Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2017 00:00

Мамлакатимиз боғлари ва токзорларида авжи пишиқчилик палласи. Ёзги мева ва узум навлари бирин-кетин пишиб етилмоқда. Ушбу етилаётган ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш боғбону соҳибкорларимиздан катта масъулият талаб этади.

Ёз ойида (июль, август) пишиб етиладиган мевалардан шафтоли, олхўри ва узумнинг кишмишбоп навларини узоқ сақлаб бўлмайди, улар кўпи билан (энг сифатлиси) бир ой сақланади. Шунинг учун истеъмолдан ортган мевалар қуритилади. Улар очиқ ҳавода, қуёшда қуритилганда сифатсиз маҳсулот олинади. Уларни салқин ерларда ёки махсус палаткаларда (полиэтилен плёнка қопланган) қуритилса меванинг сифати анча юқори бўлади.

Эртанги меваларни қуритиш натижасида ўрикдан туршак, кайса, курага тайёрланади. Данакли мевалардан шафтоли, олхўри ҳамда олманинг барча навларини қуритиб, қоқи қилинади.

Туршак асосан ўрик навларидан тайёрланади. Ўрик ўз навига хос ранг ва шаклга кирган, эти етарли даражада тўлиқ бўлган даврда узилади. Мевалар катта кичиклигига қараб, навларга ажратилади (калибровка қилинади). Бунда чириган, моғорлаган, эзилган, хашарот тушган ва касалланганлари олиб ташланади. Мевалар етилиш даражаси жиҳатидан ҳам сараланади.

Хомашёни симдан ёки новдадан тўқилган катта бўлмаган саватни тўлдириб, 5% каустик содали қайноқ эритмага ботириб олинади. Сўнг бланшировка қилинган ва ювилган мевалар дарҳол тахта идишларга бир қатор қилиб ёйиб қўйилади ва олтингугурт билан дудлаш камераларида дудланади. Дудланган ўрик ўз табиий рангини сақлайди ва хашаротларга чидамли бўлади. 1 кг мевага 2–2,5 г олтингугурт сарфлаб, 1–1,5 соат давомида дудланади. Кейин 3–4 кун очиқ жойда, сўнг сояга олиб қуритилади. Қуритиш 8–10 кун давом этади.

Шафтоли меваларини қуритиш навнинг шаклига хос, максимал қуруқ моддаларга эга бўлган, йириклашган ва ранг кирган пайтда узилади. Бунда меваларнинг эти тўлиқ бўлиши керак, аммо бундай мевалар хомашё сақланадиган майдончада турган пайтда пишиб етилиши лозим, шунда шафтолидан яхши қоқи олинади.

Шафтолини тўғраб ёки паллага ажратиб қоқи қилинади. Мева қўлда пичоқ билан тўғралади. Икки паллага ажратиладиган бўлса, чизиғидан ёрилади ва данаги олиб ташланади. Данаги ажралмайдиган шафтоли қуритилмайди.

Иккига ажратилган шафтолини каустик сода эритмали қайнаб турган сувга ботириб олинади. Каустик соданинг 5 фоизли қайноқ эритмасида хомашё 30–35 сония тутилади. Бунда мева паллачалари дарҳол ювилади, шафтолининг пўсти тез ажралади. Ювилгандан сўнг қолган пўстлари пичоқ билан олиб ташланади. Совуқ сувда чайиб олинган шафтоли паллалари ички томонини тепага қилиб, тахта патнисларга терилади ва олтингугурт билан дудланади. 1 кг мевага 2,0–2,5 г олтингугурт сарфлаб, 1,5 соат давомида дудланади.

Дудланган мева патнислари билан бирга қуритиш майдончасидаги сўкчакларга қўйилади. 2–3 кундан сўнг шафтоли паллачалари ағдариб чиқилади. Қоқи намининг 3/3–4/3 қисми қочгандан сўнг патнислар соя жойга олиниб, устма-уст қилиб тахлаб қўйилади. Яхши қуриган қоқининг эти тиғиз, пишиқ эгилувчан, аммо синмайдиган бўлади.

Олмани қоқи қилишда асосан қанд моддаси ва кислотаси кўпроқ, хушбўй, эти оқ ёки оч сариқ, навлари қуритилади.

Олмани қуйидагича қуритиш усуллари мавжуд: оддий усулда қуритиш – бунда меванинг пўсти арчилмайди; французча усулда қуритиш – меванинг пўсти арчилиб, уруғи олинади. Қоқи қилиш учун фақат пишган мевалар олинади.

Қуритишга олинган олма маҳсулоти тоза сувда ювилиб, олмани тилимлаб ёки 0,7–1,0 см қалинликда гардиш қилиб тўғралади.

Пўсти арчилган олма тўғралган заҳоти 2–3 фоизли намакобга солинади, бу унинг табиий рангини сақлаб қолишга ёрдам беради. Кейин олмани тахта патнисларга солиб, олтингугурт билан дудланади ёки олтингугурт ангидриди эритмасида дориланади, олма ҳам шафтоли каби дудланади, меванинг ҳар 1 кг. га 1,5–2 г олтингугурт сарфланади, дудлаш 30–35 дақиқа давом этади. Дудланган патнислар қуритиш майдончасидаги сўкчакларга қўйиб, офтобда қуритилади. 24–30 соатдан сўнг олма гардишлари ағдариб чиқилади, яна шунча вақт ўтгач, патнислар соя жойга олиниб, штабель қилиб тахлаб қўйилади.

Об-ҳаво шароитига қараб, олма 3–6 кун давомида қуритилади, олмадан 10–13% қоқи олинади, нами 20 фоиздан ошмаган қоқи қуриган ҳисобланади.

Олхўри меваларини қуритишда меванинг катта кичиклигига қараб, навларга ажратиб, мева яхши ювилиб, 0,5% каустик сода эритмасига ботириб олинади. Навларга қараб, эритмага ботириб олиш муддати 15–30 сониядан ошмаслиги керак.

Олхўри меваси тоза патнисларга солиниб, қуритиш майдончасидаги сўкчакларга, офтоб яхши тушадиган жойга қўйилади. 3–4 кундан кейин мевалар ағдариб чиқилади, яна 5–7 кундан сўнг уларнинг нами анча қочгандан кейин штабелларга тахлаб қўйилади ва қуритиш сояда давом эттирилади. Олхўрининг майда ёки йириклигига қараб, 8–19 кун давомида қуритилади.

Мева-узум маҳсулотларини кўпайтириш билан бирга уларни йил давомида аҳолига таъминоти учун етказиб беришга аҳамият қаратилади. Бунинг учун албатта узоқ сақланадиган мева-узум навларини кўпайтириш зарур.

Кейинги йилларда республикамизда мева-узум майдонларининг кенгайиши билан бирга уларни сақлайдиган омборхоналар, замонавий музлатгичли омборхоналар барпо этилмоқда.

Жорий йилда мева-узум мўл бўлиб, пишиб етилаётган меваларнинг бир қисми истеъмолга, қайта ишлашга, яна бир қисмини экспорт қилинса қолган қисмини омборхоналарга қўйиб сақлаш натижасида ушбу мева турлари ва навларни истеъмол қилишини узайтириш мумкин.

Ўртапишар мева ва узум навларини узоқ сақлаб бўлмайди, улар асосан истеъмолга экспортга ҳамда қайта ишлашга юборилади.

Кузги ва кечки (қишки) мева-узумларни узоқ муддатли омборхоналарда сақлашга қўйишда уларни пишишидан 15–20 кун олдин терилади. Бунда меваларнинг таркибидаги кимёвий хоссалари, таъми, сақланиши яхши бўлади. Пишиб етилган меваларни омборхоналарда узоқ сақлаб бўлмайди, улар тезда айний бошлайди. Агарда мева тўлиқ етилмаган бўлса, у ҳолда мева тезда сўлийди, буришиб, мева сифати йўқолади.

Пишиб етилган мевалар яхши истеъмол сифатига эга бўлиши билан бирга ҳосилни теришда, транспортировка қилинган вақтда зарарланади ҳамда узоқ сақлана олмайди.

Меваларни узоқ муддатда сақлаш учун ҳарорат паст даражада бўлиши лозим. Сақлаш давомида ҳароратнинг кескин ўзгариши мева-узум маҳсулотининг сифатини ёмонлаштиради. Шунинг учун омборхоналарда бир хил ҳароратда сақлашга эътибор бериш лозим.

Омборхонада ҳарорат маълум даражада ўзгариб қолса, тезлик билан ҳароратни ўзгартиришга ҳаракат қилиш керак.

Мева-узумни сақлашга қўйишда уларни нафақат тури, балки навига ҳам эътибор бериб, ҳароратни шунга қараб тўғрилаш керак. Мевалар терилгандан сўнг қанчалик тез омборхонага қўйилса, шунча узоқ сақланади. Омборхонада ҳарорат меваларнинг музлашига яқин ҳарорат бўлиши зарур.

Омборхоналардаги намлик катта аҳамиятга эга бўлиб, омборхона ичида ҳаво намлиги уруғли мевалар ва узум маҳсулоти 85–96%, данакли мевалар учун 80–85%, цитрус мевалар учун 70–80% бўлиши керак. Қуруқ ҳавода мева таркибидаги сув буғланади ва сўлиб қолади.

Меваларнинг нафас олиши ва бошқа физиологик жараёнлар натижасида омборхона ичида кислота ва ҳар хил газлар тўпланади, уларни ташқарига чиқариш учун омборхонани яхшилаб шамоллатиб туриш лозим.

Кўпгина мева турларининг узоқ муддат яхши сақланиши учун улар алоҳида қилиб қоғозларга ўраб қўйилади.

Омборхоналарда узоқ муддатли сақлаш учун мевалардан олманинг Ренет Симиренко, Нафис, Старкримсон, Голден Делишес навлари, нокнинг Оливье де Серр, Қишки нашвати №2, Кулола, узумнинг хўраки Пушти тоифи, Оқ тоифи, Нимранг, Поздний ВИРа, Мускат Ўзбекистанский навлари қўйилади. Энг яхши ҳарорат 0 ос дан 2 ос гача узум учун -1 ос дан 0 ос гача.

Кенглиги 10–20 м бўлган омборхоналар ўртасида юриш учун 1,2–1,5 м. кенгликда йўл қолдирилади. Алоҳида партияларни ҳисоб-китоб қилиш учун уларнинг ораларини 0,2 м қилиб қолдирилади.

Омборхоналар олдиндан сақлашга тайёрланиши керак. Бунда омборхона ичи озода, яхши шамоллатилган, дезинфекция қилинган, олтингугурт билан дудланган бўлиши керак. Омборхона поли, деворлари ва шипи 5 фоизли мис купороси билан ишланган, деворлари оқланган бўлиши лозим.

Унинг ичида вентилятор ўрнатилган, термометрлар ва психометрлар, троз, ёритиш учун лампалар ҳамда қайтариладиган (оборотная) таралар (яшиклар) бўлиши керак. Унга қуёш нурининг тушишига йўл қўймаслик даркор.

Маҳсулот қўйишдан олдин омборхона ичи олтингугурт гази билан дудланади, 2 суткадан сўнг хона шамоллатилади. Олтингугурт сарфи 1 м3 учун 50–60 г.

Маҳсулот омборхонага қўйилгач, мунтазам равишда ҳар 10–15 кунда кўздан кечириб, айний бошлаган мевалар олиб ташланади.

Сақланаётган мева-узум маҳсулотлари керак вақтида омборхонадан олиниб, истеъмол учун юборилади.

    Р.Абдуллаев, Н.Джалилов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech