Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Апрел 2017 00:00

Ўзбекистон пилла етиштириш бўйича илғор давлатлардан бири ҳисобланади. 2016 йилда пиллакорларимиз томонидан 26000 тоннадан зиёд пилла ҳосили етиштирилди. Тармоқни янада ривожлантириш ва етиштирилаётган пилланинг сифатини ошириш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Пилла сифатини яхшилаш, ҳосилини имконияти борича ошириш қатор агротехника ва ташкилий ишларга боғлиқ.

Қурт боқиш мавсумига тайёргарлик ишларини инкубаторий ва қуртхоналар учун биноларни танлаш, уларни таъмирлашдан бошлаш лозим. Бир инкубаторийда ўртача 80–100 қути уруғни очиришни ташкил этиш тавсия этилади.

Қурт боқиш мавсумида турли касалликларнинг олдини олиш мақсадида қуртхона ва инкубаторийлар формалиннинг 4 фоизли эритмаси билан дезинфекциядан чиқарилиши шарт. Инкубаторий ва қуртхоналарда ишчи эритманинг 1 литри 3–4 м2, наслчилик хўжаликларида эса 2 м2 майдонга пуркалади. Шуни унутмаслик керакки, ишлов берилаётган хонанинг ҳарорати 28–30оС дан кам бўлмаслиги зарур, акс ҳолда дезинфекциянинг самараси бўлмайди.

Пиллачиликда саноат дурагайларини жонлантириш муддатларини тўғри белгилаш жуда катта аҳамиятга эга. Тухумларни инкубацияга қўйиш ва қурт тарқатиш муддатлари тут новдаларида баргнинг ўсишига қараб белгиланади. Кузатишларга қараганда, тут дарахтида 3–4 та барг ҳосил бўлганда инкубация бошланиши энг оптимал муддат ҳисобланади.

Жонланиб чиққан қуртларни тарқатиш ва қурт боқувчиларга ўз вақтида етказиб бериш пиллачиликнинг энг масъулиятли жараёнларидан ҳисобланади. Агар жонланган қуртлар боқувчиларга топширилиб, уларни боқиш бошлаб юборилмаса, кун ўтган сайин 10 фоиздан то 50 фоизгача қуртлар нобуд бўлиши мумкин.

Юқори сифатли ва мўл пилла ҳосили етиштиришда кичик ёшдаги қуртларни тўғри, ўрнатилган қоидалар асосида парваришлаш муҳим аҳамият касб этади. Кичик ёшдаги қуртлар тут баргларини 5–7 мм кенгликда “угра” шаклида кесиб боқилади. Бунда қуртлар ғана остида қолиб кетишининг олди олинади ва қуртлар бир текис ўсишига эришилади. Биринчи ва иккинчи ёшдаги қуртларга сутка давомида ҳар икки соатда 8–10 марта барг берилади. Қуртлар ёшдан-ёшга ўтиши билан уларга ажратиладиган жой ҳам кенгайтирилиб борилиши керак. Бир қути қуртни боқиш учун 1-ёшда – 2 м2; 2-ёшда – 5–6 м2; 3- ёшда – 12–15 м2 сатҳдаги қурт боқиш майдони талаб этилади.

Кичик ёшларда қуртхонада ҳарорат 26–27оС, нисбий намлик 65–75 фоизни ташкил этиши шарт. Бундан ташқари, ҳар 2–3 соатда хоналарнинг 15–20 дақиқа шамоллатилиши боқилаётган қуртлар турли касалликларга чалинишининг олдини олади.

Катта ёшдаги қуртлар кесилмаган ва яшил шохчалар билан боқилади. Қуртлар бешинчи ёшга ўтиши билан барглар 70–100 см. узунликдаги новдаси билан кесиб берилади. 4-ва 5-ёшда суткасига 6–7 марта, ҳар 3 соатда барг солинади. Қурт боқишнинг бу даврида ҳаво ҳарорати 24–25оС, нисбий намлик 60–65% бўлиши талаб этилади. Ҳароратнинг пасайиши қурт организмида озуқанинг ҳазм бўлиши ва модда алмашинувини сусайтиради, бу эса ўз навбатида қуртлик даврининг узайишига ва пилланинг майда бўлишига олиб келади.

Қуртларга бериладиган озуқанинг самарали ўзлаштирилиши ҳамда қуртларнинг соғлом ва йирик бўлиши улар боқилаётган сўкчак юзасига боғлиқ. Қуртлар бир меъёрда ўсиб ривожланиши ва турли касалликлардан холи бўлиши учун 4-ёшда – 25–30 м2, 5-ёшда – 60–70 м2 қурт боқиш майдони зарур.

Сифатли парваришланган ва баргга тўйган қуртлар бешинчи ёшнинг 8–9-кунларига келиб озиқланишдан тўхтайди ва ўз организмини чиқиндилардан тозалаб пилла ўраш учун қулай жой излай бошлайди. Шу пайтда қурт боқувчилар биринчи дасталарни қўйиб, қолган қуртларга барг бериб туришлари лозим. Баргга тўйган қуртлар аста-секин дасталарга кўтарила бошлайди. Ҳар бир қути қурт ҳисобига 300–400 дона табиий ўтлардан даста тайёрланади.

Пиллакорлар учун тут плантациялари ва якка қатор баланд танали тутларга тўғри ва ўз вақтида агротехник ишлов бериш муҳимдир.

Якка тартибда қаторлаб экилган тут дарахтлари, баланд танали ва бута шаклида экилган тутзорлар март-апрель ойларида ўғитланади ва қондирилиб суғорилади, акс ҳолда, солинган ўғитларнинг самараси бўлмайди. Тутзорлар шароитига қараб, ҳар бир гектар ер майдони ҳисобидан 360–400 кг аммиакли селитра ва 400–500 кг суперфосфат ўғити билан озиқлантирилиши тавсия этилади. Мавжуд тут дарахтлари ва тутзорларни ўз вақтида минерал ўғитлар билан озиқлантириб, суғорилганда барг ҳосилининг 25–30 фоизга ошишига эришиш мумкин.

Пиллакорларимиз ўз ишларини юқорида қайд этиб ўтилган агротехник қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда ташкил этсалар, албатта сифатли ва юқори пилла ҳосили етиширишга эришадилар.

      Ш.Умаров, Б.Насириллаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech