Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Апрел 2018 00:00

Тритикале – оралиқ экинлар ичида энг кўп озуқавий қийматга эга экин саналади. Ҳозирда тритикаленинг серҳосил, касалликларга, ноқулай шароитларга чидамли навларини яратиш ва етиштириш технологиясини такомиллаштириш бўйича дунёнинг турли мамлакатларида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Тритикале етиштирувчиб асосий давлатлар – Польша, Германия, Белоруссия, Франция, Россия, Хитой, Венгрия, Испания, Литва ва Австралия ҳисобланади.

Тритикале авлодлараро дурагай бўлганлиги учун унда буғдой ва жавдарнинг ирсий белгилари ҳамда хусусиятлари мавжуд. Тритикале буғдойнинг лотинча номининг биринчи қисми (triti) ва жавдар номининг иккинчи қисми (cale) билан (Triticale) номланади. Бошоғининг кўриниши, тузилиши, донининг шакли буғдой ва жавдарни эслатади. Аммо тритикале буғдойдан қуйидаги белги ва хусусиятлари билан ажралиб туради: пояси буғдойникига қараганда йўғон, пишиқ, ётиб қолишга чидамли, барги ва бошоғи катта, дони ҳам йирик. Дони таркибида оқсил моддаси буғдойникига нисбатан 1,0–1,5% ва жавдарга нисбатан 3,0–4,0% кўп. Дони таркибида 3,8% лизин ва 2,0–4,0% ёғ бор.

Тритикаленинг 1 кг кўк массасида 0,3 озуқа бирлиги мавжуд. Тритикаледан юқори қийматга эга ун олинади. Унидан печенье, макарон, пицца ва қандолат маҳсулотлари тайёрланади.

Ўтказилган илмий изланишларга кўра, тритикале донининг кимёвий таркиби ўғитлантириш ҳолатига боғлиқ экан. Тритикаленинг дон ҳосили ўғит миқдори ошиб бориши ҳисобига 0,83–1,68 т/га кўпаяди. Азот миқдорининг оширилиши доннинг технологик ҳолатини ҳам яхшилайди.

Сувли ерларда тритикале оралиқ экин сифатида ёзнинг охири (август)-кузда экилса, юқори кўк масса ва дон бериши мумкин. Юртимиз шароитида тритикале жавдар ва хашаки буғдойга нисбатан юқори ҳосил, тўйимли концентрат озуқа ва мўл, сифатли кўк масса бериши билан ажралиб туради. Тритикале чорвачилик учун тўйимли озуқабоп экин ҳисобланиб, кўк масса ва дон учун экиш майдони йил сайин ортиб бормоқда.

Тритикале уруғларининг ҳаммаси униб чиқиши ҳамда юқори ҳосил олиш учун навдорлик ва экинбоплик сифат кўрсаткичлари бўйича лаборатория таҳлилларидан ўтказилиши шарт.

Тритикале уруғи 6–12оС да яхши кўкариб чиқади, яхши қишлайди, совуққа чидамли, илдиз тизими яхши ривожланади. Сувга энг талабчан даври – найчалашдан бошоқ чиқаришгача. Бу даврда нам етарли бўлмаса, бошоғи кичик ва кам ҳосилли бўлиб қолади. Тритикале буғдойга ўхшаб ўз-ўзидан чангланувчи ҳисобланади. Ўсиб-ривожланишида буғдой, жавдар, арпа ва бошқа бошоқли экинлар сингари униб чиқиш, туплаш, найчалаш, бошоқлаш, гуллаш, сут пишиш, мум пишиш ва тўлиқ пишиш фазаларини ўтайди.

Уруғлари 3–4оС да уна бошлайди. Униб чиқиши учун ўртача мақбул ҳаво ҳарорати 20–22оС ҳисобланиб, 6–8 кунда униб чиқади. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг, 34–37 кунда тупланиш содир бўлади. Ўзбекистонда тритикале асосан кузда туплайди ва бир туп ўсимликда 2–6 та поя ҳосил бўлади. Ўсимлик туп сони кам бўлганда тупланиш кучаяди. Кузги тритикале -18–20°С совуққа бардош беради.

Униб чиққандан кейин 140–145 кунда найчалаш даврига ўтади. Ўсимликнинг намликка энг талабчан даври найчалаш давридан бошланади. Тритикале 154–163 кунда бошоқлаб, 161–176 кунда гуллайди. Бошоқларида сут пишиш 184–202 кунда амалга ошади. Кўк массага ўриш учун мутахассис томонидан ўрганилади ва ўришга рухсат берилади. Ўсимлик униб чиққандан 196–218 кунда мум пишиш даврига ўтади. Пишиш даврига кирганлиги текшириб борилади. Тўлиқ пишиб-етилиши учун 206–225 кун керак бўлади.

Ўзбекистонда районлаштирилган тритикале навлари буғдойга нисбатан бироз кеч ёки кечпишар буғдой навлари билан бир вақтда пишса, Мексикадан келтирилган навларнинг кўпи буғдойга нисбатан 10–15 кун эрта пишади, баъзилари буғдойга нисбатан 20–25 кун олдин бошоқ чиқаради. Бундай тритикале навларидан (дон ва кўк масса учун экилган тритикале) фойдаланилса ерни эрта бўшатиб, ўрнига иккинчи экин экиш мумкин.

Тритикале экинининг тупроқнинг унумдорлик ва мелиоратив ҳолатига бўлган талаби арпа ва сулиникига ўхшаш. Бу экин учун ерни экишга тайёрлаш, ўғитлаш, уруғликни экиш ва парваришлаш агротехника тадбирлари бошқа бошоқли дон экинлари сингаридир. Тритикаленинг уруғлик экиш меъёри 150 кг/га. ни ташкил этади.

Тритикале экиш учун ер тайёрлашда ҳайдов остидан НРУ-0,5 русумли тракторга осиладиган ўғит сочадиган техника ёрдамида фосфорли ва калийли ўғитлар сепилади.

Майдон текис бўлмаса, махсус техника ёрдамида текисланади, кичик майдондаги нотекисликлар тракторга осма текислагичлар осган ҳолда текисланади. Шундан ке­йин дала мола-борона қилинади.

Кузда ерни ҳайдашдан олдин органик ва минерал ўғитлар сочилиб, сўнг 28–30 см чуқурликда шудгорланиши лозим. Ҳар гектарга 20–30 тонна гўнг солиш самарали ҳисобланади.

Бу экинни кучли шўрланган ерларга экиш тавсия этилмайди. Ер экишга сифатли тайёрланса, уруғлик бир хил чуқурликка (экиш чуқурлиги 5–6 см) тушиши ва яхши униб чиқиши таъминланади. Гектарига 50–60 ц ҳосил етиштириш учун органик ўғит билан бирга соф ҳолда 180–200 кг/га азот, 100–160 кг/га фосфор, 60–70 кг/га калийли ўғитлар қўлланилиши керак. Фосфорли ва калийли ўғитларнинг ҳаммаси ва 25–30 кг азотли ўғит кузда берилиши, азотли ўғитнинг қолган қисми (155–170 кг) баҳорда гектарига 78–85 кг. дан ўсимлик туплаш даврида, (февраль-март), ўсимлик найчалаш даврида (март-апрель) ўтказилади.

Агар уч марта озиқлантирилса, ҳар галги азотнинг миқдори 60–67 кг/га бўлади. Бунда учинчи озиқлантиришни ўсимлик тўла бошоқлаб, гуллаб бўлгандан сўнг ўтказиш лозим. Дуккакли дон ва дуккакли ўт экинлардан бўшаган ерга тритикале экилса минерал ўғитларнинг миқдори 10–15 фоиз камайтирилади, учинчи марта озиқлантиришда аммиакли селитра ёки карбамид ўғитларининг 1:1 нисбатда сувда эритилган 30 фоизли эритмаси ОВХ-28 ёки ОН-400 маркали штангали пуркагичлар ёрдамида сепилганда ҳосилдорлик гектарига сезиларли даражада ошиши билан таркибидаги оқсил ҳам ортиши кузатилади.

Ҳар сафар озиқлантирилгандан сўнг суғориш лозим. Суғориш кузда экилгандан сўнг ва ўсув даврида камида 3 марта ўтказилиши керак. Суғориш миқдори экилгандан сўнг 500–800 м3/га ҳисобида бўлади. Бунда тупроқ шароити ҳисобга олинади.

Уруғликни экишдан олдин “Тузал”, “Деразол”, “Раксил”, “Девиденд” каби препаратлар билан 1,5–2 кг/т ҳисобида ишлов берилса, турли касалликларнинг олди олинади.

Тритикале дон учун, айниқса, уруғ олиш учун экилганда бегона ўтларга қарши кимёвий усулда 48 фоизли “Базарган” препаратидан 2–3 л/га, “Парднер” – 1,5 л/га, 75 фоизли “Гранстар” – 20 г/га миқдорда сарфланади. Бундан ОВХ-28 ёки ОН-630 пуркагич ускуналарида гектарига 250–300 литр сув билан дорилаш тавсия этилади. Бу ишлар ўсимлик тўла тупланишдан то найчаланиши бошлангунга қадар ўтказилиши лозим, акс ҳолда кутилган натижа бермайди.

Тритикале сули ва арпа экинлари каби кўк масса учун сут пишиш даврида ўриб олинса, сифатли сенаж тайёрланади. Дон учун бу экин техник пишиш даврида ўриб олиниши керак.

Тритикале экинининг дони буғдойга қараганда йирик бўлгани учун ўриш вақтида комбайннинг янчиш аппарати тирқишларини буғдойни ўришга нисбатан бироз каттароқ қўйиш зарур. Акс ҳолда донлар кўп шикастланади, ҳатто майдаланиши мумкин. Комбайннинг бундай соз­ланиши айниқса уруғлик майдонларда жуда зарур ҳисобланади.

Тритикале ўрилгандан сўнг, донлари қуритиш майдонига олиб борилади. Тритикале уруғлари қуритилгандан сўнг тозалаш ва саралаш ишлари олиб борилади. Бегона экинлар уруғлари махсус аппаратлар ёрдамида тозаланади. Қопларга қопланади ва реализация қилиш учун сақлаб қўйилади. Сақлаб қўйиш вақтида уруғликларнинг нам­лиги аниқланади. Агар тритикале донларининг намлиги 15 фоиздан юқори бўлса, қайтадан қуритишга қўйилади.

Республикамиз чорвачилиги учун мустаҳкам озуқа базаси яратишда озуқабоп экинларнинг юқори ҳосилдор навларидан фойдаланиш, уларни етиштиришда агротехник тадбирларга тўлиқ риоя қилиш ҳамда замонавий технологияларни қўллаш муҳим амалий аҳамиятга эга ва чорвачилигимизни янада ривожлантиришда, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech