Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Апрел 2017 00:00

Пахта етиштиришдаги барча агротехник тадбирларни муддатида ва сифатли ўтказиш муҳим ҳисобланади. Аммо, чигит экиш ва униб чиққан ғўза ниҳолларига биринчи ишлов беришнинг ўрни алоҳида. Ушбу тадбир оби-тобида, сифатли бажарилмаса, майдонларда бир текис кўчат олинмайди, далалардаги нимжон ниҳоллар касаллик ва зараркунандалар билан зарарланиб, туп сони камайиб кетади.

Бугунги кунда фермерларимиз далаларида қатор оралари 60 ва 90 см ҳамда қўшқатор схемада пахта етиштирилмоқда. Бу қатор ораларида СТХ-4, СЧХ-4А сеялкалар ва КРХ-4, КРТ-4 чопиқ культиваторлари ишлатилади. Универсал СХУ-4 ва модулли СМХ-4 сеялкалар ҳамда универсал КХУ-4 культиватор-ўғитлагич 60, 70 ва 90 см қатор ораларига созланиш имкониятига эга. Чигитни қўшқатор усулида экишда СЧХ-4Б сеялкаларидан фойдаланилади.

Чигит экишга киришишдан олдин сеялканинг бутлиги, қисм ва деталлари яхшилаб маҳкамланганлиги текширилади, экиш жараёни ва сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган қисмларга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, тукли чигит экиладиган бўлса, экиш аппаратларидаги ғалтаклар тишларининг учлари айланиш йўналишига қараб ўрнатилган ва ейилиб кетмаган, экиш тирқишлари кенглигини созлайдиган тўсиқчалар гайкалар бўшатилганда эркин суриладиган, ўғитўтказгичлар аппарат билан сошникларга тўғри уланиб, пухта маҳкамланган бўлиши керак. Сошникларнинг сирпанғичлари горизонтал ҳолатда барқарор туриши лозим.

Сошникнинг тагига маҳкамланган зичлагичларни соз ҳолатда бўлишига алоҳида эътибор қаратиш даркор. Чунки зичлагичлар доимо тупроққа ишқаланиб ҳаракатланади. Агарда уларнинг сирти ейилиб кетган бўлса, сошник очиб кетган ариқчанинг туби етарли даражада зичланмайди. Натижада бундай ариқчага тупроқнинг пастки қатламларидан намлик етарлича тортилмайди ва уруғларнинг униб чиқиши қийинлашади. Демак, ейилиб кетган зичлагичларни янгисига дарҳол алмаштириш ёки заҳирадаги сеялкалардан соз ҳолатдаги сошникларни олиб ўрнатиш талаб этилади.

Агар уруғ белгиланган меъёрдан ортиқча сарфланса, экиш аппаратларидаги тирқишни торайтириш, кам бўлса кенгайтириш зарур.

Чигит уялаб экилганда уялар орасидаги масофани ўзгартириш учун уяловчи аппаратдаги парракли дискни парраклари сони кўпроқ ёки камроқ бўлган бошқа дискга алмаштириш ёки аппаратларни ҳаракатга келтирувчи валдаги 12, 16, 18 ва 25 тишли юлдузчалар блокидан фойдаланиб, уяловчи аппаратнинг айланишлар сонини ўзгартириш талаб қилинади.

Чигитни тупроққа кўмиш чуқурлиги сошникнинг сирпанғичини кўтариб-тушириш йўли билан тупроқ шароитига қараб 3–8 см атрофида созланади. Ер оби-тобида бўлса, чигитни 4–5 см чуқурликка кўмиб кетадиган қилиб созлаш мақсадга мувофиқ. Сеялка сошниги ҳамда тупроқни зичловчи-шиббаловчи ғилдиракларнинг тупроққа кўрсатадиган босими секциялардаги тарангловчи пружиналар ёрдамида созланади. Бу босим 25–30 кг. ни ташкил этиши керак. Пружинанинг иш ҳолатидаги узунлиги қисқартирилса, босим ортади, узайтирилса, босим камаяди.

Экиш агрегатлари далага олиб чиқилгандан кейин ҳар бир пайкалда сеялканинг биринчи юриши байроқчалар ёрдамида белгилаб олинади. Кейинги юришлар эса маркерлар қолдирган излар бўйлаб амалга оширилади. Уруғлик чигитнинг тўлиқ тушиши ва кўмилиш чуқурлиги сеялкачи ёки фермер томонидан кузатиб борилади.

Туксизлантирилган чигит экиш учун ғалтакли экиш аппаратлари ўрнига сошник устига ўрнатиладиган горизонтал дискли СЧХ-31 экиш аппаратлари қўлланилади. Сеялкани созлаш ишлари юқорида кўрсатиб ўтилганидек амалга оширилади. Экиш меъёрини созлаш учун аппаратга тегишли сондаги ячейкали экиш диски ўрнатилади.

Модулли СМХ-4 сеялкасида туксиз чигитларни аниқ экишга ўтиш учун экиш аппарати тубидаги аралаштиргич ўрнига уяли диск ўрнатилади. Экиш меъёри тегишли сондаги уяларга эга диск ўрнатиш йўли билан ўзгартирилади. Модулли сеялканинг пневматик варианти – СМХ-4-01 сеялкаси туксизлантирилган чигитни доналаб аниқ меъёрларда экишга мўлжалланган.

Юқоридаги талабларнинг бажарилиши ҳар бир далада агроном ва фермер томонидан назорат қилиб борилади. Талаблар бажарилмай, меъёрдан четга чиқишлар кузатилса, сеялкани қайтадан созлаш талаб этилади.

Ниҳолларга биринчи ишлов бериш жуда муҳим тадбирдир. Чунки ҳали анча нозик бўлган кўчатларга юмшаткичлар билан яқин ишлов берилса, уларнинг илдизлари зарарланади, ниҳоллар жойидан қўзғалади ёки тупроққа кўмилиб қолади, узоқроқ ишлов берилса, озуқа яхши етиб бормайди, ўт босиб кетади.

Ғўза қатор ораларига ишлов беришдан асосий мақсад – бегона ўтларга қарши курашиш, тупроқнинг юза қисмини майин юмшатиб, намни сақлаш, тупроқнинг тезроқ қизишини ҳамда микроорганизмларнинг яхши ривожланишини таъминлашдир. Ғўза ниҳолларигача бўлган ҳимоя зонасини минимал даражада қолдириб, қатор ораларига сифатли ишлов бериш, ўғитларни тегишли меъёрларда керакли чуқурликка солиш юқори ҳосил тўплаш гарови ҳисобланади.

Қатор ораларига ишлов бериш сифати биринчи навбатда ишчи органлар турига ва уларни жойлаштириш схемасига боғлиқ. Бунда ҳар бир даланинг тупроқ шароити, бегона ўтларнинг кўп-камлиги эътиборга олинади.

Ғўза қатор ораларига биринчи ишлов беришда чопиқ агрегатларига қуйидаги ишчи органлар жойлаштирилади: 60 см кенгликдаги ҳар бир қатор орасига икки жуфтдан ротацион юлдузчалар, иккитадан қирқувчи пичоқ ва биттадан ўқёйсимон панжа ўрнатилади. Қатор ораси 90 см бўлганда ушбу тўпламга яна иккитадан қирқувчи пичоқ қўшилади. Далада бегона ўтлар кам бўлса, тупроқни майин юмшатиш учун қирқувчи пичоқлар ўрнига юмшатгич панжаларни қўллаш мақсадга мувофиқ. Бунда 60 см кенгликдаги битта қатор орасига бешта юмшатгич ва битта ўқ ёйсимон панжа, 90 см кенгликдаги қатор орасига эса еттита юмшатгич ва битта ўқёйсимон панжа ўрнатилади.

Ўғит солиш жараёни сифатли ва меъёрда амалга оширилиши учун ўғит солиш аппаратлари, ўғитўтказгичлар ва ўғит сошниклари соз бўлиши керак. Аппаратларнинг чамбараклари орасидаги тирқишлар баландлиги айлана бўйлаб бир хил бўлиши ва эркин айланиши лозим. Ўғит сошникларининг учи ўткирланган бўлиши даркор. Ўғит ўтказгич ҳамда тирқишлардан ўғит тўкилишига йўл қўйилмайди.

Ўғит меъёрлари ҳар бир пайкалдаги ғўза ниҳолларининг ҳолатини ва тупроқнинг кимёвий картограммасини эътиборга олган ҳолда белгиланади ҳамда мавжуд қўлланма ва тавсияномаларда келтирилган усуллар билан созланади.

Белгиланган ўғит солиш меъёрини дала шароитида ростлаш учун ўғит солиш аппаратларининг бункерлари бир хил даражада тўлдирилиб, ўғит берувчи тирқишлари бирдай қилиб созланади. Сўнгра агрегат билан пайкалда бир бориб келинади ва бункерларда қолган ўғит миқдори ўлчанади. Агар сарфланган ўғит белгиланган меъёрдан кўп бўлса, ўғит сепувчи тирқишлар камайтирилади, кам бўлса оширилади. Бу иш белгиланган меъёрга эришилгунча давом эттирилади.

Ўғит сошникларининг юриш чуқурлиги ва кўчатлардан йироқлигини доимо кузатиб бориш жуда муҳим. Озиқлантириш даврида ўғит сошниклари ниҳолдан 15–16 см узоқликда, 10–12 см чуқурликда юрадиган қилиб жойлаштирилади.

Ҳар бир далада агрегат ишга туширилгандан кейин унинг амалдаги ишлов бериш чуқурлиги ва ҳимоя зоналари ўлчаб кўрилиши керак. Агротехник талабларга асосан ишлов бериш чуқурлигининг ўзгарувчанлиги ±1 см, ҳимоя зонасиники эса ±2 см. дан ошмаслиги лозим.

Шундай қилиб, фермер хўжаликлари ва муқобил машина-трактор паркларида юқоридаги тавсияларга амал қилинса, чигит экиш ва ғўза қатор оралари тупроқларига ишлов бериш агрегатларини ишга тўғри тайёрлаш ва улардан дала шароитида унумли фойдаланишга эришилади.

         М.Тошболтаев, А.Қорахонов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech