Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Апрел 2017 00:00

Бу йил республикамизда чигитнинг 16 та эртапишар, 5 та ўртапишар ва 8 та истиқболли навларини экиб, пахтачиликда ресурстежамкор, замонавий агротехнологияларни қўллаган ҳолда эртаги, юқори сифатли ва жаҳон бозорида харидоргир пахта ҳосилини етиштириш режалаштирилган. Шу мақсадда пахтакорларимиз ишга жадал киришдилар.

Чигит экишга ер тайёрлаш. Чигит экишда, эрта баҳорда тупроқ оби-тобига келганда аввал нам тўплаш мақсадида бороналаш тавсия қилинади. Шўрланмаган ерларда баҳорда чигит экиш олдидан икки марта бороналаш ўтказилса, ўтлоқи тупроқларда ерни яхши ҳолатга келтириш учун бир марта ишлов бериш етарли бўлади.

Яхоб суви берилган, шўри ювилган Бухоро, Сирдарё, Жиззах,Фарғона ва бошқа вилоятларда тупроқнинг ҳайдов қатлами кучли зичлашган бўлса, бундай тупроқларда чизелга борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади.

Кузда шудгор қилиниб, шўри ювилган майдонларда ҳайдов қатлами зичлашмаган бўлса, 8–10 см чуқурликда 2 қаторли зиг-заг борона билан бороналанади. Бороналаш пайтида ажриқ, ғумай, қамиш ва бошқа кўп йиллик бегона ўтлар илдизи тозаланиб, даладан йиғиб-териб олиш ва ёқиб ташлаш тавсия этилади.

Механик таркиби оғир ўтлоқи-аллювиал, ўтлоқи-ботқоқ тупроқларнинг ўзида намни сақлаш хусусияти ўта паст бўлгани учун ерни экиш олдидан тайёрлашга алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Бунда далани кечки соатларда кун чиққунга қадар тайёрлашга эришиш лозим. Кундуз куни бороналаш ёки чизеллашда ҳосил бўлган кесаклардаги нам жуда тезлик билан нам буғланиб кетишига сабаб бўлиб, акс ҳолда, ушбу майдонларда кесакларни майдалаб, майин тупроқ ҳосил қилиб бўлмайди.

Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг асосий майдонларида чигит пуштага экилади. Пушта олинган далаларни бороналашда чопиқ тракторларига осиладиган махсус бороналардан фойдаланиш яхши самара беради, чунки бунда пушта ва жўяклар эзилмайди.

Кузда пушта олинган ерларда намлик кўп сақланади, пушта юзаси қуёшда яхши исийди ва ер тез етилади, техника ва ёқилғи харажатлари камаяди, ниҳоллар текис ерга нисбатан 2–4 кун олдин униб чиқади, ниҳолларнинг ўсиши, ривожланиши яхшиланиб пахта ҳосилдорлиги 15–20% ошади.

Чигит экиш муддати, меъёри ва усуллари. Республикамиз вилоятларида чигитни мақбул муддатда экиш ва соғлом кўчат ундириб олиш, эртаги, юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ерга эрта уруғ қадаган ҳосилни ҳам эрта йиғиштириб олади.

Экиш учун уруғлик чигитларга қуйилган талабларга мувофиқ унувчанлиги 90–95 фоиздан кам бўлмаслиги, намлиги 10 фоизгача бўлиши, ифлослик даражаси 0,3–0,7 фоиздан ошмаслиги, туклилиги 0,5–2,5, механик шикастланганлиги 7–8 фоиздан ошмаслиги керак.

Чигитни экишда тупроқ намлиги ва ҳарорати, уруғлик сифати, чигитни дорилаш, намлаш, мақбул муддатда, меъёрда ва чуқурликда экиш талаб этилади. Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти олимлари тавсияларига асосан, тупроқнинг 10 см қатламидаги ҳарорат 12–14оС даража бўлганда тукли чигитларни, 14–16оС даража бўлганда эса туксиз чигитларни экишга киришилади, тупроқ ҳарорати 9–10оС бўлганда плёнка остига чигит экиш бошланади.

Тупроқ намлиги 65–70 фоиз бўлса ёки чигит экиладиган тупроқни қўлда олиб, зичлаб ерга ташлаб юборилганда сочилиб кетса, ёки тракторнинг экиш агрегати тупроқни кесмаганда ва лой чиқармаганда, далага тракторнинг кириш имконияти бўлганда чигитни экиш бошланади.

Пахта тозалаш ёки уруғлик чигит тайёрлайдиган заводлардан келтирилган тукли чигитларни экиш олдидан намлашга катта аҳамият бериш керак.

Чигитни намлаш ишлари табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Тукли чигитнинг 1 тоннасини намлаш учун 600 литр сув сарфланади. Чигитни нам­лаш ишлари олдиндан тайёрланган (асфальтланган ёки бетонланган) махсус майдончаларда ўтказилади. Бундай майдончалар бўйи 4–5 м, эни 2–3 м ва баландлиги 30–35 см. бўлиши мумкин. Намлаш вақтида қалинлиги 20–25 см. дан ошмаслиги зарур. Намлаш 3 босқичда: биринчиси 3–4 соат, иккинчиси 4–5 соат, учинчиси 5–6 соатда ўтказилиб, ҳар босқичда 200 литрдан сув сарфланади. Шундагина чигитнинг тўлиқ ва сифатли намланишига эришилади, бундай чигит сувга тўйиниб, қобиғи юмшайди. Бу намлиги кам бўлган тупроқларда ҳам чигитнинг униб чиқишига ижобий таъсир кўрсатади.

Фермер хўжалиги раҳбарлари уруғлик чигитни намлашда бир кунда қанча майдонга экилишини, далага олиб бориш ва бошқа ишларга кетадиган вақтларни ҳисобга олиши, шунга қараб чигитни намлаш миқдорини режалаштириш мақсадга мувофиқдир.

Маълумки, дунё бўйича ғўзанинг 100 дан ортиқ касалликлари учрайди ва бу касалликлар таъсирида етиштириладиган ҳосилнинг 10–20 фоизи ва ундан ҳам кўпроғи йўқотилади. Ўзбекистон шароитида ғўза касалликларидан бактериялар қўзғатадиган гоммоз ва замбуруғлар қўзғатадиган илдиз чириш, вертициллёз ва фузариоз вилт касалликлари кенг тарқалган.

Ер ости сувлари яқин жойлашган ва намлик юқори бўлган ерларда, серёғин ва салқин об-ҳаво кузатиладиган ёки кучли қатқалоқ ҳосил бўладиган ҳудудларда ҳамда сифатсиз уруғлик чигитлар экилган ёки чигит жуда чуқур экилган майдонларда илдиз чириш касаллиги келиб чиқади.

Агар тупроқ ва ҳаво ҳарорати паст, намлик юқори ва ернинг юза қисмида қатқалоқ ҳосил бўлганда, шунингдек, тупроқда касаллик чақирувчи патогенлар учраганда, уруғликка фунгицид ва стимуляторлар билан ишлов берилмаган бўлса, гоммоз касаллиги келиб чиқади.

Экиш олдидан чигитни намлаш билан биргаликда уруғлик чигит тайёрлаш заводларида тукли ва туксиз чигитларга ўсишни яхшилаш хусусиятига эга бўлган Гумимакс (0,8–1,0 л/т), Узгуми (0,7–0,8 л/т), Фитовак (200–300 мл/т) стимуляторлари билан ишлов бериш, ноқулай об-ҳаво ва тупроқ шароитида ҳам чигитнинг унувчанлигини оширади, касалликларга бардошлилиги ошади, илдиз тизими бақувват ривожланади ва тупроқнинг табиий намлигидан унумли фойдаланилади. Ўсимликнинг ўсиб-ривожланиши, ҳосил тўплаши тезлашади. Шу сабабли, уруғлик чигитлар экишдан олдин уруғ дори ва стимуляторлар билан албатта дориланиши шарт.

Чигитни ўз вақтида ва мақбул муддатларда экиш ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижасида республикамиз вилоятларида чигит экишнинг мақбул муддатлари аниқланган. Унга кўра, чигит экишни мақбул муддати Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида 10–25 апрель, шимолий туманларида 15–30 апрель, Хоразм вилоятида 10–25 апрель, Тошкент ва Фарғона водийси вилоятларида 5–15 апрель, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 1–15 апрель, Самарқанд вилоятида 5–20 апрель, Бухоро ва Навоий вилоятларида 1–15 апрель, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг жанубий чўл туманларида 25 март-10 апрель, тоғ олди туманларида 1–15 апрелга тўғри келади. Ушбу муддатлар йилнинг об-ҳаво шароити келишига қараб бироз фарқланиши ва 5–7 кун эрта ёки кеч ўтказилиши мумкин.

Тупроқ турлари ва механик таркибига қараб чигит экишнинг энг мақбул чуқурлиги 4–5 см, секин қизийдиган оғир тупроқларда 3–4 см бўлиб, тукли чигитлар гектарига 45–55 кг, туксиз чигитлар 25–30 кг экилса, тўлиқ ва соғлом кўчат олишни таъминлайди.

Чигитни, биринчи навбатда, тез қизийдиган енгил, ўртача қумоқ ва тез етиладиган ерларда, кейин эса оғир тупроқли тоғ олди минтақаларида экиш мақсадга мувофиқ. Тупроқ ҳарорати паст бўлганда экилган чигит чириб, ниҳоллар сийрак униб чиқади, касалга тез чалинади, нимжон ўсиб-ривожланади, пировардида пахта ҳосили ҳам пасайиб кетади.

Чигит экиш ишларини тўлиқ якунлаш учун далалар чети, симёғоч ва ўқариқлар атрофига қўлда экиш керак. Шундагина барча майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилинади.

Унумдорлиги паст, балл бонитети 30–40 ва 50 балл, механик таркиби енгил ва ўрта тупроқларда, кўчат олиш қийин ва нишаблиги юқори бўлган жойларда чигитни қўшқаторлаб экиш тавсия этилади. Бунда 1,5 баробар кўп кўчат олиш имконияти пайдо бўлиб, туксиз чигитлар 45–50 кг сарфлаб экилади. Чигит экиш сеялкаси қатор ораси 90 см (60х30×12-1) схемада қўшқаторлаб бир йўла 8 қаторга чигит экишга мўлжалланган бўлса, ушбу сеялка бир вақтнинг ўзида 60 см. ли қатор ораларини 30 см. ли кенгликдаги пушта устига қўшқаторлаб (қатор орасига 30 см, уялар ораси 12 см) чигит экади. Қўшқаторлаб чигит экишда ҳар гектарда оддий усулга нисбатан деярли 1,5 баробар кўп кўчат бўлишига эришилади. Чигит экиш пайтида уруғнинг бир хил чуқурликка тушиши, қаторларнинг тўғри чиқиши, туташган қаторлардаги (маркёр) масофа бир хил бўлишига алоҳида аҳамият бериш зарур.

Ниҳоллар тўлиқ ундириб олингандан сўнг, далаларнинг тупроқ-иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусиятлари, тупроқ унумдорлиги ва бошқа омиллардан келиб чиқиб яганалашга киришилади. Яганалашнинг энг мақбул муддати 1–2 чингбарг пайдо бўлганда ўтказишдир. Ушбу муҳим тадбир 3–5 кун кечиктирса, пахта ҳосили гектаридан 2–3 центнерга, ундан ҳам кечиктирилганда 4–5 центнерга камаяди. Яганалаш сифатсиз ўтказилганда кўчат қалинлигининг юқори бўлиши ҳисобига ғўзани сув, озиқадан фойдаланиш кўрсаткичи камайиб, пахтадан 15–20% кам ҳосил олинади.

Яганалаш ишларини узоғи билан 8–10 кунда якунлаш лозим. Бунда, нимжон, ҳашаротлар ва касалликлар билан зарарланган, ривожланиши суст бўлган ниҳоллар олиб ташланиб, фақат соғлом ниҳоллар қолдирилади. Яганалашдан 7–8 кун ўтиб, далалар яна бир бор текширилиб, кўчат қалин қолдирилган, чигитлар кеч униб чиққан майдонлар сийраклаштирилади ҳамда тўлиқ ва текис гектар ҳосил қилинади.

Пахта майдонларида ғўзани яганалашда ўлчов таёқчаларидан (шаблон) фойдаланиш яхши самара беради.

Ғўзанинг эртапишар Султон, Бухоро–102, Андижон–35, Андижон–36 навлари учун экиш тизимига кўра энг мақбул кўчат калинлиги гектарига 90–100 минг туп, Наманган–77, Ан-Боёвут–2, Омад, С-4727 навлари ҳамда ўртапишар С-6524 нави учун 110–130 минг туп, Хоразм–150, Андижон–37, Бешқаҳрамон, Наманган–34 навлари учун 100–110 минг туп.

Ўртапишар Бухоро–6, Бухоро–8, Меҳнат, Хоразм–127 навлари учун экиш тизимига кўра 80–100 минг туп кўчат қолдириш юқори самара беради.

Қўшқаторлаб чигит экишнинг 65х25-17х1 схемасида кўчат қалинлиги 120 минг, 65×25-15×1 схемасида 140 минг ва 65×25-14×1 схемасида 160 минг туп жойлаштириш тавсия этилади.

Ғўзада белгиланган агротехник тадбирлар юқорида келтирилган тавсияларга амал қилган ҳолда қисқа муддатда ва сифатли ўтказилса, кафолатланган эртаги ва мўл ҳосил олишга замин яратилади.

       Ш.Абдуалимов, Ф.Ҳасанова, Ш.Каримов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech