Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Август 2018 00:00

Сабзавот ва картошкачиликда чилла юмушлари

Мамлакатимизда салмоқли майдонга экиб етиштириб келинаётган ғалла ва эртаги сабзавотлардан бўшаган ер майдонларидан унумли ва самарали фойдаланиш сабзавот, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш имконини беради.

Айни кунларни ғанимат билиб, картошкани ёзги, кечки муддатда етиштиришда ерни тайёрлашда экин қолдиқларидан тозаланиб, органик ва минерал ўғитлар тавсия асосида солиниб, майдонлар кетма-кет 28–32 см чуқурликда ҳайдалади, ортидан 20–22 см чуқурликда чизелланади. Бороналаш билан бирга молаланиб КРН-2,8 А юмшаткич ёрдамида суғориш эгатлари олинади ва суғорилади. Асосий ер сифатида ажратиб қўйилган ёзги картошка майдонлари 20-25 см чуқурликда юмшатилиб, кейин борона билан бирга молаланади ва суғориш эгатлари олинади.

Дала қондириб суғорилган майдонларга, ер етилиб экиш механизми кириш мумкин бўлган даврда картошкани СН-4Б русумли мосламада экиш тавсия этилади.

Экиш ишлари 70x30 см, 90x25 см да схемаси амалга оширилади.

Майдонлар ниҳоллар тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4–6 кун ўтгач, қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига тўрсимон бороналар ёки ротацион борона билан ялписига ишлов бериш катта аҳамиятга эга бўлган муҳим тадбир ҳисобланади. Картошка ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 10–15 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади, қатор оралари 15–16 см чуқурликда, 10–12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланиши лозим. Шундан сўнг майдондаги ўсимликлар КРН-2,8-А русумли юмшатгич ёрдамида биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб кейин қондириб суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов бериш (1-сидан кейин) 25–28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади.

Картошка намсевар, сувга талабчан ўсимлик, бинобарин, ундан мўл ҳосил етиштириш учун тупроқ нами доимо етарли бўлиши шарт. Бу экин ўсув даврида сувни бир хилда талаб қилавермайди, палаги ўсган сари унинг сувга талаби орта боради. Айниқса, гуллаш даврида тупроқ доимо сернам бўлиши лозим. Акс ҳолда буғланиш (транспирация) ва фотосинтез жараёни қисқаради, ўсимлик ўсишдан тўхтайди, туганаклар озиқ моддалардан фойдалана олмай, ривожланишдан орқада қолади. Орадан маълум вақт ўтгандан кейи­н суғорилганида эса, туганаклар қайтадан ўса бошлайди, лекин у болалаб кетади ва туплари кўклайди.

Картошкадан юқори ҳосил етиштириш учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги камида 75–80% бўлиши керак, ана шунда ўсимлик яхши ўсиб ривожланади.

Бўз тупроқли ерларда тупроқ нами 75–80% дан кам бўлмай сув даланинг 50–70 см ли қатламини намласа, ҳар гектардаги картошка 450–600 м3 ҳисобидан, ботқоқ ва ботқоқ-ўтлоқ тупроқли ерларда эса бундан кўра озроқ меъёрда суғорилиши керак. Картошкага сув тунда жилдиратиб таралиши, яъни гектарига 250–300 м3 ҳисобидан қўйилиши лозим.

Кечки картошка ёзда, кун айни исиган вақтда экилади. Картошкани экишдан олдин ёки экилиши билан дала албатта суғорилиши зарур. Экиннинг ўсув даври ҳам ҳавонинг айни қуруқ ва тупроқнинг ҳаддан ташқари қизиган пайтида бошланади. Туганаклаш даври кузга тўғри келади, бу вақтда ҳаво ва тупроқ харорати анча пасайиб, ўсув даврининг охирига келганда ёғин-сочин туша бошлайди. Шунинг учун кечки картошка экилиб майсалар кўриниши биланоқ суғорилиши керак.

Кечки картошка ўсув даврида 8–10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб – териб олишга 2–3 хафта қолганда сув бериш тўхтатилади.

Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда кечки картошка 12–13 марта, сизот суви юза ерларда эса 6–10 марта суғорилади. Уруғлик учун кечроқ экилганларининг ўсув даври қисқароқ бўлганлиги туфайли уларга бир-икки сув камроқ берилади. Шаҳар атрофидаги илғор сабзавоткор фермерлар кечки картошкани 7–8 кун оралатиб суғориб юқори ва сифатли ҳосил олмоқдалар.

Картошка ўсимлиги асосий озиқа элементларига ўта талабчан. Республикада асосан картошка икки муддатда, яъни эртаги ва кечки қилиб экилади. Картошкадан эртаги муддатда экиб, гектарига 30 тонна хосил олиш учун қуйидаги миқдорда маъдан ўғитлар бериш тавсия этилади:

- қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда картошка етиштирилганда гектарига соф холда 220 кг азот, 170 кг фосфор, 115 кг калий бериш керак.

- ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ ерларда етиштирилганда эса 180 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий бериш тавсия этилади.

Бедапояга экилмаганда эса, тупроқ унумдорлигини мўътадил сақлаб туриш учун гектарига 20–25 тоннадан ярим чириган гўнг берилади.

Органик ўғитларни жами, фосфорни 75% ерни асосий ишлов олдидан, қолган 25% фосфор, 50% азот туганаклар тўлиқ униб чиққанда биринчи комплекс ишловда бериш тавсия этилади. Қолган 50% азот, калий картошкани қийғос шоналаш даврида ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Азот ўғитларидан сульфат аммоний, калий ўғитларидан эса сульфат калий ўғитларини бериш тавсия этилади. Агарда ер шўрланган бўлса азот ўғитини аммиак селитраси ҳолида берган маъқул. Калий ўрнига суғоришда шарбат усулидан фойдаланиш яхши натижа беради.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш картошка ҳосилини оширишда муҳим тадбир ҳисобланади.

Картошка ўсимлигида колорадо қўнғизи пайдо бўла бошлаганда қўнғизни қўлда териб чиқиш тавсия этилади. Қўнғизлар кўпайиб тухум қўя бошлагандан кейин кимёвий препаратлар қўлланилади. Бунда 5% Каратэдан к.э. – 0,1 л/га, 20% Конфидордан к.э. – 0,05 л/га; 20% Моспиландан н.к. – 0,2-0,25мл.; 5% Сумми Альфадан к.э. – 0,5 л/га 600–700 литр сувда яхшилаб аралаштирилиб пуркалади.

Картошка туганакларини экишдан 25-30 кун олдин 2,5% Максим-0,4 л/т, 31,2% СелесТоп -0,4–0,6 л/т дорилаб экиш, касалликларни ривожланиш ва тарқалишини 40–50 кунга сақлаб туради.

Картошка куясига қарши 20% к.э. Конфидордан – 0,3 л/га, 20% н.кук. Маспилан – 0,2 кг/га, 5% к.э. Карате – 0,4 л/га, 1,8% к.э. Вертимек – 0,3 л/га препаратлари қўлланилади. Касалликлар – фитофтороза, ун шудрингга, фузариоз ва вертициллиоз сўлиш, мозаика, столбурларга қарши 25% с.п Байлетон 1,0–2,0 кг/га, фитофтороз, альтернариозга 72,2% с.э.к Превикурдан 1,5 л/га ёки Курзат Р 2,0–2,5 кг, 68% с.д.г Рирдомил голд 2,0-2,5 кг ёки 1% лик бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 600–700 литр сувга таёрланган аралашма ишлатилади.

Яна бир такрорий экин сифатида экиб етиштирилиб келинаётган экин помидор бўлиб, экиш учун иситилмайдиган кўчатхонларда етиштирилган, илдиз қисми яхши ривожланган, бўйи 15–18 см, 5–7 та барг чиққан 40–45 кунлик помидор кўчатлари жанубий минтақаларда июлнинг 2-ўн кунлигида, марказий минтақаларда июл ойининг 1-ўн кунлигида экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Экиш учун помидорнинг эртапишар Шафақ, Севара, ўрта-эртапишар Узмаш-1, Тошкент тонги, ўртапишар ТМК-22, Ўзбекистон-178, Сурхон-142, Баҳодир, Шарқ юлдузи, Ситора, Авиценна навлари экиш учун тавсия этилади.

Помидорнинг эрта ва ўртапишар навлари кўчати у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70х25(30) см, текис майдонларда 90х25(30) см, узун палакли навлар 90х40 см схемада экилади. Кўчат экиш ишлари куннинг иккинчи ярмида, кечки пайт амалга оширилади. Экилгандан кейин кўчатларни албатта суғориш зарур. Кўчат яхши тутиб олиш учун 3 кун давомида фақат тунги пайт суғорилади.

Кўчатлар тўлиқ тутиб олгандан 10–12 кун ўтгач, уларга биринчи ишлов берилади. Бунда қатор оралари махсус агрегатлар билан 12–14 см чуқурликда юмшатилади. Ўсимликлар атрофи хам енгил юмшатилиб, минерал озиқалар солингач суғорилади.

Орадан 13–15 кун ўтгандан кейи­н яна суғорилади ва тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов ўтказилади. Бунда қатор оралари культиватор билан 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтларни йўқотиш учун яхшилаб чопиқ қилинади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда помидор ўсув даври мобайнида ҳар гал 500–600 м3/га ҳисобида 12–14, сизот суви юза жойлашган ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонлар эса 600–800 м3/га ҳисобида 9–11 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда хосил етилгунча хар 8–12 ҳосил ёппасига эса 5–7 кунда суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.

Помидорнинг тупроқ унумдорлигига талаби кучли бўлиб, мўл ҳосил етиштириш учун бўз тупроқли майдонларда экинни 180–200 кг азот, 140–160 кг фосфор ва 100 кг калий, ўтлоқи тупроқли майдонларда эса 140–150 кг азот, 100–120 кг фосфор хамда 80–100 кг калий ўғитлари билан озиқлантириш тавсия этилади.

Такрорий экин учун ширин қалампир кўчати иситилмайдиган кўчатхонларда етиштирилиши ҳисобига кўчат таннархи анча арзонлашади. Ушбу муддатда ширин қалампир экинидан техник пишган мева билан биргаликда физиологик пишиб етилган мева олиш имконияти мавжуд.

Ширин қалампирнинг иситилмайдиган кўчатхоналарда тайёрланган 45–50 кунлик, илдиз тизими яхши ривожланган, 6–7 дона баргга эга, бўйи 15–18 см бўлган кўчатлари жанубий минтақаларда июлнинг 2-ўн кунлигида, марказий минтақаларда июл ойининг 1-ўн кунлигида экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Экиш учун Давлат реестрига киритилган, маҳаллий шароитда яратилган Дар Ташкента, Заря Востока, Наргиз, Юлдуз, Жайхун F1 нав ва дурагайлари тавсия этилади.

Кўчатларни энг мақбул экиш схемаси – 70х25(30) см. Бунда бир гектарда ўсимликлар сони 58,5–47,6 минг донани ташкил этади.

Кўчатлар тўлиқ тутиб олгандан 10–12 кун ўтгач, уларга биринчи ишлов берилади. Бунда қатор оралари махсус агрегатлар билан 12–14 см чуқурликда юмшатилади. Ўсимликлар атрофи хам енгил юмшатилиб, минерал озиқалар солингач, суғорилади.

Орадан 13–15 кун ўтгандан кейин яна суғорилади ва тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов ўтказилади. Бунда қатор оралари культиватор билан 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтларни йўқотиш учун яхшилаб чопиқ қилинади.

Ширин қалампир ўсимлиги ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига қараб июл-август ойларида хар 8–10 кунда сентябрда 12–14 кунда суғорилади. Суғориш меъёри 500-600 м3/га ни ташкил этади.

Ўсимлик озиқ моддаларга анча талабчан ҳисобланади. Шу сабабли ўсимликни органик ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида ва меъёрида озиқлантириб туриш лозим.

Ўғитлаш меъёри соф ҳолдаги азот-200 кг, фосфор-150 кг, калий-100 кг. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида берилиши мумкин.

Шунингдек, баҳорда асосий экин сифатида экилган сабзавот ва полиз экинларининг ўз муддатида тавсиялар асосида суғориш, ўғитлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ва албатта пишиб етиган ҳосилини ўз вақтида, нест-нобуд қилмай йиғиб олиш ўсимликнинг яхши ўсиб ривожланишига ҳамда янада кўпроқ ҳосил беришига имкон яратади.

Р.Низомов,

қ.х.ф.д.,

Ф.Расулов,

қ.х.ф.ф.д.,

Д.Турсунов,

к.и.х., Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech