Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2017 00:00

Етиштирилган пахта ҳосилини машиналар ёрдамида териб олаётган фермер хўжаликлари сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Сирдарё вилоятидаги фермерлар бу борада пешқадамлик қилмоқдалар. Ўзларига бириктирилган МХ-1,8 русумли пахта териш машиналарида мавсум давомида 100–120 тонна ҳосилни йиғиштириб бераётган механик-ҳайдовчилар ва йиллик пахта тайёрлаш режаларини фақат машина терими ҳисобига уддалаётган фермер хўжаликлари сафи кенгаймоқда.

Мазкур ижобий натижалар заминида бир қатор омиллар, айниқса ғўза ўсимлигини машинабоп қилиб парваришлаш, яъни ғўза қатор ораларига оби-тобида ишлов бериш, экинларни тўғри суғориш ва тупларини табақалашган ҳолда чилпиш агротадбирларини сифатли бажариш мужассам.

Ғўза қатор ораларини культивация қилиш. Ғўза қатор ораларига култиваторлар билан ишлов беришда қуйидаги қоидаларга амал қилиш даркор:

1) қатор ораларида донадор тупроқ ҳосил қилинсин;

2) эгатлар чуқурлиги уларнинг ўртача қийматидан 4 см. га ортиқ ёки кам бўлиши мумкин, холос. Механизаторлар охирги култивацияда суғориш эгатларини қатор орасининг қоқ ўртасидан ва барча қаторларда бир хил чуқурликда олинишига алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Чунки пахта териш машинаси ғилдираклари терим пайтида айнан шу эгатларда юради. Эгатлар чуқурлиги ва кенглиги орасидаги фарқ катта бўлганда, пахта териш машинасининг фазовий тебраниб ҳаракатланиши туфайли терим аппаратининг иш тирқиши қатордан дам чап томонга, дам ўнг томонга силжиб туради. Бу ҳолат бир қисм ғўза тупларининг ғилдираклар ва аппаратлар билан эзғиланишига, шохларнинг синиши ва кўсакларнинг тўкилишига, пастдаги чаноқ пахтасининг терилмай қолишига, юқоридагиларини эса чала терилишига олиб келади;

3) охирги култивация пушта тепасида дўнгликлар ва ўлчами 5 см. дан катта кесаклар ҳосил бўлмайдиган тезликда ва чуқурликда бажарилсин. Акс ҳолда, улар пахта териш аппарати иш тирқишини кенгайтириб юборади, шпинделлар пастки тишларини тез ёйилиши ва ифлосланишига, демак-ки, терим тўлиқлигининг пасайишига сабабчи бўлади;

4) ясси кесувчи ва дискли пичоқлар ҳамда ўқёйсимон панжаларни қатор орасига шундай жойлаштириш керакки, бунда ишлов берилгандан кейин далада қолган бегона ўтлар сони ҳар 100 метрда 5 донадан ошмасин (бегона ўтлардан чиқадиган шира шпиндел тишларига ёпишиб, уларни чирклайди, тишларнинг активлигини пасайтиради, пахта чала терилади. Энг ёмони, машина бункеридаги пахтанинг ифлослиги ошиб, сифатига путур етади).

Пахта териш машиналарининг иш сифати далаларнинг тозалигига ҳам боғлиқ. Бегона ўтлардан тоза далаларда машина бир ўтишда ғўза тупларидаги 90 фоиздан ортиқ юқори навли пахтани териб олади, ифлос далаларда эса бу кўрсаткич 50–60 фоиздан ошмайди, чунки кўп ҳосил чаноқларда қолиб кетади, унинг 15 фоизгачаси ерга тўкилади. Шундай экан, культивация пайтида ғўза тупларининг тагида ва ҳимоя зонасида қолиб кетган бегона ўтлар қўл кучи ёрдамида батамом йўқотилиши шарт.

Ғўзани суғориш. Машина терими учун ажратилган пахта майдонларини шундай суғориш керакки, бунда сув барча эгатларда бир хил миқдорда жилдираб оқсин, эгатлар бир текис чуқурликда намлансин, пушталар нураб кетмасин.

Эгатларга меъёрдан ортиқча сув юборилса, эгат туби ва пушта сиртлари ювилиб кетади, эгатлар чуқурлашиб, пушталар бузилади. Машина бундай эгатлар бўйлаб ҳаракатланганда терим аппаратларининг ёнлама тебраниши туфайли ғўза тупларининг пастидаги пахталар чала терилади ёки умуман терилмай қолиб кетади. Пушталар бузилган жойларда аппарат пастки рамкаси қуруқ тупроқни иш тирқиши олдига суриб, терилаётган пахтани ифлослантириб юборади.

Ғўза тупларини чилпиш. Баъзи фермер хўжаликларида ғўза тупларини ўз вақтида сифатли қилиб чилпишга етарлича эътибор берилмаслиги туфайли, шохлар тепага ва ёнига тарвақайлаб кетади.

Ғўзанинг бош пояси ва ён шохлари учларини чилпишдан асосий мақсад – бу кўраклар сони ва улар вазнини ошириш ҳамда ғўза тупларини машинабоп, яъни ихчам шаклга келтиришдир.

Чилпиш ишларини майдондаги кўчат қалинлиги, ғўза нави ва ҳосил шохлари сонига қараб табақалаштирилган ҳолда қисқа муддатларда ўтказиш лозим.

Чилпилган ғўза тупларининг баландлиги 80–100 см. дан ошмаслиги зарур. Туплар бундан баланд бўлса, пахта териш машинасининг терим тўлиқлиги 3–5 фоизга камаяди. Туп қанчалик баланд бўлса, у терим аппарати ичига шунчалик эгилиб киради. Кўсакларнинг асосий қисми иш тирқишининг ўрта қисмига тўпланади, шохлар уларнинг сатҳини тўсиб қўяди, шпиндел тишлари чаноқдаги пахта паллаларини тўлиқ илиб ва тортиб ололмайди, пировардида машинанинг агротехник кўрсаткичларига путур етади.

Ғўза тупларининг ён шохлари ҳам чилпилиши шарт. Чунки тарвақайлаб ўсган ён шохлар кўсакларнинг аппарат иш тирқишидан эркин ўтишига халақит беради, тирқиш ўрнатилганидан кенгайиб, шпинделларнинг пахта илинтириш қобилиятини пасайтиради. Ёнига ғовлаган туплар аппарат иш тирқиши ичида 22–36 мм ўлчамларгача сиқилганда, уларнинг шохлари, кўраклари ва кўсаклари бир боғлам “супурги” ҳолига келади. Бундай “супурги”нинг ташқарисидаги пахталаргина териб олинади, ичкаридагилари терилмасдан қолиб кетади.

Машина терими пайтида бош пояси ва ён шохлари чилпилган ғўза тупларининг баландлиги 80–100 см, эни 40–50 см атрофида бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Пахта пайкалида ётиб қолган ғўзалар умумий ғўза тупларининг 1,5 фоизидан ошмаслиги зарур. Бундай ғўзалар 10 фоизга етса, пахта териш машинасининг иш унуми пасаяди, ҳосилнинг кўпи ерга тўкилади.

Чилпиш ишлари қўлда бажарилганда бош поя ва ён шохларнинг ўсув нуқталаригина чилпиб олинади. Юқориги ярусдаги ҳосил тугунчалари ва элементлари юлиниб кетмаслиги зарур.

Чилпиш PChM-4Б каби механизмлар воситасида ўтказилганда пичоқлар биринчи чилпишда ғўзанинг ривожига қараб 80–100 см баландликка ўрнатилади. Иккинчи чилпиш 7–10 кундан кейин, яъни биринчи чилпишдан қолиб кетган ғўзаларнинг ўсиб-ривожланишига қараб ўтказилади. Бунда пичоқларнинг қирқиш баландлиги биринчи ўтилгандагига нисбатан 3–5 см юқорироққа ўрнатилади.

Чилпиш биринчи галда ғўзалари баланд бўйли ва ғовлаган майдонларда ўтказилиши даркор.

Кимёвий препаратларни сепиш орқали чилпиш усулини ғўзаси бир меъёрда ўсиб-ривожланган пахта далаларида қўллаш мақсадга мувофиқдир.

Шундай қилиб, ғўзани суғориш, қатор оралари тупроқларига ишлов бериш ва ғўза тупларини чилпишда агротехника қоидаларига оғишмай амал қилиш ғўзаларни машинабоп қилиб ўстиришнинг бош омилидир.

     М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech