куни иккинчи кузатув ўтказилади. Бу вақтда ғознинг тумшуғига ўхшаган (букри) ҳаракатдаги соя кўринади. Муртаги нобуд бўлган тухумда қон томирлар тизимисиз бир текис қора масса (қуйқа) кўринади. Айрим ҳолларда бундай тухумлар товланади. Бундай тухумлар ҳам уядан олиб ташланади. Ғозлар тухумидан 28–30 кунда жўжаси очиб чиқади. Оғир вазнли зотларда 1–2 кунга кечроқ чиқиши мумкин.

Ғоз жўжасининг очиб чиқиши. Курк ғоз тухумда ўтирган вақтда тухумнинг ичидаги жўжа билан алоқа ўрнатилади. Ғоз жўжаси тухумни очиб чиқишдан икки кун олдин, агар тухум совиб кетса ёки намлиги пасайиб кетса, унинг очиб чиқиши қийинлашгани туфайли чийиллаган товуш чиқаради. Курк ғоз товушни эшитиб, дарров тухумларни иситиш учун ағдара бошлайди. Тухумнинг қобиғи исиб ёки намлиги жойига келганда, ичидаги жўжа “го-го-го” деб товуш чиқаради. Уларни эшитиб курк ғоз ҳам шундай товуш чиқаради. Очиб чиқишидан бир кун олдин тухум қулоққа қўйилса, жўжанинг тумшуғи билан тухум қобиғини ураётган товушини эшитиш мумкин.

Жўжалар тухумдан очиб чиқиш вақтида курк ғозлар безовта бўлишади, бу даврда уларни уядан олиб бўлмайди. Очиб чиққан жўжаларнинг усти тўлиқ қуримагунча ва киндиклари тортилмагунча уларга тегиб бўлмайди. Қуриган ғоз жўжалари киндигини жароҳатламаслиги учун тагига сомон ёки латта солинган қутиларга жойланади ва бошқа иссиқ хонага олиб чиқилади. Шу билан бирга тухум қобиқлари ҳам олиб ташлайдилар.

Жўжа чиқиши тугагунича хона ҳарорати 26–28оС да ушланади. Агар айрим тухумлардан жўжа чиқиши қийинлашса ва чийиллаган хавотирли товуш чиқса, қобиқ ости пардаси қуриб, ёпишиб қолган бўлса ёки жўжа тухумнинг учли томонидан ёриб чиққан бўлса, бундай жўжаларга ёрдам бериш керак бўлади.

Бунинг учун эҳтиёткорлик билан тухум қобиғини майда парчаларга бўлиб ажратиб олинади, агар шунда қон кўринса ёрдам бериш дарҳол тўхтатилади. Ғоз жўжалари тўлиқ тухумдан очиб чиққандан кейин она ғознинг олдига қўйиб юборилади. Агар бир вақтнинг ўзида 2–3 курк ғозлар жўжа очиб чиққан бўлса, унда ҳамма жўжаларни бир қилиб, бир она ғозга қўшиб қўйиш мумкин.

Сунъий инкубация

Ғоз тухумлари бошқа паррандалар тухумларидан ўзининг катталиги, қобиғининг қалинлиги, тузилиши, кимёвий таркиби ва инкубация вақтининг узунлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ғоз тухумининг инкубацияси ўз хусусиятларига эга. Энг муҳими, бошида ва охирида фарқли режим талаб этилади.

Инкубациянинг биринчи кунлари тухумни тез (2–3 соатда) ва яхши иситиш керак. Охирги кунлари, жўжа очиб чиқишидан олдин физиологик иссиқликни ўз вақтида ва доимо ташқарига чиқариб туриш зарур. Сувда сузувчи паррандалар учун инкубация вақтида қўшимча совутиш ва ҳавони намлаб туриш тизими керак.

Ғоз эмбрионларининг ривожланиши учун керак бўлади ҳаво ҳарорати ва нисбий намлик камеранинг шамоллатилиши ва ҳаво ҳаракатининг тезлигига боғлиқ. Ғоз жўжасининг тўлиқ ривожланиши учун 19247 мл кислород талаб этилади ва 14019 мл углекислота ажралиб чиқади. Бу товуқ муртагининг ривожланиши учун керак бўлган кўрсаткичдан уч баробар ва ўрдакникидан икки баробар кўпдир.

Инкубатор параметрлари. Ғоз тухумларини “Универсал” инкубаторларида инкубация режими турли схемада ҳар хил қўйилади (1- ва 2-жадваллар).

Қуйидаги схемада тухумлар инкубаторларга қўйилганда инкубация параметрлари қуйидагилар бўлади: бир партия тухум ўртача шкафда 1-кундан 9-кунгача, 10-куни охирги шкафга ўтказилади, лотокда 52 донадан тухум қўйилади (“Универсал” инкубаторида).

1-жадвал

Номи

Кун

Қуруқ термометр кўрсаткичи, оС

Нам термометр кўрсаткичи, оС

Вентиляция қопқоғини очиқлиги, мм

Инкубация шкафи

1–9

37,8–38

30–31

15

Инкубация шкафи

10–28

37,5

28

15

Очириб чиқариш шкафи

-

37,2

29 (чиқиш олдидан, чўқиш вақти)

32 (очиб чиқишда)

20

Қуйидаги схемада тухумлар инкубаторларга қўйилганда инкубация параметрлари қуйидагича бўлади: бир партияда бир вақтнинг ўзида шкаф хажмига нисбатан 75 – 100% тухумни қўйиш (“Универсал” инкубатори).

2-жадвал

Номи

Кун

Қуруқ термометр кўрсаткичи, оС

Нам термометр кўрсаткичи, оС

Вентиляция қопқоғини очиқлиги, мм

Инкубация шкафи

1–15

37,8

29

15

Инкубация шкафи

16 –28

37,4

27,5

15

Очириб чиқариш шкафи

-

37,2

29 (чиқиш олдидан, чўқиш вақти)

32 (очиб чиқишда)

20

Ғоз жўжаларининг наслини баҳолаш. Ғоз жўжаларининг касал ва яроқсизларидан ташқари ҳаммаси боқишга қўйилади. Кучсиз, киндиги битмаган, кам ҳаракат, оёқлари икки томонга тарвақайлаган ва бошқа камчиликлари бор ғоз жўжалари алоҳида ушланади. Оёқлари тарвақайлаб кетган ғоз жўжаларининг оёқлари бирлаштирилиб, бинт билан бойлаб қўйилади, 2–3 кундан кейин суяклари қотганда бинт олиб ташланади.

Ғозларни парваришлаш

Паррандахона

Ғозларни паррандахонада боқиш. Ғозлар иссиққа талабчан эмас, паст даражали ҳаво ҳароратига чидамли, қуруқ тўшамада қаттиқ совуқдан ҳам қўрқмайди. Хўжалик томорқасида ғозларни боқиш учун мавжуд биноларни мослаштириш мумкин ёки янгисини қурса ҳам бўлади. Паррандахона қуриш учун катта маблағ керак бўлмайди, маҳаллий, қурилишдан ортиб қолган ёки эски биноларни бузишдан чиққан материаллардан ҳам фойдаланиш мумкин. Паррандахона томини қамиш, дарахт шохлари ёки сомон лой билан ёпиш мумкин. Полини тахтадан ясаган маъқул. Полига ернинг ўзини қолдириш мумкин, лекин ташқаридан 15–20 см баланд бўлиши керак. Деворларини штукатурка қилиб, 20 фоизли оҳак билан оқлаб чиқиш керак. Деразалари полдан 50 см юқорида ўрнатилади. Ёруғлик полнинг устида 15 лк. дан кам бўлмаслиги керак. Паррандахонага иситиш ва шамоллатиш (вентиляция) ускуналари ўрнатилади, сетка билан тўсиб 50–150 бошга мўлжаллаб хоначаларга бўлинади. Хона тоза, қуруқ ва яхши шамоллатиладиган, елвизаксиз бўлиши керак. Елвизак ва намлик ғозларнинг маҳсулдорлигига салбий таъсир этади. Паррандахона ҳавосини 1 соатда 8 марта тўлиқ алмаштириш керак. Хонанинг баландлиги ўртасида 2 м, девор олдида 1,7 м бўлади.

Тўшама. Тўшама учун хўжаликдаги қипиқ, қиринди, сомон, торф, майдаланган маккажўхори сўтаси, кунгабоқар ва тариқ лузгаларини ишлатиш мумкин. Тўшама қуруқ, тоза, нам кўтарадиган, моғорламаган бўлиши керак. Бир бош ғозга бир йилга 40 кг тўшама керак бўлади. Ғозларнинг соғлиги ва ҳолати, хонанинг ҳарорати ва намлиги таъсир этувчи тўшамага боғлиқ.

Ғозлар тўшамаси нам бўлса патлари ифлосланади, ҳурпайиб қолади ва танаси иссиқлигини яхши сақлай олмайди. Шу билан бирга озуқа сарфи кўпаяди, организмнинг ташқи муҳит таъсирига қаршилиги камаяди, ғозларда шамоллаш аломатлари пайдо бўлиши мумкин. Ғозларни шамоллашдан қуруқ тўшама сақлашини эсдан чиқармаслик керак. Кунлар совий бошлаганда, тўшамани солишдан олдин полнинг 1 м2 жойига 0,5–1 кг ҳисобида майдаланган қуруқ оҳак сепилади, сўнг қипиқ, майдаланган макка сўтаси, сомон, қиринди ва бошқалар, қалинлиги 5 см. дан кам бўлмаган ва 15 см. дан кўп бўлмаган тўшамалар солинади. Уларнинг устига сувдон, емдон ва уялар ўрнатилади. Агар тўшамада намлик пайдо бўлса, ана шу жойи олиб ташланади ва майдаланган қуруқ оҳак билан сепиб, янги тўшама солинади. Тўшама ғозлар партияси алмашганда ёки мавсум (баҳор ёки куз) тугаганда тўлиқ алмаштирилади.

Ҳарорат режими. Ғозлар танаси қалин ва иссиқ парлар билан қопланганлиги учун совуқ ҳароратдан яхши сақланади. Улар паррандахона ҳарорати -10оС бўлганда, вақтинчалик -25оС бўлганда ҳам чидайди. Лекин паст ҳароратда айниқса насл (урчиш) мавсумида ғозлар тухум бермай қўяди, шунинг учун паррандахона тирқишлари яхшилаб ёпилиб, иссиқликни яхши ушлайдиган бўлиши керак. Паррандахона ҳарорати -4–5оС дан совуқ бўлиши керак эмас, акс ҳолда тухумлар музлаб қолади ва инкубация даврида жўжа очиб чиқмайди.

Ёруғлик режими. Ғозлар одатда табиий ёруғликда февраль охирларида ёки мартнинг бошларида тухум қўйишни бошлашади. Агар январь ойидан ёруғликни 14 соатгача узайтирсак (электр ёруғлик эрталаб 6 да ёқилади ва соат 20 да ўчирилади) ва хонада иссиқликни сақлаб турсак, улардан тухумни январнинг охиридан ёки февралнинг бошларидан олиш мумкин. Сунъий ёруғликдан табиий ёруғлик 14 соатга етгунга қадар фойдаланилади.

Зичлиги. Ғозларнинг ҳар бир боши учун муқим турар хоналарида 1 м2 ва ҳаракатланувчи уйчаларда 0,5 м2 пол майдони ажратилади. Жойлаштириш зичлигининг меъёри климатик шароитлардан келиб чиқади. Масалан, Ўзбекистон шароитларида парранда куни билан ташқарида сайр майдончасида юргани учун паррандахонага жойлаштириш зичлиги 1 м2 га 2,5 бош парранда ҳисобида ажратиладиган пол майдони етарли бўлади.

Инвентарь ва ускуналар. Ғозлар учун емдонлар шундай ясаладики, улардан емлар ерга тўкилиб, сарфи кўпаймайдиган бўлиши зарур. Емдонлар енгил ва ишлатишга қулай бўлиши керак. Уларни тахтадан, фанердан ёки бошқа материаллардан ясаш мумкин. Ғозларни озиқланиш вақтида бир-бирини босиб ташламасликлари учун емдонларни шундай қўйиш керакки, барча ғозлар бир вақтнинг ўзида емдонлардан озиқланиш имконига эга бўлсин. Минерал қўшимчалар (гравий, озуқабоп оҳак, чиғаноқ ва бошқалар) учун бўлимларга бўлинган емдонлар қўйилади. Емдонлар ердан 20 см баландликда осиб қўйилади. Кўк ўтлар бериш учун ясель типидаги емдонлар ясалади. Емдонлар ҳар доим тоза бўлиши шарт.

Сувдонлар. Ғозларга сув беришда ёғоч, цемент тоғоралар, челак ёки бошқа идишлар қўлланилади. Тоғараларни диаметри катта металл трубалардан ҳам ясаш мумкин. Сувдондаги сув сачраб ерни ва тўшамани ҳўл қилмаслиги учун уларга металл ёки ёғоч сеткадан тўсиқлар қўйилади. Қишда сув музлаб қолмаслиги учун сувдонларга вақти-вақти билан иссиқ сув қуйиб турилади ёки имкон бўлса улар оқава сувга уланади. Ёзнинг иссиқ кунларида сув етишмаслигидан барча ғозлар касалланиши мумкин.

Уялар. Ғозлар уяларда тухум қилишга ўрганиши учун тухум қилиш мавсумидан бир ой олдин уялар девор тагига қатор қилиб, 2–3 бош ғозга бир уя ҳисобида жойлаштирилади. Агар уялар етишмаса ғозлар тухум қилиш учун панароқ жой қидира бошлайди. Ғозлар асосан эрта саҳарда тухум қилади. Тухумлар ифлосланмаслиги учун кечқурун ерга янги тўшама солиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Уяларни совуқ деворларга тираб қўйиш ва ёруғлик кучли бўлган ерларга жойлаштириш тавсия этилмайди.

Уяларнинг ички ҳажмлари қуйидагича: эни 0,4–0,5 м, узунлиги 0,65 м, баландлиги 0,6–0,65 м, остонанинг баландлиги 0,01 м. Уялар тахта, фанер, тахта ёки бошқа яроқли материаллардан ясалади ва улар шундай ўрнатиладики, кузатиш ва тухум териш, уяни тозалаш вақтида тўшамани алмаштириш имкони бўлсин. Уя таги тахтадан қилинади.

Сайр майдончаси. Шаҳарчаларга яқин жойларда ғозларни далага қўйиб юбориб боқишнинг иложи йўқ, бундай жойларда атрофи тўсилган сайр майдончаси ҳосил қилинади. Янги ўрилган кўк ўтлар алоҳида берилади, майдалангани рацион қоришмаси ҳажмидан 40–50% миқдорида емга аралаштириб берилади. Ғозлар чўмилиши учун идишлар мослаштирилади ва вақти-вақти билан идишлар сув билан тўлдириб турилади.

Сайр майдончаларининг катталиги паррандалар учун қуйидагича: бир бош ғоз жўжалари учун – 1 м2, бир бош ёш ғозчалар учун – 5 м2, бир бош катта (етук) ғозлар учун – 15 м2. Сайр майдончаси бинонинг жанубий томонида бўлиши керак. Сайр майдончасида қуёшдан ва ёмғирдан ҳимоя қиладиган учун шийпон бўлса мақсадга мувофиқдир.

Ўтлоқ ва сув ҳавзалари. Ғозларни сув ҳавзаси бор ўтлоқда боқиш улар организмининг умумий ҳолатига ижобий таъсир этади. Ғозлар бир кунда 2 кг кўк масса истеъмол қилишлари мумкин. Тухум қўйиб бўлгандан кейин ғозлар ўтлоққа чиқариб юборилади. Ғозларга ўтлоқ сифатида сув босиб ётган ерлар, сув чиқмайдиган ерлар, жарликлар, ботқоқликлар ҳайвонлар учун яроқсиз бўлган ўтлоқлардан фойдаланиш мумкин. Ғозлар ўтлоқда катта миқдорда кўк масса истеъмол қилганликлари учун озуқага бўлган талабини тўла қондириши мумкин. Озуқа сарфини тежаш учун бошоқли донлар ҳосили йиғиштириб олинган ер майдонларида ғозларни боқиш катта фойда беради. Улар ерга тўкилган донларни териб истеъмол қилиб, тез семиради. Ғозлар ўтлоқда кўпроқ вақт бўлишлари, кўк масса ва бошқа озуқаларни истеъмол қилишлари учун уларни сув билан таъминлаш керак бўлади. Агар ўтлоқнинг яқинида сув манбаи ва қуёш нуридан ҳимоя қиладиган буталар, дарахтлар ва бошқа ўсимликлар бўлмаса, унда кўчма шийпон ва сувдонларда сув қўйилади.

Ғозлар тўғрисида, агар сув ҳавзаси бўлмаса ғозларни кўпайтириш фойдасиз ва инкубацион тухумлари сифатсиз бўлади, деган хато тушунча бор эди. Албатта, тоза оқава сув, қирғоқдаги барра ўтлар ғозларни боқиш учун жуда яхши шароит ҳисобланади. Бироқ илмий текширишлар ва йирик ғозчилик фабрикаларининг тажрибаси шуни кўрсатадики, ғозларни сув ҳавзаларисиз ҳам самарали боқиш мумкин. Яхши озуқа ва парвариш натижасида ғозлардан, йилига 50 дона юқори сифатли инкубацион тухумлар олиб, самарали натижаларга эришиш мумкин.

Ғозларни парваришлаш. Ғозларни парваришлашда асосий кўрсаткичлардан бири бу юқори маҳсулдорлик ва касалликларнинг олдини олиш ҳамда бу паррандахонанинг тозалигидир. Баҳорнинг иссиқ кунлари кириб келиши билан йилда бир марта паррандахона эски тўшамаси ва гўнгидан тозаланиб ташқарига чиқариб ташланади. Деворлари чанг ва ифлосликлардан тозаланади ва янги сўндирилган оҳак билан оқлаб чиқилади. Уялар ва бошқа ускуналар ҳам оҳак билан оқланиб чиқилади, сувдон ва емдонлар қайноқ сувда эритилган 2 фоизли каустик содаси билан ювилади. Ёз мавсумида ғозларни кечаси паррандахонага киритиш шарт эмас. Қиш мавсумида яхши об-ҳаво бўлганда, улар сайр майдончасига чиқарилади. Қишнинг совуқ кунлари соат 11 ларда қисқа вақтга чиқарилади.

Линька. Парранда танасидаги пат қопламасининг алмашишини линька дейилади. Патлар эскириб, учлари ейилиб, ранги намликдан, қуруқдан ва қуёш нуридан куйиб, ўз сифатини йўқата бошлайди ва парранданинг учиш қобилиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун паррандаларнинг эски патлари тўкилиб, ўрнига янги ва сифатли патлари ўсиб чиқади. Линька ювеналь (ёш паррандада) ва мавсумли бўлади. Ювеналь линька турли паррандада турлича ёшда бўлади. Жўжаларда 30–45 кунлигида бошланади ва олти ойлигида ёшида тугайди. Сувда сузувчи паррандаларда кечроқ, 60–70 кунлигида бошланади, лекин тезроқ, 2–3 ойдан кейин тугайди. Катта ёшдаги паррандаларда линька парранда ёшига боғлиқ эмас, у йил мавсумига боғлиқ бўлиб, одатда, ёз ёки кузда ўтади.

Ғозларни пат ва парларини юлиш. Катта ғозларнинг пат ва парлари бир йилда икки марта юлинади. Биринчи марта – линька белгилари бошланаётганда (май охири – июнь бошларида), иккинчиси 7–8 ҳафтадан кейин (июль охири- август бошларида). Йилига икки мавсумда тухум олинса, унда бир йилда бир марта юлинади: май охири – июнь бошларида. Ёш ғозларни боқишда икки марта: биринчи бор – 70–80 кунлигида ёшида, иккинчи марта – 120–130 кунлигида ёшида патлари юлинади.

Ёш ғозларнинг пат-парлари биринчи марта 60 гр.гача, иккинчи марта 100 гр. гача юлинади. Катта ёшдаги ғозлардан бир юлишда 120 – 150 г. Пат-парлар юлинади, шундан 38 –40 гррамми парлардир. Табиий линька вақтида ғозларнинг пат-парларини юлиш оғриқсиз кечади, чунки эскирган патлар тагидан янги ёш патлар ўсиб чиқаётган бўлади.

Галада ҳамма ғозлар ҳам бир вақтда линькага кирмайди. Юлиш вақтида линькаси олдин бошланган ғозларга аҳамият берилади ва янги чиққан патлари ҳали яхши ривожланмаганлиги учун уларни юлиб бўлмайди. Агар янги ўсиб чиққан патлари катта бўлиб, эскиларидан ажратиш қийин бўлса, уларнинг бир нечтаси юлиниб, патларнинг асоси кўрилади. Агар қуруқ ва шаффоф бўлса, унда патлар ривожланган бўлади, агар патлар асоси қонга тўлган бўлса, бу ёш ўсаётган патлар бўлади. Ёш патларни юлиб бўлмайди, чунки уларнинг парлари яхши ўсмаган (ривожланмаган) бўлади ва пат керакли миқдорда эгилувчан эмас.

Ғозларнинг патларини юлишдан 3–4 кун олдин ва кейин стрессга қарши қўшимча витаминлар – 1 кг озуқага витамин А – 20000 ИЕ, D3 –2000 ИЕ, К – 8 мг, В1 – 3, В2 – 8, В3 – 20, В5 – 50, Ве – 7, Вс – 1,5, биотин – 0,2, Вi2 – 0,02, холинхлорид – 1500 ва С – 50 мг миқдорида қўшилади. Витаминлар беришнинг имкони бўлмаганда 1 кг озуқага 100 мг аскорбин кислотаси қўшилади.

Патлар ва парларни юлиш ва уларни йиғиш тайёргарлиги хўжаликдаги юлиниши керак бўлган ғозлар бош сонига боғлиқ. Бир кун олдин ғозларга сув ҳавзасида чўмилиб, патларини чанг ва кирлардан тозалаб олишига имкон берилади. Эрталаб тушгача патларини юлиб бўладиган ҳажмда ғозлар сони қолдирилади. Патлари юлиб бўлинган ғозлар сайр майдончасида қолдирилади ёки ўтлоқ узоқ бўлмаса, ўтлоққа чиқариб юборилади. Пати юлинган ғозларни пати юлинмаганларга аралаштириб бўлмайди, чунки тез-тез қувлаш, уларни ажратиб олиш ва бошқа ҳаракатлар уларга салбий таъсир этади. Ҳамма ғозларнинг пати юлиб бўлингандан кейин улар бир галага бирлаштириб юборилади. Ғозлар патларини ёруғ, қулай хонада юлиш мумкин. Патларни юлиш жараёнида эҳтиёт бўлиб, бу иш эътибор билан ва хотиржам бажарилади, чунки ғозлар табиатан асабий бўлади ва зичликка тоқат қила олмайди.

Патларни юлиш қуйидаги тартибда ўтказилади: юлувчи табуреткага ёки стулга ўтириб, ғознинг курагини ерга ва оёқларини ўзидан нарига қаратиб тиззасига ётқизади. Оёқлари бойлаб қўйилади ёки чап қўли билан ушлаб турилади, ўнг қўли билан бўйнининг пастидаги майда пат ва парларни юлишни бошлайди. Бу ерлардан парлар тўлиқ юлиб олинмайди, сийраклаштириб олинади. Юлинган жойи яланғоч бўлиб қолиши керак эмас. Қаноти, думи, бўйнининг юқори қисми, елкаси ва оёқларидаги патлари қолдирилади. Бўйин қисмини юлаётганда, чап қўлнинг тирсаги билан ғоз ушлаб турилади. Айниқса қанотлари курагига қаттиқ қисилиб туриши керак, чунки парранда чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, қанотларини қоқа бошлайди, бунда ғоз жароҳат олиши мумкин.

Патларни юлишни бошлашдан олдин, ўнг қўл билан бир неча марта қорин қисмидаги патлар йўналишига қарши томонга юргизилади, бунда патлардаги чанг тозаланади, териси соғломлиги, жароҳатлар йўқлиги ва янги ёш патлар ўсаётибдими, йўқми аниқланади. Патларни юлиш кўкрак суяги килининг охиридан бошланади. Қориннинг орқа қисмидаги патлари юлиниб бўлгандан кейин олд қисмидан вилочково тагидаги чуқурликкача юлинади. Сўнг орқа кисми кураги ва бўйинлари юлинади. Патлари билан парларини бирга юлиб бўлмайди.

Республикамизда ғозларнинг патларини йилига икки марта юлиш мумкин. Иккинчи марта патлари тўлиқ ўсиб бўлгандан кейин юлинади. Ташқи мухит иссиқ бўлганда ва патлари тўлиқ ўсиб бўлгандан кейин (пати ўсиб чиққандан 20 кундан сўнг) ғозларда қисман линька бошланади, бунда танани қоплаб турган патлар алмашади. Қанот, дум, оёқ, елка патлари иккинчи марта алмашмайди. Патлари икки марта юлинганда ғоздан 240–300 г пат ва парлар олиш мумкин.

Патларни юлиш жараёнида ғозлар ўзларини тинч тутишади. Патлари юлиб бўлингандан кейин кун давомида ғозлар асабий ва қўрқув ҳолатида бўлади. Лекин бу ҳолат тез ўтиб кетади ва ғозлар иштаҳа билан озуқа истеъмол қилишни бошлайди. Икки кун ўтгандан кейин ғозлар аҳлоқида хеч қандай ўзгариш сезилмайди. Патлари юлингандан кейин ғозлар орасида нобуд бўлиш ҳоллари кузатилмайди. Пат ва парлар бир кун давомида қуёшда ёки яхши шамоллатиладиган хонада вақтида ағдариб туриш ёрдамида қуритилади.

Жўжа олиш ва ташиш. Ғоз жўжасини боқиш учун эрта олинади, лекин ғоз жўжаси тухумдан очиб чиққандан кейин дарҳол олиб кетилади ёки 24 соатдан кўп бўлиши керак эмас. Бир кунлик ғоз жўжаларини тагига сомон, ҳашак ёки юмшоқ материал солинган қути ёки саватларда ташиш мумкин бўлади. Ғоз жўжаларини биринчи кунлари тана ҳароратини, жўжанинг ичидаги тухум сариғи қолдиғини сарфлаш ҳисобига ушлаб турилади. Каттароқ ёшдаги жўжаларни ташишда қутининг тагига қўшимча иситиш мосламаси ўрнатиш керак бўлади. Агар ғоз жўжалари йўлда совуқотган бўлса, унда хона ҳароратини 30оС гача кўтариш керак бўлади, акс ҳолда шамоллашдан биринчи икки ҳафта ичида жўжаларнинг кўпчилиги нобуд бўлади. Ғоз жўжалари дастлабки даврда, яъни 10–15-кунлари яхши сақланган бўлса, бундан буёғига озуқа етарли бўлиб, ўтлоқда боқилса умуман нобуд бўлмайди.

Парранда гўнги. Ғоз гўнгини (тўшама билан гўнг) томорқада ўғит сифатида ишлатиш керак бўлса, унда ғозларни боқиш жараёнида вақти – вақти билан оддий ёки икки суперфосфатни тўшама устига сепиб туриш керак бўлади. Ўғит ҳафтада бир марта сепилади: ғозхона полининг 1 м2 ерига оддий суперфосфат – 400 г, икки суперфосфат – 200 г. Ўғитни минерал моддаларга бойитишдан ташқари, суперфосфат намланиб қолган тўшамани қуритади ва аммиак газининг катта миқдорда ажралиб чиқишининг олдини олади.

Ёш ғозларни озиқлантириш

Ёш ғозлар омухта ем ва янги узилган кўк ўтлар, омухта емнинг нам қоришмаси, обрат, қайнатиб пиширилган картошка ва кўкатлар билан боқилади. Биринчи уч кун давомида майдаланган маккажўхори дони, қобиғидан ажратилган ва майдаланган арпа уни ёки бошқа дон, буғдой кепаги ҳамда майдаланган кўк ўтлар берилади. Учинчи кунидан бошлаб ғоз жўжалари омухта ем ва кўк ўтлар билан боқилади.

Ёш ғозлар учун омухта емни донлар, ўсимликларга ва ҳайвонларга оид оқсилга бой озуқалар, беда уни, қуруқ хамиртуруш (дрожжи) ва минерал қўшимчалардан тайёрланади. Улар учун майдаланган нўхат яхши оқсил озуқаси ҳисобланади.

Ёш ғозларга нўхат, беда ва бошқа кўк ўтлар серсув вақтида, эрталаб ва кечқурун янги ўриб берилади. Ғозлар суви қочган, йўғон бандли ва ерга ётиб қолган ўтларни яхши истеъмол қилмасликларини ёддан чиқармаслик керак. Янги ўрилган ўтлар дарров ғозларга берилади, бир қисми майдалаб (2–3 см), омухта емга аралаштириб берилади. Янги ўрилган, майдаланмаган ўтлар кечаси ейиш учун кечқурун емдонларга солиб қўйилади. Алоҳида емдонларда минерал қўшимчалар ва майда тошлар доимо бўлиши керак.

Ёш ғозларни омухта ем ва кўк ўтлар билан бир кунда бир бошга ўртача сарфи меъёрига риоя қилган ҳолда озиқлантириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бир кунда бир бошга омухта ем ва кўк ўтлар тахминий сарфи

Ғознинг ёши, кун

Омухта ем, г

Кўк ўт, г

1–10

20

50

11–20

55

100

21–30

120

200

31–40

140

300

41–50

160

400

51–60

180

500

61–70

200

600

71–75

220

700

75 кунлик натижа

9,8 кг

25 кг

Катта ёшдаги ғозларни озиқлантириш

Ғозларни боқишда шахсий томорқада ва кичик фермаларда арзон маҳаллий озуқалардан – кўк масса, сабзи, картошка, қовоқ, карам барги, шолғом, лавлаги, илдизмевалилар барги, беда ва ўт уни, омухта силослардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Рацион таркиби уларнинг маҳсулдорлигига, йил мавсумига ва хўжаликдаги мавжуд озуқага боғлиқ.

Паррандани боқишда насл олди мавсуми ва насл мавсумида озиқлантиришга алоҳида эътибор берилади. Тухум қўйиш мавсумига тайёргарлик кўрила вақтда ғозлар насл мавсумидаги рацион бўйича боқилади. Қишда кўпроқ озуқалардан сули маъқул келади.

Маккажўхори ва арпа донлари билан боқилганда наслли парранда тез семириб, баданини ёғ босиб кетади. Танасини ёғ босиб кетган ғозларда гўшт чиқиндилари ҳажми кўпаяди.

Бундай ғозлар уруғланмаган тухум беради. Лекин танасини ёғ босиб кетишининг олдини оламан деб, ғозларнинг озиб кетишига йўл қўймаслик керак. Фақат яхши семизликдаги парранданинг маҳсулдорлиги юқори бўлади.

Шунинг учун маҳсулдорлик мавсумига тайёргарлик кўрилаётганда донли озуқаларга кўпроқ беда ёки турли ўтлар пичани, буғда юмшатилган беда, силос ва илдизмевалилар (картошка, лавлаги, сабзи) қўшилади. Картошкани хомлигича майдалаб бериш мумкин. Рацион таркибида дуккаклилар (нўхат, ясмиқ), кунжара, шрот ҳамда келиб чиқиши ҳайвонларга оид озуқалар ҳажмини кўпайтириш мумкин. Насл мавсуми февраль-март ойлари бошланади.

Ғозларга бир кунда 3–4 маҳал озуқа берилади, шулардан икки маҳал нам қоришма, кечасига дон берилади. Ғозлар организмида маҳсулдорлик даврида минерал модда алмашинуви кучаяди, шунинг учун керакли миқдорда кальций, фосфор ва натрий моддаларини қабул қилиш керак бўлади. Рационга майдаланган чиғаноқ, озуқабоп оҳак ва бор 2,6–3%, фторсизлантирилган фосфат – 0,8–3 %, ош тузи 0,5 фоизгача қўшилади.

Тирик вазни 5–5,5 кг бўлган ғозларга тахминий рацион

(1 бошга 1 кунда граммда)

Озуқа номи

Бир ойда тухум бериш

3

6

9

12

15

Сули, дон чиқиндилари

60

70

80

90

100

Сули уни

24

26

32

36

40

Буғдой уни

20

21

36

40

45

Буғдой кепаги

50

50

50

50

50

Гўшт-суяк уни ёки келиб чиқиши ҳайвонлар оид озуқа

-

4

6

9

12

Нўхат кунжараси ва уни

5

6

9

12

15

Лавлаги, қовоқ, сабзи

200

200

200

200

200

Қайнатиб пиширилган картошка

200

200

200

200

200

Хўжаликда озуқа компонентлари мавжуд бўлса, омухта емни ўзингиз тайёрлашингиз мумкин. Қуйидаги жадвалда катта ёшдаги ғозлар учун омухта ем таркиби берилган.

Махсус омухта ем тайёрлаш заводлари, цехларида тайёрланган омухта емдан ғозларга маҳсулдорлик даври учун ПК-1 (товуқлар учун) ни тавсия этиш мумкин. Уларнинг таркибида 16–17% оқсил, 1,05 – 1,09 МДж энергия алмашинуви мавжуд.

Катта ёшдаги ғозлар учун омухта емнинг тахминий таркиби

(1 бошга 1 кунда граммда)

Компанентлар

Миқдори

Донли озуқа (маккажўхори, буғдой, арпа, сули)

60

Буғдой кепаги

10

Кунгабоқар шроти

3,6

Балиқ уни

3,5

Гўшт-суяк уни

2

Озуқабоп хамиртуриш

1

Беда уни

20

Чиғаноқ, бўр

3,3

Ош тузи

0,5

100 г омухта ем таркиби, г:


Хом оқсил

14,3

Клетчатка

6,3

Кальций

1,75

Фосфор

0,72

Натрий

0,39

Баҳор бошланишидан ғозларга кўк масса бериш бошланади. У тухум маҳсулдорлигини ва уруғланишни кўтаради. Майдаланмаган кўк масса ясель типидаги емдонларга солиниб ғозларнинг бир бошига 1 кг кўк масса ҳисобида берилади. Омухта емга аралаштириб берилади. Кўк масса ёш ва ўзаги қотмаган бўлиши керак.

Ёш ўсимликларнинг қуруқ модда ҳисобидаги енгил хазм бўлувчи оқсиллар тўйимлилиги ва таркиби бўйича омухта емга яқин, лекин биологик хусусиятлари қимматли ҳисобланади: унда омухта емга нисбатан аминокислоталар, витаминлар ва минераль моддалар кўп миқдорда бўлади. Айниқса кўк масса каротин манбаи ҳисобида қадрлидир. Кўк масса таркибида эстроген моддалар бўлиб, эркак ва урғочи ғозлар урчитиш ва урчиш сифатларини оширади.

Эрта баҳорда ғозларни ўстирилган донлар билан боқиш яхши фойда беради. Бунинг учун тахта, фанерлардан деворлари 3–4 см баландликдаги қути ясалади. Қутини ичига 2–3 см қалинликда дон тўлдирилади. Устидан сув қуйилиб қутилар иссиқ ва қоронғи жойга устма-уст қўйилади. Дон ўсишни бошлаганда, улар ёруғликка олиб чиқилади. Кўкат тез ўсишини бошлайди ва баландлиги 7–10 см бўлганда, эҳтиёткорлик билан унинг усти қайчи билан кесиб олинади. Тагига яна сув сепилади, бир қўйилган дондан уч мартагача ҳосил олиш мумкин.

Маҳсулдорлик мавсумида ғозларни ўтлоқда ва сув ҳавзаларида боқиш мумкин. Ўтлоқда чегараланган ва эркин боқишни ташкиллаштириш мумкин. Ўтлоқда боқилаётган ғозлар маҳсулдорлик мавсумида тахминан 1 кг. гача кўк масса ва қўшимча ҳар куни 200–250 г омухта ем истеъмол қилиши керак.

Маҳсулдорлик мавсуми тугагандан кейин ғозларга бериладиган юқори калорияли озуқалар калорияси пастроқ ва таркиби оддийроқ озуқаларга алмаштирилади. Тухум бериш мавсуми тугагандан кейин (июль-сентябрь) ғозларни яхши ўтлоқларда боқиб, омухта ем ҳажмини 80–100 г ва донларни 40–50 г. гача камайтириш мумкин.

Ғозларнинг маҳсулдорлик ва маҳсулдорсиз мавсумларида омухта ем билан кўк озуқалар нисбати қуйидаги жадвалда кўрсатилган.

Омухта ем ва ширали (кўк) озуқаларнинг ғозлар маҳсулдорлигига боғлиқлиги

Мавсум

Омухта ем, г

Ширали (кўк), г

Маҳсулдорсиз

140

500

Тайёрланиш

180

500

Маҳсулдорлик

230

600

Маҳсулдорсиз мавсумда ғозларни донли озуқаларсиз ҳам боқиш мумкин. Ширали углеводлик озуқалардан максимал даражада фойлаланилади. Бунда бир бош ғознинг бир кунлик рационини 650–950 г озуқа ташкил этади.

Компонентлар номи

Миқдори, г

Картошка ёки лавлаги

400–500

Сабзи

100

Беда уни

100

Мякина

50

Балиқ, гўшт-суяк уни

40–50

Минерал қўшимчалар

8–12

Ҳазми енгил бўлиши учун илдизмевалилар хом тарзда, картошка пиширилган ҳолатда берилади. Ғозлар юмшоқ озуқани яхши истеъмол қилишини ҳисобга олиб, беда ва ўтлар уни, пичанларни димлаб (буғлатиб) бериш тавсия этилади. Минерал озуқаларни алоҳида ёки озуқага аралаштириб бериш ҳам мумкин. Маҳсулдорсизлик даврида рационга чиғаноқ, бўр, суяк уни, йодланган ош тузи қўшилади. Қишда ширали озуқанинг бир қисми бир кунда бир бошга 200 г пичан билан алмаштирилади. Ширали озуқалар ўрнини омухта силос билан қоплаш мумкин.

Тўлдирилган траншея сомон билан 15–20 см қалинликда ёпилади, шиббаланади ва 5–6 кунга қолдирилади, кейин яна шиббаланади ва пленка тортилади, устидан ер билан ёпилади. Силос 50–60 кундан кейин ишлатишга тайёр бўлади.

Ғозларга майдаланган ҳолда бир кунда 500 г. дан силос ва 100–150 г озуқа концентрати берилади. Маҳсулдорлик даврида силос ҳажми 150–200 г гача туширилади. Силосни беришдан олдин 5% бор ва озуқабоп оҳак қўшиш тавсия этилади.

Яхши силоснинг ранги яшил, яшил-жигар ранг, ёқимли ҳиди бўлади. Силоснинг нисбий намлиги 60–70 фоизни, клетчатка миқдори 5 дан кам, оқсил – 3–4%, сут кислотаси 1–1,5%, рН – 4–4,5 бўлади.

Ғозлар учун силос тайёрлаш рецепти

Компонентлар

Миқдори, %

1-вариант

2-вариант

3-вариант

4-вариант

5-вариант

Маккажўхори сўтаси қобиғи билан

50

30

35

25

40

Сабзи

40

50

25

25

10

Қанд лавлаги

10

20

15

25

-

Озуқабоп лавлаги

-

-

25

25

30

Қовоқ, кобачка

-

-

-

-

20

Парранда учун озуқа билан бир қаторда сув ҳам катта аҳамиятга эга. Ғозлар истеъмол қилган 1 г озуқага кун давомида 3,7 г сув истеъмол қилади.


Ғозларда учрайдиган касалликлар

Сальмонеллёз (паратиф)

Ўткир кечувчи юқумли касаллик. Қўзғатувчиси сальмонеллёз (паратиф) бактерияси. Кўпроқ 5 кунлигидан 40 ойликкача бўлган ғозлар касалланади. Касалланиб тузалган парранда 2,5 йилгача касал қўзғатувчисини ўзида олиб юради, тухум орқали тарқалади ва ундан касалланган ғоз жўжаси чиқади. Касал парранда гўнги орқали касал қўзғатувчиси бўлган бактерияларни ташқи муҳитга чиқаради. Бу бактериялар ташқи муҳитга жуда чидамли бўлиб, 1 йилу 8 ойдан кейин ҳам касал қўзғатиш хусусиятини йўқотмайди. Музлатилган гўштида 3 йилгача сақланган ҳолатлар кузатилган. Касалликнинг ўткир кечимида қувватсизлик, ҳолдан тойиш, чанқоқлик, уйқу босиш ҳолатлари кузатилади, иштаҳаси бўлмайди ва нафас олиши тезлашади. Титраб-қақшайди, шол бўлиш симптомлари бўлиши мумкин. Кўзидан ёш оқиши, кейинчалик йирингли конъюктивитга ўтиши кузатилади. Тирик қолган ғозлар озиб кетади ва яхши ўсмайди.

Сальмонеллёз бошланганда инкубацион тухумларни хўжаликдан ташқарига чиқариш тақиқланади, хўжалик ичида ҳам тухумлар ҳаракати тўхтатилади. Бинолар ва хўжалик ҳудуди 3 фоизли каустик содаси ёки 2 фоизли формалин, 20 фоизли янги сўнгдирилган оҳак билан дезинфекция қилинади. Емдон, сувдон ва бошқа инвентарлар қайноқ сувда (80оС) яхшилаб ювилади ва 5 фоизли хлорли оҳакда ёки 20 фоизли оҳакда, ёки 1 фоизли формалинда дезинфекция қилинади. Клиник касал ва касалга гумон қилинганлар асосий галадан ажратилади ва йўқ қилинади.

Пастереллез (холера)

Ўта юқумли, септицемия ҳолати ва паррандалар орасида юқори ўлим бўлиши билан характерланади. Касал қўзғатувчиси – пастерелла бактерияси – ташқи муҳитга жуда яхши мослашган. Товуқ гўнгида 72 кунгача, донда 44 кунгача, патларида ва тухум қобиғида 26 кунгача, парранда мурдасида 4 ойгача яшайди. Пастереллез касаллиги билан барча уй ва ёввойи паррандалар, айниқса ғозлар тез касалланади. Дезинфекцияловчи моддаларга чидамсиз, оддий концентрацияларда 5 дақиқа давомида нобуд бўлади. Касалланган ва касалликни ўтказган паррандадан юқиши ва ифлосланган сув, озуқа, инвентарь, атрофдаги ҳаво орқали ўтиши мумкин. Клиник белгилари: бўшашган, бурун тешиклари ва тумшуғидан кўпикли шиллиқ суюқлик осилиб тушади. Тана ҳарорати 43,5оС гача кўтарилади. Гўнги суюқ, кул ранг, сариқ ёки яшил рангда бир хилда қон аралаш бўлади. Иштахаси бўлмайди, кучли чанқоқлик, умумий қувватсизлик пайдо бўлади ва натижада парранда нобуд бўлади. Хўжаликда пастероеллез касаллиги аниқланганда фермага карантин ўрнатилади. Касалликка гумон қилинган паррандахонадаги барча ғозлар зудлик билан йўқ қилинади. Паррандахона, сайр майдонлари, паррандахона атрофидаги ҳудудлар яхшилаб тозаланади ва дезинфекция қилинади. Пастереллезга қарши энг яхши восита бу антибиотиклар ва сульфаниламидлардир.

Аспергиллез

Аспергиллез – ғозларда респиратор органлари зарарланиши билан характерланадиган касаллик. Касаллик қўзғатувчиси – микроскопик катталикдаги аспиргиллюс замбуруғи. Ёш паррандалар орасида ўлим кўп кузатилади. Катта ёшдаги паррандалар бу касалликка чидамли бўлади. Ҳаво орқали – аэроген усули билан парранда касалланади, ички органларга (юрак, жигар) аспергиллалар қон орқали ўтади. Аспергиллез билан зарарланган инкубацион тухумлардан инкубатор орқали ҳам тарқалиши мумкин. Касаллик асосан баҳорда қўзғайди. Касал парранда мадорсизланган, мудроқ, кам ҳаракатчан бўлади. Ўткир ўтувчи формасида нафас олиш органлари зарарланади. Касал парранда бошини олдинга ва юқорига кўтариб, бўйнини чўзиб, тумшуғини очиб, ҳаво ютишга ҳаракат қилади ва тез-тез чучкиради. Бурун тешиклари ва тумшуғидан кўпикли шиллиқ суюқлик оқиб чиқади. Ошқозон-ичак тракти бузилиши натижасида кескин озиб кетиш кузатилади. Ўлишдан олдин титроқ тутади. Ёш ғозлар орасида 50–100% ўлим кузатилади. Куйдириш лампаси билан паррандахона деворлари, ичидаги барча инвентарь ва ускуналарни куйдириш замбуруғни йўқотиш бўйича энг самарали усул ҳисобланади. Яна самарали усуллардан бири формальдегид буғлари ёрдамида ишлов беришдир. Витамин А концентрати ёш ғозларнинг аспергиллез касаллигига чидамлигини оширади.

Колибактериоз

Ёш ғозларнинг юқумли касаллиги. Катта ёшдаги парранда кам касалланади. Касаллик қўзғатувчиси – ичак таёқчаси бактерияси. Ташқи муҳитда: ерда ва сувда 4 ойгача ўз патоген ҳусусиятларини йўқотмайди. Лекин касаллик қўзғатувчи бактерия 2 фоизли хлор охаги, 3 фоизли каустик содаси иссиқ (+80оС) қоришмаси, 2 фоизли фармальдегидга чидамсиздир.

Колибактериоз билан касалланган ёш ғозларда мадорсизлик, чанқоқ ва мудроқ белгилари бўлади, яна конъюктивит, асабийлашиш, ич кетиши, (айрим ҳолларда қон аралаш) юз беради. Касал парранда дарҳол йўқ қилинади. Клиник соғлом парранда антибиотиклар билан даволанади. Колибактериозга қарши неомицин – бир кунда 1 кг тирик вазн учун 50 г. дан 6–10 кун давомида, биомицин ва терацинлин –20 г, левомицитин –30 мг. дан бериш яхши натижа беради.

Вирусли энтерит

Ғоз жўжаларида ўткир шаклда ўтувчи вирус касаллиги, касаллик қўзғатувчиси ичак, юрак, жигар органларида жойлашади. Асосий белгилари: мадорсизлик, қалтироқ босади, бир ерга тўпланишиб олишади, иссиқликка интилишади, кўзлари ярим очиқ ҳолда, бошини тушириб ёки ёнига қилиб туради, тез-тез эснайди, шовқинга аҳамият бермайди, иштаҳаси йўқолади. Конъюктивит, бурнидан суюқлик оқиши мумкин. Кейинчалик қон аралаш ичи кетади. Кўпинча 6–12 кунлик жўжалар касалланади.

Ғозлардаги юқумсиз касалликлар

Рахит

Асосан ғоз жўжалари касалланади. Касаллик фосфор ва кальций моддалари алмашинуви бузилишидан келиб чиқади. Озуқа таркибида ушбу моддаларнинг етишмаслиги ва яна паразитар касалликлар натижасида Д3 витамини етишмаслиги оқибатида ҳам рахит касаллиги келиб чиқиши мумкин.

Асосий характерли ўзгаришларидан бири бу суяк тизимининг ўзгаришидир. Бошланишида суякларда кучсизлик сезилади ва чўлоқланиш кузатилади. Кейинчалик суяклар букилади (қийшаяди). Кўкрак суяги, қовурға ва тумшуғи юмшайди ва шаклини ўзгартиради. Парранда ҳолсизланади ва ўсишда орқада қолади.

Профилактика мақсадида тўйимли Д3 витамини ва кальций ҳамда фосфор муносабати 1,5–2:1 га тенглаштирилган озуқа бериш фойдалидир. Ёз мавсумида ўтлоқларга ҳар куни олиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Қиш мавсумида рационга беда пичани, озуқага Д3 витамини, тривитамин, балиқ ёғи ва минерал қўшимчалари (гўшт-суяк уни, суяк уни, бор, чиғаноқ, озуқабоп оҳак, моно-, ди- ва трикальций фосфат) берилади. Қишда парранданинг қуёш нурида 3–4 соат бўлиши Д-гиповитаминознинг олдини олади.

А-гиповитаминоз

Кўпинча ғоз жўжаларида учрайди. А витамини ёки каротин моддасининг озуқа таркибида етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган касаллик. Касаллик асосан қиш ва баҳор мавсумларида рацион таркибида кўк ўтлар етишмаслигидан бошланади. Катта ёшдаги ғозлар тухум бериш мавсуми бошланганда касалланишлари мумкин.

Касаллик бошланишида клиник белгилари касалликка хос бўлмайди. Иштаҳа камайиши, қувватсизлик, кўп ухлаш, ич кетиши ва патлар тўкилиши юз беради. Кейинчалик касалликка хос бўлган белгилари пайдо бўла бошлайди: кўздан ёш оқади, кўзнинг нурга сезгирлиги ошади, бош қисми ва кўзида сувли шиш пайдо бўлади.

А-гиповитамноз касаллигининг олдини олишда ғозларга, бу янги узилган кўк ўтлар бериш, кузда, қишда сабзи, қовоқ, пичан ва бошқалар бериш энг самарали усулдир. Ундан ташқари яна балиқ ёғи, тривитаминлар бериш ҳам яхши натижа беради.

Касаллик пайдо бўлганда А витамини максимал дозада берилади. Даволовчи доза жўжаларга 1 кг тирик вазн учун 900–1500, катта ғозлар учун 1 кг тирик вазн учун 1800–3000 бирликдаги А витамин концентрати берилади.

Стоматит

Жағлар орасида тилида дивертикулнинг пайдо бўлиши ва шиллиқ пардасининг ялиғланиши касалликнинг характерли белгиси ҳисобланади. Кўпинча қари ғозлар касалланади. Касалланган ғоз яроқсизга чиқарилади.

    П.Рахматуллаев, Х.Нормухамедов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech