Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Июн 2018 00:00

Июнь ойида ғўза қатор ораларига ишлов беришда энг аввало культиватордаги ишчи органлар сонига ва ишлов бериш чуқурлигига алоҳида эътибор бериш керак. Қатор ораси 60 см бўлганда культиваторда ишчи органларни тўлиқ таминланган бўлиши лозим. Бундан ташқари чигит эрта экилган майдонларда культивацияни озиқлантириш билан бирга ўтказиш, кеч экилган, намлик юқори бўлган майдонларда ниҳолларни шикастлантирмаган ҳолда ишлов бериш зарур. Бунда ўртадаги ишчи орган чуқурроқ ўрнатилса намлик тез йўқотилишига эришилади.

Ғўза қатор орасига июнь ойида ишлов беришда 1 ва 2-культивация ўртасида чизель-культиватор ёрдамида чуқур (18–22 см) юмшатишни амалга ошириш яхши самара беради. Тупроқ зичланишининг камайиши илдиз тизими бақувват ривожланиши, ер ости сувларидан самарали фойдаланишини таъминлайди.

Ғўза қатор ораларига кечиктириб ишлов бериш натижасида ўсимликнинг озиқланиш тизими бузилади, бегона ўтлар зарари кўпаяди, ёш ниҳоллар илдиз чириш ва гоммоз касалликлари билан зарарланади, далага қуйилган сувнинг 50 фоизигача қисми беҳуда исроф бўлади. Эрта ўтказилса тупроқдаги намлик юқори бўлганлиги сабабли кесак кўчишига олиб келади. Натижада тупроқ майин ҳолга келмай нам тез буғланади. Шунинг учун тупроқ етилган пайтида культивация ўтказилади. Зарур бўлганда тупроғи етилган ерларни танлаб культивация қилиш керак. Культиватор тўлиқ жиҳозлаб табақалаштирилган ҳолда ўтказиш, бунда ККО иш органларидан кўпроқ фойдаланиш керак. Эгатларни ҳаддан ташқари чуқур ишлов бериш натижасида тупроқни кўпроқ ағдариш, илдизларни шикаслантиришга йўл қўймаслик керак. Шунингдек, бегона ўтларни вақтида ўтоқ қилиб туриш ҳам зарур ҳисобланади.

Культивация билан бирга суғориш учун жўяк олинганда биринчи сувда эгат чуқурлиги 60 см қатор оралиғида экилган далаларда 12–14 см, 90 см қатор оралиғида экилган майдонларда 15–18 см, кейинги суғоришларда ушбу чуқурлик тегишлича 14–15 см ва 18–20 см. ни ташкил этиши лозим.

Ёғингарчилик туфайли тупроқда тўпланган озуқа моддаларнинг бир қисми ер ости қатламларига, ювилган майдонларга ўғитни эрта муддатларда солишни ташкил этиш керак. Одатда ўғитни суғоришдан олдин эгат олиш билан бирга солинади. Ғўзанинг ўсув даврида ўғитлаш меъёрлари ва нисбатларига алоҳида аҳамият бериш ва экиш олдидан, экиш билан солинган ўғит миқдорига қараб белгиланади.

Органик ва минерал ўғитларнинг аралашмаларидан фойдаланиш зарур. Бунда ниҳолларни озуқа моддалар билан яхши таъминлаш мақсадида 2-культивацияда 250–300 кг/га. дан чириган, қуритилган ва элакдан ўтказилган маҳаллий ўғитларни мосламалар билан ғўза қатор ораларидан 14–16 см узоқликка ва 15–17 см чуқурликка солиш кутилган натижа беради. Бунда:

- тупроқдаги мавжуд микроорганизмлар фаолияти жадаллашиб, минерал ўғитлар самарадорлиги 40–50 фоизгача ошади;

- ғўза илдизларга қўшимча иссиқлик киришига эришилади;

- суғорилгандан кейин эса тупроқдаги намнинг буғланишининг 50%, тўпланган ҳосилнинг тўкилишини 25–30% камайтириб, ҳосилдорликни 20–25 фоизга оширади.

Маълумотларга қараганда, ғўзани шоналаш ва гуллаш даврларида гектарига 500–700 кг қуруқ гўнгни азотли ўғитлар билан биргаликда қўллаш пахта ҳосилини гектаридан 2,0 центнерга оширади.

Ғўзанинг яхши ўсиб-ривожланиши, юқори ва сифатли ҳосил бериши учун уларни қўшимча равишда баргдан озиқлантиришда, карбамид суспензияси билан бирга “Гумимакс”, “Эдагум”, “Фитовак” ва бошқа стимуляторларни қўшиб ишлов бериш жуда яхши самара беради.

Бунда ғўза ривожи орқада қолган майдонларда суспензия гуллаш даври бошида гектарига физик ҳолда 10,0 кг карбамид ишлатилади ёки КАС ўғити 9,0 литр ишлатилганда яхши самара беради. Суспензия сепишда ишчи эритма ҳар гектарига 300 литрдан кам бўлмаслиги зарур.

Суспензия билан ишлов беришда “Фитовак” (200–300 мл/га), “Гумимакс” 0,15–0,20 л/га, “Узгуми” 0,3–0,4 л/га ва бошқа шунга ўхшаш стимуляторлар қўшиб ишлатилса, ғўзанинг ўсиб-ривожланишига ижобий таъсири янада ортади.

Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20–25оС дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади. Ҳаво илиқ ва булутли кунларда суспензияни кун бўйи сепиш мумкин. Ёмғир ёғаётган пайтда суспензия сепиш тавсия қилинмайди, чунки озуқа моддалари ювилиб, ўғитларнинг самараси пасайиб кетади.

Ғўзалар шонага кирган майдонларда гектарига соф ҳолда 70–75 кг азот ва 50 кг калий бериш керак, бу эса гектарига 210–225 кг аммиакли селитра ёки 150–160 кг мочевина ва 80 кг калий хлоридни ташкил этади. Шоналаш даврида ўғитлар ўсимликнинг 20–22 см ёнига, 14–16 см чуқурликка берилади.

Ғўзалар гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70–75 кг азотни (аммиакли селитра 210–225 кг) ва 40–50 кг соф ҳолда фосфорни (аммофос 80–100 кг ёки оддий суперфосфат 250–300 кг ёки супрефос 170–215 кг) ташкил қилади. Агар ғўза қатор оралари 90 см бўлса, шоналаш даврида 60 см қатор оралиғидек, гуллаганда эса ўғит ўсимлик қатордан 30–35 см ёнига, 60 см. да эса қатор оралари ўртасига 14–16 см чуқурликка солинади.

Ўсув давридаги озиқлантиришнинг охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши керак, бундан кечикса ғўзанинг ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин.

Суғориш муддати ва меъёрларини ҳудуднинг сув билан таъминланганлиги, тупроқнинг механик таркиби ва сизот сувлари чуқурлигини қатъий ҳисобга олиб белгилаш лозим. Бу шартлар ғўзанинг дуркун ўсиши, эртаки ва мўл ҳосил олинишини таъминлайди.

Суғориш сувидан ва тупроқдаги захира намликдан самарали фойдаланиш ўтказиладиган агротехник тадбирлар сифатига боғлиқ бўлиб, тавсия этилган агротехник тадбирлар тизимини қўллаш натижасида далаларнинг бегона ўтлардан ҳоли, юмшоқ ҳолатда сақланишини таъминлаш ва ғўзанинг яхши ўсиб-ривожланишига бошқа шароитларни яратиш қўшимча ҳосил олиш мақсадида сарфланадиган беҳуда сув сарфини қисқартиришга ёрдам беради.

Ҳар суғоришдан кейин ғўза қатор ораси тупроқ етилиши билан, кесак ҳосил қилинмай, майин культивация қилиниши керак. Бу тупроқда тўпланган намликни узоқ муддат сақлашга имкон яратади. Суғориш тартиби ва унга боғлиқ бўлган суғориш техникаси сувдан режали фойдаланишнинг асоси ҳисобланади.

Ғўзани июнь ойида шоналаш даврида суғориш меъёри енгил тупроқларда гектарига 600–700 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 700–800 м3 бўлиши керак. Суғоришнинг давомийлиги енгил тупроқларда ғўза гулга киргунча 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 12–14 соатдан ошмаслиги зарур. Ерости сувлари сатҳи 0,5–2 метргача бўлган тупроқларда сув миқдори 10–15 фоизгача камайтирилади. Эгатлар узунлигини қисқартириш орқали далаларнинг бир текис намланишига ва сувдан тежамли фойдаланишга эришиш мумкин. Шуни ҳисобга олиб, сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралари 60 см бўлганда эгатлар узунлиги 60–70 метрдан, сувни суст шимадиган, оғир тупроқли ерларда 80–90, қатор оралари 90 см бўлган пайкалларда эса тегишли равишда 80–90 ва 90–100 м. дан ошмаслиги керак. Қатор оралари 60–90 см ва катта нишабга эга бўлган ғўза пайкалларида суғоришларни барча эгатлар орқали ўтказиш, қолган жойларда қатор оралатиб суғориш мақсадга мувофиқдир.

Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш экинларни парвариш қилишда агротехника тадбирларини юқори савияда ўтказиш-экинлардан юқори ҳосил олишнинг энг юксак гаровидир.

Ш.Намозов, Ф.Тешаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech