Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Ноябр 2017 00:00

Кузги буғдой етиштиришда унинг парвариши бўйича барча агротехника тадбирларнинг ўз вақтида сифатли ўтказилиши мўл ва сифатли дон етиштиришнинг асосий омилидир.

Ғалла етиштириш технологияси ҳар бир минтақада ўзига хос бўлиб, эътибор ўша тупроқ-иқлим шароитида юқори ва сифатли дон етиштиришга қаратилиши керак.

Кузги буғдойда ҳар қандай шароитда ҳам физиологик жараён давом этади, унинг ривожи учун энергия зарур бўлади. Кунлик ҳарорат +3–5оС бўлганда қишлаш даврида фотосинтез жараёни тўхтаб, фақат нафас олиш жараёни устунлик қилади. Бунда ғалла экиш даврида берилган фосфорли ва калийли минерал ўғитлардан илдиз орқали синтез қилинган органик моддалар ҳисобига нафас олиш содир бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, буғдой парваришида қиш фаслида қуйидаги агротехник тадбирларни бажаришга алоҳида эътибор бериш лозим. Энг биринчи сув, яъни уруғ сувидан кейин тупроқ намлиги ДНСга нисбатан 65–70 фоиз бўлганда 7–8 кунда экилган уруғ текис униб чиқади. Мақбул муддатда экилган майдондаги уруғ бир хилда текис ундириб олиниб, 3–4 тадан туплаганда ғалла ўсимлигининг кузги ривожи, илдиз тизимининг яхши ривожланиши натижасида қишдан яхши чиқади ва уларнинг кейинги ривожланиши, ҳосилдорлиги юқори бўлади.

Ўртача 1 гектар майдонда 4,5–5 млн ёки 1 м2 да 450–500 туп ниҳол бўлганда ғалла майдонини қониқарли деб баҳо бериш мумкин.

Ғалла униб чиққандан кейин 20–22 кун ичида туплаш фазаси бошланади. Ғалла ниҳолларининг қишловга туплаган ҳолда кириши ниҳолларнинг совуққа чидамлилигини ошириш билан бир қаторда юқори ҳосилдорликни таъминлашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Ғалланинг кузги парваришидан асосий мақсад – ғалла майдонларида мақбул кўчат қалинлигини сақлашдир. Уруғ униб чиқмаган даланинг уват қисмларида ҳамда симёғоч атрофларига қўшимча уруғ экиш йўли билан кўчат қалинлигини шакллантириш керак. Ғўза қатор орасига кузги буғдой экилган майдонлардаги ғўзапояни ер музлаган вақтида буғдой илдизига зарар етказмасдан ўриб, даладан олиб чиқиш ва буғдой майдонларининг пайҳонгарчилигига йўл қўймаслик, яна энг муҳим агротехник тадбирлардан бири ўртача 1 гектар майдонга 10 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш лозим.

Ҳар 5 гектар майдонга 50 тонна маҳаллий ўғитни шарбатга айлантириш учун 1 донадан ҳандақлар қазиб, далага чиқарилган маҳаллий ўғитларни ҳандақларга солиб, устидан 5–10 см қалинликда тупроқ билан кўмиб қўйиш даркор.

Ғалла майдонларини сув билан таъминлайдиган ички ариқ ва лотокларни тозалаш ишларини амалга ошириш керак.

Майса 3–4 барг, 1-2 барг чиқарган ёки униб чиқмаган майдонларда ер ёрилиш ҳолатларини аниқлаш, бундай майдонларга жамғарилган қуруқ гўнг сочишни ташкил этиш ҳамда шу майдонларни 2–3 кунда кузатиб бориш ва енгил сув қўйишни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Бошоқли дон экинлари экилган майдонлардаги буғдой ҳолати тўла таҳлил қилиниб, буғдойнинг туплаши ва қишга тайёргарлик ҳолатини кучайтириш мақсадида кузги минерал ўғитлар билан озиқлантиришни бошлаш лозим.

Фосфорли ўғитларнинг йиллик меъёри экиш олдидан берилган майдонларда тупроқдаги фосфор етарли бўлади. Аммо кузги буғдой ривожланишининг бошларида ўсимлик учун азот талаб қилинади.

Ғаллани кузги маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш келгуси йил ҳосилининг асоси ҳисобланади. Экиш олдидан калийли, фосфорли ўғитлар берилган бўлса, албатта азотли ўғитлар билан ўғитлаш зарур.

Ғаллани азотли минерал ўғитлар билан ўғитлашда унинг навларига ва ривожланиш ҳолатига қараб ўғитланади. Бошоқли дон экинларининг нави биологик эртаки (қилтиқли) бўлса уни об-ҳаво шароитига қараб ноябрь ойларининг охирги ўн кунлигида, биологик ўртаки бўлса ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида, биологик ўртаки-кечки навлар бўлса экилган муддатига қараб 25 октябрдан 10 ноябргача ўғитлаш лозим.

Ғаллани кузги ўғитлашда азотли ўғитлар ғалланинг ривожланиш ҳолатига қараб физик ҳолатда аммиакли селитра бўлса гектарига 120–150 кг. гача, карбамид бўлса гектарига 100–120 кг. дан, сульфат аммонийни 150–180 кг. гача бериш тавсия этилади.

Ғаллани озиқлантиришда биринчи навбатда ўртаки-кечки навлардан Краснодар-99, Таня, Гром, Грация, Первица, Юка, Бригада, Табор, Андижон-2, Аср, Давр навлари ўғитланади. Кейинги навбатда ноябрь ойининг охирги ўн кунлигидан эрта экилган эртаки навлардан Чиллаки, Есаул, Бобур, Андижон-4, Звезда, Яксарт, Ғозғон навлари ўғитланади.

Айниқса, бу тадбирни ўтказишда республикамизнинг жанубий минтақалари – Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари мутахассис ва фермерлари эҳтиёт бўлиб тавсияларга амал қилишлари лозим.

Ривожи ўта паст, сарғайиб кетган ёки кечки экилган ғаллаларни шу меъёрда ўғитлаш билан биргаликда 1 гектар майдонга 10 тоннадан маҳаллий ўғит билан бирга шарбат суви бериш яхши самара беради.

Об-ҳаво шароитига ҳамда ўғитлашга қараб кузги ғаллалар енгил ёки тупроқ шароитидан келиб чиқиб 500–600 м3 меъёрда суғорилади. Ғалла майдонларида ер сатҳининг ёрилиб кетишига йўл қўймаслик зарур. Чунки намлик камайгандан ёриқлар пайдо бўлса қаттиқ ёки бирдан совуқ тушганда ёриқлардан кирган совуқ ғалла ниҳолларига зарар келтиради.

Юқоридаги агротехник чора-тадбирларнинг республикамиз минтақалари тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда сифатли амалга оширилиши 2018 йилда ғалладан юқори ҳамда сифатли дон ҳосили етиштиришни таъминлайди.

     Р.Сиддиқов, И.Адашев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech