Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Феврал 2017 17:00

Ўрдаклар оёқлари пардали бўлган сувда сузувчилар туркумига мансуб бўлиб, ўрдаксимонлар (Anatidae) оиласига киради. Ғоз ва оққушлар ҳам шу оилага мансуб ҳисобланади. Ўрдаклар кичик гавдаси, калта оёқлари ва бўйни, ялпоқ танаси ва эркаги билан урғочисининг ранглари ҳар хиллиги билан ажралиб туради. Ғозлар, оққушлар ҳамда фламинголар каби ўрдакларда ҳам сув ва суюқ балчиқдан озуқа парчаларини симириб олиш учун тумшуғининг икки четида ички томонидан кўндаланг тишсимон тароқлари – пластинкалар бўлади. Дунё бўйича чучук сувда ва денгизларда жуда кўплаб ўрдак турларини учратиш мумкин.

Ёввойи ўрдаклар дунёнинг ҳамма ерларида тарқалганлиги сабабли турли жойларда шароитга мослаб хонакилаштирилган. Лекин ёввойи ўрдакларни оммавий тарзда хонакилаштириш жараёни Хитойда охирига етказилган. Ҳар хил жойларда ёввойи ўрдакларни кенг миқёсда хонакилаштириш жараёни ўрдак зотлари ва турларининг хилма-хиллигига олиб келди, бу ҳам декоратив ўрдаклар, ҳам чопағон ўрдаклар ва бошқалардир. Гўштга етиштирилаётган ўрдаклар (Пекин ўрдаклари) бош қисми узунчоқ, кенг ва озгина кўтарилган пешонаси билан ажралиб туради. Ўрдакларнинг сувда сузиш хусусиятлари мавжуд. Қуруқликда юрувчи паррандалардан фарқли ўлароқ тумшуғи уч қиррали эмас, япалоқ ва узун бўлиб, учи озгина қайрилган бўлади. Тумшуғининг четларида сувни симириб, фильтрлаб ўтказиб ва емишларни ушлаб қолувчи майда шохсимон тиш мосламалари мавжуд. Ўзининг узун тумшуғи билан лойқа сувни доим чапиллатиб таркибини аниқлайди. Ғозлардагидек ўрдакларда ҳам тумшуғининг учида кўндаланг тери пластинкаси бўлиб, катта миқдорда нерв толалари жойлашганлиги сабабли тумшуқ учи сезиш органи ҳисобланади. Пекин зотли ўрдаклар тумшуғининг ранги оч қизил-сарғиш, Хаки-Кембелл зотиники тўқ кулранг бўлади. Тухум қўйиш мавсумида тумшуғининг ранги оч тусга киради. Ўрдакларнинг тиллари товуқларникига нисбатан узун, кенг ва йўғон бўлади. Тилининг ён юзида икки қатор, атрофида сўрғич ва шилимшиқ ишлаб чиқувчи майда тешикчалар билан ўралган бўрдиқлар мавжуд. Буларнинг барчаси сувни сизиб ўтказиш ва сув таркибидаги керакли емишларни ушлаб қолишда иштирок этишади.

Уларнинг бўйни ўртача узунликда, гўшт йўналишидаги ўрдак зотларида йўғон, умумий йўналишдаги (зеркальный, хаки-кембелл) зотларида ўртача бўлади. Танаси кенг, чуқур, мушаклари яхши ривожланган, кураги кенг ва тўғри. Ҳинд чопағонларининг танаси деярли вертикаль (тикка) ҳолатда бўлади. Ўрдаклар юриши ўзига хос бесўнақай бўлгани учун бошқа паррандалар юриши билан адаштириб бўлмайди. Калта оёқлари танасининг орқа қисмида жойлашган, панжалари орасида пардалари мавжуд, танаси горизонталь ҳолатда бўлгани учун юриш жараёнида бесўнақай ҳаракатланади, тез юрган вақтларида мувозанатини йўқотади ва кўкраги билан ерга тез-тез йиқилиб боради. Аммо бу хусусиятлари сувда тез сузиш, манёвр қилиш ва шўнғиш учун қулайликлар туғдиради.

ЁВВОЙИ ЎРДАКЛАР Кулранг ўрдак (Anas strepera) Канаданинг жануби-ғарбида ва АҚШнинг шимолида уя қуради, АҚШнинг жанубида ва Мексиканинг катта қисмида қишлайди. Эркаги келишган, усти кулранг, қорни оқ рангда, қора думи ва қанотларининг учларида оқ доғлари мавжуд. Урғочиси оч кўк, ола ранг. Бу ўсимликхўр ўрдак бўлиб, ов спорти учун қулай, оммабоп объект ҳисобланади.

Субарктик ва юмшоқ иқлимли ҳудудларда уя қуради. Шимолий Африка, Жанубий Хитой, Мексика, Япония ва Флоридада қишлайди. Бу дунёда энг кўп ўрганилган ўрдак тури бўлиб, уй ўрдакларининг аждоди ҳисобланади.

Америка қора крякваси (Anas rubripes)

Қўнғир-қора ранги ва қанотларида оқ рангли йўллари бўлиб, бу қушни парвозда ҳам осон таниб олиш мумкин. Иккала жинсларининг ранглари ҳам бир-бирига ўхшаш: патлари қорамтир рангда, боши қўнғир-сариқ рангда, қанотлари сиёҳранг металли товланади. Бу тури Шимолий Канадада уя қуради, Шарқий ва Марказий Америкада ва Мексика бўғозларигача учиб бориб қишлайди.

Бигиздум (Anas acuta, Шилохвость)

Бу турдаги ўрдакларнинг думи узун ва учли бўлганлиги сабабли уларни таниб олиш қийинчилик туғдирмайди. Арктикада ин қуради, бола очади. Ҳиндистонда, АҚШнинг жанубида ва Жанубий Америка шимолида қишлайди.

Чиркалар (Чирки)

Бу дунё бўйича тарқалган ўрдакларнинг тахминан 15 туридан иборат. АҚШда каролина чирок – свистуноки (Anas carolinensis) яхши ўрганилган. Ер шарининг Шимолий яримшарида ин қуради, АҚШ ва Мексика давлатлари ҳудудларида қишлайди.

 Булардан ташқари гоголь (B.clangula), қизилбошли шўнғувчи (Aythya ferina), қизилбошли узунбурун шўнғувчи (Aythya yalisineriya), чернетлар, гаглар, крохаллар, мускус, морянка, америка савкаси, турпан, пеганка, кенгтумшуқлилар, пароход-ўрдаклар, мандаринка, каролин ва бошқалар дунё бўйича кенг тарқалган ёввойи ўрдаклар ҳисобланади.

УЙ ЎРДАКЛАРИ Барча уй ўрдакларининг кряква ёки мускус ёввойи ўрдаклардан тарқалганлиги тахмин қилинади. Европада милоднинг I асрида ёввойи кряква ўрдагидан уй ўрдаклари хонакилаштирилган. Жанубий Америкада XVI асргача ёввойи мускус ўрдагидан уй ўрдаклари хонакилаштирилган. Замонавий уй ўрдаклари зотлари бу ўрдакларни саралаш ва чатиштириш орқали олинган.

Уй ўрдакларининг гўшт йўналишидаги зотлари

Пекин зотли ўрдак (Америка селекцияси)

Шимолий Америкада яратилган, тез етилувчи, тетик, серҳаракат ва бақувват, танаси чўзиқ, тоза гўшт йўналишидаги ўрдак зоти. Ўрдакларнинг гўшт йўналишидаги зоти, гўштга сўйиш муддати 8–10 ҳафта. Бир йилда 120 дона тухум беради. Тухумининг стандарт вазни 70 г. Тухумлари оқ рангдан то сарғиш ранггача бўлади.

Тирик вазни: эркагиники – 3 кг, урғочисиники – 2,5 кг.

Украина зотли ўрдак

Маҳаллий Украина ўрдакларидан яратилган ўрдак зоти. Тез етилувчи, сифатли гўшти, кўп тухум бериши, сув ҳавзаларида яхши озиқланиши билан ажралиб туради. Бир йилда 120–140 дона тухум беради. Тухумнинг оғирлиги 80 г, ранги оқ рангдан яшил рангача бўлади.

Ўрдак бақувват гавдага эга, мушаклари яхши ривожланган, танаси узунчоқ, олд қисми озгина кўтарилган ва серҳаракат. Тирик вазни: эркагиники – 3,5 кг, урғочисиники – 2,8–3 кг.

Ушбу зотнинг турли ранглари мавжуд.

Оқкўкракли қора зотли ўрдак

Украина оқкўкракли зотини Пекин зоти ва Хаки-Кембелл зотларининг чатиштирилиши орқали яратилган. Танаси кенг, узун, кўкраги чуқур, кураги кенг ва узун. Кўзлари катта ва қора. Тумшуғи қора рангда, ўртача катталикда.

Бир йилда 130–140 дона тухум беради, тухумнинг вазни 83–88 г. Тирик вазни: эркагиники – 3,5–4 кг, урғочисиники – 3–3,5 кг. Тухумнинг ранги оқ.

Москва оқ ранг зотли ўрдак

Москва вилоятининг “Птичное” хўжалигида Пекин ва Хаки-Кембелл зотларини чатиштириш орқали яратилган. Тана тузилиши бўйича Пекин зотли ўрдакларга яқин туради. Танаси кенг, кўкраги думалоқ ва кўтарилган, бош қисми кичикроқ, оёқлари кенг ва калта, пати оқ рангда.

Сифатли парранда гўшти, оқ териси ва юқори сақланиши (90%) билан ажралиб туради. Эркагининг вазни 3,9–4,2 кг, урғочисиники 3–3,5 кг. ни ташкил этади. Бир йилда 120–130 дона тухум беради. Тухумнинг вазни 90 г.

Руан зотли ўрдаклар

ХХ асрда Шимолий Францияда яратилган ва бутун Европа қитъасига тарқалиб кетган. Ранги ёввойи ўрдакни эслатади. Лекин икки турга бўлинади: қорамтир тусли (Франция) ва оққиш тусли (Англия). Эркакларининг бўйнида оқ рангдаги айланаси ва думининг учи юқорига буралганлиги билан ажралиб туради.

Тирик вазни: урғочисиники 3–3,5 кг, эркагиники 4–4,5 кг. ни ташкил этади. Бир йилда 80–100 дона тухум беради. Тухумининг оғирлиги 70–90 г, ранги оч яшил рангда. Гўштининг аъло даражадалиги ва маҳсулдорлиги билан ажралиб туради.

Уй ўрдакларининг тухум йўналишидаги зотлари

Чопағон зотли ўрдак

Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги Пингвин зотли ўрдаклардан тарқалганлиги эътироф этилган. XIX асрда бу зот Англияда, XX асрда Германияда маҳаллийлаштирилган.

Келишган, баланд, танаси тик турувчи, патлари зич ва ёпишиб турувчидир. Тирик вазни: эркагиники 2 кг, урғочисиники 1,75 кг. ни ташкил этади. Тухумининг вазни 65 г, ранги оқ рангда, қорамтир ўрдаклар тухумининг ранги оч яшил рангда.

Мускус зотли ўрдак

Мускус ўрдакларини “Индоутка” ҳам деб аташади. Бу ўрдак билан курка чатишмасидан яратилган зот эмас. Ҳиндистондан келтирилганлиги учун унга шундай ном берилган.

Асли келиб чиқиши Жанубий Америка ҳисобланади.

Тез ўсувчи, эркаги билан урғочисининг ҳажмида катта фарқ бўлиб, ёғсиз, ажойиб таъмга эга бўлган парҳез гўшти билан машҳур. Иккинчи ва учинчи тухум қўйишда 40–50 дона оқ ёки оч-сариқ рангли тухум қўяди. Тухумнинг вазни 75 г. ни ташкил этади. Тухумдан жўжани жуда яхши очиб чиқади ва жўжаларини меҳрибонлик билан парваришлайди. Жуда яхши учади.

Бошқа ўрдак турларидан фарқли ўлароқ Мускус ўрдаги келиб чиқиши жиҳатдан ўрдакларнинг бошқа турига мансуб. Тумшуғининг таг қисмида қизил ортиғи (куркаларникидек) бўлиб, узун қанотлари ва думлари билан ажралиб туради. Тирик вазни: эркагиники – 4,5–5,5 кг, урғочисиники – 2,5–3 кг. ни ташкил этади.

Хаки- Кембелл зотли ўрдаклар

Бу ўрдак зоти Ҳинд чопағони, Руан ва Маларад зотларини ўзаро чатиштириш орқали Англияда ўтган асрда яратилган. Гўшт-тухум йўналишидаги бу ўрдаклар юқори сифатли гўшти ва кўп тухум бериш хусусиятлари билан ажралиб туради.

Патларнинг ранги жигар рангда (хаки), елкаси ва қанотларидаги патлари оч рангда. Эркагининг бош, бўйин ва кўкрак қисмларидаги патлари бронза – жигар рангда, танасининг қолган қисмлари қўнғир рангда товланади.

Тирик вазни: эркагиники – 2,5–3 кг, урғочисиники – 2,1–2,5 кг. ни ташкил этади. Бир йилда 150–200 дона ва ундан ортиқ тухум бериши мумкин.

Ўрдаклар серҳаракат, сув ҳавзаларида ва яйловларда яхши озиқланади. Гўшти мазали ва юмшоқ.

Гўшт ва умумий фойдаланиш туркумидаги ўрдаклардан тухум йўналишидаги ўрдаклар тирик вазни анча енгил бўлади. Тухум бериш бўйича товуқлардан қолишмайди.

Русь кокилли зотли ўрдак (кайюга)

Қадимги уй ўрдакларидан яратилган бўлиб, Европа давлатларида учрайди (шу жумладан Росссияда ҳам). Бир йилда 50 дона тухум беради. Тухумининг вазни 80 г, ранги оқ рангдан оч яшилгача.

Ўртача катталикда, серҳаракат, бошининг орқа юқори қисмида попуги бўлиб, ранги ҳар хил бўлиши мумкин. Тирик вазни: эркагиники – 2,5 кг, урғочисиники – 2 кг. ни ташкил этади.

Русь зотли ўрдаклари

Қадимги русь зоти, ёввойи кряква ўрдакларини аҳоли томонидан хонакилаштириш натижасида яратилган.

Энг қадимги русь оригиналь ўрдак зотларидан. Улардан овда ёввойи ўрдакларни жалб этиш учун (приманка) фойдаланилади, шунинг учун “подсадная” деган номни ҳам беришган. Бир йилда 30–40 дона тухум беради. Тухумининг вазни 50 г, ранги оч яшил.

Кўриниши майдароқ, серҳаракат, ранги ёввойи ўрдаклар рангидан. Тирик вазни: эркагиники – 1,4–1,5 кг, урғочисиники – 1,3–1,4 кг. ни ташкил этади.

 ЎРДАКЛАРНИ ЕТИШТИРИШ

   Наслга танлаш.Ўрдакларнинг енгил вазн зот ва кросслари 150 кунликдан, оғир вазн зот ва кросслари 175 кунликдан доимий боқиш учун қишки паррандахонага ўтказилади. Бу вақтда ўрдаклар иккинчи ва охирги марта тирик вазни ва патларининг ҳолатига қараб саралаб олинади, чунки линкаси тугаб, ёш ўрдаклар катта ёшлилар мавқеини олади. Галалар асосига бир хил ёшдаги ва бир хил тирик вазндаги ўрдаклар олинади. Галаларни ташкил қилаётганда ота ва она ўрдакларни икки бошқа-бошқа зот йўналишларидан жамланади. Эркак ва урғочи ўрдаклар оғир вазн кросси учун 1:3,5–4, енгил вазн кросси учун 1:7–8 бош ҳисобидан қўйилади. Ёш ўрдакларни 7 ҳафталик ёшида биринчи саралаш ўтказилгандан кейин урғочилари 15 фоизга, эркаклари 30 фоизга бош сони кўп қолдирилади. Гибрид ўрдаклар насл учун қолдирилмайди.

Йил давомида гўшт етказиб берадиган йирик паррандачилик хўжаликларида она галаси 2–3 марта шакллантирилади, айрим ҳолларда бундан ҳам кўп марта. Агар бир йилда 3 марта она галаси шакллантириладиган бўлса, унда январь, май ва сентябрь ойларидаги ёш ўрдакчалардан фойдаланилади. Агар 1 марта она галаси шакллантириладиган бўлса, унда июль-август ойларидаги ёш ўрдакчалардан шакллантирилади. Яхши боқилган Пекин зоти ўрдаклари 6–6,5 ойдан бошлаб тухумга киради. Ушбу ҳолатда маҳсулдорлик ҳам тез фурсатда ошади ва 5–6 ҳафтадан кейин тухум бериши 90 фоизга етади. Ўрдаклар тухумга кираётганда, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш учун кунлик ёруғлик даври 13–14 соатга узайтирилади ва озуқа сифатини ошириш учун таркибидаги клетчаткани камайтириш ҳамда оқсилга бой озуқаларни кўпайтириш керак. Ёш ўрдаклар яхши боқилганда 150 кунлигида урғочиларининг тирик вазни 3 кг, эркаклариники 3,5–4 кг. ни ташкил этади. Бу даврда линька даври тўлиқ тугайди ва асосий галани ташкил этиш учун саралаб олиш мумкин бўлади. Маҳсулдорлиги тўғрисида алоҳида ҳисоб юритилмаган хўжаликларда, ота-она галасини ташкил қилиш учун ташқи белгилари (экстерьер) ва тирик вазнига қараб танлаб олинади. Асосий ота-она галасига серҳаракат, чаққон, кўкраги қалин ва кучли суяк тузилмасига эга бўлган ёш ўрдаклар танлаб олинади. Курагидан ва қорнидан кетган линиялардан ҳосил бўлган бурчакка эътибор берилади. Маҳсулдорлиги юқори (яхши тухум берувчи) ўрдакларнинг линияси тўғри бурчак ҳосил қилади, маҳсулдорлиги паст ўрдакларнинг линияси ўткир бурчак ҳосил қилади.

Тажрибали паррандачилар тахминан ота-она галасини тузиш учун ажратиб олинган галани 400–500 метр масофага йўл бўйича ҳайдаб боришади, галадан ортда қолган ўрдаклар асосий галага бошқа қўшилмайди. Тухум қилиш даврида маҳсулдор ўрдакларнинг тумшуқ ва оёқлари ранглари хиралашади. Шу даврнинг охирига бориб тумшуқ ва оёқлари пигментацияси хиралашиб, умуман рангсизлиб қолади. Ва аксинча, маҳсулдорлиги паст ўрдаклар тухумга ўз заҳирасини кўп сарф қилмаганлиги учун ранги тиниқ ва рангдор бўлиб туради. Ота-она галасини тўғри ташкил этсак, ҳар бир ўрдакдан 13–14 ойлик ёшигача интенсив равишда тухум олиш мумкин.

Ота-она галасидаги урғочи ўрдаклардан ҳар ойда тахминан қуйидаги ҳажмда инкубацион тухум олиш мумкин бўлади:

Ёши, ой

Бир бош урғочи ўрдакдан олинган тухум сони, дона

6–7

8

7–8

16

8–9

22

9–10

24

10–11

22

11–12

16

Жами

108

Ўрдакчиликда тухум ишлаб чиқаришнинг асосий омилларидан бири ўрдакларни ёши етганда, ўз вақтида қишлов биносига ўтказишдир. Улар 150 кунлик ёшида доимий қишлов биносига (паррандахона) биринчи тухумни шу ерда бериши учун ўтказилади. Бу асосий ҳолатлардан бири ҳисобланади. Ўрдаклар тухумга кирган даврда зинҳор озуқа тўйимлилиги камайтирилмайди ва куннинг ёруғлик вақти қисқартирилмайди. Бу ўзгаришлар ўрдакларга қаттиқ таъсир қилиши ва улар тухум маҳсулдорлигини камайтириши ёки умуман тўхтатиб қўйиши мумкин. Маҳсулдорликни олдинги даражага кўтариш учун жуда кўп вақт керак бўлади, аксарият ҳолларда бунинг уддасидан чиқиб бўлмайди. Ўрдаклардан интенсив маҳсулот олиш мақсадида, улар муддатидан олдин сараланади ва ажратиб олинганлари гўштга жўнатилади.

Маҳсулдорлиги пасайиб, яроқсиз ҳолга келган ўрдакларни саралаб, ёшидан келиб чиққан ҳолда ажратиб олиш фоизи қуйидаги жадвалда келтирилган:

Ёши, ой

Ажратиб олиш, %

6–7

0,5

7–8

0,5

8–9

1,0

9–10

1,0

10–11

1,5

11–12

2,0

12–14

93,5

Пекин енгил вазн популяцияси она ўрдакларидан тухум олиш жараёнида 6 ой, оғир вазнлиларда 8 ой давом этади. Сўнгра улар ёш ўрдаклар билан алмаштирилади ёки мажбурий линькадан кейин яна тухум олиш мумкин. Мажбурий линька ва ота-она галасидан иккинчи циклда ҳам қайта фойдаланишнинг икки асосий кўриниши бор: биринчидан – мажбурий линькада ёш ўрдакларни ўстиришга сарф бўладиган озуқага нисбатан озуқа жуда кам сарфланади, иккинчидан – мажбурий линькадан кейин бир оз тухум сони камайишига қарамасдан, бир бошдан бир бош она ўрдак чиқади, шу билан бирга тухум сифати ошади ва тухумдан жўжа чиқиш фоизи ҳам юқори бўлади. Иккинчи тухум бериш циклига олдинги ўрдаклар бош сонидан 30–40 фоизи, яъни энг яхшилари қолдирилади.

Ота-она галасини парваришлаш

Тухум қўйиш даври бошлангандан кейин бир кунлик ёруғлик вақтини 14 соатгача узайтириш керак бўлади. Бунинг учун ҳар ҳафта 15–30 дақиқадан узайтириб борилади ва бир вақтнинг ўзида маҳсулдорликнинг кўтарилиб бориши кузатиб борилади. Агар маҳсулдорлик секин кўтарилса, унда бир кунлик ёруғлик вақти кўпроқ узайтириб борилади, ва аксинча, маҳсулдорлик тез кўтарилиб бораётган бўлса, бир кунлик ёруғлик вақти секинроқ узайтириб борилади.

Бинони жуда ёруғ қилиб юбориш ҳам тўғри келмайди. Тухум қўяётган ўрдаклар учун 1 м2 га 3–5 ватт ёруғлик етарли бўлади. Ёз пайтлари табиий ёруғлик 14–16 соатни ташкил этган пайтлари, қўшимча сунъий ёруғликдан фойдаланилмайди. Сунъий ёруғликдан фойдаланилганда эрталаб иш бошланмасдан олдин ёқилади. Ёриткичларнинг 10 см баландликда ва айланасига 40 см бўлган рефлекторлари бўлиши тавсия этилади. Кечалари ўрдаклар безовталаниб, бир-бирларини жароҳатламасликлари учун паррандахонада 1 м2 га 0,5 ватт ҳисобидан навбатчи ёритқичлар қолдирилади. Бундай ёруғликда ўрдаклар сув ичиши ва озуқа истеъмол қилиши мумкин.

Ўрдаклар тухумларини деворнинг ёнига қўйилган махсус уяларга қўядилар. Уялар ячейкалар кўринишида, энига 40 см, чуқурлиги 50 см ва баландлиги 25–30 см қилиб ясалади. Уя тагсиз бўлади ва олд томонидан тўшама ва тухум уядан чиқиб кетмаслиги учун 6–8 см баландликда тахта – тўсиқ қоқилади. Уяда тўшама йиғилиб, кўтарилган сари уя ҳам кўтариб қўйилади. Ҳар беш бош она ўрдаклар учун 1 та уя ҳисобидан қўйилади. Тажрибадан маълумки, ўрдаклар тухумларини нафақат уяда, балки хона тўшамасида ва сайр майдочасида ҳам қўяди. Шунинг учун куннинг иссиқ кунларида бир нечта уялар ўрдакларнинг сайр майдончасига ҳам қўйилади. Ифлосланиши натижасида тухумлар инкубацион сифатини йўқотмаслиги учун ҳар куни кечқурун уяларнинг ичидаги тўшама алмаштирилади. Тухум бериш даврида паррандаларни бир жойдан иккинчи жойга ҳайдаб ўтиш мумкин эмас, шу билан бирга парранда билан боғлиқ бўлмаган ишлар ҳам бажарилмайди. Барча технологик операциялар кун тартиби бўйича бир вақтда бажарилади.

Фермадаги тахминий кун тартиби

Бажариладиган иш

Ишнинг бошланиши

Ишнинг тугаши

Паррандани қабул қилиб олиш ва текшириб чиқиш, тухум териш

7-00

8-00

Озуқа тарқатиш, сув бериш, тозалаш, сайрга чиқариш

8-00

9-30

Озуқа тайёрлаш, тухумларни жойлаштириш

9-30

10-30

Танаффус

10-30

12-00

Озуқа тарқатиш ва сув бериш

12-00

13-00

Танаффус

13-00

16-30

Озуқа тарқатиш, сув бериш, сайр майдончасини тозалаш, янги тўшама солиш, паррандани кечки навбатчига топшириш

18-00

19-00

Парранда ҳар ой тарозида тортилади ва санаб чиқилади. Ўрдакнинг тухум қилаётганлигини билиш учун куннинг иккинчи ярмида уни пайпаслаб ушлаб кўриб текшириш зарур. Агар тухум борлиги сезилмаса ўрдак алоҳида ажратиб қўйилади ва 8 кундан кейин яна текшириб кўрилади.


Мускус ўрдаклари

Она ўрдаклар галаси май-июль ойларида чиқарилган ўрдак жўжаларидан жамланади. Мускус ўрдакларининг тухум бериш жараёни циклларга бўлинади: 5 ой тухум беради, 3 ой танафус қилади. Улардан 19–20 ойлик ёшигача тухум олишда фойдаланилади. Тухум бериш даврининг энг юқори чўққиси 8,5 ойликда бўлади. Галадаги урғочи ўрдаклар сони 50–75 бошдан оширилмайди. Ҳар бир эркак ўрдак учун 4 та урғочи ҳисобидан гала тузилади. Эркак ўрдакларнинг кечроқ етилишини (20 ҳафталикда) инобатга олиб, урғочиларидан ёши 1–1,5 ойга катта бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Урғочи ўрдаклар 196–200 кунлик ёшида, яъни эртароқ етилади.

Тухум териш

Урғочи ўрдаклар тухумини кечаси соат 2–3 ларда қўяди. Шунинг учун куннинг совуқ вақтларида тухум эрталаб бешлардан бошлаб ҳар соатда терилади. Тухум қўйиш жараёни соат 11–12 ларгача боради. Шу сабабли ўрдаклар бу вақтгача ташқарига, яъни сайр майдончасига чиқарилмайди. Териб олинган тухумлар қипиқ солинган қутиларга ёки тухум флейкаларига учлик томонини пастга қилиб тахлаб чиқилади ва нисбий намлиги 75–80%, ҳаво ҳарорати + 8–12оС хонада сақланади. Хона ҳарорати юқори ва нисбий намлик паст бўлса, бу тухумнинг тез “қариш”ига ва инкубация даврида тухумдан жўжа очиб чиқиш фоизининг тушиб кетишига ҳамда жўжалар ўлимининг кўпайишига сабаб бўлади. Бошқа ўрдак зотларидан фарқли ўлароқ, мускус ўрдаклари тухумни эрта саҳарда қўяди ва соат 15:00 га тугатади. Тухум қўйишнинг энг юқори даври соат 10:00 га тўғри келади.

Инкубацион тухумга бўлган талаб

Юқумли касалликлардан холи бўлган ўрдак галаларидан олинган тухумларни инкубация қилиш тавсия этилади. Инкубация учун ҳаво ҳарорати + 8–12оС, 8 кундан кўп сақланмаган тухумлар яроқли ҳисобланади. Ўрдак тухуми билан бошқа қушлар тухумларини бирга инкубация қилиш тавсия этилмайди. Қобиғи жароҳатланган, ёриқ пайдо бўлган, ҳажми кичкина ёки жуда катта ёки қобиқ шакли ўзгарган тухумлар инкубация учун қабул қилинмайди. Ўрдакларнинг енгил тирик вазн зотларининг инкубацион тухумлари вазни 70–90 г. ни ва оғир вазн зотларининг инкубацион тухум вазни 75–100 г. ни ташкил этади. Тухум овоскопда кўрилганда ичидаги ҳаво камерасининг баландлиги 30–35 мм. дан ошмаслиги керак. Тухумнинг сариғи лабораторияда текширилганда, 1 г сариғининг таркибидаги каротиноидлар – 15 мкг, витамин А – 6 мкг, витамин В2 – 6 мкг. ни ташкил этиши лозим. Инкубаторга қўйилган тухумларнинг 70 фоизидан жўжалар чиқиши лозим.

Ўрдакнинг тухумига товуқ тухумига нисбатан тез инфекция тушади ва тухумда патогенли инфекция тез кўпайиб кетади. Бунга тухумдаги оқсил моддасида бактерацид хусусиятларининг йўқлиги ва микробларнинг кўпайиши учун мутлоқ мақбул муҳит борлиги сабаб бўлади. Ўрдак тухумида ёғ катта миқдорда бўлади. Иссиқлик етарли даражада бўлганда тухумнинг қобиғи орқали кирган микроблар жадаллик билан кўпайишни бошлайди ва оқсил моддасини парчалайди. Натижада “тумак” (палағда) тухум пайдо бўлади. “Тумак” тухумни билиш осон, ундан сероводород, яъни қўланса ҳид келади ва қобиғининг ранги тўқ-кўкимтир бўлади. Овоскопда қаралганда тухумнинг ич қисми қорамтир бўлиб кўринади. Бундай тухумлар жўжа очириш учун ҳам, сақлаш учун ҳам ярамайди. Маълум вақт ўтгандан кейин тухумнинг ичида газ катта миқдорда кўпайиб, охири ёрилиб кетади, натижада ёнидаги қўшни тухумларни ҳам зарарлайди.

Табиий курк бўлиш

Пекин ўрдакларида, курк бўлиш инстинкти яхши ривожланмаган, шунинг учун улар курк бўлишга интилмайди. Мускус ва маҳаллий зотсиз ўрдакларда курк бўлиш инстинкти яхши ривожланган. Курк бўлишни бошлаган ўрдаклар уяда кўпроқ ўтиради, галадан четроқда юришга интилади, қуришга ҳаракат қилади, патларини юлиб, қурилиш материали ҳисобида инига сарфлайди ва тухумларини босиб ётиш учун қулай шароит яратади. Уларнинг курк бўлганлигини текшириб кўриш учун 3–4 кунга оддий тухум қўйиб кўрилади. Агар у инини ташлаб кетмаса, ҳақиқатда тухумни босиб ётса, унда кечқурун инига махсус сақланаётган инкубацион тухумлар қўйилади.

Тухумнинг ифлосланиб кетишига йўл қўйилмайди. Бунинг учун паррандахонада ҳамда уяда тўшама қуруқ ва тоза бўлиши керак, улар ўз вақтида тез-тез алмаштириб турилади. Курк бўлган ўрдакни тухум бостиришга тайёрлаётганда уни инининг ичига кўмилиб ётишини инобатга олиш керак бўлади. Бунинг учун ин кенг бўлиши ҳамда қуруқ сомон ёки хашакка тўлдирилиши лозим. Бундан ташқари ини тинч ва қоронғи жойда бўлишини таъминлаш зарур. Агар бир нечта ўрдак инларида ётса, улар ўзаро жой талашмасликлари учун инлар ўртасига тўсиқлар қўйилади. Тухумдан жўжа очириш учун ҳар бир курк бўлган ўрдаклар тагига, уларнинг йириклигидан келиб чиқиб, 17–21 донадан тухум қўйилади. Асосийси, курк бўлган ўрдак тухумнинг устини ўз танаси билан тўлиқ ёпиши шарт. Айрим паррандачилар курк бўлган мускус ўрдакларининг босиб чиққан тухумларидан 40–50 фоиздан ўрдак жўжалари очиб чиқишини таъкидлашади. Бу ерда мускус ўрдаклари тухумларининг яна бир хусусиятини инобатга олиш керак бўлади. Мускус ўрдакларининг тухумлари ташқи таъсир кучидан ва тухумнинг ичи қуриб қолишидан яхши ҳимояланган бўлиб, тухум қалин қобиқ ва тагидан маҳкам кутикула пардаси билан ўралган бўлади. Бу парда тухум ичида уруғланган ҳужайра нафас олиши учун керакли миқдорда кислород киришини қийинлаштиради ва ажралиб чиққан газлар тухумнинг ташқарисига тўлиқ чиқиб кета олмай маълум қисми йиғилиб қолади. Натижада тухум ичидаги уруғланган ҳужайра яхши ривожланмайди ва бўғилиб нобуд бўлиш ҳоллари учрайди.

Тухумлардан жўжаларнинг очиб чиқиш фоизи юқори бўлиши учун 10 – 15 кун хона ҳарорати +20оС да сақланган мускус ўрдакларининг эски тухумларидан фойдаланилади. Курк даврида ўрдак озиқланиши, сув ичиши ва сувда чўмилиши учун вақти-вақти билан босиб ётган тухумларини ташлаб кетади. Қайтиб келгандан кейин патларини силтаб, тухумларининг устини намлайди. Ҳар 1 – 1,5 соатда ўрдак оёқлари билан тухумини айлантириб туради. Бу билан тухумнинг пардасини шилиб юқалаштиради ва қобиғидаги тешикчалар тозаланади, натижада тухумнинг газ алмашинуви яхшиланади. Шароити яхшилангандан кейин тухумларнинг 70 – 80%идан жўжа очиб чиқади. Пекин ўрдакларининг жўжалари 28 кунда, мускус ўрдаклариники эса 34 – 35 кунда очиб чиқади. Курк бўлиб тухум устида ётган ўрдакларга ошқозон-ичак тизимининг бузилмаслиги учун озуқаларнинг нам қоришмаси берилмайди.

Ўрдак тухумларини бошқа паррандалар ҳам босиб, жўжа очиб чиқиши мумкин. Ўрдак тухумларини курк бўлган товуқнинг тагига 7 тадан 11 тагача, ғознинг тагига 13 тадан 17 тагача, курканинг тагига 17 тадан 19 тагача қўйиш мумкин. Курк бўлган парранда инкубацион тухумни 25 кун ва 8 соат босиб ўтиргандан кейин ичидан жўжа чўқишни бошлайди. Жўжалар тухумдан чиқишни 26,5-кунда бошлайди. Жўжаларнинг тухумдан оммавий чиқиши 27-куни бошланади ва 12 соатдан кейин тугайди.

Сунъий инкубация. Ўрдак тухумини инкубация қилишда ўрдак эмбрионига кўп миқдорда кислород бериш кераклиги ва бунда шамоллатиш тизими яхши бўлиши жуда мухимдир. Инкубациянинг иккинчи ярмида тухумдан катта миқдорда иссиқлик чиқишини инобатга олиб ва тухумнинг устидан қўшимча иссиқликни ҳайдаш учун интенсив шамоллатиб туриш керак бўлади. Ўрдак тухумини инкубация қилиш хусусиятларидан яна бири товуқ тухумига нисбатан унинг узоқ вақт инкубация қилинишидир. Шу сабабли инкубация вақтида тухум 2–3 марта ҳар хил жойдан саралаб олиниб, овоскопда тухумдаги эмбрионнинг биологик ривожланиши кузатилади.

Биринчи кузатиш инкубациянинг 8 кунида ўтказилади, иккинчиси 13-куни – аллантоисга ва учинчиси 25-куни очириш шкафига ўтказиш вақтида ўтказилади. Биринчи кузатувда уруғланган ҳужайранинг ҳақиқатда борлиги ва ўсиши аниқланади. Агар уруғланган ҳужайра ўлик бўлса, унда тухум қобиғининг тагида эгри-бугри қонли чизиқ ёки сеткача – “қонли халқа” кўринади. Агар тухумда уруғланган ҳужайра бўлмаса, унда тухумнинг ичи ўзгаришсиз қолади.

Иккинчи кузатувда яхши ривожланаётган уруғланган ҳужайрада қон томирлари кўриниб туради, у тўмтоқ томонидан учли томонига қараб чўзилган бўлади. Аллантоис тухум деворига ёпишиб, озуқа моддаларини ўзлаштиришни бошлайди. Охирги кузатувда эмбрионнинг умумий ўсиши аниқланади. Ёруғликни ўтказаётган тухум тўмтоқ томонидан ташқари, ҳаво камерасидан тортиб учли томонигача қорамтир рангда бўлиб, овоскопда ҳеч нарса кўринмайди. Эмбрионнинг тириклиги тўғрисида тухумнинг тўмтоқ томонидаги оқ ва қора майдончалар чегарасида жойлашган эгри-бугри чизиқ мавжудлиги далолат беради.

Инкубация параметрлари. Ўрдак тухумлари инкубациянинг бошларида товуқ тухумларига нисбатан секин исийди. Бундан ташқари улар темир моддасининг кўплиги ва сув миқдорининг камлиги билан ҳам ажралиб туради. Шунинг учун уруғланган ҳужайранинг меъёрда ривожланиши учун инкубатордаги тухумнинг ҳароратини товуқ тухумига нисбатан қисқа вақт ичида, яъни 2–3 соат ичида кўтариш керак бўлади. Бунга эса камеранинг ичидаги ҳароратни +38–38,5оС га кўтариш орқали эришилади. Инкубациянинг 20-кунидан бошлаб ўрдак эмбриони тухумнинг ёғ заҳираси билан озиқлана бошлайди ва тухумнинг ичида катта миқдорда иссиқлик пайдо бўлади. Мана шу даврда эмбрионни иссиқлаб қолишдан асраш керак бўлади, чунки тухумнинг ичидаги юқори ҳарорат эмбрионга салбий таъсир этади: тухумдаги оқсилни ва тухумнинг сариғини ўзлаштиришни пасайтиради ва яшовчанлигини мос равишда сусайтиради. Шунинг учун инкубатордаги тухумларни инкубациянинг иккинчи ярмида шамоллатишни кучайтириш ва тухумларни 30–34оС гача совутиш керак бўлади. Бу эмбрион модда алмашинувини янада жадаллаштириб, ўсиш суръатини оширади. Тухум устининг ҳароратини ўлчаганимизда 1–4-кунлари 37,5–38оС дан, 14–21-кунлари 38–38,5оС дан, 22–28-кунлари 38,5–39оС дан ошмаслиги керак. Тухумлар бир кунда камида 2 марта бир хил вақтда бир хил оралиқ ичида совутилади. Эмбрионли тухумлар устидаги ҳарорат 38,5оС бўлганда совутишни бошлайди. Агар тухумнинг ҳарорати паст бўлса камера ҳарорати совутилмайди. Камера ҳарорати совигандан кейин тез орада 10–30 дақиқа ичида камера ҳарорати тикланиши керак. Шамоллатиш вақтида электр иситкичлар ўчирилади, барабанлар горизонталь ҳолатга келтирилади, ҳаво ёпқичлари очилади ва эшиклар очилиб вентилляторлар ёқилади.

Мускус ўрдакларининг тухумларини инкубация қилиш

Мускус ўрдакларининг тухуми жуда зич ташқи парда билан қопланган бўлиб, қобиқни ишончли даражада қоплайди ва тухум сувини парланишидан сақлайди. Шу билан бир вақтда эмбрионнинг яхши ривожланиши учун зарур бўлган кислород билан таъминланишига ва ишлаб чиқарилган газларни тухум қобиғидан ташқарига чиқариб юборишига тўсқинлик қилади. Бу ҳолат албатта эмбрионнинг тўлиқ ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Мускус ўрдакларининг 10–15 кун 20оС дан паст ҳароратда сақланган эски тухумларидан кўп миқдорда жўжалар очириб чиқилганлиги кузатилган. Табиатда курк бўлган ўрдак тез-тез тухумларини қолдириб, озиқланиш ва сув қабул қилиш учун кетади. Қайтиб келгандан кейин тухумларининг устини патларини силкитиб ҳўллайди ва оёқлари панжалари билан ажратади, шу услуб билан тухумининг устидаги пардасини силлиқлаб, юқалаштиради. Натижада тухумини ичидаги эмбрион учун тухум қобиғининг тешикчаларидан ҳаво кириши ва газларнинг чиқиши осонлашади. Шунинг учун мускус ўрдакларининг тухумлари горизонтал ёки қийшайтирилган ҳолатда инкубация қилинади (эмбриони яхши ривожланиши учун). Тухумлар лотоклардан тушиб кетмаслиги учун улар темир сетка билан ёпилади.

Ўрдак жўжалари наслини баҳолаш

Боқиш учун оёғида тетик турадиган, суяклари маҳкам ва яхши ривожланган, бир текис силлиқ пигментацияли, патлари яхши ўсган, ўзаро ёпишмаган ҳамда тухум қобиғига ҳам ёпишмаган ўрдак жўжалари саралаб олинади. Уларнинг юмшоқ тортилган қорни, ичида озгина кўринадиган тухум сариғи, қонсиз, қуруқ киндиги, аналь тешиги тоза ва қуруқ, атрофидаги патлари қуруқ ва тоза бўлиши керак. Кўзлари бўртиб турган, ялтироқ, тетик, қанотлари танасига тортилган ва ёпишиб туриши керак. Кам харакат, шалпайган, қорни осилиб турган, тумшуғи чала очиқ, қанотлари осилган ўрдак жўжалари боқишга саралаб олинмайди. Ўрдак жўжаларини яхши, бир текис боқишда, уларнинг бир хил вазнда бўлиши катта аҳамиятга эга. Пекин ўрдаклари жўжалари ўртача 50–60 г. тирик вазнга эга бўлишади.

Ўрдакларни парваришлаш

Ўрдаклар сув ҳавзаси бор ёки сув ҳавзаси йўқ, сайр майдончаси тўсилган ёки тўсилмаган жойларда боқилади. Сув ҳавзаси йўқ жойларда ўрдакларни тўхтовсиз сув билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ўрдакларни саноат услубида боқишда сув ҳавзасисиз чегараланган сайр майдончаларидан фойдаланилади.

Наслли ўрдаклар сув ҳавзасига эга, сайр майдончаси бор шароитларда боқилади. Ўрдакларни сувли, сайр майдонлари бор ерларда баҳор, ёз, куз мавсумлари куну тун очиқда ушлаш мумкин. Ушбу шароитда ўрдаклар кечасига қолиши учун қирғоқда тўсилган ёки тўсилмаган сайр майдонлари бўлиши керак. Қиш совуқ келмайдиган жойларда ўрдакларни йил давомида очиқ жойда усти ёпиқ бостирмаларда ушлаш мумкин. Қиш мавсумида уларнинг тагига сомонли тўшама қалин қилиб солинади. Наслли хўжаликларда насл олиш мавсумида ўрдаклар алоҳида гуруҳларга бўлиб боқилади, чуқурлаштирилган селекция ишларида уяларда 5–8та урғочи ва 1 та эркаги ҳисобидан боқилади.

Паррандахона

Паррандахона биноси деворлари сувалган ва оқланган бўлиши керак. Агар девор қамишдан ясалган бўлса, сомон қўшилган лой билан сувалади ва оқланади. Хона қишда иссиқликни яхши сақлаши, ёзда эса салқин бўлиши керак. Пахсадан ва сомонли лойдан ясалган ўрдакхоналар энг арзон бўлиб, иссиқликни яхши сақлайди. Паррандахоналар поли жуда маҳкам, кемирувчилар кира олмайдиган ҳамда ердан 20–25 см юқори қилиб қурилади.

Тўшама. Қиш мавсумида ўрдаклар қалин (25–30 см) ва қуруқ алмаштирилмайдиган тўшамада (сомон, қипиқ, торф, похол ва бошқалар) боқилади. Тўшамалар ёзда тайёрланиб, қуруқ жойда сақланади (сарой, чердак). Бир бош ўрдакка йиллик тўшаманинг сарфи 12 кг. ни ташкил этади. Қалин тўшамани қўллаш парранда боқиш учун қиммат бўлмаган қурилмалардан фойдаланиш имконини беради. Бу биноларда ёғочдан пол ясаш шарт эмас, поли ердан ёки лойдан ясалган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳарорат режими. Хона ҳарорати ҳам ёруғликка ўхшаб тухум маҳсулдорлигига катта таъсир ўтказади. Ўрдаклар товуқларга нисбатан совуққа чидамли бўлади, йилнинг совуқ мавсумида хонадаги ҳарорат +5оС дан тушмаслиги керак. Хона ҳарорати тушиб кетса тухум маҳсулдорлиги пасаяди ёки тўхтайди, натижада озиқа сарфи кўпаяди. Зах ва ифлос хонада ўрдаклар совуққа чидамсиз бўлади. Патлари ҳурпайган, ҳўл бўлади. Ўрдаклар ётоқхонаси қуруқ, ёруғ ва яхши шамоллатиладиган бўлиши керак.

Ёруғлик. Ўрдаклар юқори ва сифатли маҳсулот беришлари учун ёруғлик катта аҳамиятга эга. Қуёш нурлари таъсирида қонда эритроцитлар миқдори, гемоглабин ҳажми кўпаяди, организмда «D» витамини ҳосил бўлади. Ёруғлиги кам бинодаги ўрдакларга нисбатан ёруғлиги етарли даражада бўлган бинодаги ўрдаклар маҳсулдорлиги юқори бўлади. Ёруғлик ўрдакнинг ички органларига ижобий таъсир этиб фаоллаштиради, айниқса унинг парранда тухумдонига фойдаси катта бўлгани кузатилади. Қишда ёруғлик 7–8 соатни ташкил этадиган вақтда ўрдаклар тухум қўйишни тўхтатишади. Бу даврда ёруғликни сунъий равишда кўпайтириш мумкин. Умумий ёруғлик бир кунда 13–14 соатни ташкил этиши лозим. Қўшимча ёруғликни эрталаб ва кечқурун бериш керак, ёки фақат кечқурун ёқиш тавсия этилади. Полнинг 1 м2 жойига ойнанинг ками билан 100 см2 тўғри келиши керак. Ўрдакхона полининг 1 м2 майдонига 5 Вт ҳисобидан электр ёриткичлар қўйилади. Электр ёриткичлар 1,7–1,8 м баландликда ўрнатилади.

Озуқа ва сув бериш фронтлари. Омухта ем берилганда озуқа фронти 3 см. ни, нам озуқа берилганда 10 см. ни ташкил этади. Хаки-Кембелл кросси учун озуқа фронти 10 фоизга кўпайтирилади. Сув бериш фронти ҳар бир бош учун 3 см. ни ташкил этади.

Инвентарь ва ускуналар. Емдонлар қалинлиги 2–2,5 см. даги тахтачалардан тайёрланади. Парранда емдоннинг устига чиқмаслиги, емни тепкиламаслиги учун унинг устига планка – тайёқча ўрнатилади. Минералли емлар учун емдон қуйидагиларга бўлинади: тош учун, озуқабоп оҳак учун, чиғаноқ учун ва бошқалар учун.

Сувдонлар. Ўрдакларга узунчоқ ёғоч тоғораларда сув бериш мумкин. Сувдонлар тагига металл лист ётқизилади ёки оёқларга ўрнатилади. Қишда сув музлаб қолишининг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун сувни иситишнинг энг оддий ва қулай услуби – сувни сувдон орқали оқизишдир. Сув сақланадиган бочка – резервуардан ёки водопроводдан керакли ҳароратда бўлган сув сувдондан оқиб ўтиб туради. Оқова сув сувдон орқали паррандахона ёнида ўралган сув йиғиш чуқурига тушади.

Уялар. Ўрдаклар тухум қўйиши учун уялар тахтадан, фанердан ясалади. Ўрдаклар ўзларини хотиржам ҳис қилишлари учун уялар хонанинг тинч ва қоронғироқ жойига жойлаштирилади, лекин улар кузатув учун, тухумни териш ва уяни тозалаш учун қулай бўлиши лозим. Уя ҳажми 40×50 ва баландлиги 50 см бўлади. Кириш қисми 8–10 см бўлади. Ҳар 3 бош ўрдакка 1 та уя ҳисобидан қўйилади. Уяларни ўрнатиш учун энг қулай жой девор таги ҳисобланади. Ўрдакларнинг хонадан чиқиши учун жануб ёки жануби-шарқ томондан эни 40 см, баландлиги 30–40 см қилиб, полдан 5–8 см баландликда туйнук очилади. Ташқари томондан паррандахона иссиқ бўлиши ва шамолдан сақлаш учун кичкина тамбур қурилади. Агар хонада қалин тўшама солинган бўлса, туйнук 20–40 см баландликда қурилади. Сайр майдончалари металл сеткалар, тахта рейкалар, балиқчилик сеткалари, дарахт ва катта ўтлар шохлари билан тўсилади. Тўсиқ баландлиги ердан 1 метр, сувдан 0,5 метр ва сув тагида сув тагига шўнғиб ўтиб кетмаслиги учун 0,7 метр қилиб ўрнатилади. Ёзда ўрдакларни қуёш нуридан сақлаш учун айвонлар қурилади, буталар ёки мевали дарахтлар ўтказилади. Қиш мавсумида ҳам ўрдакларни қордан тозаланган ва тагига сомон ёки похол тўшама солинган сайр майдончаларига чиқариш фойдали ҳисобланади. Ташқарида ҳарорат -10оС дан паст бўлганда ёки кучли шамол турганда ўрдаклар бинодан чиқарилмайди. Ўракларни сайрга мажбурий ҳайдаш мумкин эмас. Қишда об-ҳаво яхши кунлари ўрдаклар куни билан сайр майдончасида юриши ва у ерда сув ҳамда озуқа истеъмол қилиши мумкин.

Сув ҳавзаси. Сайр вақтида сув ҳавзасидан фойдаланадиган ўрдакларнинг ёғ ишлаб чиқувчи безлари яхши ривожланган бўлади. Улар патларини ёғ билан мойлаб туради, натижада патлари эгилувчан, маҳкам, сувда ҳўлланмайдиган ва совуқ ҳавода совуб кетишдан сақлайди, иссиқ кунлари эса қизиб кетишдан сақлайди. Ўрдаклар сув ҳавзаларида боқилганда 20% га озуқа кам сарфланади. Лекин ўрдаклар стандарт вазнларига етади. Бу сув ҳавзасидаги сув ўтлари, қурбақа, қиқичбақа ва ҳар хил сув ҳашоратлари билан қўшимча озиқланиши натижасидир. Ўрдаклар сувнинг 1 метр тагидаги озуқаларни ҳам шўнғиб ейиши мумкин.

Ўрдакхоналар сувдан 100 метр узоқликда қурилади. Боқилаётган 500 бош ўрдак учун қирғоқнинг узунлиги 100 метрдан кам бўлмаслиги, қирғоқнинг қиялиги 30о дан ошмаслиги керак. Бир бош ўрдакка 25–30 м2 сув сатҳи ажратилади. Хўжалик яқинида сув ҳавзаси бўлса, ўрдакларга қишда ҳам чўмилишга имкон яратиб бериш керак. Сувнинг паст ҳароратидан, ўрдакларнинг тана ҳарорати тушиб кетишидан иссиқ ёғ қатлами асрайди. 1 литр денгиз сувида туз миқдори 10 г. дан кўп бўлса, унда ўрдаклар сув ичиши учун қирғоқда сувдонларга чучук сув қўйилади. Денгиз сувларида ҳам ҳилма хил сув ўтлари, майда ҳайвонлар (қисқичбақасимонлар, шиллиқ қуртлар ва бошқа ҳашоратлар) мавжуд. Ўрдакларни шолипояда боқиш жуда фойдали ҳисобланади, чунки улар ёввойи ўтлар уруғининг 98 фоизини йўқ қилади ва ерни гўнглайди, устки қисмини юмшатади, аэрациясини яхшилайди. Бир ўрдакка озуқа сарфи 3,5–4 баробарга камаяди. Ўрдаклар шолини вегетация қилиш даврида (гуллагунча) 1 га ер майдонига 20 бош миқдорида қўйиб юборилади.

Паррандани парваришлаш. Ўрдаклар боқилаётган хона ҳар куни тозаланади, елвизак ҳосил этмасдан дарчалар, эшиклар очилиб шамоллатилади. Хона ҳароратини қисқа вақтга бўлсада -5оС га тушишига йўл қўймаслик керак. Қишда ўрдакларни ташқарига чиқариш туйнуги фақат ташқарига чиқараётганда очилади, бошқа вақт ёпиқ туради. Ўрдаклар кечаси ва эрталаб тухум қилади, ташқарида тухум қилиб қўймаслиги учун улар соат 10 ларгача ташқарига чиқарилмайди. Ўрдак ҳуркак парранда бўлгани учун боқувчи эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади ва шовқин солмасдан иш бажаради. Ўрдаклар қаттиқ чўчиб кетганда, тухум беришни тўхтатиб қўйиши мумкин. Айрим хўжаликларда ўрдаклар тинчланиши учун ёруғлик хира қилиб ёқиб қўйилади.

Линька. Парранда танасидаги пат қопламасининг алмашишини линька дейилади. Патлар эскириб, учлари ейилиб, ранги намликдан, қуруқдан ва қуёш нуридан куйиб, ўз сифатини йўқата бошлайди ва парранданинг учиш қобулиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун паррандаларнинг эски патлари тўкилиб, ўрнига янги ва сифатли патлари ўсиб чиқади. Линька ювеналь (ёш паррандада) ва мавсумли бўлади. Ювеналь линька турли паррандада турлича ёшда бўлади. Товуқ жўжаларида 30–45 кунлигида бошланади ва олти ойлигида тугайди. Сувда сузувчи паррандаларда кечроқ, 60–70 кунлигида бошланади, лекин тезроқ, 2–3 ойдан кейин тугайди. Катта ёшдаги паррандаларда линька парранда ёшига боғлиқ эмас, у йил мавсумига боғлиқ бўлиб, одатда, ёз ёки кузда ўтади.

Мажбурий линька. Мажбурий линькани ўтказиш технологияси Украина паррандачилик илмий текшириш институтида ишлаб чиқилган. Ўрдаклар тухум бериши 25 – 30% га тушиб қолганда урғочилари эркакларидан ажратиб олинади.

Урғочи ўрдаклар дастлаб 5-кун, кейин 7, 9-кунлари озуқасиз очликда ушланади ва 1, 2-кунлари сувсиз ушланади, 6, 8 ва 10-кунлари ҳар бир бошга 55 г. дан омухта ем, 50 г. дан гречка қолдиғи ва 75 г. дан озуқабоп лавлаги берилади. 11-кундан 25-кунгача 180 г. дан омухта ем берилади, 26-кундан меъёрий рационга ўтилади. Куннинг ёруғлик вақти аста-секинлик билан камайтирилиб, 16-кунида 8 соатгача олиб борилади, ундан кейин ҳар куни ўзининг олдинги ёруғлик вақтигача 20 дақиқадан қўшиб борилади.

Ташиш. Ўрдак жўжаларини ташишда улар ичи тўрт секцияга бўлинган, 60×60×20 см ҳажмдаги картон ёки фанер қутилардан фойдаланилади, ҳар бир секциясига 20 бошдан солинади. Қутилар ён томонининг тепа қисмларида 20 мм катталикда шамоллатиш тешикчалари бўлиши керак. Қутилар тепасидан қопқоғи билан ёпилади. Қутининг тагига қипиқ солинади.

Йилнинг совуқ кунлари ўрдак жўжалари шамоллаб қолишининг олдини олиш мақсадида иситиладиган автомобилларда ташилади. Шамоллаган ўрдак жўжалари ўсиш ва ривожланишда ортда қолади. Ёз пайтлари ўрдак жўжалари қизиб кетмаслиги ва бўғилиб нобуд бўлмасликлари учун яхшиси эрта саҳарда ташиш мақсадга мувофиқдир.

Мускус ўрдакларини парваришлашдаги фарқлари. Мускус ўрдакларини парваришлаш ва боқиш учун иссиқ хоналар керак. Ўрдак жўжаларини парваришлаш учун биринчи ҳафтасида хона ҳарорати 32оС, катта ўрдаклар учун 16оС лозим бўлади. Мускус ўрдаклари паст ҳароратга чидамсиз бўлади. Ҳароратнинг +5оС га тушиши маҳсулдорликни 15–20 фоизга тушириб юборади.

Ёш ўрдакчалар ҳам шундай, ҳароратнинг пасайиши уларнинг ҳам ўсиш ва ривожланишига салбий таъсир қилади. Мускус ўрдаклари учун елвизак катта хавф туғдиради, айниқса 3–4 кунлигида бу тез таъсир қилади. Шунинг учун мускус ўрдакларини боқишда ҳароратнинг тушишига ва елвизак пайдо бўлишига йўл қўйиб бўлмайди. Мускус ўрдаклари сувда сузувчи паррандалар туркумига кирса ҳам захга чидамлик эмас. Ҳавонинг нисбий намлиги 60–70% бўлиши керак.

Нисбий намликни бир хил ушлаш учун қиш даврида хонани иситиш, ёз даврида полга сув сепиш, ҳавога пуркаш ёки ҳўлланган бўз материали осиб қўйиш лозим бўлади. Ўрдакларни хонада жойлаштириш зичлигига риоя қилиш катта аҳамиятга эга: ёши 2–3 ҳафталикда 1 м2 майдонга 20 бошдан, 3 ҳафталикдан бошлаб эркалари 6 бошдан, урғочилари 8 бошдан жойлаштирилади. Сеткали полда боқилганда 1 м2 ерга 12 бош ушланади. Ўрдаклар доимий яшаш жойига тухум қўйишни бошламасдан 4–5 ҳафта олдин ўтказилади.

Ўрдакларнинг ота-она галалари сайр майдончалари бор иссиқ хоналарда боқилади. Паррандахонанинг бир қисмини 24×24 мм ёки 24×30 мм ҳажмдаги сеткали пол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Сеткали пол паррандахонанинг узунасига, гўнг йиғиш қутисининг устига ўрнатилади. Емдонлар тўшама устига, сувдонлар сеткали пол устига ораси 3 метр қилиб ўрнатилади.

Ўрдакларни озиқлантириш

Ўрдакларни озиқлантиришда уларнинг бошқа паррандалардан айрим фарқларини ҳисобга олиш керак бўлади. Ўрдакларнинг тана ҳарорати +42оС, озуқани ҳазм қилиш ва модда алмашинуви юқори бўлади. Юқори маҳсулдорликда (бир циклда 120 дона тухум бериш) ва тухумининг ўртача оғирлиги 75–90 г бўлганда организмдан катта миқдорда озуқа моддалари сарфланади, уларнинг ўрнини ўз вақтида тўлдириш керак бўлади. Ота-она галаларининг асосий кўрсаткичларидан бири унинг тухумга киришдаги вазни билан кейинги вазни бир маромда бўлиши ҳисобланади. Барча паррандалар ичида ўрдаклар донли ёки гранулланган озуқага кўпроқ эҳтиёж сезади. Клетчаткага бой бўлган озуқалар ва ҳажми ихчам бўлмаган – беда уни, йирик майдаланган донлар қоришмалари ўрдакларга аввалдан меъёрида намлантириб берилади. Шунинг учун ўрдакларга гранулланган озуқаларни автоемдонларда бериш қулайдир. Ўрдаклар сувли ёки нордон кўкатларни хуш кўриб ейди. Уларга асосан янги узилган беда берилади. Олдин юлинган, суви қочган ўтларни клетчаткалари кўп бўлади ва таъми тахир бўлгани учун парранда уларни хушламай истеъмол қилади. Ўрдакларга кўкатлар 15–20 мм узунликда кесиб берилади. Кўкатлардан ташқари димланган ёки майдаланган хом картошка, озуқабоп сабзи, лавлаги ва силосларни ҳам хуш кўриб ейди. Донли озуқаларни жуда хуш кўриб истеъмол қилади. Улар олдиндан 10–12 соатга намлаб қўйилади ёки ўстириб берилади.

Рационлар

Ўрдаклар қуруқ ем билан боқилганда доимо маҳсулдорлик юқори бўлиши учун тўйимли озуқа чекланмаган холда берилади. Озуқа таркибида юқори оқсил: кунжара, шрот, нўхат, балиқ ва гўшт-суяк унлари ва бошқа моддалар мавжуд. Ўрдаклар учун юқори сифатли беда ёки кўк ўт уни рацион таркибидаги мажбурий компонентларнинг бири ҳисобланади. Ўрдак ва ёш ўрдакчаларни озиқлантиришда, емларнинг сочилиб кетишининг олдини олиш мақсадида гранулланган емлар билан боқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ем ерга ташлаб берилганда намлаб берилади. Унли қуруқ емлар ва йирик майдаланган унлар ўрдакларнинг оғзига ёпишиб, ютуми қийин бўлади ва тумшуғидан маълум қисми тўкилиб кетади. Озуқани жуда кўп ҳўллаб ҳам бўлмайди, тумшуғига ва тилига ёпишиб қолади. Ўрдакларни енгил вазн кросслари учун бир кунлик озуқага бўлган талаб 240 г. ни, оғир вазн кросслари учун 270 г. ни ташкил этади.

Фермер хўжаликларида ўрдакларнинг бир марталик ота-она галалари ташкил этилганда аралаш усулда боқилади. Маҳсулдорлик йўқ даврда рационнинг 45 фоизини дон, 55 фоизини нам қоришма ташкил этади. Парранда бир кунда уч махал озиқлантирилади: эрталаб ва тушда намланган озуқа, кечқурун донли қоришма берилади. Тухум бериш мавсумига 1 ой қолганда, наслли ўрдаклар рационига ўтказилади. Рацион таркибига қўшилаётган беда ёки кўк ўт уни, озуқабоп карамларга алоҳида аҳамият берилади. Доимо тоза ичимлик суви бўлиши алоҳида эътиборда бўлади. Бир бош ўрдакка бир кунда 1,65 литр сув керак бўлади.

Ўрдакларни қандай озиқлантирса бўлади?

Ўрдаклар аралаш услубда озиқлантирилади. Рацион таркибига: кўк озуқалар, ҳар хил илдизмевалилар, қуруқ ва намланган дон қоришмалари, келиб чиқиши ҳайвонларга оид озуқалар, ошхона чиқиндилари ва минералли қўшимчалар. Ўрдаклар учун асосий озуқа бу – донлилар: арпа, сулу, маккажўхори, буғдой, мош, тариқ ва бошқа донлар чиқиндилари. Арпани катта ўрдакка ва ёш ўрдакка ҳам бериш мумкин. У ўрдаклар танасини қопловчи патларнинг ўсиши ва танани зич қоплашини таъминлайди. Кунлик рацион таркибидаги донларнинг 30–40 фоизини ташкил этади. Рационга патларнинг ўсишини таъминлаш ва каннибализм касаллигининг олдини олиш учун 20% гача сули дони қўшилади, буғдой донларини катта ёшдаги ўрдаклар рационига дон қоришмаларини 35% миқдорида қўшиш мумкин.

Агар ўрдаклар сув ҳавзасида боқилса, улар ўзларига ҳамма керакли озуқа моддаларини етарли миқдорда оладилар, шунинг учун кунлик рацион таркибидаги донли концентратларни 30–50 фоизгача қисқартириш мумкин. Жавдар чиқиндилари тўйимлилиги бўйича буғдойга тенглаштирилади. Лекин ўрдакларга 6–10% миқдорида йиғиштириб олинган ҳосил 3 ойдан кейин берилади, чунки жавдарнинг янги олинган ҳосили ўрдакларнинг ичини суради. Ўрдаклар лавлаги, шолғом, қовоқ, картошкаларни иштаҳа билан истеъмол қилади. Оқсилга бўлган талабни ўрнини балиқ, сут обрати ва пахтаси ҳамда бошқа оқсилга бой озуқалар билан тўлдириш мумкин.

Ўрдакларни тухум қўйиш мавсумига тайёрлаш вақтида озиқлантириш. Сифатли ва керакли миқдорда инкубацион тухум олиш, озуқалар сифатини яхшилаш, эркак ва урғочи ўрдаклар жинсий фаоллигини кучайтириш учун рационни витаминли ва минералли қўшимчалар билан бойитиш керак бўлади. Тухум қўйиш мавсумининг бошланишига 14 кун қолганда рацион таркибига ўстирилган дон, кўк ўтлар, гидропоникада ўстирилган кўкатлар ва бошқа витаминли қўшимчалар қўшилади. Ўрдаклар етарли даражада озуқа истеъмол қилмаса, улар озишни бошлашади ва тухум беришдан тўхташади. Ўрдакларнинг тирик вазни ойига 3 фоиздан кўп камайиши мумкин эмас.

Озуқа тури

Озуқа миқдори, кунлик 1 бошга г. да

қишда

ёзда

Дон уни (турли донлар)

120

130

Буғдой кепаги

30

30

Беда уни

20


Дуккаклилар уни

15

15

Кўк озуқа

100


Ўстирилган дон

16


Қайнатилган картошка

50


Сабзи

25


Суяк уни

10

10

Пластин, Роборан

Инструкция бўйича


Майда тош, ариқ қуми

Эркин берилади


Она ўрдакларни озиқлантириш

Ўрдаклар учун кунлик рацион (1 бошга г. да)

Озуқа тури

Бир ойда берадиган тухум сони (дона)

0-3

12

15

18

21

Дон аралашмаси

50

60

75

80

87

Маккажўхори, арпа уни

100

100

100

100

100

Кунжара, шрот

2,4

9,4

12

13,5

16,2

Гўшт ёки балиқ чиқиндилари

1,6

6,4

7,8

9,4

1,5

Беда уни

40

40

40

40

40

Қайнатилган картошка

60

40

40

40

40

Сабзи, янги узилган кўк ўтлар

90

110

110

110

110

Суяк уни

1,1

1,4

1,5

1,5

1,7

Чиғаноқ, бор

5,8

8,4

9,2

10

10,9

Ош тузи

1,1

1,4

1,5

1,5

1,7

Жами

352

377

397

406

417

Она ўрдаклар рационига беда уни, сабзи, силос, нон хамиртуришлари қўшилади. Чиғаноқ, озуқабоп оҳак (известняк), суяк уни озуқага энг яхши минерал қўшимчалар ҳисобланади. Бир кунлик ичимлик сувига бўлган талаб 650–750 мл. ни ташкил этади. Ўрдаклар клетчаткани бошқа паррандаларга нисбатан яхши ҳазм қилади, лекин озуқа таркибидаги клетчатка миқдори 7 фоиздан кўп бўлиши мумкин эмас.

Ўрдаклар қишда иссиқ намланган ем билан боқилади, лекин унинг музлаб қолишига йўл қўйилмайди. Бир кунда 3 маҳал озуқа берилади, тухум бериш мавсуми бошланишида 4 марта озуқа берилади.

Ўрдаклар арпани яхши истеъмол қилмайди. Шунинг учун арпа иссиқ сувда 10–20 соатга ивитиб қўйилади ва суви билан ўрдакларга берилади. Ўрдаклар шишиб қолган арпани иштаҳа билан сувнинг ичида тутиб ейди.

Ўрдакларга бериладиган рацион қуруқ моддасининг 70–80 фоизини донлар, дон чиқиндилари, унли озуқалар, 3–5 фоизини оқсилга бой бўлган ўсимликлар, 2–5 фоизини келиб чиқиши ҳайвонларга оид озуқалар, 5–10 фоизини кўк ўтлар, қовоқ, илдизмевалилар ва 2–4 фоизини минерал қўшимчалар ташкил этади.

Ўрдак жўжаларини гўштга семиртириш

Йил давомида ўрдакларни гўштга семиртириш. Дастлабки икки кун ўрдак жўжалари озуқанинг ҳаммасини истеъмол қилаётганлиги тўғрисида кузатув олиб бориш керак. Озиқага яқин келмаётган ўрдак жўжалари қўлда пипетка ёрдамида мажбурий равишда сутга аралаштирилган тухумнинг сариғи билан озиқлантирилади ва сувга тумшуғини тиқиб сув ичирилади. Кейинги озуқа беришда бу ўрдак жўжалари одатда ўзлари озиқланишади.

Ўрдак жўжаларига биринчи кунлари озуқасига ёғи олинган сут ёки қатиқ қориштириб бериш жуда фойдали ҳисобланади. Ёпишувчи, суюқ ва хамирсифат озуқалар яроқсиз ҳисобланади. Бу озуқалар ўрдак жўжаларининг тумшуғи, нафас олиш бурун тешиги, парларинига ёпишиб, уларнинг ҳолсизланиб қолишига олиб келади. Сувдонларда тоза ичимлик суви ҳар доим бўлиши зарур.

Минерал озуқалар – майдаланган чиғаноқ, майда тошлар, ариқ қуми ҳар доим очиқ емдонларда бўлиши керак.

Айрим томорқаларда ўрдакларни гўштга семиртиришда қуйидаги жадвалда кўрсатилган қуруқ озуқа аралашмаси билан боқиш тавсия этилади. Озуқа витамин, микроэлементлар ва антибиотиклар билан бойитилган. Ўрдаклар яхшилаб парваришланса, биринчи ўн кунликда жўжаларнинг тирик вазни 220–240 г. га, 55 кунлик бўлганда 2 кг ва ундак ортиқ бўлиши мумкин.

Кунлик рацион рецептининг I варианти бўйича таркиби,

1 бошга г. да

Озуқа тури

Ўрдак жўжалари ёши, кун

1–10

11–30

31–50

Дон аралашмаси

-

15

50

Буғдой

5

30

20

Маккажўхори

8

40

70

Тариқ

3

8

19

Қайнатилган тухум

10

-

-

Қуруқ сут

2

-

-

Балиқ ёғи

0,3

1

-

Суяк уни

0,5

2

2

Гўшт-суяк уни

1

6

5

Балиқ уни

1

9

12

Чиғаноқ

-

1

5

Кунгабоқар шрот

-

6

12

Гидролиз хамиртуриши

-

4

6

Беда уни

-

6

15

Мис

-

1,5

3

Ош тузи

-

0,5

1

Жами

30,8

130

220

Бошқа хўжаликларда ўрдак жўжаларини гўштга семиртиришда дастлаб уларга 3 кун яхшилаб қайнатиб пиширилган тухум берилади, 2-кундан бошлаб омухта ем ва ёғи олинган творог берилади. Ширали озуқалар 16-кундан бошлаб берилади: қишда – силос ва сабзи ёки дуккаклилар дони, ёзда – қичитқининг кўк массаси, вика, сулу билан нўхат, озуқабоп карамлар берилади. Эрта баҳорда ёши 6 кунлигидан балиқ ёғи, А ва D витамин концентратлари берилади (II вариант бўйича).

Кунлик рацион рецептининг II варианти бўйича таркиби,

1 бошга г. да

Озуқа тури

Ўрдак жўжалари ёши, кун

1–10

11–20

21–30

Омухта ем

25

70

110

Кўк масса (ёзда)

15

60

90

Силос (қишда)

-

10

20

Озиқ-овқат чиқиндилари

-

15

40

Игна барглилар (Хвой)

0,3

1

2

Қайнатилган майдаланган картошка

-

10

15

Обрат

5

10

-

Творог

3

-

-

Тухум (пиширилган)

3

-

-

Ряска

10

15

5

Гўшт-суяк уни ёки балиқ уни

0,5

1,5

3

Гидролиз хамиртуриши

0,2

0,5

0,8

Қуруқ қичитқи (қишда)

0,5

1

3

Чиғаноқ

0,5

1,5

3

Гравий (йирик қум)

-

0,5

1

Бор

0,1

0,3

0,5

Антибиотиклар

Ветврач кўрсатмаси бўйича

Рационда мавжуд:

Озуқа бирлиги

31

82

134

Ўзлаштириладиган оқсил

4,6

13

19

Ёш ўрдакни семиртириш даврининг охирига тирик вазни, г

200

500

800

Ўрдакларни сайр майдонида гўштга семиртириш. Ўрдакларни ёз мавсумида гўштга боқишни сайр майдончасида ташкиллаштириш мумкин. Бунинг учун сайр майдончасида ўрдаклар учун шийпонлар қуриш керак бўлади ва улар тоза ичимлик суви билан доимий равишда таъминланиши шарт. Сув танқис бўлган пайтда ўрдаклар иштаҳаси йўқолади ва тирик вазнда кутилган оғирликни бермайди.

Яна бир асосий омиллардан бири ўрдакларни қуёшдан сақлаш. Сайр майдонида ўрдаклар сувда чўмилиб танасини совутиш имконига эга эмас. Ўрдакларнинг қуёш нури иссиғида нафас олиши оғирлашади шунинг учун улар чанқоғини қондириш ҳамда соя-салқин жойга муҳтожлик сезади. Бундай пайтда шунинг учун сайр майдонида соя берувчи мослама: яшил буталар ёки сомонли, қамишли матлардан фойдаланилади. Сайр майдонининг тозалигига айниқса ёмғирли даврларда катта аҳамият бериш керак бўлади, бўлмаса паррандани сўйиш вақтида кўкрак патлари қатқалоқ бўлиб қолади.

Ўрдакларни томорқада боқишнинг ўзига хос хусусиятлари. Ўрдакларни томорқада боқишнинг фарқи шундан иборатки, рацион таркиби асосан кўкатлар ва томорқа чиқиндиларидан иборат бўлади. Ёш кўк беда, қичитқи, нўхат ўсимликлари ўрдаклар учун жуда ҳам яхши ва тўйимли озуқа ҳисобланади. Ўрдаклар карам барги, лавлаги ўзаги, сабзи ва томорқадаги ёввойи ўтларни хуш кўриб истеъмол қилади. Куз фаслида ҳосилни йиғиштириш вақтида кондиционсиз картошка, карам, топинамбур ва бошқалар ўрдакларга озуқа сифатида ишлатилади. Улар ҳар бир бошга 150–200 г дан берилади. Бундан ташқари ошхона чиқиндилари ҳам яхши озуқа ҳисобланади.

Сувда ўсувчи ўтлар ва сув жониворлари ўрдакларнинг энг севимли таоми ҳисобланади. Ўрдаклар рационига сув ўтларидан ҳар куни ҳар бир бошга 400–500 г. дан қўшиш мумкин. Озуқа концентратини нам ҳолда томорқа ва ошхона чиқиндилари, сут сиворткаси, гўшт ва балиқ чиқиндилари ва бошқалар билан бирга қоришма қилиб бериш тавсия этилади. Насл олиш мавсумига рацион таркиби кучайтирилади: кунжара, шрот, донлар берилади, дони ўстирилиб, хамиртуруш дон-гўштли қоришмада ачитиб берилади. Ем қоришмалари билан боқилганда емдонлар тўлдириб юборилмайди. Уларнинг сарфини камайтириш учун емдонлар 1/3 ҳажмида тўлдирилади.

Ўрдакларда учрайдиган касалликлар

Касал ўрдакларни озиқлантириш вақтида ҳар доим аниқлаш мумкин. Улар, одатдагидек, емдонга яқинлашмайди, галадан ажралиб бир чеккада ётишади. Энг асосийси касал ўрдакларни ўз вақтида аниқлаб, галадан ажратиш керак бўлади.

Бир бирини чўқиш синдроми (расклёв)

Ўрдак рациони таркибида бир нечта компонентлар: оқсил, витаминлар, минерал моддалар, сув ва майда тошлар камлигидан организмда модда алмашинувининг чуқур бузилиши келиб чиқади. Бундан ташқари паррандалар зич жойлашуви, емдон ва сувдонларни етишмаслиги, ҳаводаги нисбий намликни юқорили.

Касалликни олдини олиш. Мувозанатлаштирилган тўйимли озуқа билан боқиш, парваришлаш шароитларини яхшилаш ва кунлик рацион таркибидаги ош тузини 1–1,5 фоизгача ошириш.

Патларининг ўсмаганлиги (йўқлиги)

Патларининг яхши ўсмаганлик ҳолатлари кўпинча 40–50 кунлик ўрдакларда учрайди. Улар яхши ўсмайди, касалликларга тез чалинади.

Касалликнинг олдини олиш. Мувозанатлаштирилган тўйимли озуқа билан боқиш, парваришлаш шароитларини яхшилаш. Кунлик рацион таркибини кунжара, пат уни, майдаланган сулулар билан бойитиш.

Авитаминозлар

Ўрдак организмидаги дори-дармонларга (витаминлар) бўлган талабни баҳор-ёз мавсумларида катта миқдорда витаминларга бой бўлган сабзи, беда, қичитқи ва бошқа кўкатлар ҳисобига тўлдириш мумкин. Йилнинг бошқа мавсумларида ўрдакларга А, D3, E витамин концентратлари, В витамини, балиқ ёғи, пушновит, минерал-витаминли қўшимчалар берилади.

Клоацид

Ўрдаклар рационида А, Е, С витаминлари ҳамда минерал озуқалар етишмаганда бу касаллик авжига чиқади.

Даволаш. Клоакасини йирингдан тозаланади ва 5–10 фоизли йод настойкаси суртилади, сўнг пенициллинлик ёки стрептомицинлик мазь билан суртилади. Рационга иложи борича кўк озиқалар, сабзи, витаминли ўт уни, суяк уни, чиғаноқ ва бошқалар қўшилади. Ўрдакларга табиий сув ҳавзасида озиқланишига шароит яратиб берилади.

Пастереллез (холера)

Бу касаллик юқумли бўлиб, барча ёшдаги ўрдакларга юқади. Амалда унга қарши курашишнинг самарали усули йўқ. Бунда асосий иккита омилларга риоя қилишга тўғри келади: биринчиси соғ парранда олиб келиш; иккинчиси касалланган парранда билан контактга йўл қўймаслик.

Даволаш. Сульфаниламидлар билан: сульфадиметоксин, сульгин, тимеразин, дитривет. Ёш ўрдакларга норсульфазол 1-кун 1 кг тирик вазнига 0,3 г. дан, қолган 4 кун 1 кг тирик вазнига 1,1 г. дан.

Вирусли гепатит

Юқумли касаллик бўлиб, ўрдаклар асосан 1–15 кунлик бўлгунга қадар касалланади. Касал бўлган ўрдаклар озуқа истеъмол қилмайди, уйққучи бўлиб қолади, кам ҳаракат бўлади. Бошини орқага ташлайди ёки ён бошга ётиб қолади, “сузиш” ҳаракатларини бажаради. Кейин титроқ тутиб ўлади.

Касалликнинг олдини олиш. Ўз вақтида касалликка қарши эмлаш, ҳамма жойни синчковлик билан дезинфекция қилиш, кемирувчиларга қарши курашиш.

Сальмонеллез (паратиф).

Юқумли касаллик бўлиб, ёш ўрдак жўжаларида учрайдиган касаллик. Симптомлари: иштаха йўқолади, кўпикли суюқ ич кетиш, кўзлари ёшланади. Жўжаларнинг 80 фоизи нобуд бўлади.

Даволаш: тримеразин 1 кг тирик вазнига 1 г. дан, мепатар 5 литр сувга10 г. дан, дитривет 1 литр сувга 2 г. дан.

Касалликнинг олдини олиш.Фуразолидон 1 бошга 2–4 г. дан, биомицин ва левомицин 5–10 мг. дан, препарат ем билан бир кунда 2–3 марта берилади, профилактика курси 5–6 кун.

Аспергиллез

Касаллик қўзғатувчиси патоген микоз моғори. Касаллик тез кечади, ўрдаклар орасида ўлим 60 фоизни ташкил этади.

Касалликнинг олдини олиш. Асосий тадбирлардан бири емни ва тўшамани моғорлашига йўл қўймаслик.

Гельминтоз

Ушбу касалликда ўрдаклар организми қуртлар (глистлар) билан зарарланади. Гелминтлар билан зарарланган организм озиб кетади, маҳсулдорлиги пасаяди.

Даволаш. Агар биринчи симптоми аниқланса (гўнгида глистлар кўринса), пиёз, саримсоқ пиёз, сосна дарахтининг баргини майдалаб бериш керак бўлади. Глистларга қарши препаратлар: фенотиазин, пиперазин ва бошқалар. Гўнги хонада қолдирилмайди, иложи борича ташқарига тез-тез олиб чиқиб ёқиб юборилади.

    П.Рахматуллаев, Х.Нормухамедов













Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech