Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Ноябр 2017 00:00

Боғларда дарахтларнинг тўкилган баргларида зараркунандалар ва касалликлар вируслари сақланиб қолади. Шунинг учун боғлар қатор ораларининг тупроғи ағдарилиб, ҳайдалади. Ҳайдалмай қолган ҳар бир дарахт атрофи 25–30 см чуқурликда ағдарилиб чопилади. Касалланган, синган шохлар, қуриб қолган дарахтлар қирқилади ва боғ ташқарисига чиқариб ташланади. Об-ҳаво шароитига қараб (илиқ кунлари) барги ёппасига тўкилган бўлса, дарахтга монилиоз, парша каби касалликларига қарши 3% ли Бордо суюқлиги ёки 5% ли оҳак-олтингугурт қайнатмасини пуркаш орқали жиққа ҳўллаш зарур.

Барча мевали дарахтлар биринчи галда шафтоли, ўрик, олхўри, гилос дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш зарур. Бунда 10 л сувга 2 кг тупроқ, 1,5 кг оҳак эритилиб, қалин қилиб оқланади. Оҳакка мол шатмоғи қўшилса тез ювилиб кетмайди.

Ҳосилли боғ ва токзорларда ҳар 2–3 йилда бир маротаба гектарига 20–40 т гўнг, минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 150–180 кг ва калий 50–60 кг солиниб, боғлар 45–50 см, токзорлар қатор оралари 25–35 см чуқурликда шудгор қилинади.

Ҳар йили бўз тупроқларда ўстирилаётган боғ ва токзорларга соф ҳолда 60–90 кг фосфор ва 60 кг калий ўғити солинади. Бунда боғ ва токзорларнинг ҳосилдорлиги ошади, касаллик ва совуққа чидамли бўлади.

Республикамизда ноябрь ойидан бошлаб янги боғ ва токзорларни ташкил қилиш ишлари бошланади. Бунда мевали боғлар ва токзорлар кўп йиллик бўлгани боис, уларни барпо қилишда хатоликка йўл қўйиш мумкин эмас. Чунки хатони тузатиш қийин бўлади.

Мевали дарахтларнинг кўчатлари уч хил, яъни паст бўлиб ўсувчи пакана пайвандтагда, ўрта ўсувчи ва кучли ўсувчи (уруғдан) пайвандтагларда кўпайтирилади.

Уруғли мева кўчатларининг пакана пайвандтагга уланган кўчатлари 18–20 йил, ўрта ўсувчи пайвандтаг 25–30 йил, кучли ўсувчи пайвандтаг эса 40–60 йил давомида мева беради. Шунинг учун мевали кўчатлар экиладиган майдон жуда пухта ва сифатли тайёрланиши зарур.

Боғ майдонини танлашда ернинг унумдорлиги, ерости сизот сувининг яқинлиги, майдоннинг нишаблиги, суғориш учун сув билан яхши таъминланганлиги, майдон атрофида зовурлар ҳамда иҳота экинларининг мавжудлиги (асосий шамол йўналишида) ва бошқаларга катта аҳамият бериш керак.

Боғ барпо этиладиган янги боғ майдони олдиндан танлаб олиниб, майдон текисланиб, 35–40 см чуқурликда плантаж сўқа ёрдамида ҳайдалади, тупроқ етилиши билан чизелланиб, мола билан кетма-кет текисланади.

Экишга тайёр бўлган майдонда режа тортилади. Режа (разбивка) тортишда экиладиган кўчат турларига қараб, пакана пайвандтагга уланган олма кўчатлари 3,5×2,5 м, ўрта ўсувчи 3,5×3 м., нок кўчатлари учун 3,5×2 м, ўрта ўсувчи 3,5×2,5 м, ММ-106 пайвандтагга уланган ўрта ўсувчи кўчатларда олма навига қараб, 5×3 м, 5×4 м, нок учун 5×3 м, 5×4 м схемалари тавсия этилади.

(8×7 м, нок 8×6 м, 8×5 м, беҳи 6×4 м, 5×4 м, ўрик ва гилос 8×6 м, 8×7 м, олхўри 6×5 м, 6×4 м, шафтоли 6×4 м, 5×4 м, ёнғоқ 8×8 м, 8×7 м, бодом 6×5 м, 6×4 м, хурмо 6×6 м, 6×5 м, олча 6×4 м, ток кўчатлари 3×2,5 м, 3×2 м).

Янги кўчатлар экиладиган майдонларда режа қозиқлари жойлаштирилгач, унга назорат қозиқлари ўрнатилади ҳамда кўчат экиладиган чуқурлар ковланади. Чуқурлар махсус агрегатда КЯ-100 ёки 60×60×60 см ҳажмда ковланади. Чуқурларни ковлашда аввал тупроқнинг юза 20–25 см қисми бир томонга, чуқурнинг тагидаги қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнг солиб, тупроқ билан аралаштирилади, кейин кўчат экилади.

Даставвал кўчатларни экиш учун кўчатзорлардан экиш майдонига олиб боришда уларнинг илдиз қисми шамолламаслиги учун похол, брезент ёки полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйиш зарур.

Кўчатни экишдан олдин майдон олдида катта чуқур ҳандакда суюқ (аталасимон) лойқа тайёрланиб, унга 8:1, 10:1 миқдорда молнинг суюқ шатмоғи қўшилади. Унга кўчатларнинг илдизи бирма-бир яхшилаб ботириб олинади. Ана шундай қилиб экилган кўчатларни тезлик билан суғоришнинг имкони бўлмаган жараёнда ҳам шатмоқнинг ижобий таъсири беқиёс бўлади.

Маълумки, кузда мевалиларнинг кўчатларидан олма, нок, беҳи, ёнғоқ, бодом, фундук кўчатларини экиш тавсия этилади.

Республикамизнинг лалми, тоғ ва тоғолди ҳудудларида кузда ёнғоқ кўчатлари экилганда, кўчатлар тупроқ билан бирикиб, баҳорда яхши кўкаради.

Мамлакатимизнинг лалми, тоғли ва тоғолди ҳудудларида ёнғоқ ўсимлигини барпо қилиш учун ўн минглаб гектар табиий ерлар мавжуд. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Фориш, Ғаллаорол, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Китоби, Сурхондарё вилоятининг Денов, Бойсун туманлари ва бошқа тоғолди ҳудудларида ёнғоқзорлар барпо этиш мумкин.

Ёнғоқ дарахти катталиги, чиройлилиги, узоқ яшаши билан бошқа дарахтлардан фарқ қилади. Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида ёнғоқ сувли ерда ўстирилади. Аммо, унинг ривожланиши учун йилига ёғингарчилик 600 мм.дан кам бўлмаган, денгиз сатҳидан то 1800 метргача бўлган баландликларда ҳам ўсади.

Ёнгоқ дарахтининг бўйи 25–30 метргача, танасининг йўғонлиги 2 метргача етади. Ёнғоқ ёруғсевар ўсимлик бўлиб, у ёлғиз ёки сийрак ўсганда яхши ривожланади. Ёнғоқ бир уйлик, икки жинсли ўсимлик бўлиб, оталик ва оналик гуллари алоҳида-алоҳида ривожланади. Апрелнинг иккинчи ярми, май ойи бошида гуллайди. Баъзи навларида олдин оталик гули, кейин эса оналик гули етилади, баъзиларида бу ҳолнинг аксини учратиш мумкин. Иккала жинснинг бир вақтда гуллаши камдан-кам учрайди. Шунинг учун ҳам ёнғоқ асосан четдан чангланади.

Ёнғоқ ривожланиши учун тупроққа унча талабчан эмас. У нами етарли бўлган ҳар қандай тупроқда, тошлоқ ерларда ҳам ўсаверади, -25°С совуққа бардош беради.

Дастлабки йиллари ёнғоқнинг ўқ илдизи кучли ривожланиб, 4 метр чуқурликкача боради. Катта ёшдаги дарахтларнинг илдиз тизими бутун шох-шаббаси эгаллаб турган жойни эгаллайди.

Ёнғоқ дарахти уруғидан ўсиб чиққан бўлса 8–12 ёшда, пайванд қилинганлари 4–6 ёшида ва баъзи тезпишар (Идеал) навлар 2–3 ёшида ҳосилга киради. Ёнғоқ 50 ёшида тўла кучга киради ҳамда 400–500 йилгача яшайди ва ҳосил беради. Қулай шароитда бир туп ёнғоқ 150–200 кг. гача ва ундан ҳам кўп ҳосил бериши мумкин.

Ёнғоқ кўчатлари кузда ва эрта баҳорда экилади. Ёнғоқ экиладиган майдон 50–60 см чукурлиқда плантаж сўқа билан ҳайдалиб, чизель қилиниб текисланади. Кейин майдонда режа тортилиб кўчат экилади.

Ёнғоқ кўчатлари тоғ ва тоғ олди, лалмикор ерларда 10×8 м; 10×10 м схемасида экилади. Кўчатларни экиш учун 60×60×60 см ҳажмда чуқурлар ковланади.

Ёнғоқ кўчати кузда экилса яхши натижа беради. Эрта баҳорда имконият борича кўчатни эртароқ ўтказиш керак.

Ёнғоқ суғорилмайдиган ён бағирларда тупроқда яхши нам тўплаш ва машиналардан фойдаланиш имконини берадиган террасаларга ёки сув тўпланиб қолмайдиган, ҳажми 1×1,5 метрдан кам бўлмаган майдонларга экилади.

Ёнғоқ илдизи жуда нозик бўлади, у ҳатто бир ёшлигида ҳам жойдан-жойга кўчириб ўтказилганда заифлашиб ўсади. Бундан ташқари кўчат кўчатзордан олиниб, қуёш яхши тушиб турадиган очиқ жойга ўтказилса, танасининг пастки қисмини офтоб уриши мумкин. Шунинг учун лалмикор ерларга кўчат ўтказмасдан, бир йўла ёнғоқнинг уруғидан эккан маъқул. Ўз жойида ўстирилган ўсимлик чуқур илдиз отиб, курғоқчиликка чидамли бўлади. Бу лалмикор ерларда ниҳоятда аҳамиятли.

Ёнғоқ дарахтини парвариш қилиш асосан суғоришдан иборатдир. Ўсиш даврида камида 6–7 марта суғориш зарур. Ҳар гал суғоришдан сўнг тупроқ юмшатилади ҳамда бегона ўтлардан тозаланади.

Ҳосилга кирган ёнғоқзорларга ҳар йили соф ҳолда 90–120 кг азот, 60–90 кг фосфор ўғитлари солинади ёки 3 йилда бир марта гектарига 30–40 т ҳисобида фосфорли ўғитлар ҳамда гўнг кузда, азотли ўғитлар эрта баҳорда солинади.

Янги боғлар, ёнғоқзорлар барпо этишни кузнинг биринчи совуқ тушгунига қадар тугаллаш зарур. Имкон даражасида янги экилган ёнғоқ кўчатлари атрофига чириган гўнг солиб, мульчалаб қўйилса, янги ниҳолларнинг илдизи совуқдан ҳимояланади, баҳорда яхши кўкариб, тез ўсади.

    Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech