Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Апрел 2018 00:00

Маълумки, баҳор ойларида фермер хўжаликларида пахта майдонларини яхлит тўртбурчак ҳолга келтириш, ерларни текислаш, тупроққа экиш олдидан ишлов бериш, чигит экиш ва ғўза қатор ораларини дастлабки культивациялаш каби механизациялашган агротадбирлар ўтказилади. Уларнинг сифати бир-бирига жуда боғлиқ. Зеро, пайкаллардаги қийтиқлар йўқотилса, ерга ер қўшилади, шудгорлаш ва текислаш ишларини сифатли бажариш имкониятлари кенгаяди; экиш олдидан майин тупроқ ҳосил қилинса, ер сифатли текисланса, чигит бир хил чуқурликка тушади ва тупроқдаги нам ҳисобига бир текис униб чиқади, дуркун ривожланади.

Бу сифат кўрсаткичларига эришиш учун механизаторлар, фермерлар ва агрономлар тегишли қишлоқ хўжалиги машиналарининг иш жараёнида уларга қўйилган агротехник талабларнинг тўла бажарилишини таъминлашлари зарур. Бу борада қуйидагиларга эътибор қаратиш тавсия этилади.

Шудгордан қолиб кетган нотекисликлар, даланинг четлари ва бурчакларини текислаш ГН-2.8 типидаги ўрнатма грейдер пичоқлари ёрдамида бажарилади. Талаб: текисланган далалардаги нотекисликлар баландлиги ±5 см. дан ошмасин (чаналарнинг тупроққа кўрсатадиган босими гидроцилиндр ва пружиналар ёрдамида ростлансин; гидротар­қатгич ричаги эркин ҳолатда бўлсин; отвалнинг юриш чуқурлиги унинг қирқиш бурчагини созлаш орқали ўзгартирилади).

Тишли бороналаш агрегатининг сифат кўрсаткичлари: ишлов бериш чуқурлиги 4–6 см; ўлчами 25 мм. дан кичик фракциялар миқдори камида 80%, униб чиқаётган бегона ўтларнинг йўқотилиш даражаси камида 95% (агрегат бир хил типдаги бороналардан ташкил топган; тишлари бир хил узунликда, тўғри ва ўткирланган; тишлар ўткирланган учи билан ҳаракат йўналишига қараб ўрнатилган; тишларнинг тупроққа ботиш чуқурлиги тортқилар ва хомутлар ёрдамида созланади; бороналаш вақтида агрегат аввал ўтган изига параллел юриши ва шу из чеккасини 15–20 см кенгликда қоплаб ўтиши лозим).

Дискли бороналаш агрегати: ишлов бериш чуқурлиги 10–18 см атрофида; ишлов берилган қатламдаги ўлчами 50 мм. дан кичик фракциялар миқдори камида 80%, дала юзасида ҳосил бўладиган нотекисликларнинг ўртача баландлиги кўпи билан 5 см (орқанги ва олдинги диск­лар тупроққа бир хил чуқурликка ботмаса тиркагичнинг винти созланади; ишлов бериш чуқурлиги олдиндан белгиланган қийматга мос келмаганда борона дискларининг ҳаракат йўналишига нисбатан ўрнатилиш бурчаги ўзгартирилади: чуқурлик кам бўлса бурчак оширилади, кўп бўлса камайтирилади; диск­лар сатҳи текис, эгилмаган, синмаган ва енгил айланади).

Мола-текислагич ва экиш олди текислагичи: машина ўтгандан ке­йин дала юзаси нотекисликларининг ўрта квадратик четланиши – кўпи билан ±2 см, ўлчами 25 мм. дан кичик фракциялар миқдори – камида 80%, ўлчами 100 мм. дан катта фракциялар бўлмаслиги лозим. 0–10 см қатламдаги тупроқнинг зичлиги 1,1–1,2 г/см3 атрофида (чизелланган далаларга МВ-6,0 мола – текислагичлар билан ёки хўжаликларда мавжуд сихмолалар ёрдамида ишлов берилади. Мола текислагични ишга тайёрлашда таянч ғилдираклари юқорига кўтариб қўйилади, пичоқлари эса тупроқни зичлаш ҳолатига ўрнатилади. Тупроқнинг зичланиш даражасини ошириш учун пичоқ корпуси ичига металл юк қўйилади ёки тупроқ солинади. Агар тупроқ зичлиги агротехник талабларга мос келмаса, қўшимча юк миқдори ўзгартирилади: тупроқ етарлича зичланмаса – юк кўпайтирилади; ортиқча зичланганда – камайтирилади; заруратга қараб бир далани икки марта ҳам текислаш мумкин: агар ўртача оғирликдаги одамнинг товонлари тупроққа 2 см. дан ортиқ кирмаса, тупроқ меъёрда зичланган ҳисобланади).

Чигит экиш агрегатлари: туксизлантирилган ёки қобиқланган пахта чигитини уялаб экишда экиш аниқлиги камида 90% (уруғлик чигит стандарт талаблари даражасида тайёрланган бўлиши лозим. Агрегатнинг барча қисмлари соз ишлаши керак), туксизлантирилган пахта чигитини доналаб экишда 1 метр ерга тушадиган уруғ сони 11–14 дона атрофида. Намланган тукли чигитларни қаторлаб экишда 1 метрга тушадиган чигит сони 30–50 дона атрофида. Ҳақиқий ва белгиланган экиш меъёрлари орасидаги рухсат этилган фарқ: туксизлантирилган чигит – кўпи билан 10%, тукли чигит – 15% (СТХ-4, СЧХ-4, СХУ-4 ва СМХ-4 русумли механик сеялкалар сарф қилаётган уруғ миқдори белгиланган меъёрдан ортиқ бўлса, экиш ғалтакларидаги тирқиш торайтирилади, кам бўлса – кенгайтирилади. “Кейс-1200” русумли пневматик сеялкалар туксизлантирилган чигитни доналаб ҳар бир метрга 15–17 донадан экиш имкониятларига эга. Чигит уялаб экилганда уялар орасидаги масофа уяловчи аппаратни ҳаракатга келтирувчи валдаги юлдузчаларни ҳамда уяловчи диск парраклари сонини, пневматик сеялкада рамага ўрнатилган қутидаги юлдузчаларнинг айланма тезлиги ҳамда экувчи дискдаги тешиклар сонини ўзгартириш орқали созланади); экилаётган уруғ турига қараб уруғларнинг кўмилиш чуқурлиги 3–6 см атрофида, кўпроқ – 4–5 см. Кўмилиш чуқурлигининг ўрта квадратик четланиши кўпи билан ±1 см (чигитнинг кўмилиш чуқурлиги механик сеялкаларда сошникдаги сирпанчиқни стойка бўйлаб кўтариб-тушириш, пневматик сеялкада экиш аппарати пружиналарининг таранглигини ўзгартиш йўли билан созланади); асосий қатор ораларининг бир-биридан фарқланиши – кўпи билан ±1 см (асосан маркер узунлигини тўғри танлаш ва тракторнинг олдинги ғилдирагининг маркер қолдирган излар бўйича барқарор ҳаракатланишига, яъни механизаторнинг малакасига боғлиқ. Агар қатор оралари 60 см бўлса, охирги сошник тумшуғидан маркер дискигача бўлган масофа 150 см, қатор оралари 90 см бўлганда эса 225 см бўлиши керак. Бу масофалар маркер дискини унинг ўқи бўйлаб силжитиш орқали ростланади. Пневматик сеялкаларда экиш секциялари модулли бўлгани учун экиш қаторлари ораси кенглигини 30–102 см оралиғида ўзгартириш имконияти бор).

Дала шароитида чигитнинг тўлиқ тушиши ва унинг кўмилиш чуқурлиги фермер ёки назоратчи – агроном томонидан доимо кузатилиб борилиши шарт.

ўўза қатор ораларига ишлов берувчи культиватор агрегатлар: иш органларининг ишлов бериш чуқурлиги бўйича юриш нотекислиги – кўпи билан ±1 см; ҳимоя зонаси кенглиги бўйича нотекислиги - кўпи билан ±2 см; бир ўтишда ғўза кўчатларининг шикастланиш даражаси – кўпи билан 1%; бегона ўтларнинг йўқотилиш даражаси - камида 98%; ўлчами 25 мм. дан кичик фракциялар миқдори – камида 55%; аппаратларнинг ўғит солиш нотекислиги – кўпи билан 8–10%; ўғитлар ғўза қаторидан муайян масофада ва чуқурликда тупроқ билан кўмилиб кетиши лозим (ҳар куни иш вақти тугагандан кейин культиватор иш органлари, ўғит солиш аппаратлари ва ўғит ўтказгичлар тупроқ, бегона ўт ҳамда ўғит қолдиқларидан тозаланади; иш бошлашдан олдин эса культиваторнинг тракторга осилган олдинги ва орқа секциялари текширилиб, бўшаган жойлари маҳкамланади; иш органлари ва сошниклардаги шплинтлар, ўғит сепиш аппаратлари занжирининг таранглиги, улардаги конуссимон шестерняларнинг эркин айланиши текширилади; ясси кесувчи пичоқ, юмшатувчи панжа ва ариқ очгичларнинг бутунлай ейилганлари янгилари билан алмаштирилади; трактор рули люфтининг меъёрдан ортиқ бўлишига, тормозларнинг бўш ишлашига, мой оқишига, ғилдиракларда ҳимоя шитокларининг бўлмаслигига йўл қўйилмайди. Секцияларнинг кўндаланг йўналишда ҳар икки томонга оғиши 15–20 мм. дан ошмаслиги керак; қатор ораларига ишлов беришда культиватор сеялка юрган издан юриши ва унинг ҳаракат схемасини такрорлаши даркор.

Культиваторнинг четки иш органлари ёндош қатор ораларида юриши лозим. Культиваторнинг биринчи юриши одатда паст тезликда амалга оширилади ва иш органларнинг иши кузатиб борилади. Эгат охирида иш органлар транспорт ҳолатига кўтарилади. Тракторнинг бир ғилдирагини тормозлаб, шундай буриш лозимки, бунда четки иш органлар ишлов бериб келинган ёндош қатор оралиғига тушсин; биринчи ўтишда ҳар бир қатор оралиғида ишлов бериш чуқурлиги ва ҳимоя зоналари кенглиги ўлчаб кўрилади, бегона ўтларнинг қирқилиши, ғўза кўчатларининг зарарланиши кўз билан баҳоланади; суғориш эгатлари қатор оралиғининг қоқ ўртасидан ва барча қаторларда бир хил чуқурликда олиниши керак. Акс ҳолда кейинги культивация вақтида агрегатни тўғри бошқариш қийин бўлади ва кўчатларга кўп зарар етказилади.

Шундай қилиб, баҳорги механизациялашган агротадбирларни тўғри бажариш, уларнинг сифатини назорат этиб бориш фермер хўжаликларида мўл ҳосил етиштирилишини таъминлайди.

М.Тошболтаев, т.ф.д., (ҚХМЭИТИ)





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech