Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Апрел 2018 00:00

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда таъкидланганидек, ўз вақтида минерал ўғит берган ва суғорган фермерларнинг далаларида ғалланинг ҳолати қониқарли бўлиб, бар­авж ривожланмоқда. Шунга қарамай, мамлакатимиз бўйича бир неча минг гектар майдонда ғалла етишиши кечикмоқда. Йиғилишда мавжуд ҳолат атрофлича таҳлил қилиниб, бу борадаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Кузги бошоқли дон экилган майдонларда шу кунларда экин ҳолатини инобатга олган ҳолда баргидан озиқлантириш, яъни суспензия сепиш, суғориш, озиқлантириш ғалла майдонларига маҳаллий ўғит солишда белгиланган апрель ойида амалга ошириладиган агротехник тадбирларни мақбул муддатда, сифатли амалга ошириш ғалладан юқори ва сифатли дон ҳосил олинишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Кузги ғалла экинларининг баҳорги парваришлашда уларнинг ҳолати, яъни 1 м2 майдондаги кўчатлар сони муҳим аҳамиятга эга. Кузги буғдойнинг найчалаш фазасининг давомийлиги 25–30 кунни ташкил этади. Шу қисқа даврда буғдой ўсимлиги бутун ўсув даврида тўплайдиган қуруқ модданинг 50–60 фоизини тўплайди. Найчалаш фазасида намлик ва озиқа моддалар етишмаслиги ҳосидорликка салбий таъсир қилади. Шунинг учун апрель ойида ғалла майдонларида намликни чекланган дала нам сиғимига (ЧДНС) нисбатан 70–75% бўлишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.

Бошоқли дон экинларининг найчалаш фазасида ўсимликнинг эрта баҳорги ҳолатига нисбатан фарқи шундаки, бу фазада ўсимликни вегетатив органлари кўпайган ва энг асосийси поялар сони ортган бўлади. Шу сабабли буғдой найчалаш фазасида азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 40–50 фоизи (физик ҳолатда 300–320 кг) берилади. Буғдой найчалаш фазасида ўсимликларни намлик ва озиқа моддалари билан таъминланиши муҳим аҳамиятга эга.

Кўп йиллик кузатувлар шуни кўрсатадики, эрта экилган ғалла навларида апрель ойининг 2-декадасидан бошлоқлаш фазасига киради. ўалла бошоқлаш фазасига киргандан 10 кун ўтказиб экинни 3-озиқлантириш тавсия этилади. Бунда гектарига физик ҳолда 120–150 кг меъёрда азотли ўғитлар билан озиқлантиришни амалга ошириш яхши самара беради.

Озиқлантириш ўтказилгандан сўнг ҳар бир минтақа тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб 600–700 м3/га ҳисобида 2 марта суғориш ишлари амалга оширилади. Суғоришни шарбат усулида гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит билан амалга ошириш тавсия этилади (маҳаллий ўғит таркибидан азот, фосфор ва калий микроэлементларидан ташқари буғдой ўсиб-ривожланишида зарур бўлган микроэлементлар: молибден, мис ва бош­қалар ҳам бор).

Бошоқли дон экинлари ривожини яхшилаш мақсадида апрель ойида гектарига 12 кг меъёрда карбамид минерал ўғитини 300 л сувда эритиб, махсус пуркагич механизмларда сепиш яхши натижа беради. Чунки, бундай вақтда ғалла экинларининг қўшимча озуқага эҳтиёжи юқори бўлади. Шунингдек, зараркунанда ҳашаротлар ва касалликларнинг ғаллазорларга айни шу даврда кўп тарқалишини ҳисобга олган ҳолда суспензияга инсектицид, фунгицидларни қўшиб ишлатиш муҳим аҳамиятга эга.

Суспензия сепилганда ўсимликнинг барг сатҳи қалинлашади, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ортади. Бу муҳим агротехник тадбир минерал ўғитлар самарадорлигини 6–8 баробар оширади ва ўсимликнинг сувга бўлган талабини 20–25 фоизгача камайтириш имконини беради. Пировард натижада 1000 дона дон вазни ортади, ҳосилдорлик 45 центнерга ошиши баробарида доннинг технологик сифат кўрсаткичлари яхшиланади.

ўаллага ишлов беришда кимёвий препаратларни эрта тонгда ёки кечки салқинда ишлатаётганда ҳаво очиқ, ҳарорат 18–25°С атрофида, намлик 65 фоиздан кам бўлмаслиги лозим. Бунда шамолнинг тезлиги секундига 3 м/с. дан ошмаслигига эътибор қаратиш керак.

Бу йилги қиш фасли ҳар йилгидан илиқ, ёғин миқдори кам бўлганлиги ҳамда эрта баҳорда ёғингарчиликнинг кўп бўлиши кузги ғалла ривожига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу эса ғаллазорларда занг ва бошқа замбуруғли касалликларни, зараркунандаларнинг кўп тарқалишига олиб келиши мумкин. Айниқса септариоз, сариқ ва қўнғир занг, уншудринг касалликлари, зараркунандалардан шиллиққурт (пьявица), зарарли хасва, ғалла арракаши, турли ширалар тарқалишининг олдини олиш учун кимёвий препаратлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари кўрилмаса, ғалла ҳосилининг 45–50 фоизгача камайишига олиб келади.

Маълумки, ғаллазорларда учрайдиган касалликлар споралари, зараркунанда ҳашаротлар имогалари, уруғлари (тухумлари) ва личинкалари дала четларида, дала уватларида, суғориш ва зовур тармоқлари қирғоқларида сақланиб қолиб, аксарият йилларда кучли совуқ таъсирида нобуд бўлиши кузатилган. Аммо кузги-қишки мавсумда ҳаво ҳароратининг нисбатан илиқ ва баҳор ойларини серёғин келиши касаллик ва зараркунанда ҳашаротларнинг ҳам нобуд бўлмасдан қишлаб чиқишига қулай муҳит яратди.

Апрель ойи давомида ғаллазорларда зараркунандалар, касалликлар тарқалиш ҳолатини ҳар 7–10 кунда мониторинг қилиб бориш лозим.

ўалла майдонларида касаллик ва зараркунанда ҳашаротлар аниқланганда, уларга қарши кимёвий кураш тадбирлари ўтказилади.

Бунда­ касалликларга қарши Давлат кимё комиссияси рўйхатидан ўтган фунгицидлардан 33 фоизли "Альто Супер", "Файтер"(0,3 л/га), 30 фоизли "Алтис Премьер" (1–1,5 л/га), "Броадер" (0,2–0,3 л/га), 28 фоизли "Аканто Плюс" (0,3–0,5 л/га), 25 фоизли "Бампер" (0,5 л/га), "Крест" (0,5 л/га), "Титул Дуо" (0,2 л/га), "Дузол" (0,2 л/га), 22,5 фоизли "Тебумекс Плюс", "Энтоликур" (0,3–0,5 л/га) препаратларини 250–300 литр ишчи эритма тайёрлаб ишлов бериш тавсия этилади.

ғаллазорларда тарқалган зараркунанда ҳашаротлар: зарарли хасва, шиллиққурт (пьявица), ғалла арракаши, шира ва трипсларга қарши эса 20 фоизли "Багира" (0,2–0,3 л/га), "Бестселлер" (0,05–0,075 л/га, 10 фоизли "Далметрин" (0,06–0,08 л/га), 2,5 фоизли "Делцис" (0,25 л/га), 5 фоизли "Далатэ" (0,15–0,2 л/га), 55 фоизли "Агрофос-Д" (0,5 л/га) инсектицидларини қўллаш яхши самара беради.

Юқоридаги агротехник тадбирларнинг мақбул муддатда сифатли бажарилишини таъминлаш баракали ғалла хирмонига кафолатли замин яратади.


Р.Сиддиқов, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори, қ.х.ф.д., РФА академиги,

Ф.Асронов, илмий ходим.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech