Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Апрел 2017 00:00

Сабзавот, полиз ва картошка экинларидан юқори ҳосил олишнинг ўзига хос бир нечта муҳим омиллари мавжуд бўлиб, булар ичида энг муҳимларидан бири бу ўсимликни экиш муддатини тўғри белгилашдир.

Айнан апрел ойи иссиқсевар сабзавотлардан помидор, ширин қалампир, бақлажон экинлари кўчатлари экишнинг энг мақбул муддати ҳисобланади.

Томатдошлар оиласига мансуб помидор, ширин қалампир ва бақлажон каби сабзавот экинларидан юқори ҳосил олиш учун ушбу экинларни кўчатларини махсус иситиладиган кўчатхоналарда сифатли тайёрлашга катта эътибор қаратиш лозим. Кўчатларни ташқи муҳит шароитига чиниқтириш мақсадида, кўчатни очиқ далага экишдан 6–8 кун олдин кўчатхона эшик ва дарчаларини вақти-вақти билан очиб туриш лозим.

Экиш учун помидор, ширин қалампир ва бақлажоннинг илдиз қисми яхши ривожлангани, бўйи 15–18 см, 5–7 та баргли, 40–45 кунлик бақувват кўчатлари танлаб олинади.

Жанубий вилоятларда эртаги навлар мартнинг 3-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар эса апрелнинг 1–2-ўн кунлигида экилади. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда эртапишар навларни апрелнинг биринчи ярмида, ўрта ва кечпишарларини эса иккинчи ярмида ҳамда май ойининг биринчи ярмида экиш мақбул ҳисобланади.

Помидор нафақат кўчати, балки уруғидан ҳам экилади. Тайёрлаб қўйилган помидор уруғини очиқ майдонларга тўғридан-тўғри апрелнинг 1-ўн кунлигида экиш мумкин. Шимолий минтақаларда эса эртапишар навлар кўчати апрелнинг 2-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг 3-ўн кунлиги ва майнинг 1-ўн кунлигида, уруғи бевосита очиқ майдонга апрелнинг 2-ўн кунлигида экилади.

Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари кўчати у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70×25(30) см, текис майдонларда 90×25(30) см, узун палакли навлар 90х×40 см, ширин қалампир 70×30 см, 90×25 см ёки 70×40/2 см бақлажон 70×30(40) см ёки 90×25(30) см схемаларда экилади. Экилгандан кейин кўчатларни албатта суғориш зарур.

Кўчатларни экишда республикада қўллашга рухсат этилган, турли касалликларга, ҳашаротларга қарши ва илдиз ривожланишини тезлатувчи препаратлардан меъёрида фойдаланиш яхши самара беради.

Кўчатлар тўлиқ тутиб олгандан 10–12 кун ўтгач, уларга биринчи ишлов берилади.

Ўсимликка биринчи ишлов бериб суғоргандан 13–15 кун ўтгач, яна суғорилади ва тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов ўтказилади. Бунда қатор оралари культиватор билан 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтларни йўқотиш учун яхшилаб чопиқ қилинади.

Помидор, бақлажон ва ширин қалампир ўсув даври мобайнида сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳар гал 500–600 м3/га ҳисобида 18–20, сизот суви юза жойлашган ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонлар эса 600–800 м3/га ҳисобида 12–15 марта суғорилади.

Помидор бошқа кўплаб сабзавотлар сингари тупроқ унумдорлигига анча талабчан ўсимлик бўлиб, мўл хосил етиштириш учун бўз тупроқли майдонларга 25–30 т/га гўнг берилганда экинни 180–200 кг азот, 140–160 кг фосфор ва 100 кг калий, ўтлоқи тупроқли майдонларга эса 140–150 кг азот, 100–120 кг фосфор ҳамда 80–100 кг калий ўғитлари билан озиқлантириш тавсия этилади.

Оқбош карамнинг ўртапишар “Тошкент–10”, “Саратони” ҳамда “Термиз–2500” навлари кўчатларини ўтлоқи, ер ости суви юза жойлашган, чиринди миқдори кўп бўлган майдонларга экиш мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имконини беради.

Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида ўртаги оқбош карам кўчатларини экишнинг энг мақбул муддати 10–20 май, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 апрелдан 1 майгача, шимолий минтақаларда 1–15 апрель ҳисобланади. Бунда кўчатлар 70×35(40) см оралиқда экилади. Кўчатларни экиб бўлгач, кетма-кет суғориш уларнинг тўлиқ тутиб олишини таъминлайди.

Экилган оқбош кўчатлари тўлиқ тутиб олгач, орадан 16–18 кун ўтгач, ўсимликларга комплекс ишлов берилади, яъни ўсимлик қатор оралари КРН-2,8А русумли агрегат ёрдамида 15–16 см чуқурликда юмшатилади. Юмшатиш баробарида минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўсимлик оралари қўлда енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозалангач, суғорилади.

Бодринг экини иссиқталаб ўсимлик ҳисобланиб, шундан келиб чиққан ҳолда ушбу экинни жанубий минтақаларда 1–15 апрель, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10–20 апрель, шимолий минтақаларда эса 20–30 апрелда экиш тавсия этилади. Бунда уруғлар очиқ майдонга СБУ-2,4А сеялкасида 70×30, 90×20 см схемада, 4–5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига 4–5 кг. Ниҳоллар уруғ палла чиқарганда биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади.

Қатор ораларига КРН-2,8А, КОН-2,8, КХО-4 русумли агрегатлар билан 15–16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб, озиқлантириб ва суғориб туриш керак. Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатиб турилади.

Ушбу экиндан мўл ҳосил етиштиришда гектарига 20 тонна гўнг, соф ҳолда 180 кг азот, 100 кг фосфор ва 75 кг калий ўғити бериш тавсия этилади. Ерга асосий ишлов берилганда органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75 фоизи солинади. Биринчи озиқлантиришда фосфор ва калийнинг қолган қисми, азотнинг 50 фоизи, иккинчи озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 50 фоизи берилади.

Полиз экинларидан қовун ва тарвуз уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқ. Юртимизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда қовун ва тарвузнинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача; ўртагиси 10–20 апрелда; кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги навларни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда экиш лозим.

Бунда қовуннинг маҳаллий шароитда яратилган эртапишар “Роҳат”, ўртапишар “Суюнчи–2”, “Олтин водий”, “Лаззатли”, “Олтинтепа”, “Кичкинтой”, “Оби новвот”, “Гурвак”, “Бўрикалла”, кечпишар “Тўёна”, “Гурлан”, “Амударё”, “Гулоби”, “Хоразмий”, “Зар гулоби”, “Саховат”, тарвузнинг эртапишар “Ўринбой”, “Манзур”, F1 “Чиллаки”, “Крисби”, “Кримстар” ва ўрта эртапишар “Сурхон тонги” каби навларини экиш тавсия этилади.

Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун дала тишли бороналар билан бороналанади, экиш олдидан эса чизелланади.

Полиз экинлари уруғини тупроқ ҳарорати 14–15оС га етганда экиш тавсия этилади. Қатор оралари 210–280 см. ли кенг эгат олинади. Бу полиз экинлари қатор ораларига тўрт ғилдиракли тракторлар билан ишлов бериш имконини беради. Экиш шакли: қовун учун (210+70):2×70, тарвуз учун (270+90) ):2×70 см. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли қовун ва тарвузларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5–6 кг уруғ сарфланади.

Ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши кураш ишлари ўз вақтида маромига етказиб бажарилса, ҳосил янада мўл бўлади.

Барвақт ҳосил олиш мақсадида плёнка остига эртаги муддатда экилган карам майдонларида айни кунларда пайдо бўлган бегона ўтлар ҳамда касаллик ёки зараркунандаларни йўқотиш бўйича кураш чораларини амалга ошириб, тупроқ тури ҳамда ер ости сувлари чуқурлигига мувофиқ ҳар 8–10 кун оралатиб 550–600 м3/га меъёрда суғориш тадбирлари амалга оширилади.

Эртаги муддатда сепилган пиёз майдонларида униб чиқаётган бир ва кўп йиллик бегона ўтларни ўз вақтида ўтаб, ортиқча ўсимликларни ягана қилиш, тупроқ тури, намлиги ҳамда ерости сувларини чуқурлигига кўра, майдонларни суғориш, 2–3 суғориш оралиғида ўсимлик эгатлари орасини 12–14 см чуқурликда юмшатиб қатор ораларида пайдо бўлган ўтларни йўқотиш, ўсимликларнинг ўсиб-ривожланиш ҳолатига қараб тавсия этилган минерал ўғитлар билан озиқлантириш, ўсимликларнинг бақувват ўсиб ривожланишини таъминлайди.

Пиёздан 30 тонна ҳосил олиш учун юқори унумдор ерларда ҳар гектарига ўртача соф ҳолда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор ерларга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий ва унумдорлиги паст бўлган майдонларга 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий бериш керак.

Эрта ҳосил олиш мақсадида тўқсонбости муддатда ва эрта баҳорда экилган илдизмевали сабзавотлар апрел ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки даврда экин ҳар 12–15 кунда, майнинг иккинчи декадасидан бошлаб, яъни илдизмевалар жадал катталашаётганда ҳар 7–8 кунда суғорилади.

Сабзи бошқа кўплаб сабзавотлар қаторида тупроқ унумдорлигига, асосий озиқа элементларига талабчандир. Ўсимлик учун озиқа етарли миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони ортади. Бўз тупроқли ерларда эртаги ва ўртаги сабзи майдонларига гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий ўғитлари бериш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонларда эса 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий бериш тавсия этилади.

Бунда фосфор ўғитининг йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, фосфорнинг қолган қисми ерни бороналаб, эгат олишда берилади. Азотли ўғит ўсимликни вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчиси ўтоқ қилиниб, ўсимликлар сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда солинади. Ўғитларни қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб бериш мақсадга мувофиқ.

Эртаги картошка етиштиришнинг ўзига хос хусусиятларидан бири – бу ҳаво ҳарорати кўтарилиб (исиб) кетмасдан пишиб етиштириш ҳисобланади. Эртаги картошкадан юқори ҳосил олиш учун ўсимликлар ўсув даври давомида ўтлоқ тупроқли майдонларда 4–6 маротаба, бўз тупроқли майдонларда эса 5–7 маротаба суғориш тавсия этилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилади. Бу тадбир КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан ўсимликлар шоналагунча амалга оширилади.

Эртаги картошканинг яхши ўсиб-ривожланиши ва ундан юқори ҳосил олиш учун бўз тупроқларга гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 170 кг фосфор, 115 кг калий, ўтлоқи, ўтлоқ ботқоқ ерларга эса 180 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий билан озиқлантириш тавсия этилади. Бунда 70–75% фосфорли, калийнинг жами кузда ерни экишга тайёрлаганда берилади. Қолган 25% фосфор, 20–25% азот билан экиш эгатлари олишда экиш билан беришни тавсия этамиз. Азотнинг қолган 30–35%, туганаклар тўлиқ униб чиққанда, 50% эса қийғос шоналашда берган маъқул.

Юқорида қайд этилган агротехник тадбирларнинг ўз муддатида ва меъёрида бажарилиши сабзавот, полиз ва картошка экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олишни таъминлайди. Бу эса ўз навбатида халқимиз дастурхонининг тўкин-сочин бўлишини таъминлайди.

      Р.Хакимов, Б.Азимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech