Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Апрел 2018 00:00

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 14 мартдаги “2017–2021 йилларда республикада соя экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда мамлакатимизда соя етиштириладиган майдонлар бирмунча кенгайиши кутилмоқда. Шу ўринда фермерларимизга тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги навлардан бирини танлаб экишни тавсия этамиз.

“Селекта–201” – эртапишар нав, Краснодар ўлкасида районлаштирилган, Маньжурия тур хилларидан келиб чиққан. Ўсимлик бўйининг баландлиги 110–120 см, кам шохлайди, пастки дуккакларининг жойлашиш баландлиги 13–15 см, минг дона уруғининг оғирлиги 180–200 г, ўртача ҳосилдорлиги 22–25 ц/га, максимал ҳосилдорлиги эса 35 ц/га. Уруғи таркибида 39–41% оқсил ва 21–23% мой сақлайди. Пишиб етилиши учун 2410–22000С ҳарорат талаб қилади.

“Эврика–357” – Қозоғистон нави бўлиб, АҚШнинг Бейсон ва Мерит навларини дурагайлаш натижасида яратилган. Поясининг баландлиги 110–115 см, пастки дуккакларининг жойлашиш баландлиги 13–15 см, ўсиш типи – шохламайди, уруғлари йирик, ранги сариқ, силлиқ текис, ялтироқмас, минг дона уруғининг оғирлиги 160–180 г. Уруғи таркибида 36–37% оқсил ва 20–22% мой сақлайди. Қурғоқчиликка чидамлилиги ўртача. Ўсув даври 125–127 кун. Қозоғистон нав синаш станциясининг маълумотига кўра, ўртача ҳосилдорлиги 37,6 ц/га. Бир гектар майдонга 65 кг уруғ экиш талаб қилинади.

“Селекта–302” – Краснодар ўлкасида районлаштирилган нав, Маньжурия тур хилларидан келиб чиққан. Ўртапишар, бўйининг баландлиги 120–130 см, кам шохлайди, пастки дуккакларининг жойлашиши 14–16 см, минг дона уруғининг оғирлиги 170–190 г, ўртача ҳосилдорлиги 25–28 ц/га, максимал ҳосилдорлиги 40 ц/га. Уруғи таркибида 39–41% оқсил ва 21–23% мой сақлайди. Пишиб етилиши учун 2400–2600оС ҳарорат талаб қилади. Уруғ экиш меъёри 65 кг/га.

“Дўстлик” нави - маҳаллий селекцияга мансуб бўлиб, серҳосил, ўртапишар, уруғлари август ойининг иккинчи ярмида пишиб етилади. Бир гектарга 65 кг уруғ экилади.

“Парвоз” нави ҳам маҳаллий селекциясига тегишли, биологик хусусиятига кўра ўртапишар, август ойининг иккинчи ярмида пишиб етилади. Республикамизнинг барча ҳудудларида яхши ўсиб, юқори ҳосил беради. Бир гектарга 65 кг ёки 350–370 минг дона уруғ ҳисобидан экилади.

“Барака” нави кечпишар бўлиб, энг серҳосил нав ҳисобланади. Вегетация даври баҳордан октябрь ойигача давом этади. Ўсув даври 125–135 кун. Ҳосилдорлиги 30–36 ц/га, максимал ҳосилдорлиги эса 45 центнергача етади. Пояси тик ўсувчи, камшох бўлиб, баландлиги 120–140 см. 1000 дона уруғининг вазни 135–140 г. Донида 40,6–41,2% оқсил ва 23,2–24,3% мой сақлайди. Касалликларга бардошли.

Соядан 300 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат ва саноат маҳсулотларини олиш мумкин. Унинг яна бир афзаллиги – кўпгина дуккакли ўсимликлар каби тупроқни азот билан бойитиш хусусиятига эга, ўсув даврида ўзи учун ҳам, ўзидан кейинги ўсимлик учун ҳам маълум миқдорда азот қолдириб кетади. Шунинг учун соя тупроқда биологик жараёнларнинг боришини янгилаб, тупроқнинг структурасини яхшилайдиган, биологик тоза экин ҳисобланади [1, 2].

Ҳар қандай экиндан юқори ҳосил олишда экиш сифатини таъминлаш катта аҳамият касб этади. Бунинг учун аввало ерни мавжуд агротехник талабларга жавоб берадиган даражада тайёрлаш, сўнгра эса яхши созланган экиш техникасидан фойдаланиш керак.

Айтиш жоизки, республикамиз тупроқ-иқлим шароитларига қараб, соя уруғларини доналаб ҳамда уялаб экишни талаб қилади. Сабаби соя ҳам пахта чигити каби уруғпаллали барглари билан тупроқни ёриб чиқади. Баҳор яхши келган йиллари соя уруғини доналаб экиш мумкин. Баҳор серёғин келиб, қатқалоқ бўлиш эҳтимоли катта бўлган йилларда уялаб экишнинг аҳамияти ортади. Чунки, доналаб экилган уруғларнинг қатқалоқни ёриб чиқиши қийин бўлиб, уялаб экилган уруғлар тупроқни осонлик билан ёриб чиқади ва тегишли кўчат қалинлиги таъминланади.

Ҳозирда мавжуд сеялкалар бу талабларга жавоб бермайди. Шу сабабли соя экишда хориждан келтирилган Case-1200 (АҚШ), Kuhn (Франция) (расм), “Sonmezler” (Туркия) ҳамда илгари келтирилган СПЧ-6 (Руминия) пневматик сеялкаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бу сеялкалар белгиланган уруғ меъёрларини аниқ таъминлаб бера олади. Уларнинг технологик иш принциплари бир хил.

Пневматик сеялкаларда уруғларни экиш технологик жараёни қуйидагича кечади:

Сеялканинг эксгаустери кардан вал ёрдамида тракторнинг қувват олиш вали (ВОМ)дан айланма ҳаракат олиб, пневмотизимда вакуум ҳосил қилади. Пневмотизим эластик қувурлар орқали экиш аппаратининг вакуум камерасига уланган. Экиш аппаратининг экиш диски занжирли узатмалар орқали таянч-юритма ғилдираклар билан боғланган бўлиб, сеялканинг дала бўйлаб ҳаракатланиши жараёнида экиш дисклари айланма ҳаракат олади. Бункердаги уруғлар ўз оқими билан (оғирлик кучи таъсири остида) бункернинг пастки қисмидаги қабул камерасига келиб тушади ва вакуум таъсири остида экиш дискининг тешикларига ёпишади. Экиш диски айланиш давомида тешикларга ёпишган уруғларни қабул камерасидаги уруғ массасидан ажратиб олиб, уруғни ташлаш қисмига олиб ўтади. Бу ер атмосфера билан туташган бўлгани учун уруғлар вакуум таъсиридан қутулади ва ўз оғирликлари таъсири остида па­с­т­­­­­­­­­­га – сошниклар очиб кетаётган ариқчага тушади. Сошник орқасида ҳаракатланувчи загортачлар ариқчага тушган уруғларни кўмиб кетади. Уруғлар юмшоқ тупроқ билан яхшироқ жипслашиши ҳамда тупроқ намлигини узоқроқ сақлаб қолиш учун уруғлар кўмилган ариқчалар усти шиббаловчи ғилдираклар ёрдамида шиббаланади.

Сеялка аппаратларининг экиш дисклари экиладиган уруғ турига қараб танланади. Асосий қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини экиш учун қўлланиладиган дискларнинг ўлчамлари жадвалда берилган.

Агрегат далада ишлаётган вақтда экиш аппаратларида ҳосил қилинаётган вакуум даражасининг жадвалда кўрсатилган экин турига мос қийматлари таъминланаётганлигини эксгаустернинг вакуумметри ёрдамида кузатиб бориш, зарур ҳолларда сеялка қўлланмасидан фойдаланиб, вакуум даражасини созлаш талаб этилади.

Юқорида баён этилган тавсияларга амал қилган ҳолда сояни сифатли экиб, далаларимизда тўлиқ кўчат олишга эришилса, соядан юқори ҳосил олишга мустаҳкам замин яратилади.

А.ҚОРАХОНОВ,

т.ф.н., (ҚХМЭИТИ),

Д.ЁРМАТОВА,

б.ф.д., проф., (ЎзДЖТУ),

А.ТОЛИБАЕВ,

т.ф.н., (ЎзҚТТСДМ).





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech