Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Август 2018 00:00

Боғни боқсанг бол берар

Жорий йилда республикамиз боғ-токзорларида ҳар қачонгидан ҳам мўл ҳосил етиштирилмоқда. Эндиги асосий вазифа ушбу ҳосилни нест-нобуд қилмасдан, ўз вақтида сифатли ҳолда йиғиб олишдан иборат. Хўш, бу борада нималарга эътибор қаратилиши зарур?

Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан боғ-роғларни саратон сувига қондириб суғоришга алоҳида эътибор берганлар. Шунинг учун янги барпо этилган боғ ва токзорлар июль ойида 2–3 марта яхшилаб суғорилиши зарур. Намни сақлаш учун ҳар суғоришдан кейин ер тобига келиши билан қатор оралари культивация қилиниб, тупроқ юмшатилади.

Боғ қатор ораларини суғориш учун 80–90 см оралиқда ариқлар олинади. Токзорларда эса ток қаторидан 50–60 см масофада очилган иккита суғориш ариғи кифоя.

Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқларда сув 24–36 соат давомида ер яхши захлагунча жилдиратиб оқизиб қўйилади. Оғир соз тупроқларда бир суғориш меъёри 700–800, тошлоқ тупроқларда 400–500 м3/га. ни ташкил қилади.

Чиллада ҳосилли боғлардаги кечки ва қишки навларни озиқлантиришни органик ўғитлар билан қўшимча “шарбат” усулида бажариш мумкин. Бунинг учун боғ ва токзорларнинг юқори қисмида сув келадиган йўлда чуқурлар ковланиб, гўнг солиниб сувга тўлдириб 3–4 кун давомида аралаштириб турилади ва бижғиганидан сўнг эгатларга оқизилади.

Эртапишар ва ёзги мева навлари истеъмол қилиш учун пишиб етилганда, яъни навнинг ўзига хос рангига ва таъмига эга бўлганда терилади; узоқ масофага жўнатиш, сақлаш ва консерва қилиш учун эса техник етилиш даврида терилади. Ҳосил мўл бўлганлиги сабабли дарахт шохлари эгилиб, синиши мумкин, шу боис эҳтиёж туғилса тирговучлар қўйилади.

Жорий йилда қисқа муддатли ёмғирлар ёғиб, боғларда турли касаллик ва зараркунандаларнинг ривожланишига шароит юзага келмоқда. Айниқса, боғларда қўнғир рангли ўргимчакканалар, нок дарахтларида нок шираси бургаси жадал ривожланмоқда. Уларни бартараф этиш учун (битта баргда 3 тадан ортиқ кана бўлса) намланувчи олтингугурт (100 л сувга 0,6–1 кг) сепилади. Бир гектарга 12–15 кг сарфланади.

Бунда, шунингдек, “Омайт”, “Неорон” препаратларидан фойдаланса ҳам бўлади (100 л сувга 150 г). Туйилган олтингугуртни чанг­латиш ҳам яхши самара беради.

Нокзорларда нок шира бургаси (медяница) кўпайиб кетмаслиги учун 10–12 кун оралатиб қуйидаги препаратлар билан 1–2 марта ишлов берган маъқул: БИ-58 (янги), “Кербафос”, “Фазалон”, “Залон” (100 л сувга 200–300 г) ёки “Нурелл-Д”, “Циперфос” (100 л сувга 100 г) ёки “Карате”, “Децис”, “Суми-альфа” (100 л сувга 40–50 г) ёки “Фуфанон” (100 л сувга 150 г) ва ҳ.к.

Кечпишар олма ва нок боғларида олма қуртининг учинчи наслига қарши июль ойининг иккинчи ярмидан юқорида келтирилган препаратлардан бирини қўллаш мақсадга мувофиқ.

Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар кесилиб, боғдан ташқарига чиқариб, ёқиб юборилади.

Данакли боғларда (ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, йирик мевали тоғ олча) ҳосил йиғиб-териб олингандан сўнг, яъни бир йиллик ўсаётган новдаларни қирқиш, дарахт орасида қалин ўсган новдалар олиб ташланади.

Данакли меваларнинг бир йиллик новдаларини кесишда новданинг узунлигига қараб 50–60 см қисмини қолдириб, қолгани олиб ташланади. Дарахтларнинг ички томонида кучли ўсиб, новдаларнинг бир-бирига халақит берадиганлари олиб ташланади. Бу билан дарахтларда турли касаллик ва зараркунандаларнинг замбуруғлари кўпайишининг олди олинган бўлади. Кесилган новдалар майда бўлакларга бўлиниб, ерда қолдирилса, аста-секин чирий бошлаб, тупроқ структурасини яхшилашга имкон яратади.

Токзорларда ток туплари қалинлашиб кетишига йўл қўй­маслик керак. Ток тупларида узум бошларини соялатиб қўядиган бачки новдалар кучли ўсиб кетганда, уларда 2–3 та барг қолдириб, қолган қисми қирқиб ташланади, чунки улар ҳосилнинг етилиши, новданинг пишишини кечиктиради ва замбуруғли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Осилиб қолган новдалар кўтарилиб, боғлаб қўйилади.

Токзорларда ғўра хомтокларни сифатли ўтказишга эътибор берилади, қалинлашиб кетган ва оидиум (кул) касаллиги токзорларда тарқалгани кузатилса, тўйилган олтингугурт билан чанглатилиши керак. 1 гектарга 30 кг олтингугурт ва 10–15 кг оҳак кукуни қўшиб, ОШУ-50 осма чанглагичда ишлов берилади. Бу тадбирлар қўлланилганда, мева бутунлай сақлаб қолинади ва 1 гектар боғ ва токзордан қўшимча 1,5–2 млн. сўм қўшимча даромад олинади.

Р.Абдуллаев,

қ.х.ф.н.,

Х.Абдуллаева,

катта илмий ходим, (Академик М.Мирзаев номли БУваВИТИ).





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech