Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Август 2018 00:00

Ёз ва кузда ипак қурти боқиш

Пиллакорларимиз такроран пилла тайёрлашнинг ҳадисини ола бошлашди. Бу иш бир қадар янгилик бўлганлиги сабабли тавсиямизни кенгроқ баён этамиз.

Ёз ва куз фаслларида ипак қуртини боқиш вақтида турли касалликларни пайдо бўлиши пилланинг сифати ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этиши пиллакорларимизга яхши маълум. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ипак қуртини боқишдан 10 кун бурун хоналар, инкубаториялар ва улар атрофидаги ҳудуд яхшилаб тозаланиши, сўнг хонанинг девор ва шифтлари оқланиши талаб этилади.

Хона поли ва инвентар иссиқ сувда ювиш воситалари (кир ювиш кукуни, хўжалик совуни) билан ювилади, инвентар олиб кирилади ва дезинфекция бошланади.

Дезинфекциядан сўнг эшик ва деразалардаги барча тирқишлар қоғоз билан беркитилади. Маълумки, формалин одам ва иссиққонли ҳайвонлар учун ўта зарарли, шунинг учун дезинфекцияни противогаз ёки респираторда ўтказиш керак. Бундан ташқари, унинг сифатли зарарсизлантириш самарасига фақатгина хонани иситилиши ва унинг герметиклигида эришилади.

Дезинфекция қилингандан 3–4 кун ўтгандан кейин хоналарни эшик ва деразалари очилиб формалинни ҳиди кетгунча яхшилаб шамоллатилади. Дезинфекцияни қурт боқишдан 7 кун олдин ўтказиш тавсия этилади.

Ёз ва кузда боқиладиган ипак қуртининг ривожланиши, барг ейиши ва бошқа жараёнлари юқорида айтилгандек асосан ҳаво ҳароратига, намлигига ва қуртхона ҳавосининг тез-тез алмаштириб турилишига боғлиқ. Шунинг учун пиллакорларимиз ҳаво режимини мунтазам равишда текшириб боришлари ва журналда қайд этишлари керак. Мўътадил шароит яратиш мақсадида хона форточкаларини, дарчаларини (тунелларини) ва эшикларини ўртача 10–15 дақиқа очиб хонани яхшилаб шамоллатиб туриш керак. Ёз кунларида ташқаридаги ҳавонинг намлиги кескин тушиб кетишини яхши биламиз. Шу сабабли хонадаги ҳаво нам­лигини кўтариш учун қуртларнинг ёшига қараб озуқа солинган майдоннинг 40 см баландлигида чойшаб тортилиб, мунтазам равишда пуркагич билан намлаб туриш талаб этилади. Хона форточкаларига ҳўлланган чойшаб осиб, эшик остоналарига эса чойшаб ёйиб қўйиш керак ҳамда хона полларига сув сепиб туриш керак.

Биринчи ёш. Озуқа миқдори ҳар бир қути ҳисобидан 6,0 кг ни ташкил этади. Бу ёшдаги қуртлар учун барглар 0,5 см қалинликда угра шаклида тўғраб берилади. Бир қути учун озуқа майдони – 2 м2. Хона ҳарорати 25–26оС бўлиб, нисбий намлиги 65–75 фоизни ташкил этиши керак. Кун давомида қуртлар 10 маротаба озиқланиши лозим.

Иккинчи ёш. Озуқа миқдори ҳар бир қути ҳисобидан 18,0 кг ни ташкил этади. Бу ёшдаги қуртлар учун барглар 0,5 см қалинликда угра шаклида тўғраб берилади. Бир қути учун озуқа майдони – 6 м2. Хона харорати 25–26оС бўлиб, нисбий намлиги 65–75 фоизни ташкил этиши керак. Кун давомида қуртлар 10 маротаба боқилади.

Учинчи ёш. Озуқа миқдори ҳар бир қути ҳисобидан 62,0 кг ни ташкил этади. Бу ёшдаги қуртлар учун барглар бутунлигича берилади. Бир қути учун озуқа майдони – 12 м2. Хона ҳарорати 24–25оС бўлиб, нисбий намлиги 65–75 фоизни ташкил этиши керак. Кун давомида қуртлар 8 маротаба боқилади. Карбамиднинг 0,6% ли эритмасида ишлов берилган барглар билан 1 марта боқиш тавсия этилади.

Тўртинчи ёш. Озуқа миқдори ҳар бир қути ҳисобидан 169,0 кг. ни ташкил этади. Бу ёшдаги қуртлар учун барг­лар бутунлигича берилади. Бир қути учун озуқа майдони – 25 м2. Хона ҳарорати 23–24оС бўлиб, нисбий нам­лиги 60–70 фоизни ташкил этиши керак. Кун давомида қуртлар 6 маротаба боқилади. Ёш давомида карбамиднинг 0,6% ли эритмаси билан икки марта боқилади. Калийперманганатнинг (марганцовка) 0,005% ли эритмаси билан кунига 1 марта тут баргларини ҳўллаб боқиш лозим.

Бешинчи ёш. Озуқа миқдори ҳар бир қути ҳисобидан 750,0 кг ни ташкил этади. Бу ёшдаги қуртлар учун барглар бутунлигича берилади. Бир қути учун озуқа майдони – 60 м2. Хона ҳарорати 23–24оС бўлиб, нисбий намлиги 60–70 фоизни ташкил этиши керак. Кун давомида қуртлар 5 маротаба боқилади. Карбамиднинг 0,6% ли эритмасида ишлов берилган барглар билан кун давомида 3 марта боқилади. Марганцовканинг 0,005% эритмасида ишлов берилган тут барглари билан бир марта боқилади.

Ипак қуртлари бешинчи ёшнинг еттинчи ва саккизинчи куни барг ейишдан қолади ва ғана устига ўрмалаб чиқиб пилла ўраш учун қулай жой қидиради. Қурт­нинг пилла ўраши учун зарур бўлган дасталар сершох, майда баргли ўт ўсимликларидан ҳамда картон қоғози ва полиэтилендан тайёрланган махсус дасталар ишлатилади. Ҳар қути уруғдан чиққан қурт учун 250-300 дона даста керак бўлади.

Ёз ва куз мавсумларида ташқи муҳит ҳароратининг юқори даражада бўлиши қурт касалликларини қўзғатувчи микроорганизмларнинг тез кўпайишига сабаб бўлади. Оқибатда қуртларнинг бир қисми касалликдан нобуд бўлиши кузатилади, шунинг учун ҳам такрорий қурт боқишда пилла ҳосилдорлиги кескин камайиб қолмай, кар, қорапачоқ, доғли пиллалар улуши кўпайиши сабабли пилла хом ашёсининг сифати кескин пасаяди.

Айниқса полиэдроз (вирусли сариқ), нозематоз (пебрина споралари), бактериозлар (турли бактериялар) қуртларга барг ва ғанада тўпланган инфекция орқали юқади. Демак, такрорий қурт боқиш самарадорлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири ўз вақтида профилактика тадбир-чораларини қўллаш ҳисобланади.

Такрорий қурт боқиш ёзда ва кузда ўтказилиши сабабли, бу даврда об-ҳавонинг иссиқ келиши ва баргдаги намлик ҳамда озиқ моддаларнинг бирмунча кам бўлиши билан баҳоргидан фарқ қилади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, такрорий қурт боқиш туфайли келгуси баҳорги асосий қурт боқишга керак бўлган озуқа манбаини асло камайтирмаслик зарур. Такрорий қурт боқишни тўғри ташкил қилиш учун ҳар бир қурт боқиш даврига мўлжалланган махсус тутзорларга эга бўлиш ёки тутларнинг баргидан оқилона фойдаланиш талаб этилади.

Новдалар мавсумда икки марта, яъни баҳорги қурт боқишда ва иккинчи марта такрорий қурт боқишда каллакка тақаб кесилганда, янги ўсиб чиқанлари кузгача пишиб улгурмайди ва уларнинг кўп қисмини қишда совуқ уриб кетади. Бу эса, келгуси баҳордаги қуртларни боқишда барг етишмай қолиш хавфини туғдиради. ў.Бобожоновнинг маълумотига кўра, новдалари йилига икки марта тагидан кесилган дарахтлар танасидаги тўпланган моддаларнинг кўпроқ сарфланиши туфайли заифлашади ва баъзи дарахтлар бутунлай қуриб қолади.

Олимларнинг фикрича, баҳорда вегетация даври бошлангунга қадар, бериладиган ўғитларни ҳаммаси – (90 кг/га)-фосфор, (120 кг/га) азот берилиши керак. Сўнгра ёзги ва ёзги-кузги қурт боқишдан 15–20 кун олдин яна 60 кг азот ўғитини ҳар бир гектар тутзорга солишни тавсия этади.

Бундай ёзги ва кузги қурт боқиш учун махсус тайёрланган тутларни апрель-май ойида бир марта, июньда 2 марта, июлда 3 ва августда 2 марта суғориш тавсия этилади.

Ёз ва куз мавсумларида қурт боқиб пилла етиштириш учун махсус тут плантациялари ёзги ва кузги қурт боқиш учун тайёрланади ҳамда уларни баргини кесиб олиш усули ва муддатлари аниқланади.

Такрорий ипак қурти боқиш мавсумида тутзорлар қу­йидагича эксплуатация қилинади.

Баҳорги эксплуатациядан сўнг тутларнинг ҳозирги вақтга қадар ўсган новдаларининг юқориги учдан бир қисмидаги барглар кесилмай қолдирилиб, пастки учдан икки қисмидаги барглар қайчи билан япроғига яқин қилиб кесиб (эрталаб 5 дан 6 гача ва кечки пайт 1900 дан кейин) олинади. Новдадаги барг бандларининг қолган қисми безарар қолиши керак. Шундагина биз куртакларга зарар етказмасдан кейинги йил барг ҳосилини сақлаб қолган бўламиз. Тутларнинг пастки қисмидаги бачки новдалардан ҳам тўлиқ фойдаланиш талаб этилади.

Ёз ва куз мавсумларида қурт боқиш учун тут новдаларини кесиш ва новдадаги баргларни шилиб олиш қатъиян ман этилади!

Республикамиз пиллакорлари жорий йилдаги такрорий қурт боқиш мавсумини ҳамжиҳатлик билан ўтказиб, юқорида келтирилган ишларни ўз вақтида сифатли амалга оширсалар, ҳозирги эркин бозор шароитида рақобатбардош бўла оладиган мўл ва сифатли пилла ҳосилини олишга муваффақ бўладилар деб ўйлаймиз.

С.Валиев,

ИИТИ директори в.б., қ.х.ф.н.

Б.Насириллаев,

ИИТИ лаборатория мудири, қ.х.ф.д.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech