Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Август 2018 00:00

Ғўза парваришида зарбдор палла

Жорий йил баҳорнинг салқин ва қуруқ келиши натижасида ғўза ривожининг орқада қолиши, зараркунанда ҳашаротларнинг кўпайиб, жиддий зиён етказиш хавфи ортиши сабабли ғўзани парваришлашда июнь ойидаги каби июль ойида бажариладиган ишларни ҳам жадал ўтказиш ва янги инновацион технологияларни кенг жорий этишни талаб қилмоқда. Бунда ғўзани суғоришда сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш, қатор орларига кўпроқ ишлов бериш, ўсишни созловчи моддалар ва биостимуляторларни қўллаш ҳамда чилпиш ишларига ҳар йилгидагидан ҳам жиддийроқ эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.

1 июндан 1 июлгача бўлган зарб­дор ойда ғўза қатор ораларига ишлов беришда энг аввало культиватордаги ишчи органлар сонига ва ишлов бериш чуқурлигига, унинг сифатига алоҳида эътибор қаратилган бўлса, бундай ишлов июль ойда ҳам давом эттирилиши зарур. Қатор ораси 60 см бўлганда культиваторда ишчи органларни тўлиқ тамирланган бўлиши лозим. Бундан ташқари, чигит эрта экилган майдонларда культивацияни озиқлантириш билан бирга ўтказиш, ривожи кечки майдонларда ниҳолларни шикастлантирмаган ҳолда ишлов бериш лозим.

ўўза ривожини жадаллаштиришда биостимуляторлардан фойдаланиш кейинги йилларда юқори самара бермоқда. Айниқса, жорий йилдаги табиат нинжиқликларига қарамасдан эртаги, юқори ва сифатли пахта етиштириш учун маҳаллий хомашёлардан ишлаб чиқарилган “Узгуми”, “Замин-М”, “Биоэнергия-М” ва бошқа четдан келтирилган юқори самарали Гумми-20, Вл-77, Байкал ЭМ-1 каби биостимуляторларни қўллаш мақсадга мувофиқ. Жумладан, июль ойида ғўзанинг гуллаш-ҳосил тугиш даврида ривожланишини ҳисобга олиб, ушбу стимуляторлар билан 1-2 марта ишлов бериш мумкин. Бунда Узгуми стимулятори гектарига 0,4–0,5 л, Замин-М 2,0 л, Биоэнергия-М 4–5 л, Гумми 20 1,0–1,5 л, Вл 77 0,5–0,7 л, Байкал ЭМ-1 3,0–3,5 л меъёрларда 205–300 л сувга аралаштирилиб сепилади.

Жорий йилги табиий иқлим шароитида ғўзага берилган минерал ўғитларнинг самарасини ошириш, ўсимлик ривожини жадаллаштириш ва мўл ҳосил тўплашда суғоришнинг аҳамияти жуда каттадир.

Республикамизнинг барча вилоятларида июль ойи бошларида ғўза асосан гуллаш даврида ривожланади ва бу даврда суғориш давомийлиги механик таркиби енгил тупроқларда 14–16 соат, ўрта ва оғир механик таркибли тупроқларда 16–18 соат, ғўза оммавий гулга кириб, ҳосил тугиш даврида, июль ойининг иккинчи ярмидан эса суғориш давомийлиги юқоридаги тупроқ турларига мос равишда 16–18 ва 18–20 соатдан ошмаслиги керак. Таъкидлаш жоизки, ғўза сувга талаб қилган даврда гули тепага чиқиб, қаттиқ чанқашига асло йўл қўйиб бўлмайди.

Бу йилги сув танқислиги шароитда далани бегона ўтлардан тозаламасдан туриб суғориш мутлақо мумкин эмас, чунки бегона ўтлар ғўзага нисбатан сувни тез ва кўп ўзлаштириши оқибатида ғўза сувга қонмайди, бу эса сувдан фойдаланиш самарасини кескин пасайтириб юборади.

Сувдан унумли фойдаланиш учун ғўзани суғориш кечаю-кундуз амалга оширилиши яхши натижа беради, бунда ғўза сувни қониб ичади, суғориш суви 10-12% тежалади ҳамда ўсимликнинг ўсиб ривожланиши учун мўътадил микроиқлим яратилиб, ғўза ҳосил тўплайди.

Сув тежамкорлигини таъминлашда суғоришнинг шарбат усулидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади ҳамда ғўзанинг минерал озиқани тўлиқ ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этади. Бунда шарбат учун фойдаланиладиган ярим чириган гўнг ғўза учун зарур озиқа бўлиши билан бирга, мульча вазифасини ҳам бажариб, сувнинг ортиқча буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намнинг узоқроқ сақланишига олиб келади. Бунинг учун ҳар бир даланинг сув кирадиган жойига махсус хандақлар қазилиб, суғоришдан 5–7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб жижа (гўнгнинг сувда эритилган аралашмаси) тайёрланади. Суғориш суви ушбу хандақ орқали ўтказилиб, сувнинг ранги тўқ жигарранг тусга киргунча жижа аралаштирилиб турилади ва сув эгатлар охирига етганда озуқа моддалар оқавага чиқиб кетмаслиги учун сувнинг оқим тезлиги камайтирилади. Далани суғориш учун режалаштирилган меъёрдаги сув берилгандан сўнг суғориш тўхтатилади.

Бу йилги шароитда ғўза қатор оралари 60 см бўлган майдонларда суғоришни эгат оралатиб (бир эгат ташлаб) ўтказиш сувни 15–20 фоиз­гача тежаш имконини беради.

Суғоришдан кейин ғўза қатор орасидаги тупроқ етилиб, оби-тобига келиши билан енгил культивация қилиниши керак. ўўзанинг ривожланишига қараб тупроққа ишлов бериш чуқурлиги турлича бўлади. Биринчи культивацияда ишчи органлари (ККО ва норальник) 6–8 ва 8–10 см, ғозпанжа эса эгат ўртасида 12–14 см. чуқурликка тушадиган қилиб ўтказилган бўлса. Кейинги культивацияларда эса ишчи органлари чуқурлаштирилиб борилади, ғозпанжа эса 12–14 ва 14–16 см чуқурликка тушадиган қилиб ўрнатилади.

Суғоришдан сўнг культивация кечиктирилса, ғўза қатор ораси ёрилиб, илдизлари шикастланиб, кўплаб кесаклар ҳосил бўлиб, ғўза ривожига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, сувдан самарали фойдаланилмай тўпланган намлик тезда буғланишига олиб келади, шона ва гуллари тўкилиб кетади.

Сувдан сувгача ғўза қатор орасига 2 марта ишлов берилади, бунда суғоришдан кейинги культивация ва суғоришдан олдин эгат олишда механизмларнинг ишчи органларини тўғри ростланишини назорат қилиш зарур. Агар культивация кечикиб ўтказилса, ғўзани ўсиш-ривожланиши секинлашади, тез чанқаб қолади.

Июль ойида ғўзани чилпиш энг муҳим тадбирлардан саналади. Зеро республикамиз пахтачилигида ғўзада чилпиш ўтказмасдан юқори ва эртаги ҳосил етиштириш жуда қийин. ўўзада чилпиш тадбирини мақбул муддатда сифатли бажариш орқали ўсиши ва ривожланишини жадаллаштириш, ҳосил эле­мент­лари тўкилишини камайтириш, йирик кўсаклар сонини кўпайтириш, зараркунанда ҳашаротларнинг зарарини камайтириш, кўсакларнинг очилишини 8–10 кунга тезлаштириш ҳамда ҳосилдорликни гектарига 6–8 центнергача ошириш мумкин.

Жорий йилги шароитда ҳам чилпишнинг анъанавий қўлда, механизмлар ёрдамида ва кимёвий усулларидан (Сожеан, Энтожеан, Далпикс каби препаратлар билан ишлов берилиб амалга ошириш) фойдаланиш тавсия этилади.

Агар далада ғўза баравж ўсган бўлса, тупроқдан олаётган озуқа моддалари кўпроқ ўсув шохлари ва баргларга йўналади. Бунда генератив органлар шона, гул ва кўсакларга озуқа камроқ етиб боради ва улар тўкилиб, кўсаклар эса кичра­йиб, тўлиқ шаклланмайди, вазни кичраяди, очилиши ортга сурилади, шу сабабли ҳосилдорлик камая­ди ва толасининг сифати пасайиб кетади.

Фермер хўжаликлари раҳбар ва мутахассислари унутмаслиги керакки, бу йилги шароитда ғўзани чилпишни ҳар йилгидан эртароқ, асосан 10–11 ҳосил шохи пайдо бўлган муддатда бошлаш тавсия этилади. Бу ҳосил салмоғи ортиб, эрта етилишига, сифати ҳам юқори бўлишига олиб келади. Аксинча, чилпишни ғўзада 13–14 ҳосил шохи пайдо бўлганда ва ундан ҳам кечиктириб ўтказиш оқибатида ҳар йилгидан кеч ривожланаётган ғўзани янада кечиктириб, ғовлаб вегетатив массасининг ортиқча кўпайиб кетишига, пахта ҳосилининг кечки ва 15–20 фоиз кам бўлишига сабаб бўлади.

Жорий йилда экилган ғўза нав­лари хусусиятларига қараб унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда 11–12, ўртача унумли тупроқларда 11 ва унумдорлиги паст ерларда 10–11 ҳосил шохи тўпланганда чилпиш ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Қўшқатор экилган ерларда бу тадбир 10–11 шох ҳосил бўлганда ўтказилади.

Чилпиш қўлда ўтказилса, ғўза бош поясининг энг учки 1–2 см қисмини (бир оз оқиш рангли бўлади) юлиб, чимдиб олинади ва фартукларга йиғилиб, даладан ташқарига чиқарилиб, кўмиб ташланади. Бундай қўлда чилпишда поя уч қисмининг чуқур 5–10 см юлиб олинишига йўл қўймаслик керак.

Механик усулда чилпишда махсус чилпиш мосламасини культиватор олдига ўрнатилган ҳолда ғўза қатор ораларига ишлов бериш билан бирга амалга оширилади. Бу жараёнда мосламанинг пичоқлари ўткирланган, мослама асосий поя­ни ўртача баландлигини ҳисобга олган ҳолда 80–100 см баландликда ростланган бўлиши, бунда имкон қадар ғўзанинг тепа қисмини чуқур кесилиб, 2–3 та шона ва гулнинг йўқотилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш шарт.

Чилпишнинг кимёвий усули ғўзанинг ҳосил тўплаши ва мақбул ўсиши ҳамда эртаги ҳосил етиштириш учун ҳар тарафлама самарали ва қулайдир. Бунда Сожеан, Энтожеан, Далпикс препаратлари суғоришдан 5–7 кун аввал ёки суғоришдан 5–7 кун кейин ОВХ ва бош­қа пуркагич мосламаларда 250–300 л/га сувга аралаштирилиб ғўзага сепилади. Улар ғўзанинг барги орқали танасига яхши сингиб, ўсимлик ҳужайраларининг бўлинишини тўхтатади, натижада ғўза бўйига ва ёнига ўсишдан тўхтайди, барглари тўқ яшил рангга киради, ўсимликнинг ривожланиши ва ҳосил тўплаши жадаллашади, тупи ихчам арчасимон шаклга кириб, қаторлар орасида ҳаво алмашинуви ва микроиқлим яхшиланади, ғўзанинг тепа қисмида 3–4 дона бўлиқ кўсаклар пайдо бўлади, ғўзанинг тепа ва пастки ҳосил шохларидаги кўсаклар бир хил очилиши таъминланади.

Республикамиз вилоятларида ғўзанинг ривожланиш ҳолатига қараб, Сожеан ва Энтожеан препаратлари гектарига 90–100 г, Пикс ва Далпикс 1,5–2,0 л миқдорда қўлланиши тавсия этилади.

Бу йилги шароитда Сожеан ва Энтожеан препаратларини ғўзанинг ёш даврларидан қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади, бунда ғўзанинг пастки шохларидан тепасигача кўсак ҳосил қилади, бўғин оралиқлари қисқаради, сув тан­қислигига бардошлиги ошади, ҳосил эрта етилади. Бунинг учун ғўзанинг шоналаш даврида бўйи 20–25 см бўлганда 15 г/га, гуллаш даврида (ғўзани бўйи 50–60 см бўлганда) 35–45 г/га, ғўзада 10–11 ҳосил шохи шаклланганда чилпиш мақсадида 90 г/га меъёрда қўллаш керак.

Жорий йилда июль ва август ойи ҳосил тақдирини ҳал этишини инобатга олиб, ҳар бир кунни ғанимат билиб, миришкор деҳқон ва фермерларимиз ғўза парваришини жадаллаштирса, ривожи тезлашиб, ҳосили мўл бўлади.

Ш.Абдуалимов,

қ.х.ф.д., проф.,

Б.Ниёзалиев,

қ.х.ф.д.,

Ф.Ґасанова,

қ.х.ф.н., Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech