Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Август 2018 00:00

Чорва молларининг гельминтозларига қарши курашнинг самарадорликлари

Республикамизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш халқимизни сифатли гўшт, сут, тухум ва бошқа маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифа бўлиб, уларнинг ижроси ҳукуматимизнинг доимий эътиборидадир.

Чорва молларни сифатли ва етари даражада озиқлантириш, яъни чорвачилик хўжаликларида мустаҳкам озуқа базасини яратиш, молларнинг зотини яхшилаш, уларнинг генетик имкониятларидан самарали фойдаланиш, молларни сақлашнинг зоогигиена, ветеринария-санитария талабларига қатъий амал қилиш каби чора тадбирлар бу вазифаларни бажаришнинг асосий омиллари ҳисобланади. Аммо, чорвачиликни ривожлантириш, моллар туёқ сонини кўпайтириш, уларнинг маҳсулдорлигини оширишда бир қатор юқумли, паразитар ва юқумсиз касалликлар, шу жумладан гельминтозлар жиддий тўсиқ бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёнинг ўзига хос табиий географик-иқлим хусусиятлари – баҳор ва куз ойларида ҳавонинг илиқлиги ва намгарчилик етарли бўлиши, қиш мавсуми ҳам ўта совуқ бўлмаслиги, қиш ойларида вақти-вақти билан илиқ кунлар кузатилиши кўпгина хавфли гельминтозларнинг кенг тар­қалишига қулай шароит яратади.

Республикамиз чорва моллари ва паррандалар орасида кенг тарқалган ва турли даражада иқтисодий зарар етказадиган гельминтозлар ҳамда ҳайвонлардан одамга ва одамдан ҳайвонларга юқадиган гельминтозлар, яъни антропозоогельминтозлар ва уларга қарши даволаш-профилактика чора-тадбирларини илм-фан янгиликлари асосида ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Таъкидлаш жоизки, чорва моллари ва паррандаларнинг гельминтозлар туфайли маҳсулдорлиги камаяди. Масалан қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг асосий гельминтозларидан бири фасциолёз билан ўртача зарарланган сигирларнинг сут маҳсулдорлиги 20-30 фоиз, ошқозон-ичак стронгилятозлари билан зарарланган қўй-эчкиларнинг гўшт ва жун маҳсулдорлиги 10-15 фоиз, аскаридиоз ва гетеракидоз билан зарарланган парранда (товуқ)ларнинг тухумдорлиги 30-50 фоиз камаяди. Айрим ҳолларда касаллик ўлим билан тугайди. Демак, гельминтозларга қарши кураш чора-тадбирларини такомиллаштириш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:

-чорва моллари ва паррандаларнинг асосий, сезиларли иқтисодий зарар етказадиган гельминтозларини аниқлаш;

-гельминтозларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашнинг ноанъанавий, экологик хавфсиз, янги технология ва маҳаллий воситаларга асосланган, ҳайвон организми учун безарар услуб воситалари яратиш;

-турли гельминтозлар гуруҳларига қарши таъсир қиладиган кимёвий препаратларни синтез қилиш, уларнинг кимёвий тузилиши ва хусусиятларини аниқлаш "тузилиш (структураси) - антгельминт фаоллик" ўзаро боғлиқликни аниқлаш;

-чорва моллари ва паррандалар организмининг гельминтозларга қарши табиий чидамлилигини мустаҳкамлаш ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишни жадаллаштирувчи воситалар яратиш ва амалиётга тадбиқ этиш.

Шундан келиб чиққан ҳолда республикада чорва моллари ва паррандаларнинг асосий гельминтозларини аниқлаш ва уларга қарши илмий асосланган профилактика чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда янги маҳаллий антгельминтли препаратлар, рағбатлантирувчи воситалар қўллаш мақсадга мувофиқ. Бу йўналишдаги илмий тадқиқотлар республикамиз ва ривожланган давлатларда айнан ветеринария билан биокимё фанини "туташ" ҳолда ривожлантириш, антгельминт препаратларнинг самарадорлиги билан уларнинг кимёвий хусусиятлари орасидаги боғлиқликни аниқлаш, юқори самарали, маҳаллий даволаш-профилактика воситаларини яратишга олиб келмоқда.

Бунинг натижасида эса, ўз навбатида, республикамизга чет элдан "импорт" қилинадиган кўп сонли антигельминт препаратларни сонини қисқартириш, бу жараён учун сарф қилинадиган валютани тежаш имконини беради.

Гельминтозлар етказадиган улкан иқтисодий зарарнинг олдини олиш, чорва моллари маҳсулдорлигини оширувчи воситаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш катта иқтисодий самара беради, чорвачилик соҳасининг юқори рентабеллик соҳага айланишига олиб келади. Мисол тариқасида қайд қилиш мумкинки, Ветеринария илмий-тадқиқот институти ва Ўсимликлар моддаси кимё институти ходимлари ҳамкорликда яратган "Госсипрен" номли жадаллаштирувчи воситани парранда(товуқ)чилик хўжаликларида қўллаш натижасида 1 бош товуқдан бир йилда олинадиган қўшимча маҳсулот (тухумдорликнинг 30-38% га, ҳар бир тухумнинг ўртача оғирлигининг 4%га ошиши) 45 минг сўмни ташкил қилиши аниқланди ва у бу натижалар бўйича махсус "қўлланма" ишлаб чиқилди ва Давлат ветеринария қўмитаси томонидан 2017 йил июнь ойида тасдиқланиб, амалиётга жорий этилди.

Гельминтозлар чорвачиликка жуда катта иқтисодий зарар етказади. Масалан, охирги ҳисоб-китобларга кўра қорамолларнинг фас­циолёзи етказадиган иқтисодий зарар, ўртача 420 бош қорамол сақланадиган хўжалик мисолида аниқланишича, 217,0 млн сўмни ташкил қилади.

Қўй-эчкилар гельминтозларига қарши ишлаб чиқилган янги антигельминтли-туз аралашмаларни кимёвий профилактика воситаси сифатида қўллаш натижасида ҳар бир бош қўй ҳисобига 9806 сўмдан 17174,4 сўмгача иқтисодий самара бериши аниқланди.

Ушбу тўлиқ бўлмаган қисқа маълумотларни ўзи ҳам гельминтозларга қарши кураш услуб-воситаларни такомиллаштириш, янги, маҳаллий воситалар ишлаб чиқариш ва улардан чорвачилик, паррандачилик хўжаликларида фойдаланиш долзарб муаммо эканлигидан далолат беради.

Ш.Джаббаров,

Ветеринария илмий-тадқиқот институти.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech