Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Июн 2018 00:00

Етиштирилган ғалла ҳосилини йиғиштириб олиш энг масъулиятли механизациялашган агротехник тадбир ҳисобланади. Даладаги ғалла ҳосили бир пайтда пишиб етилгани боис у комбайнлар ёрдамида фақат бир ўтишда нест-нобудгарчиликка йўл қўймасдан ўриб-янчиб олинади. Чунки тўкилган донни қайта ердан йиғиштириб олишнинг сира иложи йўқ. ўалладан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, пешма-пеш шудгор қилинади. Демак, фермерлар, комбайнчилар, МТП раҳбарлари ва мутахассислари, сервис марказлари муҳандислари, ўрим-йиғим отрядларининг бошлиқлари ғалла ўрим-йиғими ва пешма-пеш шудгорлашга катта масъулият билан қарашлари лозим.

Фермерларнинг вазифалари:

- ғаллазорларга кирадиган йўллар, кўприкларни сифатли тайёрлаш, йўл четидаги дарахтларнинг осилиб ётган шохларини кесиб ташлаш, ўқариқларни текислаш (комбайн далага осон кириб-чиқади);

- ўримга киришишдан олдин карталарни тўртбурчак ҳолига келтириш, комбайн боролмайдиган жойлардаги ғаллани қўлда ўриш (комбайннинг иш унуми ортади, бор ҳосил тулалигича йиғиб олинади);

- далани бегона ўтлар ва ҳар хил темир-терсаклардан тозалаш (пичоқлар синмайди, хедер, транспортёр, ротор ёки барабан бузилмайди, бункерга тоза дон тушади);

- комбайннинг бемалол қайрилишини таъминлаш, пояларнинг ғилдираклар билан эзилишининг олдини олиш мақсадида дала атрофи бўйлаб камида 8 м кенгликдаги ғаллани олдиндан ўриб олиш, ёнғин чиқишига йўл қўймаслик учун дала четларини камида 4 м кенгликда шудгорлаб қўйиш.

МТП муҳандисларининг вазифалари. Улар энг аввало, ишга тайёр ғалла комбайнларини қуйидаги талабларга жавоб беришини яна бир бор текширишлари керак: комбайн узеллари жойида ишлаганда бегона товушлар эшитилмайди; сирпанувчи бошмоқлар пачоқланмаган ва дарз кетмаган; мотовилонинг марказий ва паншаха трубалари эгилмаган, қадалмасдан айланади; бармоқли брус эгилмаган, тўғри; сегмент пичоқлари бутун, қарши кесувчи пластинкалар сийқалашмаган, дарз кетмаган; шнек цилиндрлари текис, ўрамлари эгилмаган ва узилмаган; йиғиштириш барабанининг вали ва бармоқлари қийшаймаган, синмаган; қия камера корпусида ёриқлар йўқ, транспортер планкалари синмаган, қайишлари едирилмаган, пружиналари таранг; янчиш барабани (ротори)нинг вали эгилмаган, дон савағичлари едирилмаган, барабан (ротор) остлигининг тишлари бутун; сомон элаги клавишаларининг подшипниклари едирилмаган, ёрилмаган; ғалвирлардаги тешиклар катталашмаган, жалюзалар сегментлари синмаган; силкитувчи тахтадаги тарам-тарам листлар дарз кетмаган; элеваторлар кураклари синмаган, ленталари узилмаган; втулкалар, валиклар, пластинкалар ейилмаган; дон, бошоқ ва бўшатиш шнекларининг ўрамлари ўткирлашмаган ва бутун ғилофларида тешик ёки ёриқлар йўқ.

Ўрим-йиғим отрядларининг вазифалари. Ҳар бир отряд таркибига 2 ёки 4 та “Кейс”, “Клаас” комбайни, дон ташийдиган 4 ёки 8 та автотранспорт, 1 та кўчма устахона, 1 та занжирли трактор плуги билан ва маиший хизмат звеноси киради.

Отряд раҳбари туман қишлоқ хўжалиги бўлими, МТП, автокорхона раҳбарлари ҳамда фермерлар билан биргаликда бириктирилган ғалла майдонларининг ҳажмини, дала контурлари бўйича ғалланинг ҳолати ва дон ҳосилдорлигини аниқлаб, ўрим-йиғим графигини тузади.

Отряд раҳбари ҳар бир фермер хўжалигининг бутун майдонидаги пишган ҳосилни тўлалигича йиғиштириб олиш, ҳисоб-китобларни тўғри юритиш, дон нобудгарчилигининг олдини олиш, ўрим қатнашчиларига етарли шарт-шароитларни яратиб бериш тадбирлари учун масъул ҳисобланади.

Ўрим-йиғим отрядини етарли транспорт воситалари билан таъминлаш, ташиш жараёнида дон нобудгарчилигининг олдини олиш, автомашиналарнинг техник жиҳатдан доимо соз ҳолатда бўлиши автокорхона раҳбари зиммасига юклатилади.

Комбайнчилар, ҳайдовчилар ва ўрим-йиғим мавсумининг бошқа қатнашчиларига тиббий хизмат кўрсатиш, уларни иссиқ овқат билан таъминлаш тадбирларини фермерлар, маҳалла фаоллари ва туман соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари бажаради.

Сервис марказлари муҳандислари ва комбайнчиларнинг вазифалари:

- ўрим жараёнида дон бошоқлардан ўриб туширилганда мотовило тезлиги камайтирилади, уни пастга тушириб, вали пичоқларга яқинлаштирилади;

- бошоқлар ерга кўп миқдорда тўкила бошласа, мотовило тезлиги камайтирилади, паншахаларни пичоқларга яқинлаштириб, уларнинг орқа томонга қиялиги бироз оширилади, паншахалар ва шнек қанотлари орасидаги тирқиш кенглиги торайтирилади;

- поялар қирқилмасдан қолиб кетганда синган сегмент ва бармоқлар янгисига алмаштирилади, хедер пастга туширилади, мотовило пастлатилади ва олдинга чиқарилиб, тезлиги оширилади;

- сомон орасида тўлиқ янчилмаган бошоқлар учраганда ротордаги тирқиш кенглиги камайтирилади, унинг тезлиги оширилади, ғалвир жалюзалари кенгроқ очилади, комбайн тезлиги пасайтирилади;

- ҳосилдор ва баланд бўйли ғаллани сифатли йиғиб олиш учун пичоқлар 25–30 см қирқиш баландлигига ўрнатилади, комбайн тезлиги ва хедернинг қамров кенглиги янчиш аппаратига секундига 3–5 кг атрофида ғалла массаси келиб тушадиган даражада танланади.

ўалла комбайнларидан кейин сомон йиғадиган машиналар ишлатилади.

Сомон поялари КОС-2,1; КРС-2,1; КДП-4 ва КИР-1,5Г, “Умид” сингари агрегатлар ёрдамида ўриб-йиғиб олинади. Акс ҳолда, қолдиқ пояларнинг бир қисми шудгор пайтида тупроқ остига тўлиқ кўмилмасдан ва чириндига айланмасдан, ер бетида қолиб кетади. Улар шудгорлаш ва ерларни экишга тайёрлаш сифатига салбий таъсир этади. Ўримдан кейин ерда қолган сочма сомон ва ўт-ўланларни ўша куннинг ўзидаёқ тўплаб, йиғиб олиш лозим. Бунда “Markant 65” каби тўплагич-зичлагичлардан фойдаланилади.

Далаларда қолган поялар ва сомонга ўт қўйиб, ёқиб юбориш асло мумкин эмас! Акс ҳолда тупроқнинг минерал ва маҳаллий ўғитларга бой, гумусли юқори қатлами ёнғин туфайли қотиб, ғоваклигини йўқотади, барча микроорганизмлар ва фойдали ҳашаротлар нобуд бўлади.

Шудгорлаш сомон йиғимидан кейин, ҳатто 1–2 кунга кечикса, жазирама иссиқ таъсирида тупроқ намлиги тез кўтарилиб, ернинг қотиб қолиши оқибатида катта-катта кесаклар кўчишига олиб келади.

Агар тупроқнинг юза қатлами қуриб кетган ва намлиги 14–16 фоиздан кам бўлса, майдонларни сомон йиғиштириб олинган куннинг ўзидаёқ суғориш ва ер етилиши билан шудгорни бошлаш керак.

Далалар чимқирқарли ПН-4-35, ПЛН-5-35, LD-100 ҳамда икки ярусли ПЯ-3-35, ПД-4-45, МР-2/3–45 плуглари билан чуқур ҳайдалиши зарур. Чимқирқарли плуглар бегона ўтлар кам ёки бутунлай йўқ далаларни ҳайдашда ишлатилади. Бегона ўтлар кучли тapқалган майдонлар эса фақат икки ярусли плуглар билан ҳайдалиши шарт. Корпуслари айланадиган плуглар билан шудгорлашда тупроқ тўла ағдарилади, шудгорланган майдонларда марза ва эгат каби нотекисликлар ҳосил бўлмайди ва тупроқ юзаси текис чиқади.

Ҳайдов отряди бошлиғи, механизатор ва фермер қуйидагиларга алоҳида эътибор беришлари даркор:

- шудгорлаш ишларини икки сменада ташкил этиш, ҳайдов агрегатларини эрта тонгда ва кечқурун юқори унум билан ишлатиш (трактор двигатели қизиб кетмайди, ёнилғи ва мой кам сарфланади);

- механизаторлар, таъмирловчи чилангарлар ва барча ишчиларга етарли маиший шароитларни яратиш, қисқа муддатларда сифатли бажарилган шудгор учун уларни моддий рағбатлантириш;

- ҳайдаш чуқурлигининг барқарорлиги, тупроқнинг майин ва текис шудгорланишини таъминлаш;

- электр ёки алоқа симларининг таянчлари, майдонлар ичидаги дарахтлар атрофларини 2–3 корпусли плуглар ёрдамида олдиндан ҳайдаб қўйиш;

- ҳайдов трактори ва плугни техник соз ҳолатда ушлаб туриш, кундалик техник қаровларни сифатли бажариш, двигателнинг совутиш ва мойлаш тизимлари ишини назорат қилиш;

- кўчма устахоналарда лемех, отвал, дала доскаси, сақловчи болт каби плугнинг ишдан тез чиқадиган деталлари, трактор учун мотор ва гидравлика мойлари захирасини етарлича барпо этиш;

- ҳар бир ҳайдов агрегатига икки нафардан малакали механизаторни бириктириш;

- ҳайдов агрегатларига техник хизмат кўрсатиш, уларга ёнилғи қуйиш ишларини кўчма устахоналар ва махсус агрегатлар воситасида даланинг ўзида бажариш.

Мазкур тадбирларнинг тўғри бажарилиши ғалла ўрим-йиғимида дон нобудгарчилигига, шудгорлашда катта харажатларга йўл қўйилмаслигини таъминлайди.

М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech