Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Апрел 2018 00:00

This article discusses the effects of foreign and local varieties of peppers and their biological, marine phytosanitary properties on quality parameters, which are planned to be cultivated in different regions of our country, as well as methods of processing raw materials based on innovative technologies.

Мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароити турли сабзавот экинларини етиштириш учун ғоят қулай. Аччиқ қалампир ана шундай экинлардан биридир. Маълумотларга қараганда, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида 15 минг гектар, Қашқадарё вилоятида 1100 гектар, шунингдек, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ҳам кенг майдонларда қизил қалампир экиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, дунёда ҳар йилиаччиқ қалампир 4,4 млн. гектардан зиёд майдонда етиштирилиб, ўртача 68–70 млн. т ҳосил олинади. 5 кг аччиқ қалампир ҳосилидан 1 кг қуритилган маҳсулот олиш мумкин бўлиб, унинг 1 тоннаси бугунги кунда жаҳон бозорида 8640 долларга баҳоланмоқда. Бу эса пахтадан олинаётган даромадга нисбатан анча юқоридир. Бир гектар майдондаги ҳосилдорлик эса ўртача 15–20 тоннагача етиши мумкин.

Шу жиҳатдан бугунги кунда соҳа мутахассислари олдида мамлакатимиз минтақалари тупроқ-иқлим шароитига мос қизил қалампир навларини танлаш, юқори сифатли уруғликларни экиш, экинни агротехника талаблари асосида парваришлаб мўл ва сифатли ҳосил етиштириш, олинган ҳосилни истеъмолчилар талабига мос ҳолда қайта ишлашни ташкил этиш каби долзарб масалалар турибди. Бу борада фермер хўжаликларига маҳаллий ва хориждан келтирилган аччиқ қалампирнинг қуйидаги навларини экиш тавсия этилади.

Ўртапишар “Марғилон–330” нави серҳосил бўлиб, ўсув даври меваси биологик пишиб етилгунча 123–125 кун. Паст бўйли, меваси қизил, чўзиқ конуссимон. Мевалари ўсимлик тупида тиккароқ бўлиб, юқори томонга қараб жойлашган. Ўртача катталикда, юзаси бироз нотекис. Техник пишганда яшил, биологик пишгач қизил рангга киради. Этининг қалинлиги 1,2–2,0 мм. Ҳосилдорлиги гектаридан 14–18 т. Бир туп ўсимликдан 20–30 тагача мева олинади. Таъми аччиқ. Қайта ишлаб ҳам, янгилигича ҳам истеъмол қилиш мумкин (расм).

Ўртапишар “Тилларанг” нави Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида яратилган. Меваси конуссимон, дона-дона, юқори томонга қараб жойлашган, техник етилганда – сарғиш-яшил, биологик етилганда – қизил, юзаси силлиқ, вазни – 32 г, таъми – аччиқ. Қайта ишлаб ҳам, янгилигича ҳам истеъмол қилиш мумкин.

“Мумтоз” нави Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида яратган. Меваси конуссимон, дона-дона, паст томонга қараб жойлашган, техник етилганда – тўқ-яшил, биологик етилганда – тўқ қизил, юзаси силлиқ, вазни – 10,3 г, аччиқлик даражаси ўртача.

Хориждан келтирилган, серҳосил, таркибида қуруқлик миқдори юқори, Сковилла жадвали (Сковилла даражаси – қалампир ўсимлигининг аччиқлик даражасини кўрсатувчи мезон. Унга кўра, қалампирнинг аччиқлик даражаси 0 дан 16 000 000 гача баҳоланади) га кўра, аччиқлик даражаси маҳаллий навларга нисбатан устун бўлган қизил қалампирнинг қуйидаги дурагайларини етиштириш юқори рентабелликка эришиш имконини беради.

Ўртапишар “Balebat” F1 дурагайи – очиқ майдон ва иссиқхона шароитида етиштиришга мос, мевасининг ранги биологик пишиб етилганда оч қизилрангда, аччиқлиги юқори даражада. Қуруқлик даражаси 23 фоизни ташкил этади.

- Эртапишар “Megatop” F1 дурагайи очиқ майдон шароитида етиштиришга мос, мевасининг ранги биологик пишиб етилганда – тўқ қизил, ўта аччиқ. Қуруқлик даражаси – 21–23%.

Ўртапишар “Kastillo” F1 дурагайи – очиқ майдон ва иссиқхона шароитида етиштиришга мос, мевасининг ранги биолигик пишиб етилганда тўқ қизил, аччиқлиги жуда юқори. Қуруқлик миқдори эса 23–25 фоизни ташкил этади.

Хориждан келтирилган ушбу дурагайлар бир-биридан вегетация даври, пишиб етилиш муддатлари, мевасининг шакли ва ранги, кимёвий таркиби, қуруқлик миқдори ҳамда аччиқлик даражасига кўра фарқланади. Улар мевасининг аччиқлик даражаси юқорилиги сабабли бу намуналарга бугунги кунда ички ва ташқи бозорда талаб жуда юқори.

Аччиқ қалампир меваси (уруғи) тўлиқ биологик пишган вақтда, яъниаччиқлик даражаси белгиланган стандарт талаб даражасигача пишиб етилгандан чўнг йиғиштириб олиниши яхши натижа беради.

Аччиқ қалампирни йиғиштириб олишнинг бугунги кунда қўлда ва махсус машиналар ёрдамида териб олиш усуллари мавжуд. Агар маҳсулот қўлда терилса бу ишни имкон даражасида куннинг салқин даврида амалга ошириш тавсия этилади. Бунда ишчилар қўлларига қўлқоп кийиб, оғиз-бурун бўшлиғини махсус тиббий ниқоб билан ҳимоялашлари мақсадга мувофиқ.

Бугунги кунда дунёнинг кўпгина давлатларида аччиқ қалампир ҳосили махсус машиналир ёрдамида териб олинади.

Йиғиштириб олинган ҳосилни истеъмолчиларга етказиш жараёнини тўғри ташкил этиш нафақат маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларини яхшилаш, балки экспортбоплик ва товарбоплик хусусиятларини юқори даражада сақлаб қолиш имконини беради.

Аччиқ қалампир ҳосили йиғиштириб олгандан кейин истеъмолчиларга етказишдан олдин улар сараланиб, савдо расталарига сархиллигида жўнатилади. Бундан ташқари, маҳсулотни қуритиб ва қайта ишлаб ҳам рентабелликни ошириш мумкин.

Аччиқ қалампирни қуритишда Тошкент давлат аграр университетида қўлланилиб келинаётган ресурстежамкор, қуёш батареялари ёрдамида қуритиш ускуналаридан фойдаланиш яхши самара беради.

С.Исламов, А.Азизов,

Б.Абдусатторов,

(ТошДАУ).




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech