Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Октябр 2017 00:00

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида пахта ва бошоқли дон экиладиган кам унумли майдонларни қисқартириш, бўшаган ерларга бошқа экинлар қаторида мойли экинлар экишни йилдан-йилга кўпайтириб борилмоқда.

Жорий йилда асосий ва такрорий экин сифатида экилган соя, кунгабоқар ҳамда махсар ҳосилни ўз вақтида нобудгарчиликсиз, сифатли йиғиштириб олиш фермер ва механизаторлар олдида турган асосий вазифалардир.

Республикамиз шароитида мойли экинлар ғалла комбайнлари ёрдамида тўғридан-тўғри йиғиштириб олинади. Аммо мойли экинларнинг ҳар бир турини йиғиштиришга алоҳида ёндашиш талаб этилади.

Сояни йиғиштириб олиш. Соя ҳосилини тўлиқ пишиб етилганда, қисқа вақт ичида йиғиштириб олиш лозим, акс ҳолда дуккаги очилиб, уруғ ерга тўкилиши натижасида нобудгарчилик кескин ошиб кетиши мумкин. Унинг уруғ намлиги 16-18 фоизга етганда йиғиштириш мақсадга мувофиқдир.

Комбайннинг иш тезлиги ўрилаётган соянинг ҳосилдорлиги, майдоннинг текислиги, бегона ўтлар массасига ва бошқа омилларга қараб 4-5 км/соат оралиғида танланади.

Соя ўсимлигида жами дуккакларнинг 2-12 фоизи поянинг пастки қисмида, яъни ерга нисбатан 15 см гача баландликда жойлашган. Шу сабабли комбайн жаткаси минимал баландликда ўрнатилиши керак. Шу билан бирагаликда ўриш аппарати тупроқ ичига кирмаслиги лозим.

Мотовиланинг айланиш тезлиги экиннинг қалин ёки сийраклигига қараб ўзгартирилади. Майдонда бегона ўтлар кўп ва қалин жойларда мотовиланинг айланиш тезлигини камайтириш, сийрак жойларда эса ошириш керак. Тезликнинг рационал оралиқлари 25-30 айл/мин ҳисобланади. Ўрнатилиш баландлиги соянинг баландлигига қараб танланади, яъни пояни юқори қисмидан тахминан 30-40 см пастроқда бўлиши лозим. Мотовила ўриш аппаратига нисбатан 400-600 мм оралиқда олдинга чиқарилади.

Янчиш аппаратини қуйидагича ростлаш талаб этилади: дека ва янчиш барабани орасидаги тир­қиш-кириш қисмида - 15-17 мм, чиқиш қисмида - 4-6 мм. Бу Доминатор-130 комбайнида декани ростловчи тортқининг 4 ҳолатига тўғри келади. Янчиш барабани тезлиги 600-700 айл/мин оралиғида ростланиши лозим.

Тозалаш қисмида вентиляторнинг айланиш тезлиги 700-800 айл/мин оралиғида танланади. Юқори элакнинг очилиш бурчаги 12 мм, пастки элак эса 9 мм га ростланганда мақсадга мувофиқ бўлади.

Кунгабоқарни йиғиштириб олиш. Кунгабоқарни ҳам ҳосил тўлиқ пишиб етилиб, уруғ намлиги 14-16 фоиз қолганда йиғиштириб олиш тавсия этилади. Кунгабоқар қисқа вақт ичида йиғиштириб олинмаса саватчадаги уруғлар қушларнинг еб кетиши ва механик таъсирлар туфайли тўкилиши натижасида нобудгарчилик кескин ошиши мумкин. Такрорий экин сифатида экилган кунгабоқар пишиб етилиши кечикиб ёғингаррчиликка қолиб кетаётган бўлса уни албатта дефолиация ёки десикация қилиш лозим.

Комбайннинг иш тезлиги жатканинг ўрнатилиш баландлигига, яъни ўрилаётган массага ва бошқа омилларга боғлиқ бўлиб 3-5 км/соат оралиғида бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Ўриш баландлиги кунгабоқар саватчаларининг ерга нисбатан жойлаш баландлигига ва пояларни эгилишига қараб танланади. Одатда жатка 40-60 см баландлик ишлатилади. Жатка пастроқ ўрса, комбайн янчгичига келаётган массани ошиб кетиши оқибатида саватчалар тулиқ янчилмай қолиб кетади.

Мотовиланинг айланиш тезлигининг асосий фойдаланиш оралиқлари 21-25 айл/мин ҳисобланади. Мотовило ўриш аппаратига нисбатан 500-700 мм оралиқда олдинга чиқарилади.

Янчиш аппаратини қуйидагича ростлаш талаб этилади: дека ва янчиш барабани орасидаги тирқиш - кириш қисмида - 15-17 мм, чиқиш қисмида - 4-6 мм. Бу Доминатор-130 комбайнида декани ростловчи тортқисининг 4 ва 5 ҳолатига тўғри келади. Янчиш барабани тезлиги 600-700 айл/мин бўлиши лозим.

Тозалаш қисмида вентиляторнинг рационал айланиш тезлиги минутига 700-800 марта. Юқори элак 12 мм, пастки элак эса 9 мм га ростланиши керак.

Махсарни йиғиштириб олиш. Махсар тўлиқ пишиб етилганда йиғиштириб олинади. Махсар уруғлари пишгандан кейин уруғлари жуда қийинчилик билан ажралади. Шунинг учун махсар уруғлари пишиб кетса ҳам тўкилмайди.

Ўрилаётган махсар массаси катта бўлмаганлиги сабабли комбайн юқори тезликларда ишлай олади.

Ўриш баландлиги махсар саватчаларининг ерга нисбатан жойлаш баландлигига қараб танланади. Одатда жатка 10-15 см баландликка ростланиб ишлатилади.

Мотовиланинг айланиш тезлиги комбайн тезлигига боғлиқ равишда ўзгаради ва асосий фойдаланиш оралиқлари 25-35 айл/мин ҳисобланади.

Янчиш аппаратини қуйидагича ростлаш талаб этилади: дека ва янчиш барабани орасидаги тирқиш - кириш қисмида - 13-15 мм, чиқиш қисмида - 3-4 мм. Бу Доминатор-130 комбайнида декани ростловчи тортқининг 3 ва 4 ҳолатига тўғри келади. Янчиш барабани тезлиги 650-850 айл/мин атрофида ростланиши лозим.

Тозалаш қисмида вентиляторнинг айланиш тезлиги бир минутда 650-800 бўлиши лозим. Юқори элак 10-12 мм, пастки элак эса 5-6 мм га ростлангани мақсадга мувофиқдир.

Мойли экинлар уруғини йиғиштирилгандан сўнг дастлабки тозаланиши ва талаб этилган даражада, соя - 14, кунгабоқар ва махсар эса - 10-12 фоизгача қуритилиши талаб этилади.

Шундай қилиб, мойли экинларни мавжуд ғалла комбайнлари ёрдамида йиғиштириб олишда тавсия этилган ростлаш ишлари тўғри бажарилса ўрим-йиғим нобудгарчиликларсиз сифатли бажарилади.

    М.Тошболтаев, О.Очилдиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech