Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2018 00:00

Ер шари аҳолисининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларини қондиришда донли, дуккакли, туганакмевали ва мойли экинлар жуда муҳим ўринни эгаллаши ҳаммага маълум. Айниқса, туганакмевали экинларсиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жуда мушкул. Ана шундай аҳамиятга эга бўлган туганакмевали экинлар вакилларидан бири – батат (ширин картошка) ҳисобланади. Бу экин шарқий Осиёда, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Европа давлатлари ва Америка қитаъсида кенг тарқалган. Мазкур мамлакатларда ушбу экин, озиқ-овқат ва техника экини сифатида кенг ишлатилади.

Батат (ширин картошка) – Ipomea batatаs L. – печакгулдошлар (Convolvulaceae) оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, 400 дан ортиқ турлари мавжуд. Аммо фақат битта маданий тури – Ipоmea batatas L. кенг майдонларда экилади. Илдизи кўп шохланади, ён шохлари йўғонлашиб туганакмевага айланади. Туганакмевасининг юзаси текис, гoҳo ғадир-будир, кўзчалари яширин ҳолатда бўлади.

Батат туганаклари йирик бўлиб, 200 граммдан 3 килограммгача ва ундан ҳам оғир тош босиши мумкин. Туганаклари ранги оқ, сариқ, бинафша ва қизил тусларда бўлади.

Батат табиий ҳолда сайёрамизнинг тропик ва субтропик минтақаларида кенг тарқалган. Асосан Хитой, Ҳиндистон, Индонезия мамлакатларида кўп миқдорда етиштирилади. Батат Япон халқининг ҳам энг севимли озиқ-овқат экини ҳисобланади.

Батат ширин ва крахмалга бой туганаклари учун етиштирилади. Унинг туганаклари таркибида крахмал 30%, қанд моддаси эса 6 фоизгача бўлади. Маданий экин сифатида бир йиллик экин сифатида ўстирилади.

Ўсув даври 120–150 кун давом этади. Туганаклари озиқ-овқат ва ишлаб чиқариш саноатида кенг қўлланилади. Ер устки массаси чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳисобланиб, тўйимлилиги бўйича бедага тенг ҳисобланади.

Батат навларини ишлатилиш хусусиятларига кўра, ширин, сабзавот ва ем-хашак турларига ажратилади.

Бу гуруҳлар ўзаро иссиқликка талаби, туганакларининг ранги, таркибидаги глюкозанинг концентрацияси каби белгилари билан фарқланади.

Батат асосан вегетатив усулда кўпаяди. Генератив усулда кўпайтириш асосан янги навларни яратишда, селекция жараёнларида фойдаланилади.

Дастлаб далага экишдан 2 ой олдин ўртача (150–300 г) катталикдаги, шикастланмаган туганаклари ўсимталар етиштириш учун махсус кўчатзорларга экилади. 1 дона туганакдан 15–20 дона ва ундан ҳам кўпроқ ўсимталар олиш имкони мавжуд. 5–7 кунда дастлабки ўсимталар униб чиқа бошлайди. 5–6 ҳафта давомида ўсимталар далага экишга тайёр ҳолатга етади. Ўсимталарни илдиз оттириб ёки тўғридан-тўғри далага ўтказиш мумкин. 15–20 см. ли ўсимталар экиш учун энг мақбул ҳисобланади.

Батат ёруғсевар қисқа кун ўсимлиги, унинг ўсиб-ривожланиши 20–30оС да яхши ўтади. Ҳарорат 10оС дан паст бўлганда ўсишдан тўхтайди. Барги 0–2оС да, пояси - 2–3оС да, илдизмеваси - 2–4оС да нобуд бўлади.

Батат умуман қурғоқчиликка чидамли, аммо ўcyв даврининг дастлабки 2–3 ойида сувга талабчан бўлади. Ўсув даврининг охирида, ҳосилни йиғишга 2 ой қолган даврда кам суғорилади.

Тупроқ муҳитига унча талабчан эмас. Илдизи яхши ривожланганлиги учун тупроқнинг чуқур қатламларидан сув ва озиқ элементларини ўзлаштира олади. Озиқ элементларидан калийни энг кўп ўзлаштиради, фосфорни калийга нисбатан кам ўзлаштиради.

Ўртача туганак ҳосилдорлиги 28–35 т/га. Ўзбекистон ҳудудида ўтказилган тадқиқотларда, гектаридан 25–40 т/га ҳосил олинган.

Бу борада ўтказган тадқиқодимизнинг мақсади Зарафшон водийси шароитида Батат (Ipomoea batatas) экини ҳосилини етиштиришга мос навларини ажратиш, экиннинг ўсиб-ривожланишини ўрганиш, арзон, юқори ҳамда сифатли ҳосил етиштириш агротехнологиясини ишлаб чиқиш. Арзон, сифатли, экологик соф ва юқори ҳосилдорликни, уруғлик материаллар сифатини ҳамда сақланувчанлигини таъминлайдиган батат етиштиришнинг самарали агротехнологик тадбирлар мажмуини ишлаб чиқишдан иборат.

Юқоридаги мақсаддан келиб чиққан ҳолда тажрибаларимизда февраль ойининг 3-ўн кунлигида батат туганаклари иссиқхонага экилиб, ўсимталари етиштирилди. Тадқиқот объекти сифатида олинган Бататнинг Хитой давлатидан келтирилган “Хэ-дун” нави, шунингдек, “Каштан” ширин картошкаси, “Ошқовоқ” ширин картошкалари ўсимталар чиқими ўрганилганда “Хэ-дун” навида энг юқори кўрсаткич – 17–19 донани ташкил этди. “Ошқовоқ” ширин картошкасида 7–11 дона, “Каштан” ширин картошкаси туганакларидан олинган ўсимталар 3–5 донани ташкил этди.

Батат ўсимлигининг мақбул экиш муддатларини белгилаш мақсадида тажрибалар ҳам бажарилмоқда. Дала тажрибаларимизда 20 апрель ҳамда 1 май муддатларда 70х25, 70х30, 70х35 см экиш схемаларида батат ўсимталари экилди. 70х25 см схемада гектарига 57 минг туп, 70х30 см схемада 47,5 минг туп, 70х35 м схемада 40,8 минг туп кўчатлар экилди. Ҳозирги кунда дала тажрибаларимизда фенологик кузатувлар ва биометрик ўлчашлар давом эттирилмоқда.

А.Шамсиев, А.Ҳамзаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech