Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Апрел 2017 00:00

Жорий йилда республикамизда об-ҳавонинг совуқ бўлиши боис боғларда вегетация ўтган йилга нисбатан 1–20 кунга кеч бошланди. Март ойида ҳаво ҳароратининг паст бўлиши, ёғингарчиликнинг кўп бўлиши боис айрим агротехник тадбирларни кечроқ ўтказишга тўғри келди.

Данакли мевали дарахтларга шакл бериш, сийраклаштириш, буташ ишларини тезлик билан тугаллаб, боғ қатор ораларига ишлов бериш, дарахт тагларини юмшатиш ва чопиш, бегона ўт ва ажириқлардан тозалаш, суғориш эгатларини олиш ишларини бажариш керак.

Боғ-токзорларда тупроқда намликни сақлаб қолишга эътиборни кучайтириш зарур. Ҳосилли боғларда март ойида минерал ўғитлар солинмаган бўлса, ушбу ойда аммиакли селитра 360 кг, ёки аммофос 250 кг, фосфорли ўғитлар 130–180 кг, калийли ўғитлар 200 кг/га ёки соф ҳолда эса 60 кг/га солиш лозим.

Ўтган йил март ойининг 17–18 кунлари бўлиб ўтган қисқа муддатли -2,5оС совуқ, республиканинг айрим вилоятларида боғларнинг гуллари, ҳаттоки тугилган мевасига (довуччаларига) ҳам қаттиқ зарар етказган эди.

Бу йил дарахтларда гуллари кўп бўлиб, серҳосиллик кутилмоқда. Агарда гулдан сўнг чангланган меваларни қолдирсак, дарахтларда ҳаддан ташқари кўп мева бўлиб, ўсимлик ушбу меваларнинг яхши ривожланиб, сифатли мева бўлиши учун етарли миқдорда озиқа моддаларини етказиб бера олмайди. Бунинг олдини олиш учун данакли мевали боғларда, ўрик, шафтоли ва олхўри навларининг меваларини сифатли қилиб етиштириш мақсадида уларнинг меваларини тоқалаш зарур. Тоқалаш усули қуйидагича бажарилади: агарда бир мева бандида 4–5 та мева бўлса, улар ичидан нимжон, бир-бирига халақит берадиган мевалари (довуччалари) олиб ташланади, мевалар бир-бирига тегиб қолмаслиги керак. Агарда бир мева бандида 5 та мева бўлса, улардан 2 та мевани қолдириб, 3 тасини олиб ташлаш зарур.

Данакли мевалилардан сўнг тоқалаш усулини уруғли мевалиларда (олма, нок, беҳида) ҳам ўтказиш зарур. Дарахт илдизидан мевалиларнинг ривожланиши учун етказиб бераётган озиқасини 4–5 та мевага эмас, балки 2 та мевага беради. Натижада мева сифатли ва йирик бўлиб етилади. Агарда тоқалаш усули тўғри ташкил қилиниб, ўз вақтида ўтказилса мевалар яхши ривожланиб, бир хил шаклда бўлиб, сифатли маҳсулот олишга ҳамда бундай меваларни экспорт қилишга ҳам эришилади.

Боғларда мевали дарахтлар гуллаб бўлгач ҳосил бўлган меваларни сифатли қилиб етиштириш учун боғлар суғорилади.

Жорий йилда ёғингарчиликни кўп бўлиши боис боғларда касалликларнинг ривожланиши кутилмоқда. Гуллаб бўлгач, тезлик билан дарахтларни касалликлардан ҳимоя қилиш учун Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги билан (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча сўндирилмаган оҳак қўшиб) пуркаш зарур. Ушбу пуркашни ҳафта-ўн кун оралатиб 1–2 марта қайтариш лозим. Чуқур таъсир этувчи фунгицидлар яхши самара беради. Бунинг учун баҳорда гулдан чиққач дарахтлар Топсин-М (1 л/га) препаратини 0,1 фоизли қилиб сепиш самаралидир. Бундан ташқари Байлетон (0,2–0,3 л/га), Фаликур (0,25 л/га), Вектра (0,3 л/га) препаратлари ҳам яхши самара беради.

Уруғли мева боғларида парша ва манилиоз касалликларига қарши олма, нок ва беҳи дарахтларига бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси пуркалади. Бунда пуркаш ниҳоятда сифатли бўлиб, дарахтлар жиққа ҳўл бўлиши зарур. Бундан ташқари Топсин-М (100 л сувга 150 г) ёки Вектра (100 л сувга 30 г) ёки оҳак олтингугурт қайнатмасининг (ИСО) 1 градуслиги билан ҳам пуркаш мумкин.

Қулупнайзорларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, тупроқда намлик меъёрида бўлган вақтда қулупнайзор қатор оралари культивация қилиниб, туп атрофлари қўлда юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланади. Ўтган йили қулупнай март ойининг иккинчи ярмидан қийғос гуллаган бўлса, бу йил 15–20 кун кеч, яъни апрель ойининг бошидан гуллай бошлади. Агарда март ойида қулупнайзорга минерал ўғитлар солинмаган бўлса, апрель ойи бошида имкон қадар тезлик билан азотли ва фосфорли ўғит солиш керак. Бунда 50–60 кг соф азот ва 40–50 кг соф фосфор ҳисобида минерал ўғитлар солиб, кетидан суғориш лозим. Апрель ойида қулупнай қийғос гуллаш даврида тупроқ намлигига қараб 1–2 марта суғорилади.

Қарағатзорларда қатор оралари 25–30 см чуқурликда юмшатилиб, гектарига 120-–150 кг. соф ҳолда азотли ҳамда 90–120 кг соф ҳолда фосфорли ўғит солиб суғорилади. Туп таглари 15–20 см чуқурликда чопилиб юмшатилади ҳамда бегона ўтлардан тозаланади. Қорағат туплари қийғос гуллаган вақтда қорағатзор албатта бир марта суғорилади.

Малиназорда эски, нимжон новдалари кесиб ташланиб, қатор ораси 15–20 см, туп атрофлари 4–5 см чуқурликда юмшатилади. Малина новдалари узун ўсган бўлса, новданинг 150–160 см. дан юқори қисми кесиб ташланади.

Агарда малина тупи атрофидан янги новдалар ўсиб чиққан бўлса, улар қазиб олиниб кўчатларни хатоси бор ерга ёки бошқа ерга ўтказиш мумкин. Малиназорга туп атрофлари юмшатилгач, эрта баҳорда азотли ўғитдан азот соф ҳолда 50–60 кг меъёрда солиб, кетидан суғорилади. Тупроқ намлигига қараб малиназор апрель ойида 1–2 марта суғорилади.

Токзорларда токлар ердан очилиб, симбағазларга кўтариб боғлангач, қатор оралари 25–30 см чуқурликда ҳайдалиб, туп атрофлари қўлда чопилиб юмшатилади. Март ойида токзорлар минерал ўғитлар билан озиқлантирилмаган бўлса, тезлик билан токзорларга минерал ўғитлардан соф ҳолда 90 кг/га азот, 60 кг/га фосфор, 45 кг/га калий солиниб, суғорилади.

Об-ҳавонинг анча паст келиши боис токзорлар касалликлар билан эрта шикастланишининг олдини олиш мақсадида ток тупларида 2–3 та чинбарг шаклланиши билан оидиум, антракноз ва милдью касалликларига қарши Бордо суюқлиги ёки ООҚ (олтингугурт-оҳак қайнатмаси) ишлатилади. Бунда пуркаш муддатлари: биринчиси токларда 2–3 чинбарг пайдо бўлганда ООҚ билан, иккинчи марта 10–12 кундан сўнг Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси билан ҳамда 12–15 кундан кейин олтингугурт билан 1 гектар токзорга 25–30 кг ёки Фоликур 0,02%, Топаз - 0,03% Тиавит - 1% билан пуркаланади.

Ушбу агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилса, боғлардан юқори ва сифатли ҳосил олишга эришилади.

      Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech