Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2017 00:00

Пахтакорлар учун чилпиш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Чунки чилпишнинг ўз вақтида бажарилиши шона, гул тугунчаларини сақлашга, кўсак пайдо бўлиш ва етилиш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади, оқибатда кўсакларнинг пишиши 5–10 кунга тезлашади ва ҳосилдорлик гектарига 3-4 центнерга ортади.

Бу муҳим тадбир ғўзанинг асосий ва ён шохларининг ўсув нуқтасини қирқиб, ўсимликнинг вегетатив ўсишини тўхтатиш ва озиқа моддаларини ҳосил шоналарига йўналтириш мақсадида ўтказилади. Бунда тупларда тўлақонли кўсаклар кўпроқ шаклланади, уларнинг салмоғи, ҳосилдорлиги ва тола сифати ошади.

Ғўзалар кучли ғовлаган майдонларда чилпиш кўпроқ қилинади. Бунда бош поя ўсув шохларининг мўрт қисми олиб ташланади.

Илмий тадқиқот институтларининг тажрибаларига қараганда, ғўза ҳосили уч муддатда вужудга келади ва шаклланади биринчиси – июнь ойида – умумий ҳосилнинг 45 фоизини ташкил қилади, иккинчиси июль ойида ҳосилнинг 46,8 фоизи ва учинчиси август ойида ҳосилнинг – 8,2 фоизини ташкил қилади. Аммо, булар ғўзанинг парваришига қараб ўзгариб туради. Кузатишларга қараганда август ойида шаклланган ҳосил тугунчаларининг деярли ҳаммаси, кўпинча тўкилиб кетади.

Ниҳоллар ривожи ҳар хил бўлган тақдирда, чилпишни икки марта бажариш мумкин. Аввалига асосий ўсиш нуқтаси қирқилса, орадан 7–10 кун ўтгач, ён шохларнинг учлари чилпиб ташланади.

Пахтакорларимиз чилпишни асосан қўлда бажаришади. Шунда асосий ва ён шохларнинг ўсув нуқталари билан бир қатор ҳосил шохчаларини ҳам чилпишадики, натижада ҳосилдорликка сезиларли даражада зарар етади. Бу ҳол кўпинча четдан одамлар жалб қилганда рўй беради.

Кўпчилик хорижий мамлакатларда чилпиш кимёвий усулда амалга оширилади. Улар биздагига қараганда анча барвақт, дастлабки гуллар пайдо бўлаётган даврда ғўзага Пикс дорисини пуркайдилар. У билан бир қаторда кимёвий усулда чилпиш учун Тур, Устикс, Далпикс, Со-же-ан каби препаратлар ишлатилади.

Пикс дориси бошқа препаратларга нисбатан бир қанча афзалликларга эга. У сепилгач, ғўзанинг ўсиб-ривожланиши ўртасида мувофиқлашув яхшиланиб, ҳосил эртаги ва мўл бўлади, тола сифатли бўлади.

Шунингдек, ғўза тупи ихчам арчасимон шаклга киради. Бу эса қаторлар орасида ҳаво алмашувини яхшилашга ҳамда кўсаклар чиришининг камайишига олиб келади. Энг асосийси, биринчи терим салмоғи 5–6 центнерга ошиб, ҳосилни қисқа муддатларда йиғиштириб олишга имконият яратилади.

Кимёвий чилпиш қўлда бажариладиган оғир меҳнатга барҳам беради.

Пикснинг ўхшаши бўлган Устикс дорисини эса ўзимизда ишлаб чиқаришга ва амалда қўллашга рухсат берилган.

Устикснинг ижобий таъсири – ўсимликнинг ғовлаб кетишини тўхтатиши, пахта ҳосилини кўпайтиришидир.

Ўткир ҳидли эканлиги, заҳарлилиги сабабли уни қўллаш ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишни, эҳтиёткорлик чораларини кўриш талаб этилади. Булар қаторида Далпикс ҳам тавсия қилинган. Бу препаратнинг 1 гектарга 1,0–1,5 л миқдорда сепилиши мақсадга мувофиқ.

Кимёвий чилпиш учун бу дориларни пуркаш вақти ва сарфлаш меъёри ғўза ривожига ҳамда бош поя баландлигига кўра белгиланади. Энг мақбул муддат – ўрта толали ғўза навларида ҳосил шохи 12–14 тага етган пайтдир. Дорилар билан ишлов беришни суғоришдан 6–7 кун олдин ўтказиш яхши самара беради.

Пиксни ишлатиш меъёри ўсимликнинг ривожланиш даражасига қараб гектарига 0,5–1,0 литрни ташкил қилади. Агар ғўза тупи баққуват бўлса, унинг сарфи 1,5 литргача етказилиши мумкин. Бунда сувли аралашма меъёри гектарига 200–300 литрдан ошмаслиги керак.

Ўсимликка препаратни ОВХ-28 ёки бошқа турдаги агрегатлар ёрдамида пуркагичлар билан тонгги ва кечки соатларда сепиш мақсадга мувофиқ. Умуман олганда, ғўза ғарқ гулга кирган пайтда чилпиш ўтказиш энг яхши натижа беради. Кўпчилик туманларда чилпишни амалга ошириш июлнинг 2–3 ўн кунлигига тўғри келади.

Агрономлар ва тажрибали фермерлар чигит экиш муддати, ернинг унумдорлиги, қўлланилган агротехника тадбирлари, ғўзанинг нав хусусиятлари ва ҳолатига ҳамда ундаги ҳосил шохларининг миқдорига қараб ҳар бир пайкалда энг мақбул чилпишни ўтказиш муддатларини тўғри белгилашлари лозим.

Чилпиш ўз вақтида ўтказилиб, кўсакларнинг яхши етилиши таъминланса, баргларни сунъий тўктириш ҳам етарли самара беради.

    Р.Назаров





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech