Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Ноябр 2017 00:00

Давримизнинг энг долзарб ва мураккаб муаммоларидан бири – тобора кўпайиб бораётган аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш ва атроф-муҳит софлигини сақлаб туришдир. Ана шу нуқтаи назардан, ернинг унумдорлик қобилиятига эга бўлган энг юпқа тупроқ қоплами парвариши муҳим аҳамият касб этади.

Чунки инсоният учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизидан ортиқроғи ана шу ерлардан олинади.

Мамлакатимизда ер русурслари чегараланган. Шу боис экин майдонларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, тиклаш ва ошириш бўйича агротехник, агромелиоратив, агрокимёвий тадбирлар узлуксиз давом эттирилиши лозим. Бу борада кузги-қишки мавсумда ўтказилиши зарур бўлган тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.

Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва тиклаш учун кузги мавсумда биринчи навбатда бажариладиган ишлар қаторига тупроқларни гумусга бойитиш мақсадида ерларга органик ўғитлар, турли органо-минерал компостлар солиш керак.

Маълумотларга кўра, 1 тонна пахта етиштириш учун 300–400 кг гумус сарфланар экан. Агар унинг ўрни қопланмаса, бу ҳол тупроқларнинг “чарчаши”га олиб келади.

Суғориладиган деҳқончиликда тупроқ унумдорлиги ва ишлаб чиқариш қобилияти минерал ўғитларни қўллаш билан чамбарчас боғлиқ.

Шунинг учун ҳам республикамизнинг суғориладиган тупроқларида минерал ўғитларни қўллаш агротехник мажмуанинг асосий қисмидир.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, таркибида гумус, макро ва микроэлементлари кам бўлган суғориладиган тупроқларнинг унумдорлигини тиклаш юзасидан фермер хўжаликларида бир қатор тадбирларни бажариш лозим. Энг аввало, барча жойларда органик ўғитларни тўплаш, сақлаш ва қўллашга бўлган эътиборни кучайтириш керак.

Маҳаллий-органик ўғитларга қорамол, от гўнглари, парранда қийи, гўнг шираси, ариқ лойқаси, ўсимлик қолдиқлари, аҳоли яшаш масканлари, хўжалик ва корхоналар чиқиндилари, шунингдек, гўнг базасида тайёрланган турли компостлар, дарахтларнинг хазонлари ва чириндилари, чучук сув лойқалари ва бошқалар киради. Ярим чириган гўнг таркибида 0,5 % азот, 0,25 % фосфор ва 0,6 % калий бўлади.

Иккинчидан, ноанъанавий ўғитлар – агрорудалар (бентонит, глауконит, вермикулит, дарё ва кўл ётқизиқлари) ва улар асосида нисбатан арзон органо-минерал компостларни тайёрлаш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш имкониятидан фойдаланиш керак.

Бентонит ғўзанинг ўсишини тезлаштиради, ёш экиннинг биринчи кунларида минерал ўғитларни парчалаб, экинга керакли озиқа унсурларидан унумли фойдаланишни ва оптимал концентрациясини таъминлайди.

Кейинги йилларда бентонит ва бентонитли лойлар мамлакатимизда кенг миқёсда қўлланилмоқда.

Бентонит лойи ва ғўза ўсимлигида институтимиз олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, у қумлоқ ва енгил қумлоқ тупроқларда қўлланилганда энг яхши самара беради, шу тупроқларнинг кимёвий ва сув-физик хоссаларини яхшилаш ҳисобига, натижада ҳосилдорлик 3–5 центнерга ошади, бунда ҳар 4–5 йилда бир марта бентонитни кузда 8–10 т/га миқдорида қўллаш тавсия этилади.

Қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олишда, уларнинг ўсиши ва ривожланиши учун мақбул қулай шароит яратишда асосий ишлов бериш, яъни шудгорлаш алоҳида аҳамиятга эга. Бу тупроқнинг ҳайдов қатламини, унинг физик-механик хоссаларини, даланинг аҳволи, тупроқ заррачаларининг йирик ва майда доначаларини аралаштиради. Ҳайдалган ерда тупроқнинг физикавий хоссалари ўзгаради, бу эса ўз навбатида тупроқни сув-ҳаво ҳамда иссиқлик тартибларини ва микроорганизмларнинг фаолиятини оширади.

Тупроққа ишлов беришда ҳайдов чуқурлиги катта аҳамиятга эга. Чуқур ҳайдаш натижасида тупроқда намликни тўплаш ва сақлаб қолиш учун шароит яратилади. Ҳайдов қатламининг пастки қисмида эса органик моддаларнинг кислородсиз чиришига шароит вужудга келади ва янги чиринди ҳосил бўлишини таъминлайди. Пахтачилик хўжаликларида кузги шудгор ҳозирги вақтда 30–35 см чуқурликда ўтказиш мақбул, деб топилган. Аммо, ҳар йили бир хил чуқурликда шудгор қилинганда плуг остида қаттиқ зичлашган қатлам ҳосил бўлади, шунинг учун шудгор чуқурлигини ўзгартириб туриш зарур. Масалан, бир йил 28–30 см чуқурликда ҳайдалса, иккинчи йили 33–35 см чуқурликда ҳайдалиши зарур. Шундай чуқурликда ҳайдалганда иссиқлик ва сувнинг таъсири тупроқдаги органик моддаларнинг чириш жараёни жадал кечади. Ҳайдов чуқурлигини ошириш билан бу жараённи секинлаштириш мумкин.

Ҳайдов 30–35 см чуқурликда ўтказилиши бегона ўтларга қарши курашда катта аҳамиятга эга. Чунки ўсимликнинг амал даврида, айниқса, ёз ойининг биринчи ярмида бир йиллик бегона ўтлар кўпаяди. Шўрланган тупроқларда чуқур ҳайдалган ерларда сув кўп шимилиб яхши ювилади, туз тўпланган қатлам чуқурлашади, тузларнинг камайиши эса, катта аҳамиятга эгалиги маълум.

Шўр ювишнинг мақбул муддатлари куз-қиш ва баҳор ойлари ҳисобланади. Шўр ювиш ишларини Амударёнинг қуйи қисми ҳудудларида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) куз-қиш ҳамда баҳор ойларида (шўр ювиш сув меъёрларининг 2/3 қисми куз-қиш ойларида, 1/3 қисми баҳорда берилади) қолган вилоятларда куз-қиш ойларида ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Шўр ювиш тадбирларини тупроқнинг механик таркиби, шўрланганлик даражаси ва сув ўтказувчанлик қобилиятини ҳисобга олган ҳолда, унинг устки 100 см. ли қатламида 100 тоннагача туз захиралари бўлган кучсиз шўрланган бўз-ўтлоқи ва ўтлоқи тупроқларини 3,5–4 минг м3/га; 100–200 тонна туз захиралари мавжуд бўлган ўртача шўрланган тупроқларни 6–8 минг м3/га ва туз захиралари 200–300 тонна бўлган кучли шўрланган тупроқларни 10–12 (15) минг м3/га сув меъёрларида шўрини ювиш ва уни бир неча босқичларда амалга ошириш, бу борада тузилган массивларнинг шўрланиш картограммасидан фойдаланиш ижобий натижалар беради. Ҳозирги вақтгача тупроқдаги шўр ювишнинг энг самарали усули – чеклар бўйича кузги-қишки ювишдир.

Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишнинг асосий омилларидан яна бири қишлоқ хўжалик экинларини тупроқларнинг экологик-мелиоратив шароитини, унинг хосса-хусусиятларини ҳамда ҳудудларнинг сув билан таъминланишини ҳисобга олиб табақалаштириб жойлаштиришдир. Шунинг учун ҳам, янги йил ҳосили учун экинларни режалаштириш муҳим аҳамиятга эга.

2017 йилда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги мутасадди ташкилотлар олим-мутахассислари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Хоразм ва Фарғона водийси вилоятлари бўйича тупроқларнинг ҳолати, унумдорлиги паст ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва етиштириш агротехнологиялари бўйича тавсиялар тайёрланди.

Юқорида куз ва қиш мавсумида фермер хўжаликлари олдида тупроқ унумдорлигини тиклаш, келгуси йил ҳосили учун замин тайёрлаш мақсадида бажарилиши лозим бўлган ишларнинг айримларига қисқача тўхталиб ўтилди.

Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг асосий воситаси бўлган тупроқларни муҳофаза этиш, улардан самарали фойдаланиш аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, республикамизнинг иқтисодиётини, жумладан экспорт салоҳиятини янада юксалтириш имконини беради.

     Р.Қўзиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech