Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Сентябр 2018 00:00

Пахтакорларимизнинг фидокорона меҳнат эвазига етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатда уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш энг муҳим агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади. Чунки теримни илмий асосланган агротехник талаблар асосида ташкил этиш орқали ҳосилдорликни 15–20% ошириш ёки эътиборсизлик туфайли шунча ҳосилни йўқотиш ҳам мумкин.

Масалан, айрим жойларда ғўза майдонларида кўсаклар етарлича очилмасдан, йиғим-терим ишларини талабларга мувофиқ ҳолда ташкил этмасдан теримга тушиш оқибатида, тўлиқ етилмай яхши очилмаган кўсаклар ҳосили терилиб, пахта салмоғи ва сифатига, пировардида ҳосилдорликка путур етади, шартномавий режалар бажарилмай, иқтисодий самарага эришилмай қолади.

Хўш, жорий йилда пахта теримида нималарга эътибор бериш лозим? Маълумки, бу йил пахта ҳар йилгидан 10–15 кун кечки бўлиб етилди. ўўза ривожи асосан июль-август ойида авж олди, кўсаклар олдинги йиллардагидек, август ойи ўрталари ва иккинчи ярмида пишиб етилмади. Бу эса йиғим-терим ишларига ҳам бироз кечроқ киришиш кераклигини тақозо этади. Айниқса, Самарқанд вилоятида ғўза ривожи орқадалиги, шундай ҳолат деярли барча минтақаларда ҳам мавжудлиги туфайли ғўза дефолиациясини ҳам ҳар йилгидан бошқа­ча, яъни ҳар бир даладаги ғўзанинг биологик етилганлигидан келиб чиқиб, табақалаштирилган ҳолатда амалга ошириш, ёш кўсакларнинг тўкилиб кетишига ёки мажбуран очилишига йўл қўймаслик лозим.

Бу йилги шароитда кўсаклар очилишини тезлаштирувчи “Далрост”, “Узпреп” каби таркибида этефон сақловчи, ўсишни созловчи биостимуляторлардан фойдаланиш тавсия этилади. Бундай препаратлар кўсаклар 30–35% очилганда 1,5–2,0 л/га меъёрда қўлланилса, кўсаклар очилиши 15–20% жадаллашуви натижасида орадан 10–12 кун ўтгач, 90–100% табиий ҳолатда пишиб етилади ва пахтани 1 ёки 2 теримда тўлиқ териб олишга шароит яратилади.

Илмий асосланган тавсияларга мувофиқ, пахта теримига киришишдан олдин, аввало, далани теримга тўғри тайёрлаш лозим. Бунинг учун аввал чигит мақбул муддатларда экилиб, эртаги пишиб етилган далаларда 45–50% кўсаклар очилган бўлса, дефолиация ўтказилади. Дефолиация ишлари жорий йилда табақалаштирилган ҳолда бошқа йиллардагидан фарқ қилиб, ҳар йилгидан кечроқ ўтказилиши, кечки кўсакларнинг ҳам тўлиқ етилиб, очилишига имкон беради. Дефолиациядан 12–14 кун ўтгач, дала пахта теримига тайёр бўлади, ҳар бир далага техника кириши учун йўллар қилинади, суғориш ариқлари кўмилиб, даладаги челлар ва ўқариқлар текисланади. Дала боши ва охирида айланма майдондаги ғўзалар ўриб олиниб, тиркамалар юриши учун қулайлик яратилади. Ҳар бир фермер хўжалигининг умумий ер майдонини инобатга олиб, 30–50 гектарга битта пахта қуритиш майдончаси ташкил этиш тавсия этилади.

ўўза даласидаги ўқариқ ва сув йўллари ёпилгандан сўнг, даланинг 5 нуқтасидан конверт усулида 10 тадан ўсимлик намунаси олиниб, ушбу ўсимликлардаги жами кўсаклар сони ва шундан очилгани санаб чиқилади. Намунадаги ўсимликларда кўсаклар 80–85% очилган бўлса, ушбу далада йиғим-терим ишларига киришилади. Агар очилиш даражаси кам бўлса, терим ишлари бироз кечиктирилади. Масалан, 10 та ўсимликда жами 150 та кўсак бўлиб, шундан 120 таси очилганлиги (80%) аниқланса, дала теримга тайёр ҳисобланади, шунда пахта ҳосили салмоқли бўлиб, тош босади, толаси ҳам сифатли етилган бўлади.

Пахта йиғим-терими ишларини ташкил этиш, яъни пахтани териш, тиркамага ортиш, қабул пунктларига топшириш, қабул қилиш, ғарамлаш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан тайёрланган меъёрий ҳужжатлар ва тартиб қоидалар асосида амалга оширилади.

Ҳосилни ўз вақтида ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб олиш мақсадида, ҳудудларнинг шароитидан келиб чиққан ҳолда, ҳар 80–100 гектар ғўза майдонига мўлжаллаб биттадан терим отряди тузилади. Отряд таркибига фермер хўжалиги аъзолари ва белгиланган шартнома асосида мавсумий ишга жалб этилган ҳашарчи теримчилар киритилади. Ҳар бир отряд теримчилар сонидан келиб чиқиб, уларни далага олиб бориш учун автотранспорт, пахтани ортиш ва ташиш учун трактор ва тиркамалар бириктирилади. Отрядга бириктирилган фермер хўжаликлари кесимида чигит экиш муддатлари, ўтказилган агротехник тадбирлар ва дефолиацияни ҳисобга олиб, пахта териш графиклари ишлаб чиқилади.

Далада теримчилар сони қуйидагича белгиланади: апробацияда ҳосилдорлик 30 ц/га. ни ташкил этган бўлса, 1-теримга 80% кўсаклар очилганда киришиш режалаштирилса, демак, 24 ц/га ёки гектарига 2,4 т пахта ҳосили 1-теримда териб олинади. Даладаги ҳосил 3 кунда йиғиб-териб олинадиган бўлса, ҳар куни гектаридан 800 кг пахта терилиши керак. Ҳар бир теримчи ўртача кунига 65–70 кг пахта териш имконияти борлигини инобатга олсак, ҳар бир гектарга 11–12 нафардан кам бўлмаган теримчи жалб қилинади. Демак, 10 гектарлик контурда 110 киши, 20 гектарликка 220 киши ва ҳоказо. Шунинг учун ҳар бир фермер хўжалиги 1-теримда гектарини инобатга олиб теримчиларни бир гуруҳга тўплаши ва теримни тўғри ташкил этиши шарт.

Пахта ҳосилини сифатли йиғиб олишда теримлар орасидаги муддат катта аҳамиятга эга. Биринчи терим билан иккинчи терим ораси 15–20 кунни, иккинчи терим билан учинчи терим ораси 10–15 кунни ташкил этиши керак. Акс ҳолда пахта хомашёси тўлиқ пишиб етилмай териб олиниб, салмоғи камайиб, сифатининг пасайишига олиб келади.

Шунингдек, пахтани хом термаслик, чаноғида қолдирмасдан, сифатли териб олиш бўйича доимий назоратни йўлга қўйиб, тўлиқ териб олинган пахта майдонларига байроқчалар ўрнатилади. Бунинг учун эгат узунлиги 50–60 метрдан узун бўлган ерларда, ҳар 50–60 метрдан кейин теримчиларни қаторга қўйиш лозим. Яъни, далани бўлак-бўлак териб олиш яхши самара беради. Бунинг учун ҳар 100 метрда чел ва ўқариқ ўрни текисланиб, прицеп-тиркамалар юриш йўллари тайёрланиши шарт. Терилган пахта қуритиш майдонига олиб келиниб, ёйилиб, шамоллатиб қуритилгандан сўнг қабул пунктларига жўнатилади. Қабул масканларига жўнатилган пахта ҳар хил аралашмалардан (яшил ва қуруқ барг, чаноқ, хом кўсак, бегона ўт барглари ва бошқа ёт қўшимчалардан) тозаланган бўлса, унинг саноат нави шунча юқори, нархи ҳам қиммат бўлади ва шундай тоза пахта оғирроқ тош босади.

Уруғлик пахтани териш тартиби. Уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжаликларида махсус комиссия томонидан апробациядан сўнг, уруғлик пахтани териб олиш тартибига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади. Уруғлик пахта ғўза тупининг 3–7-ҳосил шохидаги биринчи кўсаклар пахтасидан териб олинади. Бир тупда очилган ҳамма кўсаклардаги пахтани тўлиқ териш мутлақо мумкин эмас. Чунки, бунда уруғлик чигит сифати пасайиб кетади, бу эса кейинги йил ҳосилига жиддий путур етказади. Уруғчилик фермер хўжаликларида йўналишига қараб, уруғлик авлодлар бўйича алоҳида терилиши керак.

Уруғлик пахтани териб олишда далада камида 65–70% кўсаклар очилган бўлиши ҳамда теримда иштирок этадиган теримчилар уруғлик пахтани териб олиш тартиби билан таништирилиши шарт.

Уруғлик пахтани теришда теримчиларга махсус чўнтакли этаклар-фартуклар берилиб, асосий уруғлик пахта этакнинг ичига, тўлиқ ривожланмаган ва касалланган кўсаклардаги пахта эса ён чўнтакка солинади. Умуман, уруғлик пахтани теришга уруғлик ишларидан хабардор, малакали ишчиларни жалб қилиб, уларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини ошириш зарур.

Мутахассислар томонидан уруғлик учун яроқли деб топилган ғўза майдонлари бегона ўтлардан ва бошқа нав аралашмаларидан тозаланган бўлиши лозим. Уруғлик пахтани териш уруғчилик хўжалиги уруғчи агрономи, ғўза уруғчилиги маркази мутахассислари ва назоратчи инспекторлар назорати остида ташкил этилиши шарт. Уруғлик пахтани териб олишда 3-ҳосил шохидан пастдаги ва 8-ҳосил шохидан юқоридаги шохлардан ва ғўзанинг асосий тупидан узоқ жойлашган, касалланган, яхши очилмаган, зараркунанда ҳашаротлар билан зарарланган кўсаклар пахтасини териш қатъий таъқиқланади.

Уруғлик пахтани терувчи ҳар 10 нафар теримчи устидан битта назоратчи қўйилиши лозим. Уруғлик пахтани териб олишда пахта салмоғи эмас, балки сифатига эътибор бериш, энг сифатли, яхши уруғлик тайёрлаш лозим. Ҳар бир нав муаллифи ўзининг нави уруғи экилган элита уруғчилик хўжаликларида бўлиб, терим сифатини ва навдорлик кўрсаткичларини назоратга олиши орқали унинг навдорлигини оширади, кейинги йил учун юқори сифатли уруғлик чигит тайёрланади.

Уруғлик пахтани пахта тозалаш корхоналари ёки тайёрлов пунктларига топширишдан олдин, хирмонларда бир-икки кеча-кундуз давомида қуритиб, кейин топширилса, унинг саноат навдорлиги ошади. Бундан ташқари, уруғнинг сифати яхшиланади, физиологик етилиши тезлашади, натижада уруғлик чигитнинг унувчанлиги ва униб чиқиш қуввати ортади.

Пахта йиғим-теримида юқоридаги тавсияларга амал қилиниб иш юритилса, бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан миришкор деҳқонларимизнинг заҳматли меҳнатлари ҳисобига етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда уюшқоқлик билан исроф қилмасдан йиғиб-териб олишга эришилади.

Ш.Абдуалимов,

Ф.Хасанова





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech