Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Август 2018 00:00

Боғлар болга тўлмоқда

ёки боғ ва токзорларда август ойида олиб бориладиган агротадбирлар

Шу кунларда мамлакатимиз боғларида ғарқ пишиқчилик, ҳосилга кирган ва ҳосили етилган боғларда мевалар пешма-пеш териб олинмоқда.

Пишаётган мева чет мамлакатларга экспорт қилинадиган бўлса, у техник пишиш ҳолатида узилади. Агар ички бозорга бўлса, физиологик пишиш ҳолатига яқин шароитда узилади. Мева узилгандан сўнг албатта сараланади ва идишларга (идиш ва транспорт турига қараб) жойланади.

Боғларнинг қатор оралари ишлов берилган ва тоза бўлиши шарт. Жорий йилнинг июль ойида ҳаво қуруқ ва жуда иссиқ бўлганлиги боис август ойи бошида боғларни чилла суви билан суғориш зарур. Ой давомида ҳосилли боғлар, айниқса, ёш боғларда тупроқнинг намлик даражасига катта аҳамият бериш керак. Тупроқ шароити ва ўсимликнинг туридан келиб чиққан ҳолда камида 2 маротаба, ёш боғларда эса камида 3 маротаба суғориш зарур. Ґосилга кирган боғларда бу даврда келаси йил учун мева куртаклари шакллана бошлайди ва тупроқда нам етишмаса, жараёнга салбий таъсир кўрсатилади. Бу эса ўз навбатида келаси йил ҳосилининг кам бўлишига сабаб бўлади.

Ёш ва ҳосилдор боғларда июль ойининг иккинчи ярмидан бошлаб ёзги шакл бериш (обрезка) ўтказилади. Бу жараён якунланмаган боғларда август ойининг биринчи ярмида тамомлаш керак. Ёзги шакл бериш жараёнини сифатли ўтказган фермер ва деҳқон хўжаликлари келаси йили эрта баҳорда боғларда ўтказиладиган шакл беришдан (обрезка) деярли озод бўлишади ва дарахтлар қўзғалганда унинг ўсиш энергияси дарахтнинг барча органларига баробар тақсимланиб, бир текисда қўзғалади ва бу энергиянинг асосий қисми гуллаш ва мева шакл­ланишига сарф бўлади. Бу эса ўз навбатида жуда катта ижобий натижа беради.

Эрта баҳорда кесилган дарахтларда асосий баҳорги ўсиш энергияси танани тиклашга (ўсув новдаларини ҳосил қилиб, уларнинг ўсишига) сарфланади.

Бу амалиёт данакли боғларда ва уруғли интенсив боғларда жуда яхши самара беради.

Мева куртаклари шаклланадиган август ойида дарахт танасига ёруғлик тушиш миқдори кескин ошади ва бу куртак шаклланишига ва данакли дарахтларда мева шохларининг пишиб етилишига ижобий таъсир кўрсатади.

Ёш симбағазли интенсив боғларда янги новдалар эгилиб боғланади. Бу тадбир мева куртакларининг шаклланишини жадаллаштиради. Новдани боғлашда иложи борича эркин 70–80о бурчак остида эгиб боғланади. Новдалар тўғри эгилишига аҳамият бериш зарур.

Айни кунларда боғ ва токзорларда бўлган киши у ердаги мева-узум ҳосилининг ғарқ пишганини кўриб, халқимизнинг ризқи улуғлигига яна бир бора амин бўлади. Ана шундай долзарб паллада етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш боғбонлардан катта масъулият талаб этади.

Бундан ташқари, боғларда қишки навларни зараркунандалардан сақлаш мақсадида дорилаш ишларини ҳам ўз вақтида ўтказиш зарур. Беҳи, кечпишар олма ва нокзорларда олма қуртининг учинчи авлодига ва нок ширасига қарши июль ойининг охирги беш кунлигида пуркаш ўтказилмаган бўлса ва бу тадбир август­нинг биринчи беш кунлигида ўтказилса, самараси юқори бўлади.

Бунинг учун кенг тарқалган Нурел-Д, БИ-58, Зиппер, Ариво 100 л сувга 100–120 г ҳисобидан ёки Циперфос 100 г, Каратэ, Децис, Суми-альфа, Шерпо (100 л сувга 40–50 г) препаратларидан бирини қўллаш мумкин.

Мева каналари тарқалиши кузатилса, бу препаратларга Вертемекс, Неорон, Абамиктин, Нисорон препаратларини (100 л сувга 50–150 г) қўшиб омухта ишчи суюқлиги билан пуркалади. Нам­ланувчи олтингугуртнинг 1 фоизлиси ҳам самаралидир.

Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар олдинги ойларда кесилмаган бўлса, тезда кесиб, боғдан чиқариб ёқиб юбориш зарур.

Токзорларда қалинлашиб кетган катта шохли новдаларнинг юқори қисмини қисқартириб, кесиб ташлаш, яъни чеканка қилиш керак. Темир бетон устунларда ток ўстирилаётган бўлса, охирги симбағаздан 50 см. дан юқори қисми кесиб ташланади. Чеканкани айрим ҳоллардагина жуда кучли ўсувчи токзорларда сийраклаштириш билан бир вақтда августнинг биринчи ярмида ўтказиш керак. Бунда ғўра хомтокдан қолиб кетган бачки новдалар баргларнинг ток тупини жуда қалинлаштириб юборадиган ва ҳаво ҳарорати ҳамда ёруғликнинг ўтишига халал берадиган қисмлари олиб ташланади.

Чеканка натижасида новдалар ва мевалар яхши етилади, шираси ошади ва кейинчалик токни кесиш осонлашади. Ушбу ойда ўртапишар узум навларининг ҳосили терила бошланади.

Кечпишар узум навлари узумни узишга 15–20 кун қолганда суғорилади.

Токзорларда чилла даври чиқиши билан қалинлашиб кетган тупларда узум бошлари соя ташлаб турган барглар олиб ташланади. Кул касаллиги тарқалиши кузатилса, олтингугурт (1 гектар токзорга сарфи 30–40 кг) билан чанглатилади.

Август ойида мевалардан шафтоли, олхўри, ўртапишар олма, нок ва узумнинг хўраки ва кишмиш нав­лари тўлиқ пиша бошлайди. Айрим ҳудудларда узумнинг Ґусайни нави ҳам махсус агротехник тадбирлар натижасида етарли даражада қанд моддасини йиғиб олган бўлади.

Ушбу ой миришкорлар учун жуда долзарб палла ҳисобланади. Чунки бир томондан ёзнинг энг иссиқ даври (чилла) бўлса, иккинчи томондан ҳар хил турдаги мевалар ва ҳар хил помологик навларнинг пишиб етилиш даври бўлади. Бунда қилинадиган ишларнинг тури ҳам кўпаяди ва ҳарорат юқори бўлиши туфайли уларнинг тез бузилишига олиб келиши мумкин. Бу вақтда олмаларнинг баъзи қишнинг ўрталаригача сақланадиган навлари махсус териб олиниб, совуқхоналарга жойланади (Ред Делишес, Кинг Девид, Джонатан ва бошқалар).

Четдан олиб келинган кўчатлардан шаклланган интенсив боғлардаги Джонаголд, Красный Делишес, Ред Чиф, Дженемин каби навлар ҳам август ойида етилади ва улар совутгичларда январь-февраль ойларигача бемалол сақланади.

Данакли мевалар истеъмол бозорига қараб, керак бўлса (четга юбориладиганлари) техник пишиш даврида терилади ва йўлда улар етилиб пишади.

Шафтоли ва олхўри мевалари қаттиқроқ, озгина пишмаган ҳолатда терилади, лекин мазаси ушбу помологик навга хос бўлиши керак.

Меваларни узоқ жойларга юбориш, сақлаш ва сотувга олиб чиқиш учун мева банди билан терилиши шарт. Бу эса меваларнинг сақланишига энг асосий кафолат бўлади.

Олма ва нок мевалари авайлаб терилиб солинадиган идишнинг ичига қоғоз ва ёғоч қириндиси тўшалган бўлиши керак. Узум бошлари қайчи билан кесиб олинади, узумнинг доналарига қўл тегмаслиги керак. Чунки бунда узум мевасининг ғубори шикастланади ҳамда узумни узоқ муддатга сақлаш қийин бўлади.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон шароитида август ойида пишиб етилган ўртапишар мева ва узум навлари узоқ муддат сақланмайди. Улар асосан қайта ишлаш (консерва қилиш ва қуритиш учун) ёки истеъмол учун бозорларга сотувга жўнатилади.

Данакли мевалар (шафтоли, олхўри), узумнинг кишмиш навларини узоқ сақлаб бўлмайди, улар кўпи билан (энг сифатлиси) бир ой сақланади. Шунинг учун истеъмолдан ортган мевалар қуритилади.

Данакли мевалар ва узумнинг кишмиш навидан қуритилган маҳсулот олиш мақсадида улар сал­қин ерларда ёки махсус палаткаларда (полиэтилен плёнка билан қопланган) қуритилса, қуриган меванинг сифати анча юқори бўлади ҳамда узоқ сақланади, очиқ ҳавода – қуёшда қуритилганда сифатсиз маҳсулот олинади.

Ойнинг охирида пишадиган олма, нок ва узумнинг кишмиш навларини узоқ жойларга жўнатиш, маҳаллий бозорларга сотувга олиб чиқиш ёки қайта ишлаш корхоналарига топшириш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистонда мевали ўсимликлар ичида қулупнай ўсимлиги кўчатлари ёзда – июль-август ойларида экилади. Жорий йилнинг 15 августигача экилган кўчатлар келаси йили тўлиқ ҳосил беради. Бундан кеч экилса, ҳосилдорлик камая­ди. Кузда экилган кўчатлар тўлиқ кўкаради, аммо келаси йили кам ҳосил беради.

Республикада қулупнай кўчатини экиш йилнинг иссиқ даврига тўғри келиши боис экиш олдидан олдиндан олинган эгатлар қондириб суғорилади. Кўчатлар куннинг иккинчи ярмида, соат 5 дан ке­йин экилади. Экиб бўлингач, ҳаво ҳароратига қараб, 2–3 кун давомида жилдиратиб сув бериб, тупроқдаги намлик сақланади. Тупроқ қурий бошлаши билан суғориш такрорланади.

Кўчатзорларда қуйидаги ишлар амалга оширилади: аввал далалар пайвандтагга тайёрланади ва пайванд амалга оширилади. Мевалардан биринчи бўлиб данаклилар пайванд қилинади. Сўнг уруғлилар, ундан кейин эса манзаралилар (атиргуллар). Пайвандтаг яхши етилган ва қаторларда бехато бўлишини таъминлаш зарур. Пайванд қилинадиган навларнинг рўйхати олдиндан тузилади ва уларнинг она боғлари аниқланади. Она боғлар нав тозалигига жавоб бериши ва соғлом бўлиши шарт.

Иккинчи далада кўчатларнинг парвариши давом этирилади. Улар сувдан қолмаслиги зарур. Шу билан бир вақтда шохланган жойигача бўлган барглар олиб ташланади. Бу кўчатлар ичидаги ҳаво аэрациясини яхшилайди ва кўчатларга касал туширмайди.

Ток қаламчаси етиштирилаётган далалар ҳам бегона ўтдан холи бўлиши лозим. Уларнинг ерустки қисми сифатли етилиши ва илдиз тизими янада ривожланиши учун озиқлантирилиши керак. Озуқани шарбат усулида бериш яхши самара беради ёки бўлмаса азотли ўғитлар билан озиқлантирилса ҳам ўсимлик яхши ривожланади.

Ушбу тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, боғ-токзорлардан юқори ҳамда сифатли маҳсулот олинади, кўчатзорлардан талаб даражасидаги стандартлар талабига жавоб берадиган мева-узум кўчатлари тайёрланади.

Р.Абдуллаев,

қ.х.ф.н.,

Х.Абдуллаева,

М.Исроилов,

С.Шодиев,

илмий ходимлар,

А.Қосимов,

докторант, Акад. М.Мирзаев номли БУваВИТИ.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech