Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Феврал 2017 00:00

Беданалар анчагина ҳуркак парранда бўлиб, парваришлашда эҳтиёткорликни талаб этади. Чўчиб кетган беданалар саросимага тушиб, учиб кетишга ҳаракат қилади, ўзларини катакларга уради. Узоқ вақт стресс ҳолатига тушиб қолган беданалар бўйнини эгиб, гавдасини ерга босиб учишга тайёргарлик кўраётгандек бўлади. Тўқ ва хотиржам ҳолатдаги паррандалар бир жойда кам ҳаракатда бўлиб, мудраб ўтиришади.

Бир бош бедана хўрози ва 3–10 бош бедана макиёнларини катакда боқишда кунига ўртача 2–9 тадан тухум олиниши кузатилган. Беданаларни иложи борича катта галаларда сақлаш юқори маҳсулдорлик (тухум) олиш учун омил бўлади. Тухум қўйишни тушдан олдин одат қилган товуқлардан фарқли ўлароқ макиёнлар одатда кечқурун, сокинлик пайтида тухум қўйишни маъқул кўришади. Кўпинча озиқлангандан кейин дархол тухум қўйиши ҳам мумкин. Тухум қўйишдан олдин макиёнлар безовта бўлиб чийиллаган овоз чиқаришади ва тухум қўйиш вақтида бошини орқага ташлайди. Қариган бедана макиёнлари ўз вақтида сўйилмаса тухум қўйишдан тўхтайди ва ёш хўрозчалар уларни чўқиб ўлдиришлари мумкин. Агар ёш хўрозча қари бедана макиён орқасидан қувиб юрган бўлса, дарҳол бедана макиёнини бошқа катакка ажратилиб, семиртириш учун кучли озуқалар билан боқилади ва гўштга сўйилади. Айрим ёш беданаларнинг кўзини юмиб, бўйнини ва оёғини узайтириб чўзилиб ётиши ўлаётган бедананинг аҳволини эслатади, аслида эса бу бедана шундай йўл билан дам олиб, ухлаётган бўлади.

Уй беданаларининг зотлари

Беданаларнинг зотлари, чатиштирилган ва мутант шакллари бир-биридан экстерьерлари, патлар ранги, тана вазни ва ҳажми, жўжаларининг тухумдан чиқиш фоизи, тухум бериши ва бошқа кўрсаткичлари бўйича фарқ қилади.

Бедананинг “Япон” зоти кўп миқдорда тухум бериши, касалликларга чидамлилиги ва жўжаларининг тухумдан чиқиш фоизи юқорилиги (90% атрофида) билан ажралиб туради.

Бедананинг “Фараон” зоти юқори сифатли гўшт олиш мўлжалланган. Бу ҳақиқий бедана-бройлер ҳисобланади. Уларнинг тирик вазни япон зотидан 40 фоиз юқори бўлади.

“Эстония” зоти кўп тухум бериши йилига 310 дона, ҳамда гўштининг алоҳида ўзига хос мазали таъми билан ажралиб туради. Бедананинг “Француз” ва “Эстония” зотлари 45 кунлик ёшида тирик вазни 280–300 граммни ташкил этади.

“Британия қора” зоти ўзига хос патлар рангига эга бўлиб, макиёнларнинг тирик вазни оғирлиги 210 граммни ташкил этади.

Бундан ташқари беданаларнинг “Америка альбинос бройлерлари”, “Англия оқ” зоти, “Маньчжур тилла ранги”, “Смокинг”(тукседо), “Мармар ранг”, “Австралия сариқ-жигар ранг” зотлари ҳам мавжуд.

“Хитой” зотли беданалар декоратив мақсадларда боқилади. Бундан ташқари декоратив мақсадда боқиладиган “Калифорния”, “Жигар ранг пахмоқли”, “Тангачалик” ва “Виржиния” зотлари ҳам маълум. Айрим ҳолларда “Виржиния” зотини гўшт етиштириш мақсадида ҳам етиштирадилар.

Сақлаш ва парвариш қилиш

Тарихда инсон беданани тўлиқ қўлга ўргатишнинг уддасидан чиқа олмаган, шунинг учун ярим ёввойи бўлган беданаларни катакларда боқиш тавсия этилади. Бедана боқилаётган бино хонаси яхши иситилиши, вентиляция мавжудлиги ва сунъий ёритиш тизимларига эга бўлиши керак. Электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун қўшимча электр таъминотига эга бўлиш яхши натижалар беради.

Беданаларни узоқ вақт қуёш нурида сақлаш мумкин эмас. Офтоб нури таъсирида беданалар нотинчланиб безовта бўла бошлайди. Беданаларни шовқинли жойларда сақлаш тавсия этилмайди. Санитария нормаларига кўра, бедана боқишда биноларни аҳоли яшаш жойидан 300 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштириш тавсия этилади.

Беданалардан истеъмол тухуми олиш учун улар қафасларга 1 м2 майдончага 100–120 бош ҳисобидан жойлаштирилади. Агар беданалардан насл олмоқчи бўлсангиз беданалар зичлиги камайтирилади. Беданалардан тухум олиш учун 15×15 мм катталикдаги сим катак полларда сақлаш мақсадга мувофиқ. Декоратив мақсадда кенг вольерларда паррандалар сақланади.

Беданалардан наслли ва истеъмол тухуми олиш мақсадида уларни боқишнинг турли вариантлари тавсия этилади:

а) Бир катакда 3–5 бош макиён беданага 1 хўроз бедана сақланади. Ёруғлик режими бир кунда 18 соат бўлади. Хона ҳарорати +17–25ºC бўлади. Катак баландлиги 15–17 см (“Япон” зоти учун), бундан баланд катакларда парранда чўчиб кетган пайтлари учишга ҳаракат қилиб ўзини жароҳатлаши мумкин. Катак полининг ўлчами 50×25 см.ни ташкил этади.

б) Ёш, 20–30 кунлик бедана макиёни полининг ўлчами 15×15 см бўлган 5 қаватли уя катакчалари мавжуд бўлган катакларга жойлаштирилади. Бундай шароитда бедана макиёни ҳар 16–24 соатда тухум беради ва маҳсулдорлик даври узаяди.

в) Бедана макиёнлари 30–50 бош паррандага мўлжалланган катакларда сақланади. Катак полининг ўлчами 60×60 см бўлади. Олд томонининг баландлиги – 13 см, орқа томони – 11 см. Эшик катакнинг юқори қисмида жойлашади. Катакнинг олд томонидан полнинг симли тўри ташқарига чиқиб туради ва тухумларнинг йиғилиши учун учи тепага қайрилган бўлади. Полнинг қиялиги (7–12ºС) тухум думалаши учун мўлжалланган.

Беданаларни саноат услубида боқиш

Беданаларни ҳафтада бир марта, ювилган йирик ҳажмли қумда чўмилтириш уларни зараркунанда (эктопаразит) лардан тозалашда яхши самара беради. Паррандалар иштиёқ билан чўмилишади. Катакка баландлиги 8 см келадиган идиш ичидаги 4 см қалинликдаги қум билан қўйилади. Бир қисми қум ва бир қисми дарахт қипиғи чириндиси аралашмалари бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Беданалар боқилаётган хонанинг нисбий намлиги 60–70 фоизни ташкил этиши керак. Агар беданалар патларини ҳурпайтириб, ҳансираб, тумшуғини очиб нафас олса, тухум бериши камайса, билингки ҳаво таркибидаги нисбий намлик камайиб кетган.

Бундай ҳолатларда катак олдига бир идишда ёки челакда сув қўйиш яхши натижа беради. Хона полини тез-тез ювиб туриш ҳам хонанинг ҳаво нисбий намлигини кўтаради. Аммо беданаларни доимий нам жойларда сақлаш ва боқиш тавсия этилмайди.

Беданани “Япон” зоти учун бир кунда 17–18 соатлик ёруғлик бериш энг қулай шароит ҳисобланади. 24 соатлик ёруғлик берилганда беданалар кўпроқ тухум беради, лекин маҳсулдорлиги қисқа вақт ичида камайиб кетади. Хонани кучли ёритиш тавсия этилмайди, чунки кам ёруғликда ҳам беданалар яхши кўриш қобилиятига эга, ўзларини хотиржам тутадилар.

Катакда боқилаётган беданалар қуёш нурида бир-бирларини ва тухумларини чўқиб ташлайдилар. Бедана боқилаётган ўлчами 4×4 метр бўлган хонага қуввати 40 ватт бўлган бир дона оддий лампочка етарли бўлади. Ёруғликни ёқишнинг энг қулай вақти тонгда 600 да ва ўчириш вақти кечқурун соат 2300 да ҳисобланади.

Бир кунлик ёруғлик вақтини узайтирсак, озуқа истеъмоли кўпаяди ва парранда тез қарий бошлайди. Бир кунлик ёруғлик вақти қисқартирилса тухум бериш маҳсулдорлиги камаяди ва парранда кечаси билан оч қолади.

Ёруғлик ва қоронғиликни кетма-кетлик билан қўллаш яхши натижа беради. Масалан: 1 соат ёруғлик ва 2 соат қоронғилик беданаларнинг ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлигига ижобий таъсир кўрсатади, яъни ёруғликда парранда бир маромда озиқланади ва қоронғиликда уни ҳазм қилади.

Беданалар турадиган катакларни 3 ойда бир марта яхшилаб тозалаб, ювиш керак бўлади. Бунинг учун паррандани бошқа жойга вақтинча ўтказиб, катакларни яхшилаб тозалаб, кир ювиш кукуни қўшилган иссиқ сувда чўтка билан ишқалаб ювилади ва қуритилади.

Бедана гўнгидан чиқаётган буғ инсон ва бедана учун зарарли ҳисобланади, шунинг учун гўнгни тез-тез тозалаб туриш тавсия этилади. Парранда нўхат билан боқилганда, улар иштаҳа билан истеъмол қилишади. Гўнгидан кўп миқдорда буғ ажралиб чиқади. Лекин бедана учун нўхат жуда фойдали озуқа бўлгани сабабли уни бериб туриш тавсия этилади.

Беданани озиқлантириш

Япон” беданалари бошқа зотлардан кўп тухум бериши билан ажралиб туради, уларнинг тухумлари такрорланмас, ўзига хос ажойиб таркибга эга. Беданалар фақат катакларда сақланиши сабабли уларда керакли бўлган қўшимча озуқа топиб истеъмол қилиш имкони йўқ. Шунинг учун беданага керакли моддаларга бой бўлган озуқалар бериш керак бўлади. Тухум ва гўшт йўналишидаги беданаларнинг озуқа таркиби асосан оқсил, дон, витаминлардан иборат, уларга яна чиғаноқ, майда тош ва сув ҳам бериб туриш зарур. Юқорида кўрсатилган озуқалар таркибида етишмовчилик бўлса, унда бедана маҳсулдорлиги (тухум бериши) ва соғлигига салбий таъсир этади.

Беданалар бир кунда 3 ёки 4 марта куннинг ёруғ пайтида бир хил вақтда озиқлантирилади. Вояга етган урғочи беданалар озуқаси таркибида 21–25 фоиз хом протеин бўлиши шарт. Озуқа таркибида протеин моддасининг кам ёки кўплиги тухумнинг сифатига, ҳажмига ва сонига жуда тез таъсир кўрсатади. Озуқа таркибида протеин кам бўлганида беданалар тухум беришни камайтиради, тухумлар майда бўлади ва чўқиб ташлаш ҳоллари кўпаяди.

Озуқа таркибида протеин кўп бўлганда инкубация учун яроқсиз бўлган сариғи иккиталик тухумлар сони кўпаяди. Оддий парранда озуқаси таркибида протеин моддаси кам бўлади, шунинг учун, масалан ПК-1 парранда емига бир кунга ҳар бир бошга 2 граммдан протеинга бой озуқа (творог, балиқ, фарш ёки бошқалар) қўшимчалари қўшилади. Тухум бериши камайган, қариб қолган бедана макиёнлари рационидаги протеин миқдорини камайтириш керак бўлади.

Уйда боқиладиган тухум берувчи беданаларнинг протеинга бўлган талаби оддий ёввойи беданаларга нисбатан кўпроқ бўлади. Озуқанинг кўп миқдори (40%), айниқса донлар кечаси берилади. Донли озуқаларни парранда секин ҳазм қилиши сабабли, айниқса кечаси донли озуқалар берилганда паррандалар эрталабгача ўзини тўқ тутади.

Товуқ озуқаси бедана учун энг яхши озуқа ҳисобланади, фақат озуқа таркибидаги хом протеин моддасини 21–23,5 фоизгача кўтариш керак бўлади. Озуқа нам аралашма ҳолатида берилганда беданалар сувга чанқоқликни ҳис этишмайди.

Бир кунда битта бедана 22–27 грамм озуқа истеъмол қилади. 1 кг тухум массасини олиш учун 5–7 кг ем-озуқа сарфланади. Бир йилда бир бош бедана макиёни 9 кг атрофида ем-озуқа истеъмол қилади.

Ёруғлик вақтининг узайиши, хона ҳароратининг пасайиши, озуқа рационини нотўғри тузилиши ва бошқа беданаларни безовта қиладиган ҳолатларда озуқа-ем сарфи кўпайиши мумкин.

Беданаларга бериладиган озуқа меъёри, рацион таркиби миқдорига нисбатан фоиз ҳисобида: 100 грамм озуқа таркибидаги энергия алмашинуви (ОЭ) учун килокалорияда, қолганлари учун фоизда берилган.

Моддалар номи

6 ҳафтагача ёшда

Бўрдоқига боқиш

1

Энергия алмашинуви (ОЭ)

290

308

2

Оқсил (хом протеин)

21

20,5

3

Клетчатка (бириктирувчи тўқима)

5

5

4

Лизин

1,05

1,0

5

Метионин

0,44

0,43

6

Цистин

0,30

0,29

7

Триптофан

0,20

0,19

8

Аргинин

1,20

1,17

9

Гистидин

0,34

0,33

10

Лейцин

1,21

1,18

11

Изолейцин

0,73

0,72

12

Фенилаланин

0,66

0,63

13

Тирозин

0,58

0,51

14

Треонин

0,66

0,64

15

Валин

0,80

0,78

16

Глицин

0,84

0,82

17

Са (кальций)

2,80

1,00

18

Р (фосфор)

0,70

0,80

19

Na (натрий)

0,30

0,30

Табиий ҳолатларда беданалар ўтлар ва донлар билан озиқланади, ёш жўжалар ҳашорат ва қуртларни ҳам истеъмол қилади. Бедананинг ёш жўжалари кўпроқ ҳар хил ҳашорат, қурт-қумурсқаларни истеъмол қилишни хуш кўради. Японияда беданаларни 50 фоиз гуруч ва 50 фоиз балиқ билан боқишади. Бундай озуқани беданалар иштаҳа билан истеъмол қилади. Бизнинг шароитимизда бундай озуқа нархи қимматга тушишини эътиборга олиб қўлланилмайди.

Донли озуқалар

Уй шароитида ҳамма майдаланган донлар яхши озуқа ҳисобланади. Дон аралашмасига буғдой, маккажўхори, сули ва арпалар киради. Сайроқи беданалар модасига бир кунда 5–7 грамм дон аралашмаси кифоя қилади. Ҳамма беданаларга дон кепакларини бериш фойдалидир. Айниқса нўхат, соя ва шунга ўхшаш бошқа дуккакли ўсимлик донларини майдалаб ёки димлаб бериш ўта фойдали ҳисобланади.

Табиий ўсимликлар

Қайнатилган картошка ва унинг қобиғи, қирғичдан ўтказилган сабзини бериб туриш ўта фойдалидир. Сабзининг ўрнига вақтинча шолғом ва лавлаги бериш ҳам мумкин.

Беданалар қайнатилган ва қирғичдан ўтказилган лавлагининг барча турини иштаҳа билан истеъмол қилади. Қиш даврида, яъни кўкатлар бўлмаганда, беданалар сабзини катта миқдорда истеъмол қилиши мумкин, шу сабабли қишга сабзи захирасини яратиш тавсия этилади.

Бундан ташқари ҳар куни майдалаб кесилган кўкатлар берилади ёки уни қирғичдан ўтказилган сабзи билан алмаштириш мумкин. Кўкатлардан карам барги, лавлаги, сабзи, беда, қичитқи ўт, қоқиўт, кўк пиёз ва бошқаларни бериш мумкин. Беданага яна қирғичдан ўтказилган олма, қовоқ ва кам тузланган карам баргларини бериш мумкин. Беда уни ҳам жуда фойдали ҳисобланади.

Протеин

Бундан ташқари бедана организми оқсилга бой озуқаларни ҳам талаб этади. Балиқ ва гўшт-суяк унлари, балиқ чиқиндилари, хом ёки қайнатилган балиқдан фарш, творог, гўштли фарш, қуруқ сут, ер чувалчанги, ун қурти, сўйилган парранданинг қони, чумоли личинкалари, ҳар хил премикслар ва бошқа протеин қўшимчалари шуларга киради.

Шу билан бирга оқсилга бой кунжара ва шротлар, майдаланган писта ва ловия, қайнатилган нўхат ва бошқалар ҳам тавсия этилади.

Беданалар ҳайвонларга оид бўлган оқсилга бой озуқаларни хуш кўради, лекин етарли миқдорда соя, беда уни ва маккажўхори билан боқилганда, бунга эҳтиёж сезмайди. Ҳайвонларга оид оқсиллар билан бойитилган омухта ем бир кунда 2 маҳал берилади. Балиқнинг суяк чиқиндиларини беданага беришда эҳтиёт бўлиш керак.

Минерал моддалар ва майда тошлар

Беданалар рационида минерал моддалар бўлиши ўта муҳимдир. Минерал моддаларнинг асосий манбаи майдаланган денгиз ёки чучук сув чиғаноғи ҳисобланади. Рационда майда тошларнинг бўлиши ҳам жуда зарур. Минерал моддалар таркибига кирувчи кальций тухум қобиғининг шаклланишида катта аҳамиятга эга.

Чиғаноқнинг ўрнига вақтинча бўр, тухум қобиғи, озуқа оҳаги ҳам қўлланса бўлади. Майда тошлар етишмаса, беданалар чўмилиш учун идишларда қўйилган қумни чўқий бошлайди, агар қум таркибида зарарли моддалар бўлмаса, унинг зарари йўқ. Майда тошлар билан қум зарралари парранданинг мускулли ошқозонида озуқани ишқалаб майдалайди, натижада озуқа таркибидаги тўйимли моддаларни ўзлаштириш яхшиланади. Тошни паррандага беришдан олдин яхшилаб сувда ювиш зарур.

Сув

Катакда бедана учун ичимлик сув доимо бўлиши керак. Беданалар ўз оғиз ва томоқларини сувда чайишни ёқтирадилар, бу эса сувнинг тез ифлосланишига олиб келади. Шунинг учун ҳар куни 1–2 марта сувдонларни ювиш тавсия этилади. Вақти-вақти билан ичак-ошқозон касалликларини олдини олиш учун марганцовка оч қизил ранг қилиб сувга эритиб берилади.

Озуқа қўшимчалари ва витаминлар

Озуқа қўшимчаларига витамин қўшимчалари, витамин-минералли премикслар, углеводородлар, ферментлар ва озуқа хамиртуруши киради. Озуқа қўшимчалари беданага қатъий бир меъёрда берилади. Бир оз вақт туриб қолган премикс ва озуқа қўшимчаларини сифатини текширтириб туриш керак. Беданага озуқа ўрнида тўтиқушларнинг озуқасини ҳам ишлатса бўлади, фақат қўшимча равишда 12 грамм протеин (балиқ ёки балиқ уни, гўшт фарши ва бошқалар), кўкатлар ва чиғаноқлар (иссиқ сувда ювилган ва майдаланган) қўшиш талаб этилади.

Балиқ фарши, ёмғир чувалчанги, творог, гуруч, пиширилган ва майдаланган нўхат, қирғичдан ўтказилган сабзиларни беданалар иштаҳа билан истъемол қилишади.

Қишда кўкатлардан салат ва шпинат ўсимликларини ҳамда кўк пиёз ва ундирилган тариқ бериш организмнинг витаминларга бўлган талабининг маълум қисмини қондиради. Ундирилган дон таркибидаги крахмал шакар кўринишига ўтади ва витаминларга бой бўлади, таъм сифати яхшиланади.

Беданаларни витамин(дармондори) ларга бўлган талаби: 1 тонна озуқа таркибидаги А, D3 витаминлари учун миллион ХБ(халқаро бирлик)да, қолганлари учун граммда берилган.

Витаминлар номи

6 ҳафтагача ёшда

Бўрдоқига боқиш

1

А

15,0

15,0

2

D3

1,5

1,5

3

Е

20,0

20,0

4

К

2

2

5

В1

2

2

6

В2

5

5

7

В3

20

20

8

В4

1000

1000

9

В5

60

60

10

В6

4

4

11

Вс

1,5

1,5

12

В12

0,025

0,025

13

Н

0,2

0,2

14

С

50

50

Емдонлар рухланган тунука ёки бошқа шунга ўхшаш материаллардан ясалади. Емдонларнинг чуқурлиги 5–7 см, баландлиги 15 см бўлади. Беданалар озиқланиш вақтида емларни сочиб ташлайди, шунинг учун емдонларнинг таги чуқур қилинади, четлари ичкарига қайрилган бўлади ва сувдонлардан узоқроқ ўрнатилади. Емдонларни 2/3 қисми ем билан тўлдирилади. Бир бош вояга етган бедана учун озиқланиш фронти 3–5 см. ни ташкил этади. Емдонлар ифлосланишига қараб вақти-вақти билан тозалаб турилади. Беданалар учун сувдонларнинг ҳар қанақа конструкциялари ҳам тўғри келаверади. Энг қулайи ваакуумли сувдонлар ҳисобланади. Лекин улар ифлосланиши сабабли, уни тез-тез ювиб тозалаб туриш ноқулай бўлгани учун бироз қийинчиликлар туғдиради.

Ёш беданаларга кичик ликопча ёки консерва банкасини ишлатиш тавсия этилади, чунки уларни ювиш, қайнатиб стерилизация қилиш қулайдир. Беданаларни кўп миқдорда боқиш учун ниппелли ёки оқиб турувчи сувдонларни қўллаш мақсадга мувофиқ.

Махсус озуқа бўлмаган вақтларда, беданаларни ҳар хил витамин ва оқсил моддалари қўшилган дон қоришмалари билан боқиш мумкин. Аста-секинлик билан маҳсулдорликни максимал даражага етказиш мақсадида рацион таркиби ўзгартирилиб борилади. Масалан, япон наслли беданаларга қуйидаги таркибдаги озуқаларни бериш мумкин:

· эрталаб – тариқ, пиширилган балиқ, майдаланган кўкатлар.

· тушда – буғдой кепаги, майдаланган дон қоришмаси, қирғичдан ўтказилган сабзи;

· кечқурун – тариқ, буғдой, макка дони, пиширилган балиқ, майдаланган кўкатлар.

Изоҳ: емдонда доим майдаланган чиғаноқ бўлиши шарт.

Энергия алмашинуви ва тўйимли озуқа моддаларига бўлган эҳтиёжи, 1 кунда 1 бошга грамм ҳисобида

Бедана ёши (ҳафта)

Омухта ем миқдори (грамм)

Энергия алмашинуви

Хом протеин

Кальций

Фосфор

Натрий

МДж

ккал

Ёш беданалар

1

4

0,050

12

1,93

0,19

0,03

0,01

2

7

0,088

21

3,58

0,35

0,06

0,02

3

13

0,160

40

1,10

0,11

0,10

0,04

4

13

0,160

40

3,58

0,35

0,10

0,04

5

16

0,184

44

2,72

0,40

0,13

0,05

6

16

0,184

44

2,72

0,40

0,13

0,05

Вояга етган беданалар

7

28

0,195

46

3,36

0,45

0,11

0,05

8

28

0,205

49

3,57

0,48

0,12

0,05

9

28

0,207

49

3,57

0,48

0,12

0,05

10

28

0,293

70

5,04

0,67

0,17

0,07

Беданаларни кўпайтириш

Наслчиликда беданаларнинг макиёнлари 3 ойликдан 8 ойликкача бўлганлари ва нарлари 3 ойликдан 6 ойликкача бўлганлари танланади. Турли наслли ва яқин қондошларини ўзаро чатиштириш тавсия қилинмайди.

Инкубацион тухум олиш учун 1 та нарга 2–4 кўпи билан 5 та макиён тўғри келиши керак. Япон беданаларининг макиёнлари нарларига шунчалик кўникиб қолишадики, макиёнлар янги қўйилган нарларни қабул қилмайди. Бундай вақтларда нарлар бошқа катакларга ажратиб қўйилади ва 2–3 кундан кейин яна шу катакка қўйилади. Нарлар алмашганда тухум қўйиш пасайиши мумкин, лекин бир ҳафта ичида яна тикланади.

Беданаларнинг жуфтлашиш даврида рацион таркибидаги протеин ва витаминли қўшимчалар миқдорини бирмунча кўпайтириш тавсия этилади. Буғдой кепаги уларга фойдали ҳисобланади. Макиёнлар ичига нарлар қўйилганидан бир ҳафтадан кейин очириш учун инкубацион тухумларни инкубаторларга териш мумкин бўлади.

Қисқа вақт жуфтлаштириш йўли билан инкубацион тухум олиш учун эрталаб макиён ёнига нарни 15–20 дақиқага ҳар 2–3 кунда бир марта қўйилади.

Япон беданаларининг жинсини 20 кунликдан патининг рангига қараб ажратиш мумкин. Бедана нарларининг бўйни ва кўкраги тўқ жигар рангда бўлади. Макиёнларининг бўйин ва кўкраклари оч жигар рангда бўлиб, йирик қора нуқталари мавжуд. Айрим беданаларнинг рангидан жинсини ажратиб олиш имкони бўлмаса, наслга қолдирилмайди.

Беданаларнинг бошқа зотларини ташқи кўринишидан ажратиш қийинчилик туғдиради, шунинг учун уларнинг жинсини клоакасидан билиш мумкин: нарининг клоакаси атрофи қизғиш рангда, макиёнини клоакаси атрофи кўкимтир-жигар рангда бўлади. Шу билан бирга хўрозини макиёнидан тирик вазнига қараб ҳам ажратиш мумкин: макиёни хўрозидан 15 фоизга каттароқ бўлади. Эркагининг бўйни ва танаси урғочисиникидан узун бўлади. Ёш нари баланд овозда қичқириши билан макиёнлардан ажралиб туради.

Калифорния беданасининг нари кўзининг устки қисмида оқ чизиқ борлиги (1,5 ойликда пайдо бўлади) билан ажралиб туради. Оқ инглиз зотининг нарлари бошида қора доғлари бўлади. Умуман ҳамма бедана зотлари нарларининг кўриниши макиёнларига қараганда башангроқ бўлади.

Беданаларнинг “Япон” зотини ёшини аниқлаш бирмунча қийин. Ёш беданалар патларининг ранги очроқ бўлади, ёши катталарининг ранги тўқроқ бўлади. Катта ёшдаги беданаларнинг патлари тепа томонидан тўкилган бўлади.

2 ойлик беданаларнинг гўшти жуда мазали бўлади. Ёши катта беданалар гўшти таначаларининг ранги тўқроқ, териси тез йиртилувчан, уларнинг гўшти кўпроқ қайнатилади.

Инкубация

Инкубация учун ўрта йирикликдаги тухумлар танлаб олинади. Бедананинг “Япон”, “Мармар ранг” ва “Эстон” зотлари учун инкубацион тухум вазни 9–12 граммни, “Фараон” зоти учун 12–18 граммни ташкил этади.

Инкубацияга қўйишдан олдин тухумлар ҳарорати +10–12оС ва нисбий намлиги 70–75 фоиз бўлган хонада 3 кун сақланиши лозим.

Бедана тухумларининг инкубация вақти ўртача 17 кунни ташкил қилади (сайроқилар – 16 кун, Калифорния зоти – 22 кун, Виржиния зоти – 23 кун).

Ёш беданаларни ўстириш

Бедана жўжалари тухумдан ўзлари чиқади. Жўжаларнинг ҳажми тухум ҳажмидан катта бўлади, чунки улар тухум ичида думалоқ ҳолда зич жойлашган бўлади, оғирлиги 6–8 граммни ташкил этади. Шундан кейин жўжалар коробкаларга аста жойланиб, қуригунча электр иситкич билан иситилади.

Беданани боқишда эътиборни қаратиш керак бўлган асосий шартлардан бири хона ҳарорати ва бедана жўжалари мавжуд бўлган қути-катак ичидаги ҳароратдир.

Биринчи 10 кунликда бедана жўжалари жойлашган қути-катакда ҳарорат +35–38оС, хонада ҳарорат +27–28оС бўлиши керак. 10 кунликдан 17 кунликкача аста-секинлик билан ҳароратни пасайтириб борилади, қутида ёки қути-катакда +30оС гача, хонада +25оС гача. Ёш беданалар 17 кунидан 25 кунигача яшик-катакда +25оС гача, хонада +22оС гача бўлган ҳароратда сақланади.

Катак ичидаги ҳароратни сақлаш меъёри

Бедана жўжалари ёши, кун

Ҳарорат, оС

Хонада

Бедана жўжалари жойлашган қути-катакда

1–10

28–27

38–35

11

27

37–35

12

27

36–34

13

27

35–34

14

26

34–33

15

26

33–32

16

26

32–31

17

25

31–30

18-21

24

29–28

22-24

23

27–26

25 ва ундан юқори

22

25

Ёш беданалар боқилаётган хона ҳавоси қуруқ бўлмаслиги керак, акс ҳолда қути-катак ёнига суви билан челак ёки тоғора қўйилади.

Қуйида 20 бош ёш беданаларга мўлжалланган қути-катакни кўриб чиқамиз. Унинг деворлари тахтадан ясалган (25 мм), поли 10×10 мм ўлчамдаги сим тўрдан иборат. Қути-катакнинг ўлчами 75×30×20 см. ни ташкил этади. Фотофонар электр иситкич вазифасини бажаради. Лампочкалар 220 вольт кучланишга кетма-кет уланган, бу уларни куйишдан, фонарларни қизиб кетишидан асрайди ва электр энергияси харажатини тежайди.

Бир фонарни шаффоф ойнали, бир фонарни қизил ойнали қилиб навбат билан ўрнатиш мақсадга мувофиқдир, айниқса қизил рангли нур жўжаларга жуда фойдали ҳисобланади. Фонарларнинг ўрнига яна инфранурланишли лампаларни ҳам ишлатиш мумкин.

Биринчи 3–4 кунлик бедана жўжалари жойлашган қути-катак полининг катакларини брезент ёки қоп материали билан ёпиш керак бўлади. Бу материалларни ювиб яна кўп марта қайта ишлатиш мумкин. Жўжаларнинг оёқлари тетиклашгандан кейин полга қалин қоғоз (гофирланган бўлса яна яхши) солиш ёки газета солиш ҳам мумкин. Полга материал ёки қоғоз солинган бўлса ҳар доим сим тўрга нисбатан иссиқ бўлади. Полга тўшама солинаётганда четларига жўжалар кириб қолиб нобуд бўлмаслиги учун букланиб қолмаслиги керак. Ифлос бўлган полдаги тўшамани ҳар куни алмаштириш зарур. Жўжалар юрганида оёқлари сирпанчиқ полда сирпаниб чиқиб кетиб, оёғи қийшайиб қолмаслиги учун тез-тез кўздан кечириб туриш лозим.

Иссиқ хоналарда бедана жўжаларини полда ҳам ўстириш мумкин. Бунинг учун полга 20 мм қалинликдаги похол ёки тахта қипиғи солиниб, сочилган ем ва парранда гўнги билан ифлослангани сари устига янгиси солиб турилади.

Беданаларнинг биринчи ҳафтасида чуқурлиги 2 см дан ошмаган емдонлар ишлатилади. Емдонларни юмшоқ материаллар билан қоплаш жўжа тумшуғи шикастланишининг олдини олади. Бундан ташқари емдоннинг устини йирик катакли сетка билан қоплаш емларнинг ерга сочилиб кетишининг олдини олади.

Бедана жўжалари учун энг қулай сувдон 5 мм дан чуқур бўлмаган Петри чашкаси ҳисобланади. Сотувдаги сайроқи қушлар учун мўлжалланган ваакуумли сувдонларни ҳам ишлатса бўлади. Оддий автосувдонларда бедана жўжалари чўкиб ўлиши мумкин.

Ёш беданаларни ўстириш шароитлари

Номи

Ёши, кун

1–9

10–15

16–21

22–30

Катакдаги ҳарорат, оС

35–36

30–32

25-27

22–25

Хонадаги ҳарорат, оС

27–28

25–26

23–25

20–22

1 бошга талаб этиладиган озуқа, г/кун

4

7

13

15

Ёруғлик даври, соат/кун

24

24

22–20

20–17

Тирик вазни (Япон зоти), г

6–20

20–60

Ўстириш хусусиятлари

Бедана жўжаларининг олдида сув ва ем доимо бўлиши керак. Хонадаги юқори ҳарорат таъсирида ем ва сув айнийди, натижада ёш беданалар заҳарланиши мумкин. Ваакуум сувдондаги сувлар бир кунда икки маҳал алмаштирилади, сувдонлар яхшилаб ювилади. Бедана жўжаларига ичимлик сувини қайнатиб, совутилган ҳолда бериш тавсия этилади.

Бедана ўстиришда энг асосий талаблардан яна бири бу ёруғлик бериш тартибидир. Хонани жуда ёруғ қилиб юбориш беданаларнинг ўзаро бир-бирини чўқиш ҳолларига олиб келади. Ёруғлиги 100 люксдан юқори бўлган ёруғ хоналарда ўстирилган макиён беданалар оқибатда майда тухум қила бошлайди. Беданаларнинг Япон зоти биринчи 2 ҳафтада кунига 24 соат ёруғликда боқилади. Кейин аста-секинлик билан кунига 17 соат бўлгунича ёруғлик 2 соатдан камайтириб борилади.

Беданалар 3 ҳафталигида катта беданалар катакларига ўтказилади. Катта ёшда бошқа катакка ўтказиш макиёнларнинг тухумга киришини 2 ҳафтага кечиктириб юборади. Яратилган шароитларда ўстирилган беданаларнинг “Япон” зоти сақланиш кўрсаткичлари 98 фоизни ташкил этади. Бу бошқа парранда турларидан анча юқоридир.

Ёш беданаларни озиқлантириш

Беданаларни озиқлантиришнинг бир неча вариантлари мавжуд. Лекин ҳаммасида ҳам сув бир хил берилади. Биринчи кундан бошлаб сувдонларга марганцовкали ним қизил сув берилади. Сувдонларнинг чуқурлиги 5 мм дан кўп бўлиши мумкин эмас, акс ҳолда жўжалар сувда чўкиб ўлади. Бу даврда шиша банканинг пластмас қопқоғи ёки Петри чашкаси қулай ҳисобланади. Хом сув иссиқ ҳароратда тез айнишини инобатга олсак, қайнатилган сув бериш маъқул бўлади. Бир неча кундан кейин яна марганцовка эритмаси бериш мақсадга мувофиқдир. Марганцовка эритмасини вояга етган паррандага ҳам вақти-вақти билан сувга қўшиб бериш тавсия этилади.

Биринчи 3 ҳафтада паррандага озуқа чекланмайди. Ортиқчаси 2 соатдан кейин олиб ташланади. Ем ҳарорати яшикдаги ҳароратга яқин бўлиши керак.

Озиқлантириш турли вариантлари

а) Бедана жўжалари биринчи 2 кунлигидан бошлаб яхшилаб қайнатиб пиширилган ва қирғичдан ўтказилган тухум билан боқилади. Бунга яна майда тариқ ва сули ёрмасини (тухум ҳажмидан ¼ ташкил этади), простокваша, қуюқ қилиб пиширилган бўтқалар қўшилади. Озуқага бедана тухуми қобиғи билан бирга ишлатилади, товуқ тухуми қобиқсиз ишлатилади. Битта бедана тухуми билан 10 та бедана жўжасини тўйдириш мумкин.

б) Бир кунлик бедана жўжаларини қуйидаги ем қоришмаси билан озиқлантириш мумкин: кепак, тухум сариғи ёки чумоли куколкаси, майдаланган янги узилган кўкатлар ва қирғичдан ўтказилган сабзи. Озуқа қоришмаси 3×3 мм тешикчалари бўлган сеткадан ишқалаб ўтказилади.

в) Қувватсизланган беданалар қуйидаги схема бўйича озиқлантирилади:

Биринчи кун яхшилаб қайнатилиб пиширилган бедана ёки товуқ тухуми қирғичдан ўтказилиб берилади.

Иккинчи кун тухумга 1 бош бедана жўжаси учун 2 г ҳисобидан творог қўшилади.

Учинчи кун рационга янги ўрилган ва майдаланган кўкатлар қўшилади.

Тўртинчи кун пиширилган тухумнинг миқдори камайтирилади ва творог миқдори кўпайтирилади.

Бундан кейин бедана жўжаларига тариқ, тариқ ёрмаси, майда ун қуртлари, яхши пиширилиб қирғичдан ўтказилган тухум, майдаланган кўкатлар берилади. Ёки пиширилган тухум, тариқ, тариқ майда ёрмаси ва сувда қайнатиб пиширилган балиқ, уларнинг устидан майда қирқилган қичитқиўт, қоқиўт, жағ-жағ ва бошқа кўк ўтлар берилади. Бир кунда емни қоришмаси 6 маҳал берилади. Тўртинчи кундан бошлаб рациондаги тухум миқдори аста-секинлик билан камайтирилади омухта ем миқдорини эса кўпайтириб борилади. Бедана жўжалари рационига бройлер жўжалари учун мўлжалланган омухта емни ҳам қўшиш мумкин.

г) Бедана жўжалари биринчи 10 кунликда омухта ем қоришмаси билан боқилади. Яхшилаб қайнатиб пиширилган тухум, сут ва простокваша (қатиқ) берилади. Қоришма 3×3 мм бўлган сеткадан ишқалаб ўтказилади. 3-кундан бошлаб бу қоришмага балиқ мойи, творог, хамиртуруш, майдаланган қичитқи ўти ва қирғичдан ўтказилган сабзи қўшилади.

д) Бедананинг Виржиния (АҚШ) зотига биринчи кундан бошлаб тухумнинг сариғи майдалаб тариқ билан бирга аралаштириб берилади, яна майда қирқилган кўкатлар ва қирғичдан ўтказилган сабзи ҳам берилади. 3–4 кундан қоришмага омухта ем ва яна тариқ қўшилади. 10-кундан бошлаб рационга дон ёрмалари қўшилади.

Беданалар учун 8 кундан 29 кунгача энг яхши озуқа бўлиб қуйидагилардан иборат сифатли омухта ем ҳисобланади: майдаланган макка ва буғдой дони; протеинли, витаминли ва минералли қўшимчалар.

Беданаларга бериладиган рацион наъмунаси

Компонентлари

Ёш бедана

Вояга етган бедана

1-4 ҳафта

5-6 ҳафта

1

Маккажўхори дони

40

43

41

2

Буғдой дони

8

25

16

3

Буғдой кепаги

5

4

Кунгабоқар шроти

10

20

5

Соя шроти

35

6

Балиқ уни

5

5

5

7

Гўшт-суяк уни

3

3

4

8

Озуқабоп хамиртуруш

2

3

4

9

Қуруқ сут (обрат)

3

10

Ўт уни

1

4,5

2

11

Бўр, чиғаноқ

1

1

6

12

Премикс

1(П5-1)

1(П6-1)

1(П1-1)

13

Ош тузи

0,4

0,5

0,5


Жами

100

100

100

100 грамм омухта ем таркиби:

Энергия алмашинуви, кДж

1216

1156

1197

Энергия алмашинуви, ккал

298

276

285

Хом протеин, %

28

17,3

20,94

Хом тўқима (клетчатка), %

4

5,1

5,2

Кальций, %

1,01

1,12

2,844

Фосфор, %

0,91

0,87

0,913

Натрия, %

0,4

0,4

0,402

Беданаларга иккинчи ҳафтадан майда тош ва майдаланган чиғаноқлар берилади. 29 кунликкача бўлган бедана еми таркибида творог ва пиширилган, майдаланган балиқ ҳисобига протеин миқдори юқори бўлади. 30 кундан 42 кунгача ёш беданаларни вояга етган беданалар рационига ўргатиш керак бўлади.

Беданаларни ўз вақтидан илгари жинси ривожланишининг олдини олиш мақсадида ем таркибидаги протеин миқдори 16–18 фоизгача туширилади, чунки у кейинчалик тухум маҳсулдорлигига салбий таъсирини кўрсатади.

Биринчи ҳафта бедана жўжаларига бир кунда 5–6 маҳал ем берилади, кейин 4 маҳалга туширилади ва тўртинчи ҳафтадан 3 маҳал берилади. 3 ҳафталик ёш беданалар қумни озуқа деб қабул қилади, натижада заҳарланиш ҳоллари кузатилиши мумкин. Лекин 2 ҳафталик беданачалар тез ва яхши ўсади, қумда чўмилишни хоҳлаб, ерларни ковлаб, титиб ташлайди. Шунинг учун қорни тўқ беданаларга чўмилиш учун назорат остида идишда қум қўйилади.

Гўштга семиртириш

“Япон” беданаларининг ортиқча хўрозлари ва тухум беришга яроқсиз макиёнлари алоҳида ажратиб, сўйишдан олдин гўштга боқишга қўйилади.

Гўштга боқишда нар ва макиёнлар бир-бирларидан алоҳида сақланади. Парранда яхши иситиладиган, паст ёруғликда, хона ҳарорати 20–24оС бўлган жойда боқилади. Хона ёруғлиги кам бўлса беданалар кам ҳаракат қилади, кам энергия сарф қилади ва вазни тез ошади. Ёруғ кун вақти 10–12 соатгача камайтирилади.

Беданалар кунига 3–4 марта озиқлантирилади. Бир ой мобайнида беданалар гўштга боқилади. Улар ҳар куни 3–4 маҳал озиқлантирилади. Паррандага ҳар хил донлардан таркиб топган омухта ем берилади. Бу даврда беданаларга тариқ ва макка дони бериш тавсия этилади.

Бройлерларга мўлжалланган омухта емга 30 дақиқа сувда қайнатилган нўхатни емига қўшиб бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Озуқанинг калориясини ошириш учун таркибига 5 фоиз озуқа ёғи қўшилади.

Гўштга боқиш тартибига аста-секинлик билан ўтказилади. Бедана гўштига яхши кўриниш бериш учун қирғичдан ўтказилган сабзи ҳам берилади.

Бу даврда бедана гўштига ёқимсиз маза ва ҳид бериши сабабли пиширилган балиқ, балиқ уни, балиқ ёғи, кўк пиёз ва саримсоқ пиёзлар бериш тавсия этилмайди. Сўйишдан олдин бедананинг ичимлик сувига озгина миқдорда туз қўшиб берилади.

Беданани сўйиш

Тухум ва гўшт йўналишидаги беданаларни одатда гўшт учун сўйиш ҳам мумкин. Беданаларни эрталаб озуқа беришдан олдин, жиғилдони бўш вақтида сўйиш тавсия этилади. Беданаларни катта қайчи ёки ток қайчи ёрдамида сўйиш қулайдир. Сўйилган парранда бир неча дақиқага қони яхшилаб оқиб кетиши учун оёғидан осиб қўйилади. Кейин қайчи билан аста терига жароҳат бермасдан қанотлари кесилади ва патлари юлиб ташланади. Патлар ўсиб чиққан йўналиши бўйича юлинади, акс ҳолда териси йиртилиб кетиши мумкин.

Одатда, бедана патлари енгил юлинади, айрим ҳолларда патларни юлиш енгил бўлиши учун қайнаб турган сувга 10 сонияга солиб олиб, кейин юлинади. Бундан ташқари яна эритилган парафинга ҳам солиб, совугандан кейин жуда осонлик билан пати юлиб ташланади, асосийси, сифатли юлинади. Бедана таначасидан патларини тозалаш учун хўжаликларда махсус ярим автомат машина қўлланилади.

Бедана таначаси патлардан тозалангандан кейин чала қолган майда патларини куйдириш учун енгил оловга айлантириб олинади. Сўнг оёқчалари кесиб ташланади, олд қисмидан узунасига кесилади ва ичак-чавоқлари клоакасининг тери атрофи билан кесиб олинади. Кейин бедана таначаси совуқ сувда ювиб олинади.

Агар сувда кўпроқ туриб қолса гўштнинг таъм сифати пасаяди. Ишлатиш ёки музлатиш учун тайёр бўлган гўштни 0–4оС ҳароратда ва нисбий намлиги 80% бўлган жойда уч кунгача сақлаш мумкин. Музлатиш учун енгил шамоллатилган (қуритилган) ва устида сув томчилари бўлмаган гўшт таначалари қўлланилади. Музланган бедана таначалари уй ҳароратида ёки микротўлқинли мосламада эритилади.

П.Рахматуллаев, Х.Нормухамедов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech