Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Апрел 2017 00:00

Чорвачиликда баҳор фасли масъулиятли фасл ҳисобланади, чунки баҳорда ҳаво исий бошлайди, янги озуқалар чиқа бошлаши билан чорва ҳайвонларининг озиқлантириш рационлари ўзгариши, озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида озуқабоп экинларни экиш, оралиқ экинларни парваришлаш каби муҳим ишлар авж олади. Чорвачилик тармоқларида баҳор ойлари бошланиши билан қуйидаги тадбирларни амалга ошириш тавсия қилинади.

Қорамолчиликда. Шахсий ёрдамчи, аҳоли ва фермер хўжалигидаги қорамолларни қишдан чиққанидан кейин 10–15 кун давомида аста-секин баҳорги яйловда боқишга ўтказиш лозим. Агар моллар шу кунларда силос, сенаж ва пичан ҳамда илдиз-мевалар билан боқилган бўлса, бу муддат 5–7 кунгача қисқартирилиши мумкин. Дастлабки кунларда молларга олдин хашак бериб, сўнгра аста-секин кўк озуқа билан озиқлантиришга ўтилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Очиқ ҳавода юрадиган, боғламай боқиладиган ҳайвонларда моддалар алмашинуви жадал борганлиги учун, уларга озуқа меъёрлари одатдагидан кўра 8–10% оширилган бўлиши керак. Силос, сенаж, илдиз-мевалар ва дағал озуқалардан иборат асосий рациондаги озуқалар уларга яйратиш майдонида едирилади. Дағал ва сершира озуқаларда етишмайдиган озиқ моддалар концентрат озуқалар ҳисобига тўлдирилади.

Ёш қорамолларни баҳорги озиқлантириш. Ёш молларни тўғри боқишни ва озиқлантиришни ташкил этиш қорамолчиликнинг энг муҳим масалаларидан биридир. Амалда ёш молларнинг ўсиши икки даврга, яъни сут ичадиган ва сутдан ажратилган даврларга бўлинади. Бузоқларнинг сут ичадиган даври сут ва сут-гўшт учун боқиладиган қорамолчиликда, одатда 4–6 ойгача ва гўшт учун боқиладиган қорамолчиликда 7–8 ойлик бўлгунча давом этади. Бу даврда бузоқлар рационининг кўпчилик қисми қаймоғи олинмаган сут билан ва ёғи олинган сутдан иборат бўлади. Сутдан ажратилгандан кейинги давр 24 ойлик бўлгунгача давом этади. Бу даврда моллар рационидан сут чиқарилиб ташланади ва улар дағал, сершира ва концентрат озуқалар билан боқилади. Ёш моллар сутдан ажратилгандан кейинги даврда ҳар бир ёш гуруҳ – моллар вазнининг ортиб бориш режасига мувофиқ белгиланган меъёрда боқилади. Ҳар бир гуруҳдаги ёш молларга ой сари рацион тузилиб турилади. Уларнинг рациони сифатли дағал ва ширали озуқалар, қўшимча минерал озуқалар, туз, бўр, суяк уни, трикальцифосфатдан иборат бўлади. Ёш моллар силосга ва сенажга бой рацион билан боқилганда яхши ўсиб ривожланади. Бунда рациондаги концентратлар улуши камаяди. Ёш молларга кунига 3 марта озуқа ва сув бериб турилади. Баҳорда ёш моллар, одатда алоҳида-алоҳида қурилган молхоналарда ёки айвончаларда боғланмасдан боқилади.

Паррандачиликда. Паррандачилик аҳолини қисқа муддат ичида озиқ-овқат маҳсулотлари (тухум ва парранда гўшти) билан таъминловчи соҳалардан бири ҳисобланади.

Паррандачилик хўжаликларида боқилаётган товуқлар ўзларининг генетик (маҳсулдорлик) потенциалини тўлиқ намоён қилиши, юқори маҳсулдорликни таъминлаб, кўп миқдорда тухум олиши учун уларни мувозанатлаштирилган озиқлантириш рационлари билан боқиш керак. Паррандалар учун тайёрланган омухта емлар алмашинув энергияси, тўйимли моддалар ва витаминлар бўйича мувозанатлаштирилган бўлиб, кунлик эҳтиёжини қондириши лозим. Товуқлар учун қуйидаги омухта ем структураси тавсия қилинади (% ҳисобида): донли озуқалар – 60–75, буғдой кепаги – 0–10, шротлар – 8–20, ҳайвон оқсилига оид озуқалар (балиқ уни, гўшт-суяк уни ва бошқалар) – 2–6, беда уни – 0–10, минерал озуқалар – 7–9, ёғлар – 0–3. 100 кг омухта емга 0,2–0,3 % миқдорда, яъни 200–300 г ош тузи қўшилиб, яхшилаб аралаштириб берилади.

Тайёрланган омухта емларга тавсия қилинган меъёрларга асосан витаминлар қўшилади. Витаминлардан тайёр ҳолдаги 0,1 ёки 0,2 фоизли витаминли-минералли премикслар ёки суюқ ҳолдаги витаминларни (Тривит, Тетравит, Рекс Витал, Чиктоник ва бошқ.) қўшиш мумкин. Товуқларга берилган омухта емнинг ҳазм бўлиши ва рациондаги тўйимли моддалардан фойдаланиш самарадорлиги рационда майдаланган тошнинг (гравий) бўлишига боғлиқ. Шунинг учун товуқларнинг рационига катталиги 4–6 мм. бўлган майда тош (гравий) киритиб, бир бошга бир ҳафтада 5 г бериш тавсия қилинади. Озиқлантириш рационлари ва омухта ем рецептлари хўжаликдаги озуқа турларининг мавжудлиги, яъни озуқа базасидан ҳамда иқтисодий шароитдан келиб чиққан ҳолда турли вариантларда ишлаб чиқиш мумкин. Омухта емларга товуқларнинг маҳсулдорлик даврига қараб, талаб этиладиган меъёрларда синтетик аминокислоталардан метионин ва лизин қўшилади.

Кейинги йилларда паррандаларнинг омухта емлари биологик актив қўшимчалар билан бойитилмоқда. Озуқа қўшимчалардан фермент препаратлари, пребиотиклар, пробиотик, микотоксинларни зарарсизлантирувчи препаратларни омухта емларга киритиш мумкин.

Товуқлар ҳар доим узлуксиз, етарли даражада тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлиши керак. Паррандахонадаги товуқлар учун ҳавонинг мақбул ҳарорати 18–20оС, нисбий намлиги 60–70 % ҳисобланади.

Асаларичиликда. Баҳорги мавсумда асалари қўйиладиган майдончалар яхши жойдан танланиши, яъни боғ, мевазорлар атрофида бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади. Майдонча тоза ва қуруқ бўлиши, катта сув ҳавзаларидан ҳамда чорва моллари сақланадиган молхоналардан узоқроқ бўлиши керак. Танланган майдончаларда асалари қутиларини жойлаштиришга алоҳида эътибор бериш лозим. Улар бир текисда шахмат усулида қаторлаб қўйилиши керак ва уядаги рақамлар очиқ кўриниши лозим. Асалари қутилари қуёш тиғидан ҳимояланиши ҳамда асалариларнинг мўлжал олиб учишига ёрдам берувчи дарахтлар, иншоотлар бўлиши керак.

Асалари қутилари остида махсус қозиқлар бўлиши, уларнинг устига қўйилган қутилар озгина нишаб қўйилиши лозим, чунки шундай қилинганда ёмғир сувлари уя ичига сингиб кетмасдан, тезда пастга оқиб тушади. Асалари оиласига баҳорги биринчи қаров ўтказиш ишлари қуёшли кунларда, ҳаво ҳарорати +14–15оС дан паст бўлмаган даврда ўтказилади. Баҳорги қаров ўтказишнинг асосий мақсади шундан иборатки, унда асалари оиласининг қишловдан сўнгги ҳолати аниқланиб, уларнинг ривожланиши учун қулай шароит яратиб берилади.

Ҳар бир асалари оиласи ҳолати текширилиб, унинг кучи (рамкалар асалари билан тўлиқ қопланганлиги), она асаларининг борлиги, рамкалардаги очиқ ва ёпиқ наслларнинг сони, уядаги озуқа асал миқдори, асалари уяси ҳолати (уянинг қуруқлиги, ифлосланганлиги, ўлик асаларилар миқдори) каби кўрсаткичлар ҳисобга олинади. Асалари оиласини баҳорги қаров ўтказиш даврида уядаги рамкаларни тўлиқ олмаслик ҳам мумкин, чунки яхши ривожланган оилаларда она асалари рамкаларга тўлиқ, сифатли тухум қўйганлиги кифоя бўлади. Уядаги асаларилар ва унинг насли, озуқа асални эса уядаги рамкаларини озгина кўтариб кўриб, кўз билан чамалаб кўрилади.

Асалари оиласида нормал ҳолат кузатилса, яъни ҳар хил ёшдаги насл ва тухум бўлса, демак, оиладаги она асалари сифатли бўлишидан дарак беради, уни қидириб кўриш лозим эмас. Шунингдек, рамкалар устидаги мум ўсимталарни ва прополисни ҳам искана билан қириб олмаслик лозим, бу ишни кейинроқ ҳаво исиб кетганда, уядаги мумлар анча юмшаб қолган даврда бажариш керак.

Қишловдан ёмон чиққан асалари оилаларига биринчи ёрдам бериш ишлари бошлаб юборилади. Бунинг учун озуқаси кам бўлган асалари оилаларига асал озуқали ва гулчангли рамкалардан берилади; ҳар бир оилага ўртача 8–10 кг. озуқа асал ва 1–2 та рамка гулчанг бўлишига эришилади, ортиқча рамкалар, ифлосланган, нотўғри тўқилган, қийшиқ, бўш рамкалар уядан олинади. Асалари оиласига биринчи баҳорги қаров ўтказиш даврида асалари уясининг таг қисмини тозалаш мақсадга мувофиқдир.

Бунинг учун асалари уясидаги остки учиш туйнукларида тўпланиб қолган ахлат ва асалари ўликлари, симдан тайёрланган қармоқча ёрдамида тозалаб олинади, чунки бундай ахлатларнинг тўпланиб қолиши уядан асалариларнинг учиш фаолиятига халақит беради, уя ҳавосини бузади, уларнинг чириши натижасида ҳар хил касалликларни вужудга келтириши мумкин.

Асалари уясидаги ахлатларнинг миқдорига қараб, асалари оиласи қишдан қандай чиққанлигини билиб олиш мумкин. Ахлатлар орасида асал кристаллари кўп бўлса, демак оиладаги озуқа асал сифатсиз бўлган. Бундай асалари оилаларига тезда ёрдам бериш чораларини кўриш керак. Асалари оиласи юқумли касалликлар оқибатида ўлиб қолган бўлса, у ҳолда тўпланган ахлатлар ёқиб юборилади.

Қишловдан чиққан асалари оилаларининг айримларида она асалари ўлган бўлиши мумкин. Бунда онасиз қолган оилаларга зудлик билан она асалари топиб бериш ёки уларни бошқа оилаларга қўшиб юбориш мақсадга мувофиқдир. Яхши ривожланган асалари оиласи ҳаёти давомида керакли миқдорда ўзидан иссиқлик ажратиб чиқаради. Асаларичининг вазифаси – ана шу иссиқликни исроф қилмасдан, хусусан, баҳор ойларида асалари оиласининг ривожланиши даврида уни эҳтиёт қилиб сақлаш чораларини кўриши лозим.

Асалари уясини қисқартириш мақсадида уядаги эски, сифатсиз, моғорлаган асалари рамкаларини олиб қўйиш лозим. Шундай қилинганда, асалари уясида керакли миқдорда иссиқлик сақлаб қолинади ва асаларилар эса кам энергия сарфлашга ҳаракат қилади.

Хусусан, бу ишларни баҳор ойларида бажариш катта аҳамиятга эга, чунки баҳорда асалари оиласи ривожланадиган вақт бўлиб, унда она асалари кўп тухум қўя бошлайди, ёш асалари насли уяда кўпроқ бўлади, уларнинг ривожланиши учун уяда нормал – 34–35оС даги ҳарорат керак, акс ҳолда уларнинг ривожланиши секинлашади ёки тўхтаб қолади. Бу эса асалари оиласида ҳар хил юқумли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шуларни ҳисобга олиб, асалари оиласига керакли миқдордаги рамкаларни сақлаб қолиш ва бу рамкаларнинг тўлиқ асалари билан қопланиши мақсадга мувофиқдир.

А.НУРМАТОВ, Б.АЛЛАШОВ, Б.ЖУМАДУЛЛАЕВ, Р.РЎЗИЕВ, О.ТЎРАЕВ





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech