Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Октябр 2017 00:00

Бугунги кунда жаҳонда глобаллашув жараёни кетаётган, иқтисодий инқироз асоратлари давом этиб, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи долзарб бўлиб турган бир вақтда аҳолининг сабзавот ва полиз маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли таъминлаш, ердан самарали фойдаланиш орқали кўпроқ маҳсулот етиштириш тизимини яратиш энг устувор масалалардан биридир.

Мамлакатимизнинг иқлим шароити сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай минтақа ҳисобланади. Суғориладиган майдонлардан самарали ва унумли фойдаланиш, ҳар бир қарич майдондан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини бермоқда.

Масалан, тўқсонбости усулида экилган сабзавот экинлари уруғлари экилган эгатлар устидан чириган маҳаллий ўғитлар ёки дарахт қипиқлари билан мулчалаш ёки шаффоф полиэтилен плёнкаларини ёпиш тадбирларини қўллаш бу уруғларни эрта кўкламда барвақт униб чиқиб, жадал ўсиб ривожланиши ҳисобига эрта баҳорда экишга қараганда ҳосил етилиши 25-30 кунгача эртароқ, ҳосилдорлиги эса 15-20 фоизга ортиқроқ бўлади.

Кеч кузда совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин тўқсонбости усулида экиш учун ноябр ойининг охири декабр ойининг биринчи декадасида совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинларининг уруғлари сепилади. Тўқсонбости қилиб сепиладиган сабзавот уруғлар сарфи 20% гача кўпроқ бўлиши керак.

КЎК ПИЁЗ. Тўқсонбости муддатда пиёзнинг маҳаллий шароитда яратилган "Истиқбол", "Зафар", хорижнинг "Манас", "Дайтона", "Леоне", "Банко" навларини экиш тавсия этилади.

Пиёз уруғини тўқсонбости усулида экиш муддатига кўра жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр-1 декабр кунларига тўғри келади. Пиёз уруғи ҳар бир гектарига 18 кг гача сарфланади.

Пиёз СКОН - 4,2, СММ - 4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70-90 см.дан олиб уч-тўрт қаторли усулда ёки қўлда сочиб экилади. Уруғлар ерга 1,5-2 см чуқурликка кўмилади. Пиёз уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Баҳорда пиёз дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6-8 см.га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади.

Ўғитлаш. Пиёздан 30 тоннагача ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга юқори унумдор майдонларда соф ҳолда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор тупроқларда 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий, паст унумдор тупроқларда 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий берилиши лозим.

Суғориш. Тўқсонбости усулида экилган пиёз баҳорда майсалари кўрингандан кейин суғорилади. Биринчи сув одатда баҳорги ёғин-сочин тўхтагандан кейин берилади. Кўклам серёғин келган йилларда бу муддат апрелнинг иккинчи ярмига, ёғингарчилик кам бўлган йилларда эса апрелнинг бошларига, айрим ҳолларда эса ҳатто, март ойининг охирига тўғри келади.

САБЗИ. Сабзининг илдизмеваси қизил рангли, маҳаллий Зийнатли, Фаровон, хорижнинг Шантане 2461, Курода Шантанэ, Нантская 4, Канада, Карсон каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Тўқсонбости усулида экиш ишлари Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр кунларига тўғри келади.

Сабзи уруғлари СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5-2 см чуқурликка 52x8, 62x8 см схемада ёки қўлда сочиб экилади. Майдон суғорилмайди Уруғ сарфи гектарига 5-6 кг ни ташкил этади. Сабзи уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Сабзи уруғлари баҳорда униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.

Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланилади. Бир йиллик ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига Гезагард-50 ёки Прометрин препаратини ҳар гектарига 2-3 кг.дан бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда; Фюзилад Супер 12,5% препаратини гектарига 1-2 кг ҳисобидан бегона ўтлар уруғи 2-4 та барг чиқарган вақтида пуркалади.

Ўғитлаш. Сабзининг гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш учун юқори унумдор майдонларда соф холда 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор тупроқларда 220 кг азот, 160 кг фосфор ва 100кг калий, паст унумдор тупроқларда 250 кг азот, 200 кг фосфор ва 120 кг калий берилиши лозим.

Суғориш. Сабзи ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ нам­лиги 70-75% бўлиши керак. Уруғ униб чиқишига қишда ва баҳорда ёққан ёғингарчилик миқдори етарли ҳисобланади.

Сабзи апрел ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар 1,5-2,0 ҳафтада, май ойининг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суратда катталашаётганда эса ҳар 7-8 кунда суғорилади.

ОШ ЛАВЛАГИ. Ош лавлагининг маҳаллий "Диёр", "Ягона" ва хориждан келтириладиган навларидан "Бордо 237", "Бикорес", "Боро F1", "Детройт", "Пабло F1" дурагайлари тавсия этилади.

Лавлаги уруғлари 4-50С да униб чиқа бошлайди, ўсиб ва ривожланиб бориши учун энг қулай ҳарорат 20-25оС дир. Лавлаги совуқ (-2-3оС) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли бўлади, тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.

Тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр кунларига тўғри келади.

Уруғ сарфи тўқсонбости усулида экишда 16-18 кг. Экиш эгатлари 60-70 см бўлиб, 2-3 қаторли, ўсимлик оралари 8-10 см, 2-3 см уруғлар чуқурликка экилади. Ош лавлаги уруғи экилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Ўғитлаш. Ерни шудгор килишдан олдин гектарига 25-30 тонна чириган гўнг, 320 кг аммофос, 180 кг калий хлор ўғити солинади. Баҳорда вегетация даврида азот ўғити иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сийраклаштирилгандан сўнг 240 кг карбамид ёки 550 кг сульфат аммоний, иккинчиси эса 3-4 чин барг пайдо бўлганда юқоридаги миқдорда солинади.

Суғориш. Ош лавлаги ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 65-70% бўлиши керак.

КЎКАТ САБЗАВОТЛАР. Юқори ҳосилдорлиги, тезпишарлиги, иссиққа кам талабчанлиги, намга ва озиқ моддаларга кўп талабчанлиги билан бошқа сабзавотлардан ажралиб турадилар.

УКРОП. Тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр экилади.

Укропнинг маҳаллий Узбекский 243, Ором ва хориждан келтириладиган Анет навлари экилади. Кўклигида ишлатиладиган укроп уруғи полларга қалин қилиб сепилади. Бир гектар ерга 20-25 кг уруғ сарфланади.

Укроп уруғи секин униб чиқади. Укроп ўтоқ қилиш, ленталар орасини юмшатиш ва бостириб суғориш йўли билан парвариш қилинади.

КАШНИЧ. Тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр - 15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр экилади.

Кашничнинг "Орзу" ва "Янтарь" навлари районлаштирилган.

Кашнич совуққа чидамли бир йиллик ўтчил ўсимлик ҳисобланади. Унинг уруғининг ўсиши учун 5-600С, кўкариб, ҳосил яратиши учун 15-160С ҳарорат керак. Кашнич вегетация бошида секин ўсади, кейин тез ривожланади. Унинг барра баргларини 2-3 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1-1,5 см танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади. Вақтида ўриб олинмаса, уруғпоя ҳосил қилади.

Пол қилиб сепилганда гектарига 8-10 кг уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг, устидан майда чириган гўнг сепилади. Асосий парвариши 1-2 марта ўташ, қалин ерларини бир оз яганалаш ва вақтида суғоришдан иборат.

ПЕТРУШКА. Тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр - 15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр экилади.

Петрушканинг "Нилуфар", "Сахарная" ва "Новас" навлари районлаштирилган.

Петрушка совуққа чидамли икки йиллик ўтчил ўсимлик ҳисобланади. Унинг уруғини ўсиши учун 5-60С, кўкариб ҳосил яратиши учун 15-16 0С ҳарорат керак. Петрушка вегетация бошида секин ўсади, кейин тез ривожланади. Унинг барра баргларини 3-4 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1-1,5 см танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади.

Петрушка ер танламайди. Уруғи экилгандан сўнг 55-60 кунда ҳосили етилади. Пол қилиб сепилганда гектарига 3-4 кг уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг, устидан майда чириган гўнг сепилади. Асосий парвариши
1-2 марта ўташ, қалин ерларини бир оз яганалаш ва вақтида суғоришдан иборат.

САЛАТ. Салат бир йиллик ўсимлик бўлиб, у йирик барглардан иборат паст тупбарг ёки салатбоши ҳосил қилади.

Салатнинг маҳаллий Кўк шох ва хориждан келтириладиган Фиоретт, Конкорд F1, Лагунас F1, Левистро F1, Саула F1 навлари экиш учун тавсия этилади.

Баргли ва бош ўрайдиган салатлар тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр -15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр - 1 декабр кунларига тўғри келади.

Уруғи лентасимон усулида 2-3 қатор қилиб экилади. Бунда ленталар ораси 45-60 см, лентадаги қаторлар ораси 15 см қилинади. Бир гектар ерга салат уруғидан 4-5 кг, бошли салатникидан 3-4 кг экилади. Салат уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар бахорда бошланади.

Майсалар баҳорда униб чиққандан 10-12 кун ўтгач 1-марта, 2-3 ҳафта ўтгач 2-охирги марта ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8-10 см, бошли салатда эса 12- 15 см масофа қолдирилади.

ОТҚУЛОҚ (ШОВУЛ). Отқулоқ (шовул) - илдизи кўп йиллик ва бир йиллик, пояси ҳар йили ўсиб чиқадиган сабзавот. Отқулоқ экилган йили илдиз бўғзидан тупбарг чиқаради, иккинчи ва ундан кейинги йилларда эса гулпоя­сини ташлайди.

Тўқсонбости усулида жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабрда экилади.

Отқулоқ уруғи лентасимон усулда қўш қаторлаб ёки 3 қатор қилиб сабзавот сеялкасида экилади. Ҳар гектар ерга 3 кг уруғ сарфланади. Уруғи укроп сингари ҳам сепилади.

Уруғ экилгач, унинг унишини тезлатиш учун устидан гектарига 10-12 тонна чириган гўнг, 300-400 кг суперфосфат сочилса, ҳосили мўл бўлади ва барвақт етилади. Эрта кўкламда ҳосилни тез етиштириш учун азотли ўғит солинади. Отқулоқ парвариши ўташ ва суғоришдан иборат.

Отқулоқ барги 5-6 тага етганда уни пичоқ билан кесиб олиш ёки катталарини банди билан суғуриб олиш мумкин. Ҳосил ўриб олингандан кейин орадан 12-15 кун ўтгач, уни яна ўриб олса бўлади, отқулоқ бир мавсумда 3-4 марта ўрилади.

    Р.Ҳакимов, Р.Низомов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech