Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2017 00:00

Об-ҳаво ўзига хос ўзгарувчан келаётган бу йилги шароитда пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажариш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳозирги кунда ниҳоятда долзарбдир.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти олимларининг кўп йиллик илмий тадқиқотлари натижалари шундан далолат берадики, мўл ҳосил етиштиришда ғўзани сувга бўлган талабига қараб суғориш, уни сувга чанқатиб қўймаслик ва ортиқча суғормаслик талаб этилади. Ғўзаларнинг ўсиб-ривожланиш даврининг биринчи фазасида суғориш тўғри ўтказилганда ўртача ўсиб, ўз вақтида гулга киради ва поясининг пастки қисмидаги ҳосил тугунчалари – шона, гулларнинг ҳаммасини сақлаб қолади. Ғўза шоналаган, гуллаган даврида уни етарли меъёрда суғориш лозим, чунки бу вақтда суғоришлар бирмунча кечиктириладиган бўлса, биринчи ва ўрта яруслардаги ҳосил тугунчалари, шона, гуллари тўкилиб кетиши натижасида пахтанинг мажбуран очилиши ва ҳосилининг камайишига олиб келади.

Ҳар суғоришдан кейин тупроқ етилиши билан ғўза қатор ораси сифатли культивация қилиниши лозим. Бу тупроқда тўпланган намликнинг узоқ муддат сақланишига имкон беради. Суғориш тартиби ва унга боғлиқ бўлган суғориш техника-технологияси сувдан режали фойдаланишнинг асоси ҳисобланади.

Ғўзани суғоришда эгат оралатиб суғориш технологиясини қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Ер ости сувлари яқин жойлашган ерларда юқори ҳосил олиш ва сувни тежаш имконини беради. Сувдан самарали фойдаланишда суғоришни шарбат усулида ўтказиш яхши натижа беради. Шарбат усули қўлланилганда гўнг ғўзага озиқа бериш билан бирга мульча вазифасини ҳам бажаради. Бу усул сувнинг буғланишини камайтириб, унинг тупроққа сингишини яхшилайди. Бунинг учун ҳар бир дала контурининг сув кирадиган жойига шарбат учун ҳандак (ўра) қазилиб, суғоришдан 5–7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб гўнг шалтоғи-жижжа тайёрланади. Бунда тоза мол гўнги, чириган гўнг ёки компостдан фойдаланиш мумкин. Бундай қўлланилганда гўнгнинг даладан сув билан оқовага чиқиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди, яъни гўнгнинг эгатларда озиқа сифатида қолишини таъминлаш лозим.

Ғўзаларнинг гуллаш-ҳосил тўплаш даврида суғориш меъёр ва муддатларининг тўғри белгиланиши, бунга амал қилинмаганда ғўзалар ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир этиб, ҳосил тугунчаларининг (шона, гул, кўсак) кўп қисми тўкилиб кетишига олиб келади. Ғўза пишиш даврига келганда ўсиш жараёнлари секинлашади. Бу даврда суғоришни юқори меъёрда ўтказилиши тавсия этилмайди, чунки тупроқ совиб, қатор ораларидаги ҳавонинг намлиги ошади ва ғўза тупларининг иккиламчи ўсиши, поялари ётиб қолиши кузатилиб, кўсаклар очилиши кечикиб, тола сифатига салбий таъсир этади. Шўрланган ерларда ортиқча тузнинг ғўзаларга таъсири кучли бўлиб, уларнинг қуришига ва сийраклашишига сабаб бўлади. Бундай ер-майдонларида тупроқдаги тузларни камайтириш учун тупроқ нами кўпроқ, яъни ЧДНСга нисбатан 75–80% бўлган пайтдаёқ суғориш керак. Ўқариқларни баландроқ жойлардан олиш, уларнинг оралиғи 60 см тизимда 60–80 м, 90 см. тизимда экилган майдонларда 100–120 метрдан ошмаслиги лозим. Эгатлар барча узунлиги бўйича бир текис намланиши учун суғориш эгатлари мумкин қадар чуқурроқ олиниши керак. Суғоришда ғўзага керакли сув етказиб бериш учун тупроқ шароитидан келиб чиқиб, ғўзани суғоришда жўяк чуқурлиги 60 см қатор оралиғида 16–18 см, 90 см қатор оралиғида 18–22 см. ни ташкил этиши лозим. Акс ҳолда ғўзага талаб қилинадиган сув таъминоти етарли бўлмайди. Бу ўз навбатида ғўза ўсимлигининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Эгатлар боши плёнкалар, қоғозлар, найчалар орқали тўғриланиб сув қўйилади. Ер-тупроқларнинг аста-секин нам тортиши учун бутун эгат бўйлаб ҳар бир эгатга сувни жилдиратиб ўзгарувчан оқимда, аввал кўпроқ, кейин икки баравар камайтириб, охирида суғориш сувларини жилдиратиб доимий оқизилишини таъминлаш лозим, яъни суғоришлар имкон қадар оқовасиз амалга оширилиши керак. Ҳар бир эгатга кетадиган сув сарфи, эгатнинг 4/3 қисмида 0,45–0,55 л/сек. (90 см); 0,35–0,40 (60 см) л/сек. оқимда, сўнгра уни 0,12–0,22 л/сек. гача камайтирилиб, сув эгат охирига етгач, эгатдаги сув оқими сарфини 0,10–0,12 л/сек. гача камайтириб, сув ўзгарувчан оқимда доимо жилдиратиб оқизилиши, суғоришлар оқовасиз олиб борилишига ҳамда бутун эгат узунлиги бўйлаб тупроқларнинг тўлиқ намиқишини таъминлаши зарур.

Мазкур илмий муассаса олимлари академик Қ.Мирзажонов, профессор А.Авлиёқуловларнинг таъкидлашича, мелиоратив минтақа, гидромодул ҳудудлар асосида вилоятлар, туманлар, фермер хўжаликларнинг, ер эгалари мисолида суғориладиган ерлар шароитида тезпишарлиги турлича, ўрта-ингичка толали ғўза навларини суғориш, чекланган дала нам сиғими (ЧДНС)га нисбатан енгил қумоқ тупроқларда суғориш олди тупроқ намлиги 75-75-60%, ўртача тупроқларда 70-75-60%, 70-70-60%, оғир соз-лойсимон тупроқларда эса 65-65-60%, 70-70-60% (айрим навларда 60-60-60 %) суғориш олди тупроқ намлиги сақлансагина юқори ҳосил олиш таъминланади.

Ерости сувлари сатҳи 3 метрдан чуқур тупроқларда – биринчи мелиоратив минтақа, Iа, I, II, III гидромодул ҳудудларда суғоришни 5–6 маротаба 1-3-1, 1-4-1, 2-3-1, 1-4-1, 2-2-1, 1-3-2, 1-2-2 тизимларда; сув сатҳи 2–3 м бўлган тупроқларда – иккинчи мелиоратив минтақа IV, V, VI гидромодул ҳудудларда суғоришни 4–5 маротаба 1-2-1, 1-3-1, 0-3-2, 2-4-0, 2-3-0 тизимларида; сув сатҳи жойлашуви 0,5–2 метргача бўлган тупроқларда – учинчи мелиоратив минтақа VII, VIII, IX гидромодул ҳудудларда эса 2–3 маротаба суғоришни 0-1-1, 0-2-0, 0-2-1, 1-2-0 тизимларида ўтказилиши керак. Енгил қумлоқ тупроқларда бир марталик сув меъёри 800–1000 м3/га, ўртача тупроқларда 1000–1200 м3/га, оғир соз-лойсимон тупроқларда эса 1200–1400 м3/га, суғоришнинг охирги муддати 10–20 сентябрь ойидан минтақалар бўйича кечиктирилмаслиги керак. Чунки ғўзанинг сувга бўлган талабига кўра суғоришнинг 1–3 кунга кечикиши ҳосилдорликни 3–12 ц/га. гача камайишига олиб келади. Ҳар бир суғоришлар оралиғи автоморф тупроқларда 12–14 кун, яримгидроморф тупроқларда 14–16 кун, гидроморф тупроқларда эса 16–18 (18–20) кундан ошмаслиги, қатор оралари (60; 90 см) дан қатъий назар суғориш давомийлиги гуллашгача 18–24 соат, гуллаш-ҳосил тўплашда 32–36 соат, пишиш даврида эса 16–18 соатдан ошмаслиги лозим.

Сув танқислиги кузатилаётган даврда барча турдаги очиқ, ёпиқ-ётиқ, тик, йиғма зовур-коллекторлар сувининг минераллашуви даражасига қараб, бу сувларни оқар сувлари билан қўшиб субирригация усулида (аралаштирилган ҳолда 50+50 фоиз) экинларни суғориш учун ишлатиш мумкинлиги ПСУЕАИТИ мутахассис олимлари томонидан исботланган. Бунда аралаш сувларнинг минераллашуви даражасида қуруқ қолдиқ бўйича: Жиззах, Сирдарё вилоятида бир литр сувда 3–4 г. дан, Бухоро вилоятида 1,5–2 г. дан, Фарғона водийси вилоятларида оғир-соз тупроқларида 2 г, енгил тупроқларда эса 3–4 г. дан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1,5 г. дан, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида тупроқ тип-турлари бўйича 2–4 г. дан ошмаслиги зарур. Ғўзани биринчи маротаба суғоришни ариқ оқар сувлари билан, иккинчи марта оқар сувларга зовур сувларини аралаштирилган ҳолда, охирги суғоришларни албатта тоза оқар сув билан ўтказилиши тавсия этилади.

Сувдан самарали фойдаланишда замонавий ресурстежамкор суғориш технологияларини қўллаш тавсия этилиб, ғўза қатор орасига қора полиэтилен плёнка ва сомон тўшаб суғориш усули қўлланилганда ҳам ижобий натижаларга эришилган. Бунда, суғориш суви 25,1–44,6 фоизгача, ёнилғи-мойлаш материаллари 30 фоизгача тежалиб, эгатларни плёнка ва сомон билан мульчалаш натижасида эгат узунлиги бўйлаб тупроқнинг бир текис намланиши таъминланган. Пировардида суғориш техникасидан фойдаланиш коэффициенти 0,97 фоизни ташкил этган. Шунингдек, бу усулда тупроқ ювилиши 2 мартага камаяди, унинг агрофизикавий, агрокимёвий ва микробиологик хусусияти яхшиланиши, минерал ўғитлардан самарали фойдаланилиши натижасида кўсаклар пишиб етилиши 10–15 кунга тезлашиб, ҳосилдорлик 5,0–6,5 ц/га. га ошиши таъминланади.

Эгат орқали суғориш усулининг самарадорлигини ошириш мақсадида эгатга бериладиган сув оқимини тартибга солиш имконини берувчи ҳар 60 ёки 90 см оралиқда сув чиқарувчи клапанларга эга бўлган эгилувчан қувурлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Уни қўллаш натижасида плёнка ёки қоғоз тўшаб оқимни ростлашга нисбатан юқори унумли ва самарали бўлади. Эгилувчан суғориш қувурларидан фойдаланилганда сувчининг иш унумдорлиги 2–2,5 баробар, ўқариқлар олинмаслиги ҳисобига ердан фойдаланиш коэффициенти 2–3 фоизга ошиб, мавсумий сув сарфи 10–15 фоизгача камаяди ва ишлов тракторларининг унумдорлиги 10–12 фоизгача ортади.

ПСУЕАИТИ мутахассис олимлари томонидан ишлаб чиқилган мазкур агротавсияларга тўлиқ риоя қилинганда сувдан самарали фойдаланишга эришибгина қолмасдан, якунда ғўза навларидан юқори ва сифатли ҳосил олишга эришилади.

     М.Ҳасанов, М.Авлиеқулов, М.Зиятов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech