Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Август 2018 00:00

Асадда сабзавотлар экиш ва етиштириш

Мамлакатимизда сабзавот экинлари бир неча муддатда экиб етиштирилади. Деҳқонларимиз август ойида асосий сабзавот экинларидан турп, шолғом, пиёз, бош салат ва кўкат сабзавотларининг навларини тўғри танлаб, илмий асосланган етиштириш агротехнологияларга тўғри риоя қилишса, юқори ҳосил олишга эришадилар. Бунда қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз.

Шолғом, турп, август пиёзи каби сабзавотлар экиладиган майдонларни ҳайдаш олдидан яхшилаб суғориш талаб этилади. Ер тобига келгандан сўнг шудгорлаб, кетма-кет ЧКУ-4 ёки БСО-3 русумли борона билан 10-12 см чуқурликда юмшатиб, кейин эса экиш лозим бўлган экин турига мос равишда КРН-2,8А, КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида 70 см ёки 90 см оралиқда эгатлар олиниб, экишга тайёрланади.

Халқимиз томонидан севиб истеъмол қилинадиган турп ва шолғом уруғлари асосан августда сепилади. Мазкур экинлар сувга ўта талабчан бўлганлигидан илдизмевали бош­қа сабзавотларга қараганда уларни тез-тез суғориб туришни талаб этади.

Мазкур экинлар уруғи марказий минтақада жойлашган ҳудудларда 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль-10 август, жанубий ҳудудларда эса 20 август-20 сентябрларда сепилади.

Турпнинг "Маргеланская", "Андижон-9" навлари ва дайконнинг "Содиқ" ва "Куз ҳадяси", шолғомнинг "Наманган маҳаллий", "Самар­қанд маҳаллий", салатбоп шолғомнинг "Муяссар" навлари экиш учун тавсия этилади.

Шолғом ва турп уруғи 70 ёки 90 см кенгликдаги эгатларга СОН-2,8 сеялкада ёки қўл кучи ёрдамида экилади. Икки қатор қилиб экишда сеялканинг сошниклари жуфт-жуфт қилиб ўрнатилади. Ҳар жуфтдаги сош­ник ораси 20 см олинади. Сеялкага окучниклар тиркалиб, эгат ҳам олинади. Ҳар гектарга турп уруғи 4-5, шолғом уруғи 2-3 кг сарф бўлади. Турп уруғ 2, шолғом уруғи 1,5 см чуқурликда экилади.

Уруғ униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Бундан сўнгги парвариш экинларни вақтида суғориш, қатор ораларини культивация қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат.

Ушбу экинларни озиқлантиришда буз тупроқ ерларда соф холда 125 кг азот, 95 кг фосфор, 60 кг калий солиш керак. Фосфор ўғитининг йиллик миқдорини 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, фосфорнинг қолган қисмини ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2-3 тадан чинбарг пайдо бўлганда ўтказилади.

Яна бир асосий сабзавот экинларидан бўлган пиёз уруғи юртимизда августнинг иккинчи ярми-сентябрнинг биринчи ўн кунлигида сепилади.

Экиш учун пиёзнинг маҳаллий "Оқ дур", "Сумбула", чет элнинг "Сибирь", "Алдоба" каби нав ва дурагайлари тавсия этилади. Ушбу навлардан ўртача 285-300 ц/га ҳосил олинади.

Пиёз уруғи гектарига 12-15 кг меъёрида сарфланади. Уруғ СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70-90 см. дан олиб тўрт қаторли усулда экилади. Уруғлар ерга 1,5-2,0 см чуқурликка кўмилади.

Ёзги-кузги муддатларда пиёз ўртаги, ёзги сабзавот ва картошка ҳосили йиғиштириб олингандан ҳамда ғалладан кейин экилади.

Пиёз икки-уч марта дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6-8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Јатор ораларидаги бегона ўтлар КРН-2,8 А культиватори билан ерни 15-16 см чуқурликда ишлов берилади.

Пиёз ўсимлиги попук илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озуқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади.

Юқори унумдор ерларга ўртача соф ҳолда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор ерларга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий ва унумдорлиги паст бўлган майдонларга 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий бериш лозим.

Пиёз учун муқобил бўлган азотли ўғитлардан сулфат аммоний, карбомид, фосфорли ўғитларидан эса суперфосфат, аммофосдир. Ҳар хил даражада шўрланган ерларда пиёз етиштирилганда азот ўғити сифатида аммоний сульфат, калий ўғитларидан калий хлорид, калий сульфат каби ўғитларни бермаслик керак. Бу хилдаги ўғитлар тупроқда оз миқдорда бўлса ҳам шўрланиш даражасини оширади. Бу пиёз ўсимлигининг униб чиқаётганда, ўсиб-ривожланишига, ниҳоят олинадиган ҳосилга, маҳсулот сифатига салбий таъсир этади.

Режалаштирилган фосфор ўғити йиллик миқдорининг 70-75 фоизи шудгорлашда, қолган қисми эса ерни бороналашдан олдин берилади. Азот ўғити эса вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз яганаланиб, ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса пиёзбош шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда орасидаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Пиёз ҳаво нами паст жойларда яхши ўсади, аммо тупроқнинг сернам бўлишини хоҳлайди. Пиёзнинг барг шапалоғини кичиклиги ва сувни тежаб-тергаб сарфлашига қарамасдан, унинг илдизи яхши ривожланмаганлигидан тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли. Уруғ униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган давр­да экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда тупроқ ҳаддан ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади ва уни узоқ сақлаб бўлмайди. Тупроқ нами етишмаса, пиёзбошининг катталашиши сустлашади, ўсув даврини барвақт тугаллайди, камбарг ва пиёзбоши майда бўлади, натижада ҳосилдорлик кескин камаяди.

Пиёз экилиши биланоқ кетма-кет суғорилади. Уруғни қийғос ундириб олиш учун уруғ суви берилади. Бунда сув жилдиратиб оқизилиб, марзанинг тепаси қорайгунча тўхтатилмайди. Шунда тупроқ бир текис намиқиб, уруғнинг ёппасига кўкариши учун шароит яратилади. Ўсимлик яхши илдиз отиб, ўзини обдон ўнглаб олгунича (кеч кузгача) сувдан қолдирмайди. Шу мақсадда пиёз кузги ёғингарчилик бошлангунича, ўсув даврида уруғ сувидан ташқари яна икки марта суғорилади. Кузги пиёз кўкламда апрель ойидан бошлаб, яъни ёғин-сочин тўхтагандан кейин суғорилади.

Юқорида айтилганидек, пиёз илдизлари тупроқнинг юза қатламига таралишини ҳисобга олиб ҳар галги суғоришда гектарига 350-400 м3 ҳисобидан сув берилади.

Кейинги йилларда асосан экспорт ва қисман ички бозор учун "Айсберг" типидаги бош салат кўплаб етиштирилмоқда.

Бош салат кўчати етиштириш учун навнинг тозалиги 98 фоиздан, унувчанлиги 85 фоиздан кам бўлмаган 1-синф уруғларидан фойдаланилади. Бундай уруғнинг 200-250 грамми бир гектарга етарли ҳисобланади. Уруғларни экишдан олдин ўстирувчи стимуляторлар эритмасида 1 соат давомида ивитиб, сўнгра фунгицидлар билан ишлов берилса, униб чиққан кўчатларнинг касалликларга чидамлилиги ошади, ўсуви тезлашади ва натижада юқори ва сифатли ҳосил олишни таъминлайди.

Олдиндан шудгорланган ер бир хилда текисланади ва 1-1,2 м кенгликда, 10-15 см чуқурликда, узунлиги сепиладиган уруғ миқдорига қараб пол олинади. Полнинг ҳар 1 м2 га 15 г суперфосфат бир текисда сепилади ва юмшоқ тупроққа аралаштирилади. Шундан сўнг тупроқ текисланиб, намиқтириб суғорилади. Сув тупроққа тўлиқ сингиб бўлгач (1-2 соатдан сўнг), унинг устига ҳар 1 м2 майдонга 2-3 г уруғ бир текис қилиб сепилади. Уруғни сийраклатиб сепилса, пикировка қилишга хожат қолмайди.

Уруғни сепгандан кейин уни усти 0,5-1 см чуқурликда майин тупроқ ва чириган гўнг аралашмаси (1:1 нисбатда) билан беркитилади, эртаги муддат учун тайёрлашда сим қўйилиб, полиэтилен плёнка қопланади ва барча атрофлари тупроқ билан ёпилади.

Уруғлар сепилгандан сўнг 4-5 кун ўтгач ниҳоллар униб чиқади. Уруғлар униб чиқиб, 18-20 кун ўтгандан кейин уларни биринчи озиқлантириш тадбири бажарилади. Бунда ҳар 10 л сувга 15-17 г сульфат аммоний, 25-30 г суперфосфат ва 12-15 г калий ўғитлари солиб эритилади ва суғорилади. Ушбу эритма ҳар 3-3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Кўчатларни иккинчи озиқлантириш эса уларни далага экишдан 8-10 кун олдин амалга оширилиб, бунда юқорида таъкидланган ўғитлар миқдори бир ярим маротаба кўпроқ қўшилган ҳолда бажарилади.

Тайёр бўлган кўчатларини ҳар бирининг баландлиги ўртача 14-16 см. дан ва улардаги барглари сони 4-5 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.

Эрта-ўртапишар бош салат навларининг 40-45 кунлик кўчати кечки муддатда жанубий вилоятларда 1-5 сентябрь, марказий вилоятларда 10-15 август, шимолий минтақаларда 1-5 августда экилади.

Экиш схемаси 60х25 см, 70х20 см ёки 70х30 см. Экиш схемаси ўсимликнинг кучли ёки кучсиз ўсувига қараб белгиланади.

Эртаги ҳосилни мўлжалланган вақт­да чиқариш ва ҳосили мўл бўлиши учун биринчи навбатда уни экишга мос жой танланади.

Ернинг кўчат экилиб бўлган қисми кетма-кет суторилиши керак. Орадан 2-3 кун ўтгач, кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади. Культивациядан сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Эртаги бош салат икки марта чопиқ қилинади.

Кечки бош салат такрорий экин сифатида экилади. Эртаги экин йиғиштириб олингандан кейин ер ҳайдаш олдидан суғорилади, сўнг плуг билан 20-30 см чуқурликда ҳайдалади, чизелланади ва суғориш эгатлари олинади.

Кўчатлар экиб бўлингандан сўнг 15-20 кун ўтказиб, биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-4,2 культиватор билан 15-16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва сув берилади. 20-25 кундан сўнг иккинчи марта ялпи ишлов берилади.

Сабзавотлар ичида бош салат тупроқ унумдорлигига ва маъдан ўғитларга ўта талабчан. Эртаги бош салатдан сизот сувлари чуқур жойлашган қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда гектаридан 20-22 т ҳосил олиш учун соф ҳолда ўртача 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий берилиши керак.

Бўз тупроқли ерларда кечки муддатда ўсув даврининг бошларида 7-10 кун оралатиб, кузга яқин эса 10-12 кун оралатиб 500-550 м3 меъёрида суғориб борилади.

Кўкат сабзавотларни асосан унумдор, гумосга бой, бегона ўтлар холи, сув билан яхши таъминланган майдонларга экиб етиштириш режалаштириш лозим.

Энг кўп экиб келинадиган укроп уруғлари жанубий ҳудудларда 1-10 сентябрь, марказий минтақадаларда 10-20 августгача экиш лозим. Укроп уруғи полларга сепилади ва уруғ сарфи 10-12 кг/га. Экиш учун "Ором", "Анет", "Аллигатор", "Харковская-85" навлари тавсия этилади.

Кашнич экинидан йил давомида узлуксиз ҳосил олиш учун уруғларини 15-20 августда экиш тавсия этилади. Пол қилиб сепилганда уруғ сарфи 8-10 кг/га. Экиш учун "Орзу", "Янтарь" навлари тавсия этилади.

Р.Ҳакимов,

қ.х.ф.н.,

Ш.Махамадаминов,

к.и.х., Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech