Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Июн 2018 00:00

Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, қиш-баҳор ойлари учун маҳсулотлар захирасини яратишда такрорий экинларни етиштиришнинг ўрни катта. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кузги бошоқли дон экинлари ҳамда эртаги сабзавотлардан бўшаган ерларга картошка, карам, сабзи сингари сабзавотларни экиб улар майдонини 2–3 мартага кенгайтириш, олинадиган ҳосил салмоғини кўпайтириш, қайта ишлаш корхоналарини доимий равишда хомашё билан таъминлаш имконини беради.

Бугунги кунда такрорий муддатда оқбош карам, гул карам, турп, шолғом, ош лавлаги, редис, бодринг, кўкатлар билан биргаликда помидор ва ширин қаламапир экинлари ҳам етиштирилмоқда.

Такрорий муддатда экиш режалаштирилган сабзавот, полиз ва картошкани республика минтақалари миқёсида тўғри жойлаштириш ва ўз вақтида экиб етиштириш орқали мавжуд майдонлардан унумли фойдаланиш ва олинадиган ҳосил салмоғининг юқори бўлишини таъминлайди.

Ушбу муддатларда экиш режалаштирилган ҳар бир экиннинг биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларни ҳаво, тупроқ ҳароратига, сув ҳамда озиқа элементларига бўлган талабини ҳисобга олган ҳолда етиштириш зарур.

Такрорий сабзавотларни экиш даврида ҳаво ҳароратининг ўта юқори бўлиши, кўчатидан экиладиган сабзавотлар кўчатининг тўлиқ тутиб олиши ҳамда экилган уруғлардан ниҳолларни тўлиқ ундириб олиш катта меҳнат ва маҳорат талаб этади. Чунки юқори ҳарорат экилган кўчат ва униб чиқаётган ниҳолларнинг униб чиқиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Майдонларни такрорий экин экишга тайёрлаш ишлари ерни ўтмишдош экин қолдиқларидан тозалашдан бошланади. Бунда ўтмишдош экин қолдиқлари КПС-5 маркали юмшатгич ёки бароналарда, кичик майдонларда эса қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олиниб, сўнгра тавсиялар асосида лозим бўлган органик ҳамда минерал ўғитлар майдонга сочилиб, тупроқ намлиги маромида бўлганда ерларни ПД-3-35 русумли плуг ёрдамида 25–28 см чуқурликда ҳайдаб, сўнгра барона билан 10–12 см чуқурликда юмшатилади ва экиш режалаштирилган экин турига қараб суғориш эгатлари олинади.

Оқбош карам кўчатларини экишнинг энг мақбул муддати республикамизнинг жанубий минтақаларида 1–15 август, марказий минтақаларида 15 июнь-10 июль, шимолий минтақаларида эса 25 май-5 июнь ҳисобланади.

Оқбош карамнинг маҳаллий “Тошкент-10”, “Термиз-2500”, “Ўзбекистон судьяси”, “Ўзбекистон-133” ёки бошқа навларини экиш тавсия этилади. Экиш 70х40 см, 90х40 см схемада амалга оширилади. Карамни ўтлоқи, сернам, чиринди миқдори кўп бўлган майдонларга экиш мўл ҳосил олиш имконини яратади.

Оқбош карам экиладиган майдонлар дастлаб суғорилиб, ер тобига келгандан кейин кўчатларни қўлда ёки СКНБ-4А русумли экиш машинасида экилади. Кўчатлар экилган майдонларга кетма-кет сув қуйилса, уларнинг тўлиқ тутиб олиши имконияти ортади. Хато тутган ерларга эса кўчат қайтадан экилиши лозим. Экилган кўчатлар тўлиқ тутиб олгач 16–18 кундан кейин биринчи ишлов берилади, яъни қатор оралиқлари КРН-2,8А русумли культиваторда 15–16 см чуқурликда юмшатилади. Юмшатиш билан бирга маданий ўғитлар солиниб, суғорилади.

Карамни етарли миқдорда озиқлантириш учун ҳар бир гектар майдон ҳисобига камида 25–30 т гўнг, 200–220 кг азот, 150–170 кг фосфор ҳамда 50 кг миқдорида калий ўғитларини солиш лозим. Майдонларни шудгор қилишдан олдин гўнгнинг йиллик миқдорининг ҳаммаси, фосфорли ўғитларнинг 75% ва калийнинг 50% қисми солинади. Фосфорнинг қолган 25 фоизи ҳамда калийнинг тенг ярми кўчатларни экишдан олдин, азот ўғитининг 20 фоизи экиш олдидан, қолган қисми эса ўсув даврида солинади.

Кечки карамни суғоришда ўсув даврининг бошларида 7–8 кун оралатиб, кузга яқин эса 10–12 кун оралатиб 13–15 маротаба суғорилади. Суғориш меъёри 550–650 м3/га.

Инсон саломатлиги учун муҳим витаминларга бой бўлган яна бир экин – ош лавлаги уруғларини ёзги муддатда жанубий ҳудудларда 1–10 август, марказий ҳудудларда 5–30 июнь, шимолий ҳудудларда 1–10 июнда экиш тавсия этилади. Ош лавлаги дастлабки пайтларида жуда секин ўсганлиги боис бегона ўтлар кучли босиб кетади. Шу сабабли ош лавлагини картошка, бодринг, карам экинларидан бўшаган майдонларга экиш мақсадга мувофиқ.

Ёзги муддатда етиштириш учун ош лавлагининг маҳаллий “Диёр”, “Ягона” навлари ва чет элнинг “Бордо-237”, “Бикорес”, F1 “Боро”, “Пабло” дурагайларини экиш тавсия этилади. Бир гектар майдонга уруғ сарфлаш меъёри 14–16 кг. ни ташкил этиб, экиш 50+20х8 см схемасида амалга оширилади.

Ош лавлаги ниҳоллари униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Иккинчи ягана ўсимлик 2–3 чинбарг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Кейинги парваришлар экинларни вақтида суғориш, қатор ораларини культивация қилиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат.

Бўз тупроқли ерларда ош лавлаги экилган майдонларга соф ҳолда 150 кг азот, 80 кг фосфор, 50 кг калий солиш керак. Фосфор ўғити йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси ерга асосий ишлов даврида, фосфорнинг қолган қисмини эгат олиш пайтида бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда ўтказилади.

Ёзги муддат учун сабзи уруғи экишнинг энг мақбул муддатлари – жанубий минтақларда 1–15 август, марказий минтақаларда 10 июнь-10 июль, шимолий минтақаларда 10–20 июнь ҳисобланади. Сабзи уруғини катта майдонларда СКОН-4,2 экиш сеялкасида, кичик майдонларда қўлда 1,5–2 см чуқурликда 52х8 см ёки 62х8 см оралиқда экиш амалга оширилади. Бунда бир гектарга 5–6 кг уруғ сарфланади.

Ушбу муддатда сабзининг сақлашга мос “Мирзои қизил-228”, “Мирзои сариқ-304”, “Нантская”, “Шантане-24-61”, “Зийнатли”, “Мшак-195”, “Нурли” каби навларини экиш тавсия этилади.

Сабзи уруғи сепилгач марзанинг тепаси қорайгунча 2–3 кун давомида жилдиратиб сув қуйилади. Сабзи уч-тўрт марта суғорилганда майсалар 8–10 кун мабайнида ёппасига униб чиқади. Шундан кейин сентябргача ҳар 7–8, сентябрда эса ҳар 10–12 кунда суғориб туриш лозим. Сабзи шу тартибда суғориб борилса, сизот суви чуқур жойлашган ерларда мавсумда 11–12, сизот суви юза участкаларда 6–8 марта сув ичади.

Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалаш лозим. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ґар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.

Униб чиққан сабзи ниҳоллари икки маротаба ўталиб, ягана қилингач, қатор оралиқлари КРН-2,8А юмшатгичи билан 9–12 см чуқурликда юмшатилади. Кейинги парвариш ишлари ҳар 9–10 кун оралатиб суғориш ҳамда қатор оралиқларини юмшатиб туришдан иборат. Вегетация даврида экин азотли ўғит билан 2 маротаба озиқлантирилади: биринчиси ўсимликларда 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда; иккинчиси эса илдизмева тугиши бошланганда амалга оширилади.

Сабзи тупроқ унумдорлиги ва озуқа элементларига ўта талабчандир. Озуқа элементлари етарли миқдорда тавсия этилган миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони бўлади.

Гектаридан 30 тонна ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга юқори унумдор ерларга ўртача соф ҳолда 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий ўртача унумдор ерларга ўртача 220 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий ва унумдорлиги паст бўлган майдонларга 250 кг азот, 200 кг фосфор, 120 кг калий бериш тавсия этилади.

Сабзи етиштиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75% бўлиши керак.

Бодринг экиш учун унумдор, органик моддаларга бой, нам сиғими юқори, сизот сувлари юза жойлашган ерлар танланади. Бодрингга енгил, юмшоқ тупроқлар ниҳоятда мос келади. Шўрланган ерларда бодринг етарли даражада ўса олмайди.

Алмашлаб экишда бодринг учун картошка, карам, сабзи, лавлаги энг яхши экин ҳисобланади. Бодринг уруғини экишнинг энг мақбул муддатижанубий минтақаларида 10–20 июль, марказий минтақаларида 15–30 июнь ҳисобланади. Ушбу муддатда экиш учун “Наврўз”, “Ўзбекистон-740”, “Ранний-645”, “Аякс Микс”, F1 “Алиби” ва “Зилол” навлари тавсия этилади.

Бодринг уруғларини катта майдонларга СБУ-2,4А(экиш) мосламасида, кичик майдонларда қўл кучи ёрдамида 70х30 см, 90х20 см схемада экиш амалга оширилади. Уруғлар 4–5 см чуқурликка экилади, уруғ бир гектар майдонга 4–5 кг сарфланади. Экилган уруғлар ердан униб чиққач уруғпалла барглари пайдо бўлган даврда бир маротаба ва битта чин барг чиқарган даврда иккинчи маротаба узил-кесил ҳар бир уяда 1 тадан ўсимлик қолдириб ягана қилинади.

Ўсув давридаги ҳар 2–3 маротаба суғоришдан сўнг албатта ўсимлик қатор оралиқларини 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимлик палаклари 2–3 маротаба ростлаб қўйилиши тавсия этилади.

Июннинг охири – июлнинг бошларида экилган кечки бодрингнинг ўсув даври нисбатан қисқа бўлади. Ўсув даврининг бошланиши ёзнинг иссиқ пайтига, ҳосил тўплаш даври эса кузги салқин тушган вақтга тўғри келади. Шунинг учун кечки бодринг ўсув даврида бир меъёрда, яъни ҳар 6–7 кунда суғориб турилади. Бодринг уруғи ерга экилиши билан кетма-кет суғорилади, бунга қўшимча қилиб яна уруғ суви ҳам берилади. Шунда майсалар барвақт ва қийғос кўкаради. Кечки бодринг ўсув даврида сизот суви чуқур ерларда 10–11, юза жойларда эса 8–9 марта суғорилади.

Республиканинг барча вилоятларида сабзавот, полиз ҳамда картошка етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларида жорий йилнинг экиш муддатларига мувофиқ равишда экилган асосий ва шу кунларда экилаётган ҳар бир такрорий сабзавот, полиз ҳамда картошка экин майдонларида амалга оширилиши лозим бўлган барча парвариш чора тадбирларини сифатли бажариш ушбу майдонларга экилган, экилаётган экин турларидан режаланган миқдордаги мўл ҳосилни етиштириб, йиғиб олишнинг зарур бўлган қулай имкониятларини яратади.

Шунингдек, ушбу ойда баҳорда ойларида асосий экин сифатида экилган помидор, ширин қалампир, бақлажон, сабзи, қовун, тарвуз, бодринг, қовоқ майдонларида ҳам шу кунларда бажарилиши лозим бўлган асосий парвариш тадбирлари – ўсимликлар қатор оралари КРН-2,8А ёки КОН-2,8 русумли юмшатгичлар билан, ўсимлик оралиқларини эса қўлда чопиб юшматиш, бегона ўтларни йўқотиш, маданий ҳамда маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, ўз вақтида суғориш, экинларда пайдо бўлган касаллик ва зараркунандаларни тезда йўқ қилиш чораларини амалга оширилиши ўсимликлар ўсиб-ривожланиши ҳамда ҳосил тўплаш жараёнларига ижобий имкониятлар яратишни таъмин этади. Экилган асосий экин майдонларидан мўл ҳосил етиштиришини таъмин этишда ҳал қилувчи муҳим омиллардан бири ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7–12 кун оралатиб 480–500 м3/га меъёрда суғориб туриш бўлиб, ҳар 2–3 маротаба сув қуйилгач ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А русумли юмшатгич билан 12–14 см чуқурликда юмшатиб туриш тавсия этилади.

Р.Хакимов, Ф.Расулов, А.Артиков





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech