Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Апрел 2018 00:00

Чигит бир текис униб чиққан майдонларда агротехника тадбирларини ўтказишда қуйидагиларга амал қилишни тавсия этамиз.

Маълумки, чигит экилгандан сўнг тупроқ анча зичлашади. Бунинг оқибатида ғўзанинг ўсиб-ривожланиши секинлашиб, тупроқдаги намлик камаяди, ўсимликнинг озиқланиш, культивация, суғориш сифати бузилиб, бегона ўтларнинг кўпайишига имкон яратилади. Бу эса ўз навбатида ғўзанинг ўсиб-ривожланиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ғўза қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтларга қарши кураш, тупроқнинг устки қатламини юмшоқ ҳолда сақлаш катта аҳамиятга эга.

Қатор ораларини культивация қилишда ишчи органларининг қамров кенглиги, бегона ўтларнинг тўла кесилишига, ғўза илдизларининг кам шикастланишига, тупроқнинг майда донадор ҳолда юмшатилишига эришиш лозим. Тупроқнинг 0,10–10 мм келадиган доначалари 40 фоиздан кам бўлмасдан, 50 мм ва ундан йириклари бўлмаганда ишлов сифатли ўтказилган деб ҳисоблаш мумкин.

ўўза илдизлари биринчи культивация ўтказиш даврида унча ривожланмаганлиги сабабли қатор ораларига ишлов беришда тупроқ билан бирга ўрнидан кўзғалиб, нобуд бўлиши мумкин. Шунинг учун биринчи культивация ўтказишда ишчи органларини тупроққа чуқур ботмайдиган қилиб ўрнатиш лозим.

Сизот сувлари яқин жойлашган майдонларда чуқур жойлашганга нисбатан қатор ораларига ишлов бериш тез-тез ўтказилиши шарт. Сизот сувлари чуқур жойлашган майдонларда биринчи сув беришга қадар ғўза қатор ораларига бир марта, сизот сувлари яқин жойлашган майдонларда эса икки марта ишлов берилади. Об-ҳаво шароити ҳам ҳисобга олинган ҳолда ишловлар сони ўзгариши мумкин.

Кўп йиллик тажрибалардан маълумки, механик таркиби ўрта ва оғир тупроқларда кучли ёққан ёмғирдан кейин 4–5 см. дан, 6–10 см. гача, ҳатто ундан ҳам қалин қатқалоқ ҳосил бўлиб, чигит унмаган ёки ҳали илдизи яхши ривожланмаган ниҳолларни ўсишдан тўхтатади, касалланади (гоммоз, илдиз чириш) ва нобуд бўлишига олиб келади. Ана шу хавфнинг олдини олиш, ёш ниҳолларни соғлом сақлаб қолиш учун тупроқнинг юза қисмини 1–2 кун ичида юмшатиш ва қатқалоқни бартараф этиш керак. Ниҳоллар униб чиқмаган майдонларда қатқалоққа қарши ротацион мотига РОР билан эрталаб ва кечки томон ишлов бериш лозим. Ниҳоллар униб чиққан майдонларда ишлов бериш учун культиваторлар шай қилиб қўйилиши ва албатта ротацион юлдузчалар билан таъминланиши, тезликда сифатли культивация ўтказилиши керак.

Бундай культивация биринчидан намни яхши сақлайди, иккинчидан майин тупроқ ҳосил қилиб, иссиқ ҳаво айланиши ҳисобига касаллик тарқатувчи патогенларга қирон келтиради, учинчидан бегона ўтлар камаяди ҳамда зарарли тузларнинг юқорига кўтарилишининг олди олинади. Бунинг учун культиваторда ҳамма ишчи органлари тўлиқ ўрнатилган ва яроқли ҳолатда бўлиши лозим.

ўўза қатор орасига биринчи ишлов бериш ниҳоллар 75–80 фоиз униб чиқиб, қатори кўрингандан бошланади. Биринчи культивацияда тупроққа сифатли ишлов берилса, униб чиқмаган 20–25 фоиз ниҳоллар ҳам тезда униб чиқади. Тупроқ майин, донадор бўлиб, ўсимлик илдизи яхши ривожланади. Биринчи ишлов беришда, культиваторга юлдузчалар 3–5, ўртадаги органлари 12–14, чеккадагилари эса 6–8 см чуқурликка мослаб ўрнатилади. Механик таркиби енгил, қумоқ, қумли тупроқлар ва механик таркиби ўртача бўлган ўтлоқи-соз тупроқлар шароитида биринчи культиваторнинг четки ишчи органлари 6–8, иккинчи жуфт органлар 8–10, учинчи жуфт органлар 10–12, ўртадагилари эса 60 см қатор оралиғида 13–14, 90 см қатор оралиғида 15–16 см чуқурликка мослаб ўрнатилган ҳолда ўтказилса тупроқдаги намнинг буғланиши 10–15 фоизга тежалади.

Механик таркиби оғир, сув ўтказиш хусусияти паст, сув яхши шимилмайдиган тупроқларда қатор оралари 60 см бўлганда ўртадаги ишчи органлар 15–16 см, 90 см қатор оралиғида 16–18 см чуқурликка мос келиши керак. Бунда 60 см қатор оралиғида ўсимликдан ҳар икки томондан 5–7 см ҳимоя зонаси қолдирилиб, 45–50 см кенгликда, 90 см қатор оралиғида 75–80 см кенг­ликда ишлов берилади.

Тупроқда намлик кам бўлган шароитларда ғўза қатор ораларига ишлов беришда энг аввало культиватордаги ишчи органлар сонига эътибор бериш керак. Чунки тупроқнинг юза қисмидаги кесакларни майин ҳолатга келтирилиши натижасида сувнинг буғланиши камаяди.

Шамол ва сув эрозиясига учрайдиган тупроқларда ғўза қатор ораларига ишлов беришга алоҳида аҳамият бериш керак. Бунда намни сақлаш учун юза культивация ўтказиш вақтида боранкалардан фойдаланиш яхши натижа беради.

Ёғингарчилик туфайли тупроғи ўта зичланиб кетган ва ер тайёрлашда техника кўп киритилган, пастки қатламда “девор” ҳосил бўлган пайкалларда ғўза қатор ораларига сифатли ишлов беришни таъминлашда 1 ва 2-культивацияларда қатор орасига ўрнатиладиган ғозпанжанинг чуқурлиги 18–20 см бўлиши лозим. Кейинги ишлов беришларда ғозпанжалар ғўза қаторларидан камида 14–15 см узоқликда қўйилиши ва ишлов бериш чуқурлиги 10–12 см бўлиши керак.

Сизот сувлари яқин тупроқ нам­лиги юқори бўладиган ҳудудларда ҳамда механик таркиби оғир тупроқли тоғ олди минтақаларида униб чиққан ниҳолларни яхши ривожланиши учун культивацияни барвақт бошлаш, зах, ортиқча намни тезроқ қочириш талаб этилади.

Культивация билан бирга эгат очиб қўйилса, намлик тезроқ кўтарилади, илдиз чиришининг олди олинади.

Плёнка остига чигит экилган майдонларда биринчи ишлов беришда культиваторнинг ўртадаги органлари 8–10, чеккадагилари эса 5–6 см кейинги культивацияларда эса мос равишда 10–12, 12–14, четки ишчи органлари 5–6 см чуқурликка мўлжалланиб созланади.

Чигит плёнка остига бир қатор қилиб экилган майдонларда қатор оралиғи 60 ва 90 см бўлганда ишлов бериш қамров кенглиги плёнка ёпилган майдондан 3–4 см чеккасидан ташкил этилиши керак. Культивация пайтида қолиб кетган ёки плёнканинг ғўза ўсиб чиққан тешикларидан ташқарига чиқиб қолган бегона ўтлар қўлда олиб ташланади. ўўза ўсиб чиққан плёнкадаги тешиклар доим тупроқ билан беркилган ҳолатда туриши лозим. Акс ҳолда плёнка остида бегона ўтлар тез ривожланиб, уни кўтариб юборади ва йиртилиб, ҳарорат ҳамда намлик пасаяди, ғўза ривожи сусаяди.

Чигит қўшқатор экилган майдонларда биринчи культивацияда кўшқатор ораси (60х30 см тор қаторлар) бегона ўтлар билан зарарланишини камайтириш ва ҳосил бўлган қатқалоқни юмшатиш учун битта ККО ёки кичкина ғозпанжа билан 6–8 см ва икки дона РОР юлдузчаси 3–5 см чуқурликда ниҳолларга зарар етказмасдан ишлов берилади. Кейинги культивация­ларда тор қаторлар орасига ишлов берилмайди. Қўшқаторлар оралиғи 25–30 (40) см қилиб экилган бўлса, ғўзани биринчи ишлов беришдан сўнг қўшқаторлар оралиғига чуқур ишлов берилиши тупроқни юмшатади, натижада ўсув даври охиригача тупроқ зичлашмайди, ғўзанинг ўсиб-ривожланишини яхшилайди.

Яганалашга ниҳоллар тўлиқ ундириб олиниб, культивация ўтказилгандан сўнг киришилади. Яганалашнинг энг мақбул муддати ниҳоллар 1–2 чинбарг чиқарган палладир. Ушбу муҳим тадбирга эътиборсизлик қилиб 3–5 кун кечиктириб ўтказилса, ҳосилдорлик 2–3 ц, 4–5 чинбарг чиқарганда 4–5 ц, шоналашгача кечиктирилса, 7–8 ц/га. га камаяди. Энг асосийси, яганалаш кечиктирилганда ниҳолларни илдизлари бир-бири билан бирикиб кетиши туфайли илдиз тизими шикастланади, ниҳоллар ривожи 8–10 кун орқада қолади. Яганалашда кўчат кўп қолдирилса, бир-бирини сиқиб қўяди ва ғўзанинг сув, озиқадан фойдаланиши камайиб, ҳосилдорлик 15–20 фоиз пасаяди.

Яганалаш мақбул муддатларда ўтказилганда ғўзанинг ўсиб-ривожланиши жадаллашади, озиқа элемент­лари билан таъминланиши ошади, эртаги, мўл ва сифатли пахта ҳосили олинади. Ґар бир фермер хўжалиги экин майдонидан келиб чиқиб, яганалашни қисқа муддатда – 8–10 кундан кечиктирмай якунлаш лозим. Яганалаш даврида ниҳоллар орасидан нимжон, ҳашарот ва касалликлар билан зарарланган, ривожланиши суст бўлган ниҳоллар олиб ташланиб, фақат соғлом кўчатлар қолдирилади.

Яганалаш ўтказилгандан 7–8 кундан кейин ҳар бир даладаги кўчат қалинлиги яна бир бор текширилиб, кўчати қалин қолган ёки кейин униб чиққан жойлардаги ниҳоллар олиб ташланиб, тўлиқ гектар ва бир текис кўчат қалинлиги ҳосил қилинади.

Пахта майдонларида ғўзани яганалашда ўлчов таёқчаларидан (шаблон) фойдаланиш яхши самара беради. Яганалаш тадбирини ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусиятлари ва бошқа омиллардан келиб чиқиб қуйидагича бўлиши тавсия этилади.

Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг унумдор тупроқларида С-6524, “Ан-Боявут–2”, “Хоразм–127”, “Наманган–77”, “Пахта­кор–1”, “Султон”, “Келажак”", “Купайсин”, “Порлоқ–1”, “Порлоқ–4” ғўза навлари 90 см қатор оралиғида 90–100 минг туп/га кўчат ҳосил қилиш учун 1 погонометрда 8–9, қатор ораси 60 см. да эса 5–6 дона ниҳол қолдирилиши керак.

Ўртача унумдор тупроқларда 90 см қатор ораларига экилганда 100–110 минг туп/га кўчат ҳосил қилиш учун, 1 погонометрда 9–10, қатор ораси 60 см. да эса 6–7 дона ниҳол қолдирилади.

Унумдорлиги паст, қумли, тош-шағалли тупроқларда 90 см қатор оралариғида 120–140 минг туп/га кўчат ҳосил қилиш учун, 1 погонометрда 10–12, қатор ораси 60 см. да эса 7–8 дона кўчат қолдирилади. Шунингдек, “Бухоро–102” ғўза навида 90–100, унумдорлиги юқори тупроқларда эса 85–90 минг туп кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. Унумдорлиги паст, шамол ва гарм­сел кучли бўладиган чўл ҳудудларида эса 100–110 минг туп/га кўчат қолдириш тавсия этилади.

Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари шароитида унумдор тупроқларда “Ан-Боявут–2”, “Омад”, “Наманган-77”, С-8284, “Султон” навлари экилган майдонларда 100–110, “Бухоро–102”, “Бухоро–6”, “Бухоро–8”, “Порлоқ–1”, “Порлоқ–2” навларида 90–100 (1 м. да тегишлича 90 см қатор оралиғида 9–10 ва 8–9 та, 60 см. да 6–7 ва 5–6 та), унумдорлиги ўртача тупроқларда “Ан-Боявут–2”, “Омад”, “Наманган–77”, С-8284, “Султон” навларида 100–110, “Бухоро–102”, “Бухоро–8”, “Порлоқ–1”, “Порлоқ–2” навларида 90–100 минг (1 м. да тегишлича 90 см қатор оралиғида 9–10 та ва 8–9 та, 60 см. да 6–7 ва 5–6 та), унумдорлиги паст майдонларда “Ан-Боявут–2”, “Омад”, “Наманган–77”, С-8284, “Султон”, “Порлоқ–1”, “Порлоқ–2” навларида 110–120, “Бухоро–102” ва “Бухоро–8” навларида 100–110 минг (1 м. да тегишлича 90 см қатор оралиғида 10–11 ва 9–10 та, 60 см. да 7–8 ва 6–7 та) туп/га қолдириш тавсия этилади.

Бухоро вилоятида “Бухоро–6”, “Бухоро–8”, “Бухоро–102” ва “Жондор Қудрати” ғўза навларини яганалашни унумдорлиги юқори, механик таркиби оғир тупроқларда 100–110, унумдорлиги ва механик таркиби ўртача тупроқларда 110–120, унумдорлиги паст, механик таркиби енгил тупроқларда 120–130 минг туп/га кўчат қолдириш мақсадга мувофиқдир.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ғўза навларини яганалашда учта омилга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Яъни навнинг хусусияти, тупроқ унумдорлиги ва иқлим шароити. Унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда С-6524, “Наманган–77”, “Наманган–34”, “Андижон–35”, “Андижон–36”, “Андижон–37”, ЎзПИТИ-201, С-8286, С-8290 ва “Порлоқ–1”, “Порлоқ–2” навларида 90–100, “Султон” нави учун 90 (қатор ораси 90 см. да 1 м. да 8–9, 60 см. да 6–7 та), ўртача унумдор тупроқларда гектарига 100–110 (қатор ораси 90 см. да 1 м. да 9–10, 60 см. да 6–7 та), “Султон” нави учун 90–100 (қатор ораси 90 см. да 1 м. да 8–9, 60 см. да 5–6 та), унумдорлиги паст тупроқларда эса 110–120 минг (қатор ораси 90 см. да 10–11, 60 см. да 7–8 та) туп/га кўчат қолдирилади. Шунингдек, ер ости сув сатҳи юза бўлган майдонларда 110–120 минг (қатор ораси 90 см. да 1 м. да 10–11, қатор ораси 60 см. да 7–8 та) туп/га кўчат қолдирилади. Чигит плёнка остига экилган майдонларда якка қатор ҳолатда гектарига 100–110, қўшқаторда 140–160 минг туп қолдириш тавсия этилади.

Қашқадарё вилоятида “Бухоро–6”, “Бухоро–8” ва “Бухоро–102” навлари шохланишига қараб, тупроқ унумдорлиги паст майдонларда (чўл ҳудудида) 110–120, унумдорлиги ўртача бўлган чўл, ярим чўл ва дашт ҳудудларида 100–110 минг туп/га кўчат қолдирилади.

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида экилган “Наманган–77”, “Бешқаҳрамон”, “Султон”, “Жар­қўрғон” навларида қатор ораси 90 см. да 1 погонометрда 8–9, “Бухоро–102” навида 7–8 та, қатор ораси 60 см. да “Наманган–77” навида 6–7, “Бухоро–102” навида 5–6 та кўчат қолдириш зарур. Тошлоқ ва қумлоқ ерларда 90 см қатор оралиғида 1–2 та, 60 см. да эса 1 тадан ортиқ кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. Унумдорлиги паст ерларда кўчат қалинлиги 15–20 фоизгача кўп қолдирилиши ҳамда қўшқатор экилганда кўчат қалинлиги 30–35% оширилиши мумкин.

Сурхондарё вилоятининг жанубий туманлари – Шеробод, Музработ, Қизириқ, Ангор, Термиз, Жарқўрғон туманларида ғўзанинг “Бухоро–102”, “Наманган–77”, “Бешқаҳрамон”, “Султон”, “Жар-қўрғон”, “Порлоқ-1”, “Порлоқ-4” навлари экилиб, қатор ораси 90 см бўлганда кўчат қалинлиги 1 м. да “Бухоро–102” навида 7–8 (95–100 минг/га), “Наманган–77” навида 9–10 та (100–110 минг/га), қатор ораси 60 см. да “Бухоро–102” навида 6–7, “Наманган–77” навида 7–8 та кўчат қолдирилиши керак. Агар чигит қўшқатор қилиб экилган бўлса, тавсия этилган кўчат қалинликлари 30–35% оширилади.

Ингичка толали “Сурхон–14” ғўза навида унумдор тупроқларда ўртача 120–130, ўртача унумдор тупроқларда 130–140, кам унумли тупроқларда 150–160, қўшқатор усулида 160–170 минг туп/га кўчатга мўлжаллаб яганалаш тавсия қилинади. Қатор ораси 60 см кенгликда экилганда ҳар погонометрда мос равишда 7, 8, 9, кенгқаторлаб (90 см) экилганда 11, 12, 13-14 та, қўшқаторда 60х30–2 (6, 7, 8 та) ҳолатда кўчат қолдирилади.

“Термиз–202” ғўза навида кўчат қалинлиги тупроқ тури ва унумдорлик даражасига кўра 120–140, енгил қумоқ тупроқларда эса 150–160 минг туп/га кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ.

Кўчатларни қатор ораси 60 см кенгликда 60х15–1; 60х12–1 ва 90 см кенгликда 90х10–1; 90х8–1 ҳолатда жойлаштирилиши лозим.

Агар чигит қўшқатор қилиб экилган бўлса, тавсия этилган кўчат қалинликлари 30–35% оширилади. Унумдорлиги паст, қумоқ ерларда ҳам кўчат қалинлиги 15–20 фоизгача кўп қолдирилиши керак.

“Термиз–49” навини қатор ораси 60 см кенгликда 60х13 60х10 ва 90 см кенг қаторлаб экишда 90х10, 90х8 ва 90х6 ва қўшқаторда 60х30х6, 60х30х7 тизимида ўсимлик жойлаштириш тавсия қилинади.

“Термиз–31” ғўза навида кўчат қалинлигини 120–140 минг туп/га (енгил, шағалли, тошлоқ, шўрланган тупроқларда кўчат қалинлиги 20% оширилади) бўлишини таъминлаш керак.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм “Хоразм–150”, “Меҳнат”, “Чимбой–5018”, “Султон”, С-9085, С-8294 ғўза навларини яганалашда унумдорлиги юқори ерларда 90–100, ўртача унумдор тупроқларда 100–110, унумдорлиги паст ерларда 110–120 минг туп/га кўчат қолдирилади. “Бухоро–102” нави экилган майдонларда кўчат қалинлиги унумдор ерларда 85–90, ўртача унумдор ерларда 95–100, унумдорлиги паст тупроқларда 100–110, “Омад” навида эса 100–120 минг туп/га кўчат қолдириш тавсия этилади. Қўшқатор экилган майдонларда кўчат қалинлиги 140-160 минг туп/га атрофида бўлишини таъминлаш лозим. Яганалашда “Бухоро–102” навида “Меҳнат”, “Хоразм–127”, “Хоразм–150” навларига нисбатан 5–10% камроқ кўчат қолдирилишига эътибор бериш керак. Шўрланган ерларда 10–15% кўпроқ кўчат қолдириш лозим. Чунки ғўзанинг ўсув даври давомида, тузларнинг юзага кўтарилиши туфайли ниҳолларнинг нобуд бўлиш ҳоллари кузатилади.

Ниҳолларни озиқа моддалар билан яхшироқ таъминлаш ва ривожланишини тезлаштириш мақсадида культивация билан биргаликда гектарига соф ҳолда 50 кг азотли ўғит (аммиакли селитра 150 кг/га ёки карбамид (мочевина) 110 кг/га, аммоний сульфат 240 кг/га) ғўзанинг 15–8 см ёнига, 12–14 см чуқурликка солинади. Тупроқда фосфор кам (15–30 мг/кг. гача) бўлган майдонларда азотли ўғитлардан биринчи навбатда мочевина ва аммоний сульфат, фосфор билан юқори даражада (46 мг/кг ва ундан ҳам юқори) таъминланган майдонларда эса аммиакли селитра ишлатилса, ўғитларнинг самарадорлиги янада ортади. Агар ўғитлар белгиланган чуқурликдан чуқур солинса, ниҳолларнинг илдизлари ҳали унчалик ривожланмаганлиги сабабли тўлиқ ўзлаштира олмайди ва сув билан ювилиб, тупроқнинг қуйи қатламларига тушиб кетишидан ташқари биологик жараёнлар таъсирида ҳам исроф бўлади.

Ўғит саёз берилса, берилган ўғитнинг асосий қисми ҳавога учиб исроф бўлади ҳамда юза қатламида тўпланган ўғитдан ўсимлик фойдаланолмайди. Агар чигит экиш олдидан ёки экиш пайтида фосфорли ўғитлар берилмаган бўлса, азот ўғитлари билан биргаликда 30–40 кг фосфор, яъни физик ҳолатда 210–280 кг оддий суперфосфат ёки 70–90 кг аммофос ёки супрефос 130–170 кг берилиши керак. Шунингдек, фосфорли ва калийли ўғитларнинг тақчиллигини инобатга олган ҳолда ноанъанавий агрорудалар – бентонит, глауконит лойқаларини гектарига 250–300 кг меъёрда солиш мақсадга мувофиқ.

Юқорида кўрсатилган ғўза қатор ораларига биринчи ишлов бериш, ниҳолларни яганалаш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш агротехник тадбирларини илмий тавсия­ларга мувофиқ тарзда бажарилишига ҳар бир фермер хўжалиги раҳбарлари ва пахтакор мутахассислар тўлиқ риоя этишлари мақсадга мувофиқдир.

Мазкур тавсия Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан тайёрланган.




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech