Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Апрел 2018 00:00

Мамлакатимиз, айниқса, унинг энг жанубий сарҳади саналган Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида аксарият қишлоқ хўжалик экинларидан бир йилда уч маротабагача ҳосил олиш мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10–11 февраль кунлари воҳага ташрифи чоғида тоғ ва тоғолди ҳудудлар ва самарадорлиги паст бўлган ерларни ўзлаштириб, янги интенсив технологиялар асосида ёнғоқли субтропик ўсимликларни кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Шу жиҳатдан олганда, юртимизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудлари, лалмикор ҳамда унумдорлиги паст ерларида ёнғоқ, писта, бодом, лимон, апельсин, мандарин кўчатлари ўтқазилса, бундай ерлардан самарали фойдаланилиб, элимиз қўшимча даромад манбаига эга бўлади. Бу боғлар келгусида халқимизни оқсил ва витаминларга бой мевалар билан қишин-ёзин таъминлаш имконини беради.

Ёнғоқ ўзининг шифобахшлиги билан ажралиб туради. Европа, Осиё ва бошқа минтақаларда кенг тар­қалган ёнғоқ дарахтининг баландлиги 25–30 м ва ундан юқори бўлиши мумкин. Ён шохлари 15–20 метр­гача тарвақайлаб кетади. Танасининг диаметри 1,5–2,5 метрга боради. Ташқи кўриниши шарсимон-овал шаклида, пўсти қалин ва тарам-тарам. Ёши катта “бобо” ёнғоқларнинг томири ўта мустаҳкам, ўқ илдизи 10–20 метрга етади.

Ёнғоқлар юртимиз шароитида асосан март-апрель ойларида гуллайди. Тоғ ва тоғолди ҳудудларида эса 3–4 ҳафтага кечикиши мумкин, бу дегани эрта баҳорги совуқлардан ўзини-ўзи ҳимоялайди. Тўрт минг йилдан буён фойдаланиб келинаётган иссиқсевар бу ўсимлик ҳатто тошлоқ жойларда ҳам мўл ва сифатли ҳосил беради.

Кўчатлар иқлим ва ҳудуд ҳисобга олинган ҳолда 10х6 м 8х6 м 10х10 м схемада экилади. Боғбонларимизнинг илмий изланишлари натижасида пайванд­лаб экиш ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Ҳозирда “Бўстонлиқ”, “Юпқа пўчоқ”, “Юбилей”, “Шингил ёнғоқ”, “Идеал” каби навлардан 4–5 йилдаёқ яхши ҳосил олинаяпти. Бир гектар ёнғоқзордан 15 тоннагача мева олиш мумкин. Бошқача айтганда, бу 100–110 млн. сўм даромад демакдир.

Ёнғоқ таркибида 60–75% ёғ, 17–20% углевод, темир, мис, марганец, ёд, кальций ва бошқа талайгина фойдали микроэлементлар, А, D, E, C, B, PP витаминлари мавжуд. Буюк бобомиз Абу Али ибн Сино ёнғоқнинг меваси, новдаси, томири ва пўстлоғидан фойдаланиб қатор хасталикларни даволаган. Асаб тизими, дармонсизлик, камқонлик, юрак-қон томир, ўт-пуфак, ошқозон, талоқ шамоллаши, ревматизм, бўқоқ, тиш, томоқ оғриғини бартараф қилишда ёнғоқ кони фойдадир. У чарчоқнинг олдини олиб, асаб тизимини мустаҳкамлайди. Бир сўз билан айтганда, ўсимлик асосида тайёрланадиган тиббий дорилар ўттиздан ортиқ касалликларга ижобий таъсир қилади.

“Тиб қонунлари” асарида ёзилишича, ёнғоқ ва унинг қобиғи қонни тўхтатишда фойдалидир. Буйракка фойдаси катта. Қобиғининг қуюлтирилган шарбати йўталга малҳам бўлса, меваси ичак оғриғини бартараф қилади. Меваси таркибидаги темир, фосфор, сиротин дармондориси, мой ва оқсиллар овқат ҳазм бўлишини яхшилайди, йод моддаси қалқонсимон без фаолиятини тиклайди.

Косметология ва мебелсозлик саноатида ҳам кенг фойдаланилади. 1 стакан қайнатилган сувга 1 чой қошиқ қуритилган барг қўшилса, қўл ва оёқ терлашининг олдини олади. Дамлама кунига 3–4 маҳал ичилса, гижжани йўқотади.

Ёнғоқлар асосан ёнғоқ қурти билан зарарланади. Зараркунанда мева тугунчаларининг ичига кириб, ҳосилдорликни 40–45 фоизгача камайтириши мумкин. Бунинг олдини олиш учун куз ва баҳор ойларида дарахтларга “БИ-58”, “Фазалон”, “Антио”, “Агрофос” каби кимёвий воситалар билан ишлов бериш керак.

Ўрмон ёнғоғи ҳисобланган фундук бутасимон ва дарахт ҳолида ўсади. Меваси бениҳоя фойдали, шифобахш ва тўйимли. Хуштаъмлиги ҳамда ҳиди билан бодомни эслатувчи фундук меваси таркибидаги ёғ тами, ранги узоқ вақт ўз хусусиятини йўқотмаслиги боис тиббиёт ва рассомчиликда кенг фойдаланилади. Ёғи тез қуриб қолмайди. Мағзида 77–80% ёғ, 8–20% оқсил борлиги учун қандолатчиликда ҳам кенг фойдаланилади.

Фундук ёнғоғи дарахтининг пўсти, барги, новдаси таркибида 8–16 фоизгача танид моддаси мавжуд. Новдалари бир йилда 2–4 метргача ўсади ва у эластик қайишқоқ ва эгилувчанлик хусусиятига эга. Ундан ҳар хил саватлар ва иҳота учун четанлар ясаш мумкин. Фундук баҳорда эрта гуллайди, гулчанги кўп бўлади. Асаларилар мўл асал йиғади. Фундукнинг “Разнокистная”, “Обыкновенная”, “Манчжурская”, “Деревовидная” ва маданийлаштирилган “Черкас-2”, “Кудрявчин” (бурама), “Гибрид”, “Мичурин”, “Санц” каби навлари мавжуд. Фундуқ мевасининг диаметри 2–6 см бўлиб, шакли овал-юмалоқ, ранги яшил, оч-яшил, пўсти қалин-зич.

Фундукнинг бир тупидан 8–10 килограммгача мева олиш мумкин. Бир гектар майдонга 600 туп кўчати экилади. Ҳар гектар фундукзордан 2–3 тонна ҳосил олиш мумкин. Дарахти бутасимон, дарахт сифатида ўстирилади. Бўйи 2–4 метргача ўсади. Меваси август-октябрь ойларида пишади.

Тупроқ танламайди. Тоғли, тошлоқ ҳудудларда ҳам ўсаверади. Чунки томир қисмида майда-майда замбуруғга ўхшаш шишлар (тугунча) мавжуд бўлиб, улар ердан фойдали элементлар ва сувни тезда қабул қилиб ривожланади. Экишдан олдин ҳар туп ниҳоли остига 1–1,5 килограммдан ўрмон тупроғини солиш шарт. Сабаби – ўрмон тупроғи таркиби ҳар хил минерал моддалар, тузлар ва микроэлементларга бой. Гуллаш даврида 0оС даража совуқ кузатилса ҳам таъсир кўрсатади. Ўрмон ёнғоғи кўчатларининг икки йиллиги экилади. Томир қисмидан чиққан ёш новдани пархеш усули ва уруғидан кўпайтириш мумкин.

Ҳосилли новдаларни кўпайтириш учун ниҳолни чуқур экиш тавсия этилмайди, акс ҳолда дарахти кеч ҳосилга киради. Ўрмон ёнғоғини озиқлантириш тупроқ структурасига қараб амалга оширилади. Дарахт таги 15–20 сантиметргача юмшатилади.То ҳосилга киргунича парранда гўнги, минерал ва маҳаллий ўғитлар солиш тавсия этилмайди. Ҳосилли фундук дарахтига эрта баҳорда ҳар бир тупига 10 килограммдан маҳаллий ўғит, 50–60 грамм калий, 100–150 грамм азот, 200–250 грамм фосфор бериб борилади.

Ҳосилни териб олишда мевалари ранги ўзгаришига қараб, яъни яшил-қизғиш ҳолга келганда новдасини сал силкитиб, қоқиб олинади. Меваси озгина намлигича қолса ҳам икки-уч кунда сифатсиз ҳолга келиб қолади. Шунинг учун ёнғоқ меваларини қуритиш майдончаларида яхши қуритиб олиш лозим.

Н.Астанақулов,

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Сурхондарё илмий тажриба станцияси илмий ходими.




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech