Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Апрел 2017 00:00
Бошоқли дон экинларини апрель ойида парваришлаш, яъни ўсимликнинг найчалаш ҳамда бошоқлаш фазаларида олиб бориладиган чора-тадбирлар ўз муддатида, белгиланган тартибларда амалга оширилиши билан юқори ва сифатли дон ҳосили олишга замин яратилган бўлади.

Бу йил қиш ойларида ёғингарчилик, қалин қор ва март ойида совуқ кунларнинг кўп бўлиши ҳамда ҳаво ҳароратининг ҳар йилгидан паст бўлиши кузатилди.

Бунинг натижасида ғаллани озиқлантириш, суғориш ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ишлари бир оз кечикиб амалга оширилмоқда. Шунинг учун бу ойда озиқлантирилмаган ғалла майдонларини зудлик билан озиқлантириш ва минтақа тупроқ-иқлим шароитига мос ҳолда озиқлантирилгандан сўнг, гектарига 550–600 м3 меъёрда қондириб суғоришни ташкил этиш лозим. Суғориш ишларини шарбат усулида ҳар бир гектарга 5 тоннадан гўнг ҳисобида амалга ошириш ҳамда камида 2 марта барги орқали озиқлантиришни ташкил этиш ижобий натижа беради.

Ғалла ниҳолларини қўшимча барг орқали озиқлантиришда гектарига 25 кг физик ҳолда карбамид эритмасини тайёрлаб, 600 литр сувда эритиб, 2 гектар майдонга суспензия тайёрлаб сепиш лозим. Ғалла ҳосилдорлиги 5–6 центнергача ортиши, доннинг технологик сифат кўрсаткичлари оқсил ҳамда клейковина миқдори 2–3 фоизга, дон натураси – 1000 дона дон вазни ошишига эришиш билан ғалладан мўл ва сифатли дон ҳосили олишга эришилади.

Бундан ташқари, дон ҳосили ҳамда сифатини ошириш мақсадида барг орқали озиқлантиришда Агрозим препаратидан гектарига 3 кг ҳамда Гумимакс препаратларидан гектарига 0,3 литр меъёрда 300 литр сувга қўшиб сувли эритмаларини тайёрлаб ишлатиш ҳам тавсия этилади.

Кўп йиллик кузатувлар шуни кўрсатадики, эрта муддатларда, сентябрь ойида экилган ғалла майдонларида апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида бошоқлаш фазасига ўтиши кузатилади. Ғалла бошоқлагандан 10 кун кейин 3-озиқлантириш ишларини амалга ошириш тавсия этилади. Бунда гектарига 150 кг. дан физик ҳолда азотли ўғитни аммиакли селитра ҳолатида бериш яхши самара беради. Ўғитлангандан сўнг кетма-кет енгил суғориш тавсия этилади.

Апрель ойида ёғин-сочиннинг кўп бўлиши ёки ўта узоқ вақт суғорилса, ғалланинг ётиб қолишига олиб келади, шунинг учун бу ойда ғаллани суғоришда эҳтиёт бўлиш талаб этилади.

Умуман, апрель ойида ғаллазорлардаги намлик, чекланган дала нам сиғимининг 70–75 фоиз бўлишини таъминлаш зарур бўлади.

Баҳор ойларининг серёғин, ҳаво ҳароратининг паст бўлиши ғаллазорларда занг ва бошқа замбуруғли касалликларнинг, зараркунандаларнинг тарқалиши кузатилади. Шунинг учун уларнинг олдини олиш ва қарши кураш чораларини кўриш тақозо этилади. Айниқса, касалликлардан септориоз, сариқ ва қўнғир занг, ун шудринг, зараркунандалардан шиллиқ қурт (пьявица), зарарли хасва, ғалла арракаши, ширалар тарқалишининг олдини олиш учун республикада рухсат этилган кимёвий воситалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Ушбу касалликлар эрта ривожланган даврда кураш чоралари олиб борилмаса, ҳосилнинг 45–50 фоизи йўқотилиши мумкин.

Замбуруғли касалликларга қарши гектарига 22,5 фоизли “Дуплект ТТ” (0,3–0,5 л), “Титул ДУО” (200–300 л), 22,5 фоизли “Консул” (0,75 л), “Этоликур” (0,3–0,5 л), “Уредоцин” (0,3–0,5 л), “Торсо” эм.к. (0,3–0,5), “Рекс ДУО” (0,4–0,6 л), 33 фоизли “Альтосупер” (0,3 л), 35 фоизли “Химпакт” (0,2–0,4 л) препаратлари ёрдамида 200–300 л сувли ишчи эритма тайёрлаб ишлов бериш яхши самара беради.

Зарарли хасва, шилимшиқ қурт, ғалла ширалари, буғдой триписи, поя арракаши, швед ва гессен пашшалари ғалланинг тупланиш давридан бошлаб унга жиддий зарар етказади. Зараркунандалар кучли тарқалганда ҳосилнинг 25–35 фоизи йўқотилиши тажрибада кузатилган.

Бошоқли дон экинларининг асосий зараркунандаларига қарши курашда гектарига 2,5 фоизли “Децис” (0,25 л), 20 фоизли “Багира” (0,2–0,3 л), 10 фоизли “Атилласупер” (0,1 л), 5 фоизли “Далатэ” (0,15–0,2 л), 50 фоизли “Сумитион” (0,6–1,0 л), 55 фоизли “Агрофос Д” (0,5 л) препаратлари ёрдамида 300 литр сувли ишчи эритма тайёрлаб, ишлов берилиши мақсадга мувофиқ.

Ғаллазорларда март ойининг 3-декадасида касаллик ва зараркунандаларга қарши олдини олиш, кураш чоралари амалга оширилган бўлса, апрель ойида, яъни 20 кундан сўнг 2-марта фунгицидлар билан ишлашни ташкил этиш лозим.

Юқоридаги агротехник чора-тадбирларнинг ўз муддатида сифатли бажарилиши ғалладан юқори ва сифатли дон ҳосили олишни таъминлайди.

Р.Сиддиқов, И.Эгамов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech