Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Феврал 2017 00:00

Вояга етган ёш паррандаларни тухум берувчи товуқлар цехига эрта тонгда кўчирган маъқул, шунда улар кун бўйи янги яшаш жойига ўрганишга улгуришади. Ёш паррандани кўчиришдан 3 кун олдин ва кўчиргандан кейин 3 кун давомида сувда витаминлар ва электролитлар эритиб берилади. Кўчиришга 10 соат қолганида паррандаларга озуқа бериш тўхтатилади, аммо сув бериш давом эттирилади.

Товуқ галаларини тўлдириб шакллантириш учун тирик вазни ва ривожланиш даражасига қараб ўстириш цехида вояга етаётган жўжалардан танлаб олинади. Товуқхонага бир хил ёшдаги парранда жойлаштирилиши тавсия этилади.

Галани тўлдирувчи парранда тухум бера бошлашидан икки ҳафта олдин товуқларни боқиш биносига ўтказилади. Хўрозлар товуқлардан 2–3 кун олдин ўз қафасларига ўтказилади, чунки товуқларга қўшиб қўйиш уларнинг тез ишдан чиқишига олиб келади. Атроф ҳудуд, барча асбоб-ускуна, шамоллатгич ва шамоллатиш йўллари тозаланиши, ювилиши ва зарарсизлантирилиши керак.

Ишлаб чиқариш галаларига ўтказилган ёш товуқлар тирик вазнига қараб кўп қаватли бўлмаларга ажратилган қафасларга жойлаштирилади:

- пастки қаватга – ўртадан паст вазнлилар;

- ўрта қаватга – ўрта вазнлилар;

- юқори қаватга – ўртадан юқори вазнлилар.

Урчитилувчи товуқлар галаси учун ташқи кўриниши ва уруғи сифати баҳоланган хўрозлардан фойдаланилади, хўрозларнинг мокиёнларга бўлган миқдори 1:10 нисбатда бўлиши тавсия этилади. Товуқларни тирик вазни ойига бир марта ўлчанади.

Ёш товуқлар товуқхонага ўтказилаётганда ўзида кучли чанқоқликни сезади. Организмни суюқлик йўқотиши атроф-муҳтни шароитига қараб соатига 0,3–0,5 фоиз атрофида (ҳаво 20оС илиқликда соатига 4 г ва ҳарорат 30оС дан юқори бўлганда соатига 8 г суюқлик) йўқотилади. Паррандани ўтказишдан олдин сув узатиш тизими яхшилаб ювилади ва ишлаши текшириб чиқилади.

Катакларга жойлаштирилган ёш товуқларга биринчи навбатда сув берилади, чунки озуқа йўқлигида парранда сувни тезроқ топади ва организмда камайган суюқлик миқдорини тез қоплаш имкони бўлади. 3–4 соат вақт ўтиб паррандалар сувни тўғри топиб ичаётганига ишонч ҳосил қилгандан кейин озуқа тарқатилади. Сувни ичаётганлигини ҳар куни назорат қилиб бориш жуда муҳимдир. Агар ёш товуқлар ўсиш даврларида ниппеллардан сув ичмаган бўлса, унда сувнинг босими камайтирилади ва биринчи кунлари ниппеллардан озгина сув томчилаб туриши ташкиллаштирилади.

17 ҳафтадан юқори ёшдаги парранда учун меъёрлар

Кўрсаткичлар

Ўлчов бирлиги

Ер (пол) да боқиш

Катакларда боқиш

Вентиляция (шамоллатиш)

1 кг тирик вазнга

4 м3/соат

4 м3/соат

Жойлаштириш зичлиги

1 м2

6 – 8 бош

22 бош

1 м2 (иссиқ иқлимда)

6 бош

-

1 бош

-

500 см2

Сув ичириш фронти

1та сувдон

100 бош

-

1 та сувдон (иссиқ иқлимда)

70 бош

-

1та ниппель

9 бош

5 бош

Озиқлантириш фронти

озуқа занжири

10 см

12 см

1 та емдон

20 бош

-

Уя

Уя (алоҳида)

4–5 бош

-

Уя 1 м2 (гуруҳга)

120 бош

-

Изоҳ: агар паррандахона поли рейкадан ясалган бўлса, парранда жойлаштириш зичлигини 8 бош/м2 гача кўпайтириш мумкин.

Ниппелли сув ичириш тизимида ҳар бир ниппелдан камида 2 бош парранданинг фойдаланиш имкони бўлиши керак.

Товуқлар парваришида ёруғлик тартиби

Ёруғлик кучи (лк)

Ёруғлик (соат)

Қоронғулик (соат)

Давомийлиги

вақти

Давомийлиги

вақти

1

5

4

800–1200

1

1200 - 1300

2

7–8

4

1300–1700

9

1700 – 200

3

10

2

200–400

4

400 – 800

Товуқхона микроиқлим меъёрлари: ҳаво ҳарорати 18–20оС ни, нисбий намлик 60–70 фоизни, йил мавсумлари бўйича ҳаво алмашинуви совуқ даврларда 0,8–1,0 м3/кг. ни ва иссиқ даврларда 5 м3/кг. ни ташкил этиши керак.

Тухум кунига 4–5 марта, биринчиси эрталабки озуқа тарқатиш олдидан йиғилиши лозим. Гўнги ҳар куни йиғилади, умуман товуқхона доим тоза бўлиши керак.

Паррандаларнинг ўсиб-ривожланишида, маҳсулдорлик кўрсаткичларининг шаклланишида ва бошқа шу каби муҳим хусусиятларнинг юзага чиқишида стресс омиллар катта аҳамият касб этади.

Стресс омиллар деб парранда организмини қўзғатиб, жунбўшга келтирувчи, асаб тизимининг маълум вақтга анъанавий бир маромли қолипдан чиқиши оқибатида маҳсулдорлик даражасининг пасайиб кетишига олиб келувчи ташқи муҳит омилларига айтилади. Бу омилларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин: физик, кимёвий, озуқа, транспорт, технологик, биологик, жароҳатланиш, психик ва амалий тадқиқот. Булар орасида физик омиллар кўп сонлидир (ҳаво ҳарорати ва нисбий намлиги, мослашмасдан олинувчи қуёш радиацияси, юқори частотали шовқинлар, ёруғлик тартибини беқарорлиги ва ҳоказолар).

Ҳаво ҳарорати 21–22оС муҳитда кам озуқа сарфи эвазига паррандалардан энг кўп маҳсулот олиш мумкинлигини ишлаб чиқариш амалиёти олимлар томонидан аллақачон исботланган. Ҳаво ҳароратининг 7оС гача тушиб ёки 27оС гача кўтарилиб кетиши паррандани азоблайди ва организм ҳимоясининг пасайишига, натижада турли хил касалликларга чалинишига олиб келади.

Ҳаводаги намликнинг камайиши организмдаги суюқликнинг нафас йўллари орқали ҳавога меъёрдан ортиқ чиқишига сабаб бўлади, оқибатда парранданинг иштаҳаси йўқолади, чанқоқлик кучаяди. Бундан ташқари ҳаводаги чанг зарралари миқдори кескин кўпаяди ва уларнинг ўпка тўқимасига ёпишиб қолиши организмнинг нимжон бўлишига олиб келади. Шунингдек шовқинлар кучи 90 ДБ дан ошмаслиги лозим, акс ҳолда паррандага салбий таъсир кўрсатиб, маҳсулдорлигини тушиб кетишига сабаб бўлади.

Паррандахоналарнинг чарағон (кучли) ёритилиши ҳам паррандаларни безовталантиради, бир-бирини чўқиб ташлашга олиб келади. Чироқларнинг 0,5 дан 1,0 люксгача ёритиши ёки қизил нур таратиши паррандаларни тинчлантиради, каннибализмнинг олдини олади. Паррандахоналарга яшил ёки ҳаво ранг таратувчи лампалар ўрнатилиши товуқлар маҳсулдорлиги ошишига олиб келади.

Хона ҳавосида аммиак водород сульфиди, карбонад ангидрид, фойдаланилган кимёвий бирикма ва дорилар ҳидининг ҳавога чиқиши, азотли оксидларнинг меъёрдан ошиб кетиши, кислород миқдорининг камайиб кетиши кимёвий омилларга киради. Бу омиллар ҳам парранда маҳсулдорлигига салбий таъсир қилади.

Паррандаларнинг оч қолиши ёки ҳаддан зиёд тўйиб овқатланиши, рационни тўйимлилиги, рационни тасодифан ўзгартирилиши, мажбурий туллатиш пайтида чанқоқлик ёки бутунлай сув ичирмаслик озуқа стресс омилларига киради. Бу стресс омиллари парранданинг ориқлаб кетишига, тез-тез касалга чалинишига олиб келади.

Транспорт стресс омилларига паррандаларни транспорт воситаларига юклаш ва ташишдаги қийинчиликлар киради.

Технологик стресс омилларига паррандалар вазнини ўлчаш, қафасда сақловчи паррандалар сонининг меъёрдан ошиб кетиши, емдонлар ва сувдонлар етишмаслиги, уларни бир жойдан иккинчи жойга ўтказишдаги ноқулайлик, безовталиклар киради. 1 м2 майдонга меъёрда мўлжалланган паррандалар зичлиги 20 фоизга оширилганда ҳавонинг зарарли микрофлора билан ифлосланиши 1,5–2,0 мартага ошиши аниқланган.

Биологик стресс омилларига юқумли ва инвазион касалликлар, профилактик эмлашлар киради. Бу стресс омиллари таъсирида организмнинг иммунитети пасаяди, касалликлар кўпаяди, иммунитет эса модда алмашиш жараёнларининг кучайиши эвазига шаклланади, яъни парранда кўп миқдордаги аминокислоталарни, витаминларни, микроэлементларни сарфлашга мажбур бўлади. Шу сабабли эмлашдан 1–2 кун олдин парранда рационида протеин миқдори 2–3 фоизга, А, Д, Е ва В гуруҳи витаминлари 5–10 фоизга оширилади.

Товуқларнинг ҳолатига, айниқса маҳсулдорлик кўрсаткичларига ҳаво ҳарорати сезиларли таъсир этади. Маҳаллий иқлим ёз фаслида юқори ҳароратли бўлганлиги туфайли, товуқлар ўзларини ноқулай ҳис этади, нафас олиш тезлашади, патлари тўзғоқ ҳолга келади, паррандалар тоза ҳаво кирувчи туйнуклар томон интилишади, қанотлари шалпайиб осилган бўлади, чанқоқлик кучайиб, иштаҳасининг пасайиши ёки йўқолиши кузатилади.

Товуқхона ҳароратининг кўтарилиб кетиши ўсаётган жўжалар тирик вазнини 6,7 фоизга камайтиради, чиқимни 3,6 фоизга кўпайтиради, 1 кг тирик вазн ошиши учун озуқа сарфини 5,9 фоизга ошиши кузатилади. Ҳаво ҳароратининг 25оС дан 28оС гача кўтарилиши парранларда озуқа истеъмолининг 3–5 фоизга қисқаришига, сув истеъмоли ва нафас олиш тезлигининг кескин кўпайишига олиб келади. Ҳаво ҳароратининг 33оС га кўтарилиши озуқа истеъмолининг 20–25, тухум беришнинг 10–15 фоизга қисқаришига, сув истеъмолининг 1,5–2 мартага, нафас олишнинг 3–4 мартага кўпайишига сабабчи бўлади. Ҳаво ҳарорати 35оС дан 40оСгача ўзгарганида товуқлар тана ҳарорати 0,5–1,0оС га кўтарилади, сув истеъмоли 2–3 мартага ошади, овқат ҳазм қилиш ферментларининг фаоллиги, тухум маҳсулдорлиги кескин пасаяди, чиқим кўпаяди. Буларнинг барчаси озуқа харажатлари қопланишини пасайтиради, озуқа ҳазм қилишини, организм ҳароратининг меъёрда бўлишини қийинлаштиради, организмда ортиқча иссиқлик қолишига олиб келади.

Хўжалик иқтисоди учун стресс омилларни камайтириш ҳамда уларни олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади.

Бунинг учун қуйидагилар тавсия қилинади:

- парранларни сутканинг салқин палласида озиқлантириш;

- озуқа аралашмасига 2–5 фоиз ёғ қўшиш йўли билан озуқалар тўйимлилигини ошириш ва ортиқча иссиқлик ишлаб чиқаришнинг олдини олиш;

- тухум маҳсулдорлиги йўналишидаги товуқларни гранулланган озуқалар билан боқиш;

- йилнинг энг иссиқ пайтларида навбат билан ёруғ – қоронғи тартибида ёритишдан фойдаланиш (2 соат ёруғлик бериш, 3–4 соат қоронғулик яратиш) ва паррандаларни кечаси озиқлантириш;

- паррандаларда озуқа ҳазм қилишни яхшилаш учун берилаётган омухта емга ферментлар қўшиш;

- жўжа очириш салмоғини ошириш учун ҳар соатда тухум йиғишни ва йиғилган тухумларни дарҳол +21оС гача совутишни ташкиллаштириш;

- вақти-вақти билан (ҳар 7–10 кунда 1 марта) 1 тонна озуқага 100–150 г лимон кислотаси ва 250–400 г аскорбин кислотасини аралаштириб бериш;

- паррандалар ичадиган сувни зарарсизлантириш учун СИД-2000 моддаси қўшиш;

- рациондаги тузнинг 50–80 фоизи овқатга қўшиладиган сода(ичадиган сода, бикорбанат)га алмаштириш, оғир ҳолатлар юзага келганда 1 тонна озуқага 2–4 кг. гача сода қўшиш(7 кун давомида) тавсия этилади;

- ортиқча чанқоқликка олиб келувчи арпа рациондан чиқарилиши керак;

- енгил ҳазм бўлувчи фосфор миқдорини меъёрий чегаралардан оширмаслик;

- рациондаги кальций миқдорини камайтириш, паррандаларга оҳактош ва чиғаноқ аралашмасини алоҳида емдонларда бериш;

- калий хлор тузи ёки шу тузнинг 0,2–0,35 фоизли эритмасини омухта емга қўшиш;

- ичирилаётган сувни 12–15оС гача совутиш;

- товуқхона ичидаги нисбий намликнинг ошишига олиб келувчи ишларни бажармаслик;

- товуқхоналарда паррандалар зичлигини 15–20 фоизга сийраклаштириш;

- бино ичидаги ҳаво ҳаракати тезлиги 2,0–2,5 м/сек. гача ошириш.

Тухум йўналишидаги товуқларни катакларда сақлаш ўзига хос афзалликларни беради. Паррандаларни катакда сақлаш ерда боқишга нисбатан катак ускунасининг турига қараб бир неча баробар кўп паррандалар боқиш имконини беради. Бундай парваришлаш вақтни, озуқа сарфини тежайди ва тухумни сифатини яхшилайди.

Паррандачилик корхоналарида ҳозирги вақтда тухум берувчи товуқлар учун бир ярусли ОБН-1, икки ярусли ККТ, уч ярусли БКН-3, олти ярусгача бўлган ТЕХНА русумли катаклар, наслли тухум берувчи она товуқлар учун икки ярусли КБР-2 ва L-112 русумли ускуналар қўлланилмоқда.

Ҳозирги вақтда Германиянинг “MELLER”, “HELLMANN” ва “SALMET”, Голландиянинг “FACCO”, Украинанинг “ТЕХНА”, Туркиянинг “KAVSAR”, Эроннинг “ARSAMKAR” компанияларининг технологик илғор анжомлари саноат паррандачилигининг замонавий талабларига тўлиқ жавоб беради. Хитой давлатида ишлаб чиқилган паррандачилик технологик анжомларига ҳам паррандачилар томонидан талаблар мавжуд.

Нипеллик сув ичиш тизимида қимматли ветеринария препаратларини сув билан бирга товуқларга ичиришда уларнинг беҳуда сарф бўлишга йўл қўйилмайди. Товуқларни озиқлантириш вақтида озуқа йўқотилиши кескин камаяди. Парранданинг ўз гўнги билан контакти бўлмаслиги сабабли юқумли касалликларнинг тарқалиш хавфи камаяди.

Товуқларни озиқлантириш

Сифатли озуқалардан тайёрланиб, тўйимлилиги меъёрлар бўйича мувозанатлаштирилган озуқалардан фойдаланмасдан, товуқларнинг юқори маҳсулдорлигига ва яхши иқтисодий юқори самарадорликка эришиб бўлмайди.

Товуқлар рационида энергиянинг асосий манбаи бўлиб донли озуқалар (маккажўхори, буғдой, оқжўхори, арпа, сули), ёғли озуқалар, маккажўхорига ишлов бериш чиқиндилари (глютен, муртак), ўсимлик ёғлари ва бошқалар хизмат қилади.

Протеин манбаи сифатида мой ишлаб чиқаришнинг сифатли чиқиндиларидан (шрот, кунжара), гўшт-суяк ва гўшт-пат унларидан фойдаланган маъқул. Кўпинча балиқ унининг “қўлбола” сифатсиз бўлиши хавфи товуқларга ўсимлик оқсили хомашёсини (ёғли соя, нўхат, шолғом, картошка оқсили ва шу кабилар) беришни тақозо қилади.

Товуқларга бериладиган озуқа меъёри, рацион таркиби миқдорига нисбатан фоиз ҳисобида: 100 грамм озуқа таркибидаги энергия алмашинуви (ОЭ) учун килокалорияда, қолганлари учун фоизда

Моддалар номи

Ёш товуқлар

(22–47 ҳафталик)

Товуқлар

(47 ҳафтадан юқори)

1

Энергия алмашинуви (ОЭ)

270

260

2

Оқсил (хом протеин)

17

16

3

Клетчатка (бириктирувчи тўқима)

5

6

4

Лизин

0,75

0,7

5

Метионин

0,32

0,30

6

Цистин

0,30

0,27

7

Триптофан

0,17

0,16

8

Аргинин

0,90

0,85

9

Гистидин

0,34

0,32

10

Лейцин

1,30

1,28

11

Изолейцин

0,66

0,62

12

Фенилаланин

0,54

0,51

13

Тирозин

0,40

0,37

14

Треонин

0,45

0,43

15

Валин

0,64

0,60

16

Глицин

0,79

0,74

17

Са (кальций)

3,10

3,10

18

Р (фосфор)

0,70

0,70

19

Na (натрий)

0,30

0,30

Майдаланган ёғли кунгабоқар уруғлари энергия ва протеиннинг яхши манбаи ҳисобланади. Ишлаб чиқаришни арзонлаштириш, озуқаларни иқтисод қилиш учун парранданинг маҳсулдорлик даражасини инобатга олган ҳолда, озиқлантиришнинг уч фазали дастурига ўтишни тавсия қиламиз.

Биринчи фазада (22–45 ҳафталиккача), яъни товуқ ўзининг энг юқори маҳсулдорлик чўққисига интилаётган даврида унинг ўсиши давом этаётган, тухум вазни ошаётган бўлганлигидан озиқлантиришда юқори тўйимликдаги озуқалардан фойдаланиш лозим.

Товуқларнинг юқори потенциал генетик маҳсулдорлигига қатъий мувозанатлаштирилган озуқа ем орқали эришиш мумкин.

Тухум бераётган товуқларнинг асосий озуқалари таркиби, %

Озуқа таркиби

Товуқлар ёши

17 ҳафта

(маҳсулдорлик 5 фоизгача)

18-45 ҳафта

(5 фоиздан юқори)

(1-фаза)

46-65 ҳафта

(2-фаза)

66 ҳафта ва ундан юқори (3-фаза)

Буғдой дони

38

40

40

38

Маккажўхори дони

20

20

20

15

Соя шроти

15

15

10

8

Кунгабоқар шроти

12

14

14

16

Ўсимлик ёғи

3

3

2,4

2,2

Лизин (монохлоридгидрат)

0,12

0,16

0,15

0,1

Метионин

0,14

0,18

0,15

0,15

Озуқа оҳаги (известняк)

8

8,5

8,5

8,5

Трикальций фосфат

1,5

1,5

1,5

1

Ош тузи

0,3

0,3

0,3

0,3

Чой содаси

0,1

0,1

0,1

0,1

Бундан ташқари, витамин-минералли премикс

0,1

0,1

0,1

0,1

Озуқа истеъмолига қуйидагилар ўз таъсирини ўтказади:

- тирик вазни;

- маҳсулдорлиги (тухум бериши);

- товуқхона ҳарорати. Паст ҳароратда озуқага бўлган эҳтиёжи кўпаяди, чунки тана ҳароратини ҳам керакли меъёрда ушлаб туриш керак;

- патлар ҳолати. Патлари ҳурпайган бўлса, бу парваришлаш ва озиқлантиришда бўлган хато-камчиликлардан далолат беради;

- озуқа таркиби. Озуқанинг жуда йириклиги унинг кўп сарф бўлишига олиб келади, жуда майдалиги ҳам кам истеъмол бўлишига олиб келади;

- озуқа қувватининг баландлиги. Озуқа қуввати қанча юқори бўлса, шунча озуқа кам истеъмол қилинади ва аксинча;

- озуқанинг тўйимлилиги бўйича талабга жавоб бермаслиги. Озуқа таркибида ҳар қандай модданинг етишмаслиги товуқнинг кўп миқдорда озуқани истеъмол қилиб етишмаган модданинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилишига олиб келади.

Озиқлантириш ва тухум вазни

Озуқа рационини мувозанатлаштиришда маълум миқдорда тухум вазни ҳам ўзгаради. Бу хўжаликларнинг тухумнинг вазни ва катталигига бўлган талабига жавоб бериши мумкин. Бунинг учун қуйидаги омилларга эътибор қаратиш керак:

Ўстириш. Тухум қўйиш даврининг бошида семиртириш, тирик вазнда энг юқори натижа олиш учун тўйимли озуқа билан боқиш бутун тухум қўйиш даврида тухум вазнининг юқори бўлишига олиб келади.

Рацион таркиби. Тухум вазнининг юқори бўлиши рациондаги хом протеин (оқсил), линолева кислотаси ва метионин моддаларининг миқдор даражасига тўғридан тўғри боғлиқ бўлади.

Озиқлантириш технологияси. Озуқа таркиби, озиқлантириш вақти, емдондаги озуқа сатҳи, тежамли озиқлантириш, озуқа бериш оралиғига боғлиқ. Озуқаларни етарли миқдорда бериш тухум ҳажмининг ошишига олиб келади, тежамли озиқлантиришда тухум ҳажми чегараланади.

Тухум етиштиришдаги рацион – бу қувватга бой бўлган ва тўйимли моддаларга бой йирик зарраларга эга, таркибида 3,7 фоиз кальций моддаси мавжуд бўлган озуқадир. Ушбу рацион паррандаларнинг тухум бериши юқорига ўсиш даврига мўлжалланган ва тухум бериш энг юқори бўлган давригача (тахминан 28 ҳафталик ёшигача) мўлжалланган. Бу даврда соғлом товуқларнинг ҳаммаси тухум қўйишга кириб кетишади. Ундан кейин эса фазалик озиқлантириш тартибига ўтилади, яъни бир товуққа нисбатан кундузги ўртача олинган тухум ҳажми ва сарфланган озуқа миқдори асосий озуқанинг тўйимлилиги бўйича кўрсаткич қилиб олинади.

1-фаза озуқаси тухум ҳажмини энг юқори даражада бўлишига имкон яратади (бир товуққа бир кунда тўғри келадиган 58 г тухум ҳажми ҳисобидан). У тухум қўйишнинг бошланиш даврига тенг, лекин кальций моддасининг юқори ҳажми олинади. Мана шундай шароитларда соғлом товуқнинг бир кунлик озуқага талаби 110–120 граммни ташкил этади. Товуқнинг ёши улғайган сари 2–3 фазаларда озуқанинг таркибидаги органик моддаларга талаб сусаяди ва кальций моддасига организм талаби кучаяди.

Бир рацион таркибидан бошқа рацион таркибига ўтказиш товуқларнинг ёши билан эмас, балки тухум бериш маҳсулдорлиги ва кальций моддасига бўлган талабларга асосан ўтказилади.

Товуқларнинг тухум бериш мавсумида уларнинг ҳар 10 кунлик давр ичида товуқларни кунлик тухум бериш кўрсаткичлари ва тўйимли моддаларга бўлган талабларини инобатга олган ҳолда рацион таркиби мукаммаллаштирилиб борилади. Озуқа таркибини даврлар орасида тубдан ўзгартиришдан сақланиш лозим.

Озуқанинг тавсия этилаётган тўйимлилик ўлчамлари унга биологик фаол моддаларни қўшиш меъёрлари албатта товуқларга бериладиган озуқаларнинг кунлик миқдори билан боғланиши керак.

Бир бош товуққа кунига сарфланадиган озуқа сарфи меъёрлари

Ёши, ҳафта

Озуқа истеъмоли, г

Ёши, ҳафта

Озуқа истеъмоли, г

18

82

26

112

19

92

27

114

20

98

28-40

115

21

100

41-50

114

22

104

51-61

113

23

106

62-72

112

24

108

73-80

111

25

110

-

-

Озуқа қўшимчалари

Озуқа қўшимчалари рацион таркибига кирувчи асосий моддалардан иборат бўлиб витаминлар, микроэлементлар, ферментлар, антиоксидантлар ва каротиноидлар (тухум сариғи) ҳисобланади. Рацион таркибига кирувчи зарур бўлган асосий озуқа қўшимчалари миқдорлари ўзгариши ва бир-бирини қоплаши мумкин, шу билан бирга озуқанинг тўйимлилиги сақланиб қолади.

Тухум йўналишидаги товуқларнинг витаминларга бўлган талаби:

1 тонна озуқа таркибидаги А, D3 витаминлари учун миллион ХБ (халқаро бирлик)да, қолганлари учун граммда берилган.

Витаминлар номи

Ёш товуқлар

(22–47 ҳафталик)

Товуқлар

(47 ҳафтадан юқори)

1

А

7,0

7,0

2

D3

1,5

1,5

3

Е

5,0

5,0

4

К

1

1

5

В1

0

0

6

В2

3

3

7

В3

20

20

8

В4

250

250

9

В5

20

20

10

В6

4

4

11

Вс

0

0

12

В12

0,025

0,025

13

Н

0,1

0,1

14

С

0

0

Товуқларни парваришлаш бўйича умумий кўрсатмалар

Ҳар кунги назоратни ўтказишда қуйидаги кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади:

- парранданинг соғломлик ҳолати;

- товуқхона ҳарорати;

- ем озуқа ва сув узатилиши (озуқа ва сув истеъмол қилинишини ҳар тарафлама чуқур ўрганиш парранда галасининг ҳолати бўйича жуда қимматли бўлган маълумотларга эга бўлиш имконини беради);

- ёруғлик;

- парранданинг ўлиши;

- вентиляция.

Парранда соғломлигини аниқлашда умумий таассуротлар ва ўлган парранда тўғрисидаги маълумотлар билан кифояланмасдан, озуқа ва сув истеъмоли ҳамда парранда гўнгининг ҳолатларини ҳам инобатга олиш катта аҳамиятга эга.

Сув билан таъминлаш

Паррандадан юқори маҳсулот олишда нафақат юқори сифатли ва тўйимли мувозанатлаштирилган озуқалар керак бўлади, балки тоза ичимлик суви ҳам катта аҳамиятга эгадир. Агар маҳаллий сув ишлатилаётган бўлса, унда сувнинг сифатини лабораторияда мунтазам текширтириб туриш тавсия этилади. Ичимлик суви таркибида тузлар миқдори меъёрдан жуда кўп бўлса, бу тухум қобиғи сифатининг пасайишига олиб келади.

Тухум сифати

Тухум сифати аъло даражада бўлиши учун қуйидагиларга эътибор қаратиш керак бўлади:

- тухумни 1 кунда камида 1 марта териш;

- тухумни учли томони билан ерга қаратиб тахлаш;

- тухумни хона ҳарорати 5–10оС ва нисбий намлиги 80–85 фоизда сақлаш мақсадга мувофиқ.

Тухумни юқори ҳароратда ва нисбий намлиги паст хонада сақлаш ундаги газ алмашинуви кучайиши сабабли сифатининг кескин пасайишига ва вазнининг енгиллашига олиб келади.

Товуқларни ер(пол)да парвариш қилиш

Тухум бериш даврида товуқларни ер тўшамада боқиш ва парваришлаш мўлжалланган бўлса, жўжаларини ҳам ёшлигидан ер тўшамада боқиб парваришлаш лозим. Маҳсулдорлик даврида кокцидиоз касаллигидан зарарланишни олдини олиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун товуқларда кокцидиоз касаллигига қарши иммунитетни бутун маҳсулдорлик даврида сақлаб туриш режасини амалга ошириш талаб этилади.

Боқилаётган товуқлар зичлиги

Паррандани 1 м2 ерда парваришлаш зичлиги боқиш услуби ва бинодаги микроиқлимни сақлаш услубларига боғлиқ. Товуқларни умумий 1 м2 ерда парваришлаш зичлиги 6–8 бошни ташкил этади. Маҳаллий тавсияларга риоя қилган ҳолда, парваришлаш зичлигининг тухум вазни ва унинг қобиғи сифатига бўлган таъсири доимий назорат қилиб борилади.

Майда тош бериш

Товуқларга тошни ёки йирик қум заррачаларини алоҳида бериш шарт эмас, лекин уларни рацион таркибига қўшиш тавсия этилади.

Ёши

Бериш муддати

Меъёри

Ҳажми

1-2 ҳафта

Ҳафтада 1 марта

1 г/товуқ

1–2 мм

3-8 ҳафта

Ҳафтада 1 марта

2 г/товуқ

3–4 мм

9 ҳафтадан юқори

10 кунда 1 марта

3 г/товуқ

4–6 мм

Ердаги тўшама

Юмшоқ тахтадан тайёрланган қипиқ ёки майдаланган похол товуқлар учун энг яхши ва қулай ер тўшама ҳисобланади. Парранда заҳарланишини олдини олиш ва тухум таркибида моддалар қолдиғи бўлишидан сақланиш учун фақат ишлов берилмаган дарахтдан олинган қипиқ ерга тўшама учун ишлатилади. Қипиқнинг намлигини кетказиш учун хона яхшилаб шамоллатилади, нам бўлган қипиқлар хонадан чиқариб ташланади.

Тухум қўйиш уялари ва тухум териш

Тухум сифатига тухум қўйиш уяларининг ҳам таъсири бўлади. Тухум қўйиш уяларининг тўшамаларини мунтазам равишда алмаштириб туриш ва тоза ҳолатда сақлаш лозим. Товуқхонага меъёр бўйича ҳар бир тухум қўйиш уяларига 4–5 бош товуқ ҳисобидан қўйилади. Ердан товуқлар томонидан қўйилган тухумлар сонини кўпайтириб юбормаслик учун тухумларни тез-тез териб туриш керак бўлади. Товуқлар томонидан тухумни ерга қўйишни кўпайтириб юбормаслик чораларини кўриш мақсадида тухум қўйиш уяларининг етарли миқдорда бўлиши билан бир қаторда қуйидаги омилларга ҳам эътибор қаратиш керак бўлади:

- тоза ва қуруқ тўшама ёки юмшоқ уя поли қопламаси;

- уяга осон кириш имконияти;

- товуқхонада тухум қўйиш уясининг бир текис қўйилганлиги;

- товуқхонадаги ҳамма жойларнинг бир хил меъёрда ёритилганлиги;

-товуқхонадаги тухум қўйиш уяларининг бир хиллиги.

Юқори сифатли тухум олиш учун тўшамали уя ёки оилавий уялардан кўра планкали поли бор, думалаб тушишга мўлжалланган полнинг бир томони қия қилиб ясалган уялар керак бўлади.

Юқумли касалликлар

Паррандачилик хўжаликларида Ньюкасл, Марек ва Гамборо (Юқумли бурсал) касалликларига мажбурий тарзда паррандаларнинг барчаси эмланади. Бу касалликларга қарши эмлаш ҳар қандай иммунопрофилактика дастурининг асосини ташкил қилади.

Ньюкасл касаллиги (НК, Псевдочума) – юқори тезликда тарқалувчи паррандаларнинг вирус касаллиги, респиратор, висцерал органларини, марказий асаб системасини зарарловчи ва маҳсулдорликни пасайиб кетиши ва ҳалок бўлиши билан якунланувчи ўта юқумли касалликдир.

Қўзғатувчиси – парамиксовирус гуруҳига кирувчи РНК – сақловчи вирус. Парранда ҳаво орқали (аэрозол) ёки оғиз орқали (перорал) зарарланиши мумкин.

Клиник ҳолати – инкубацион даври қисқа – 4 кун. Касалланган парранда тушкун, ҳаракатсиз, ташқи таъсирга жавоб қайтармайди. Бошидаги териси қон айланишининг бузилиши натижасида кўкариб қолади, бурун тешикларидан шиллиқ сув ажралиб чиқа бошлайди, ахлати суюқ, яшил ёки сариқ рангда, айрим ҳолларда қон аралаш бўлади. Нерв – фалажга оид белги (симптом) лари ривожланади.

Даволаш ва профилактика – ушбу касалликнинг самарали даволаш йўли йўқ бўлгани билан технологик жараённинг асосий усули ҳисобланган касалликка мойил бўлган паррандада ишончли иммунитет ҳосил қилувчи эмлаш усуллари кенг қўлланилади.

Ньюкасл касаллигининг олдини олиш мақсадида махсус лентоген вирус штамми мавжуд бўлган тирик вакциналар, инактивланган ва комбинацияланган вакциналардан фойдаланилади. Асосан “В1”, “Н”, “Бор–74”, “Ла-Сота” номли вакцина штаммлари қўлланилади.

Янги, инновацион вакциналардан, кенг спектрли комбинацияга эга бўлган векторли вакцина “Vectormune HVT+NDV” (Марек+Ньюкасл), СЕВА, Франция хам қўлланилади.

Юқумли бронхит (ЮБ) – барча ёшдаги паррандаларга юқадиган контагиоз вирус касаллиги. Жўжаларнинг нафас олиш органларини зарарлайди ва катта ёшдаги парранда маҳсулдорлиги тушиб кетади.

Касал қўзғатувчиси короновирус гуруҳига таалуқли бўлиб, товуқ муртаклари ва хўжайра тўқималарида ўстириш мумкин. Қўзғатувчиси бир неча штаммларга бўлинади (30 га яқин серотиплари мавжуд). Контакт орқали аэроген, трансовариал йўллари билан юқади. Касал бўлиб тузалган парранда 50–100 кун вирус ташувчи бўлиб қолади. Колибактериоз, респиратор микоплазмоз қўзғатувчилари билан асоратланганда инфекция яширин (латент) шаклида кечади.

Клиник ҳолати – инкубацион давр 1 кундан 5 кунгача давом этади. Касал паррандада ҳолсизлик, иштаха йўқолиши, ҳансираш, хириллаш, йўтал, аксириш, сероз конъюктивити, ринитлар кузатилади. Касалланиш юқори даражада, ўлим 25 фоизни ташкил этади. Икки ҳафталик ёшда касалланиш оқибатида тухумдон ва тухум йўлларини ривожланиши кечикади. Катта ёшдаги товуқлар касалланиши оқибатида тухум маҳсулдорлиги 35–50 фоизга камаяди, тухум ичида серсув суюқлик бўлади, тухум қобиғи тузилиши бузилади. Тухумдон ва тухум йўлини инфантилизмида тухум шаклланиши бузилади.

Даволаш ва профилактика – махсус профилактика тадбирлари инактивланган ва тирик вакцинани қўллашга асосланган. Вакцинация схемаси касалликни интенсивлигига боғлиқ. Юқумли бронхит колибактериоз, микоплазмозлар билан бирга аралаш инфекция ҳолида бўлса, унда антибактериал препаратлари (окситетрациклин, неомицин сульфат, ампинцилин) аэрозол ҳолатда 4 мл/м3 ҳисобидан қўлланилади.

Юқумли ларинготрахеит (ЮЛТ) – ўткир кечувчи парранда касаллиги, трахея, ҳиқилдоқ ва кўз шиллиқ пардасини зарарловчи юқумли касаллик. Товуқсимонлар отрядига мансуб паррандалар юқори контагиоз вирус касаллиги, трахея, ҳиқилдоқ шиллиқ пардаси яллиғланиши, конъюктивитлар кузатилади.

Касал қўзғатувчиси Herpesviras оиласига кирувчи юқори контагиоз вирус ҳисобланади.

Ушбу касалликка товуқлар, куркалар, қирғовуллар, айниқса 1 ёшгача бўлган ёш паррандалар мойил ҳисобланади.

ЮЛТ кўпинча аэроген йўли билан ўтади, шу билан бирга озуқа, сув, парвариш қилиш буюмлари орқали ҳам ўтиши мумкин. Қисқа вақт ичида ушбу касаллик барча паррандага тарқаб кетиши мумкин.

Клиник ҳолат – инкубация даври 6–10 кунни ташкил этади ва парранданинг табиий резистентлигига, вируснинг вирулентлигига ва боқиш шароитига боғлиқ бўлади. Ўткир (кучли), ўртача, сурункали ва симптомсиз касаллик кечиш формаларига бўлинади.

Ўткир формасида фибринозли – геморрагик яллиғланиш оқибатида нафас олиш қийинлашади. Ринит, синусит, конъюктивит, панофтальмиялар тез-тез учраб туради. Тухум маҳсулдорлиги кескин 30–50 фоизга тушиб кетади (касалликнинг оғир кечишига қараб). Нафас бўғилишидан ўлиш ҳолатлари 50 фоизни ташкил этади.

Ўртача формасида клиник белгилари яққол бўлмайди, конъюктивит, йўтал, аксириш ҳоллари кузатилади.

Даволаш ва профилактика – секундар инфекцияни ривожланишини олдини олиш учун кимёвий препаратлар (йод кристалл кукуни ва алюмин упаси, йодинол, йодтриэтиленгликоль) билан аэрозол қилинади.

Охирги пайтлар касалликдан ҳоли бўлмаган хўжаликларда ЮЛТга қарши вакцинация тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилган. Бунда вакцинация схемасига кўра риоя қилиш керак бўлади. Паррандада иммунитет ҳосил қилиш учун 2 марта эмланади, лекин иккинчи эмлаш 4 ҳафтадан кеч бўлмаслиги ва тухум бериш даври бошланмасдан олдин бўлиши керак. Вакцинани ишлатиш қўлланмасига асосан эмлаш учун фақат соғлом парранда олинади, нимжон, кучсиз ва касал парранда саралаб ташланади.

ЮЛТ га қарши вакцинани қўллаш усуллари кўп бўлгани билан (клоакага, аэрозол, кўз коньюктивасига, сув билан) энг ишончлиси кўз коньюктивига томизиш ҳисобланади. Шу усулда, масалан Юқумли ларинготрахеитга қарши лиофилизилланган тирик вакцина Nobilis ILT (“Интервет”) қўлланилади.

ЮЛТ дан холи бўлмаган хўжаликларда унга қарши “ВНИВИП” штаммидан қуруқ липосомал вирусвакцина махсус профилактик тадбирларда қўлланилади. Клиник соғлом бўлган паррандани аэрозол услуби билан 16–20 кун интервал билан, окуляр услубда 20–30 кун ва клоака услубида 30 кун интервал билан эмланади.

Кенг спектрли комбинацияга эга бўлган векторли вакцина: “Vectormune FP+LT” (Чечак+Ларинготрахеит), СЕВА, Франция, кучли иммунитет ҳосил қилади.

Парранда чечаги (уй паррандаси чечаги, контагиоз эпителиома, парранда дифтерияси, парранда моллюскаси, roup, Borreliota avium, Fowl pox, Wet pox, ёлғон парда ангинаси, тери ғадир- будури) – контагиоз касаллик бўлиб, терида ўзига хос чечаклар пайдо бўлиши ва оғиз бўшлиғида шиллиқ парданинг дифтероиди, юқори нафас олиш йўллари зарарланиши ва конъюктивитлар пайдо бўлиши билан характерланади. Вирус касаллиги, бош қисмида, тожида, сирғаларида, қулоқларида экзантема ривожланишига олиб келади.

Клиник ҳолат – инкубацион даврининг узунлиги 4–7 кун. Иммунитетсиз парранда юқори сезгирлиги билан ажралиб туради. Инфекцияни кириш дарвозаси бўлиб бош қисмининг шиллиқ пардалари ва танасининг патсиз қисмлари ҳисобланади. Парранда организмига вирус тушгандан кейин қонда кўпайишни бошлайди ва эпителиал хужайраларда чўкади (ўтиради). Тузалгандан кейин ҳам узоқ вақт, бир неча ҳафта вирус тарқатувчи бўлиб қолади.

Даволаш ва профилактика – парранда фолликуляр услубда вакцинация қилинади ёки қанот пардасига тирик вакцина билан эмланади. Вакцина вируснинг ҳаворанг штамми асосида ёки товуқнинг кучсизлантирилган штамми асосида тайёрланади. Куркалар ҳаворанг штамми ёки товуқнинг кучсизлантирилган вируси билан фолликуласига эмланади, курка аттенуировланган вирус билан ҳам фолликуласига, товуқ аттенуировланган вируси билан қанот пардасига эмланади.

Кенг спектрли комбинацияга эга бўлган векторли вакциналар: “Vectormune FP+LT” (Чечак+Ларинготрахеит), “Vectormune FP+Mg” (Чечак+Микоплазмоз), СЕВА, Франция узоқ муддатли иммунитет ҳосил қилади.

Сертухумликни пасайиш синдроми (ССЯ-76, Синдром-76) – товуқлар вирус касаллиги, тухум маҳсулдорлигини тушиб кетиши, тухум шаклини, сифатини ва тухум қобиғи пигментациясини ўзгариши ва оқсил моддасини талабга тўла жавоб бермаслиги билан характерланади.

Товуқлар вирус касаллиги тухум маҳсулдорлигининг кескин камайиб кетиши, тухум қобиғини юмшоқлиги ва депигментацияси, тухумнинг инкубация қилиш сифатларини пасайиши билан характерланади. Касал товуқлар тухумини инкубация қилинганда уруғланмаган тухумлар кўпаяди ва муртак ривожланишни бошланғич палласида нобуд бўлади.

Касаллик қўзғатувчиси Adenoviridae оиласидан ДНК-вируси ҳисобланади. Умумий антиген гуруҳини ҳосил қилувчи 12 тадан кўп бўлган вирус серотиплари маълум. ССЯ-76 вирусига товуқларни юқори маҳсулдор кросслари, айниқса жигар рангли тухум берувчи Хайсекс браун, Ломанн браун кросслари мойилдир. Вирус аэроген ва алиментар йўллар билан, яна контакт ва трансовариал йўли билан ҳам тарқалади.

Клиник ҳолат – инкубацион даври 1–15 кун. Сертухумликни пасайиш синдроми кўпинча юқумли бронхит билан биргаликда ўтади. Клиник кузатувда тухум маҳсулдорлиги 20–28 фоизга тушиб кетгани, қилинган тухумлар қобиғи ғадир – будур ёки юмшоқ бўлгани аниқланган. ССЯ бошлангандан кейин 3–5 ҳафтадан кейин тухум маҳсулдорлиги пасайиши кузатилади. Тухум маҳсулдорлиги жуда секин тикланади ва ҳеч қачон ушбу зотга тегишли стандарт маҳсулдорлик сатҳига чиқмайди. Гўшт йўналишидаги паррандада тухум қобиғида депигментация кузатилади ва бироз тухум маҳсулдорлиги тушади.

Даволаш ва профилактика – инактивлаштирилган вакцина билан ўзига хос махсус профилактика тадбирлари олиб борилади:

ССЯ-76 га қарши суюқ инактивлаштирилган вакцина.

ССЯ-76 га қарши инактивлаштирилган эмуллаштирилган вакцина (ФГУ ВНИИЗЖ, Владимир шаҳри).

ССЯ-76 га қарши суюқ инактивлаштирилган вакцина (ООО ВНИВИП-препараты).

НБ, ИБК, ИББ, ССЯ-76 ва РЕО касалликларига қарши ассациялаштирилган инактивлаштирилган “АВИВАК” вакцинаси (НПП АВИВАК).

Парранданинг юқумли касалликларига қарши профилактик тадбирлар ўтказиш тахминий тартиби:

Инфекцион касалликлар номи

Жўжалар ёши

Эмлаш усули

1-услуб: юқумли бронхит (ИБК) + юқумли тухум пасайиш синдроми (ССЯ) + Ньюкасл касаллиги (БН) - уч валентлик активлашмаган вакцина (шт.”Ла-сота”)

2-услуб: ҳудудда юқумли ўлат касаллигининг хавфи туғилганда штамм “Н” вакцинасини ишлатиш тавсия этилади

95-105 кун

95-105 кун

Мускул орасига (0,5 мл)

Мускул орасига (1 мл)

Юқумли чечак

95-105 кун

Қанот ости пардасига юбориш

Инфекцион бронхит ва Ньюкасл касаллиги

Ҳар 70-90 кунда қайта эмлаш

Сув билан ичириш ёки пуркаш (спрей) усуллари

П.Рахматуллаев, Х.Нормухамедов













Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech