Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Юртимизда жорий қиш фаслининг илиқ келиши ғалла майдонларида турли бегона ўтлар, касалликлар, айниқса, занг касалликлари ҳамда ҳашаротларнинг ривожланишига қулай шароит яратди. Шу боис, соҳа мутахассислари, фермерлар ғалла майдонларини мунтазам кузатиб, турли касаллик, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши курашиш тадбирларига жиддий эътибор қаратишлари керак.

Маълумки, ёмғир ёққанда нам­лик тупроқнинг 10–15 см устки қатламигача етиб боради, холос. Бу намлик ўсимлик ўзлаштира олмайдиган ишқорий намлик бўлиб, бундай муҳитда майсанинг илдизи берилган азотни ўзлаштира олмайди ва бунда ғалланинг ҳолати яшил бўлиб тураверади.

Қишловдан чиққан ғалланинг илдиз тизими яхши ривожланиши учун гектарига 600–700 м3 меъёрда оқар сув билан суғориш лозим. Оқар сув билан суғорилган майдонларда ўсимлик учун зарарли бўлган ишқорий намлик 50–60 см пастга кетади, майсанинг жадал ўсиб-ривожланиши учун зарур бўлган янги илдизлар шаклланади ва берилган озуқани тез ўзлаштиради.

Таъкидлаш жоизки, қолоқ ва ривожи орқада қолаётган майдонлардаги ғаллани айни кунларда шарбат усулида суғориш мақсадга мувофиқдир.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда жорий йил ҳосили учун экилган кузги ғалла майдонларида экинларнинг ривожланиш фазаларига қараб қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш талаб қилинади:

– фермерлар, мутасадди ташкилотлар мутахассислари ғалла майдонларида дастлабки хатловни ўтказишлари керак. Бунда 1 м2 да майса туп сони ўртача 400–450 туп бўлса, майдоннинг ҳолати яхши, 300–350 туп бўлса қониқарли, 150–200 тупни ташкил этса қониқарсиз ҳисобланади. Ғалла ниҳоллари сийрак бўлган майдонларда қўшимча озиқлантириш ва маҳаллий ўғит солиб, суғориш ҳисобига ниҳолларнинг кучли туплашига шароит яратиш зарур;

– механик таркиби енгил тупроқли, қумоқ, тош-шағалли ерлар 550–650 м3/га меъёрда шарбат усулида енгил намлатиб суғорилади. Бу ниҳолларнинг туплашини тезлаштириб, яхши ривожланиши учун қулай шароит яратади;

– фосфорли ўғитлар етарли берилмасдан экиб юборилган майдонларга, вегетация даврида талаб этиладиган фосфорли минерал ўғитлар ўрнини қоплаш мақсадида 1 гектар майдон ҳисобига камида 10 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариб, биринчи ва иккинчи сувни шарбат усулида амалга ошириш ўта муҳим аҳамиятга эга. Чириган гўнг ва чириндиларни элаб, гектарига 10–15 тонна миқдорда сочиш, маъданли ўғитлар билан бир марта озиқлантириш (40–50 кг/га)нинг ўрнини босади ҳамда ғалла ниҳолларини эрта баҳорги совуқлардан асрайди. Тупроқда эса намликнинг яхши сақланишини таъминлайди;

– туплаш фазасида маҳсулдор поялар, бошоқлар ва хар бир бошоқдаги донлар шаклланади. Уларнинг кўп бўлиши шу даврдаги бажарилиши зарур бўлган агротехнологик тадбирларни қай даражада сифатли бажарилишига, яъни озуқа ва намликнинг етарли бўлишига боғлиқ. Бу даврда минтақа тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда гектарига 600–700 м3 меъёрда суғориш яхши самара беради;

– ғалла ниҳолларининг туплаш фазаси об-ҳаво ёғини ва ҳароратга қараб республикамиз ҳудудларида март ойининг охиригача давом этади. Бу даврда ғалла майдонларига биринчи марта сузпензия билан ишлов бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади;

– бошоқли дон экинларининг бу фазасида занг касаллигининг дастлабки ўчоқлари пайдо бўла бошлайди, бегона ўтларнинг ривожланиши ҳам кузатилади. Шу боис дала кузатув ишларини кучайтириш лозим. Эрта экилган ёки ғалла ўрнига 2-йили яна ғалла экилган, айниқса, эртаки навлар жойлаштирилган майдонларда занг касаллиги аломати ва бегона ўтлар пайдо бўла бошласа, уларнинг ҳолатига қараб, қарши кураш чораларини кўриш талаб қилинади.

Айнан шу даврда занг касаллигининг аломатлари аниқ кўрина бошлайди. Ғалла майдонларини занг касаллиги билан оммавий зарарланишини кутиб ўтирмасдан зудлик билан профилактик қарши кураш чоралари кўрилади.

Эрта баҳорда буғдой майсалари ривожланиши суст бўлган майдонларга, минерал ўғитлар суспензияси тайёрланиб 2 марта сепилиши ўсимликларнинг эрта баҳорги ривожланиш жараёнини тезлаштиради.

Бунда эритмани қўллаш учун ҳар бир гектар ер майдонига 25 кг карбамид минерал ўғитини 600 литр сувда эритилиб, 2 гектар майдонга махсус пуркагич механизмлар ёрдамида буғдой пайкалларига сепилади.

Илдиздан ташқари баргдан озиқланти­рилганлиги сабабли ўсимлик барг сатҳи қалинлашади, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ортади, фотосинтез жараёни яхшиланади. Натижада ўсимликларнинг ўсиб-ривожланиши тезлашади.

Суспензия сепишда, буғдой майсалари ер устки қисмини тўла қоплаганлигига алоҳида эътибор бериш зарур. Чунки сепилган суспензияни ўсимлик барги орқали ўзлаштиради. Буғдой майсалари ер устки қисмини барг сатҳи билан қопламаган майдонларда сепилган суспензиянинг асосий қисми ер устки қатламига тушади, бундан ўсимлик фойдалана олмайди, оқибатда сепилган суспензиянинг самарадорлиги пасаяди. Суспензияни куннинг кечки пайтларида, яъни кундузи соат 16.00 дан 18.00 гача сепиш яхши самара беради.

Озиқлантирилган майдонларни зудлик билан гектарига 600–650 м3 меъёрда суғориш ишларини ташкил этиш лозим.

Суғориш жараёнида қўшимча озиқ­лантириш мақсадида жамғарилган маҳал­лий ўғитларнинг 30–40 фоизини шарбат усулида оқизилиши мақсадга мувофиқ.

Дала кузатувчи агрономларнинг хулосаларига кўра, касаллик, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтлардан кучли зарарланадиган майдонлар аниқланиб чиқилишига алоҳида эътибор бериш керак.

Қишлоқ хўжалик экинлари орасида учрайдиган бегона ўтларнинг келтирадиган зарари шундаки, улар тупроқдаги озиқа элементларидан ва қуёш нуридан кўп фойдаланиши натижасида маданий ўсимликларнинг ўсиб- ривожланиши ҳамда ҳосилдорлигини пасайтиради.

Бегона ўтларга қарши кураш олдидан буғдой экин майдонларида учрайдиган бегона ўт турлари ва улар ҳолати аниқланиши керак. Аниқлашнинг энг оддий усули 1 м2 майдондаги бегона ўтлар миқдори кўзда чамалаб аниқланади.

Бир йиллик бегона ўтлар билан ифлосланиш даражаси:

1 м2 даги бегона ўтлар сони 10 тадан кам бўлса – кучсиз ифлосланган;

Бегона ўтлар сони 10–50 тагача ўртача ва 50 тадан ортиқ бўлса бегона ўтлар билан ифлосланиш даражаси – кучли деб ҳисобланади.

Кўп йиллик бегона ўтлар босган майдонларда эса:

1 м2 майдондаги кўп йиллик бегона ўтлар сони 1 тагача – кучсиз;

1–5 тагача ўртача ва 5 тадан ортиқча бўлса кучли ўт босган деб топилади.

Бегона ўтларга қарши кураш чораларини кўриш, ҳар бир бегона ўтнинг турига қараб, гербицидларни захирасини яратиб, кейин қўллаш, шунингдек, бегона ўтлар билан зарарланиш даражасини аниқлаб уларнинг мақбул меъёрларини тўғри белгилаш ҳам муҳим тадбирдир.

Ғаллазорларда озиқлантириш ва суғориш ишлари ниҳоясига етгандан сўнг, табиийки, ғалла билан биргаликда бир ва кўп йиллик бегона ўтлар (жағ-жағ, эшакшўра, олабута, қўй печак, итузум, мингдевона, қамиш, семизўт, какра, қўйтикан, ёввоий сули, райграс, тулкидум ва бошқ.)нинг ривожланиши жадаллашади.

Бунда ғаллазорлардаги бегона ўтлар турига ва сонига қараб “Топик” (0,3–0,4 л/га), “Атлантис” (0,2–0,3 л/га), “Гранстар” (10–20 г/га), “Биостар” (10–20 г), “Далстар” (10–20 г/га), “Экстрим” (10–20 г/га) каби гербицидлар захирасини яратиш керак.

Сўнгги йилларда минтақамиздаги айрим мамлакатлар ғалла майдонларида сариқ ва қўнғир занг касаллиги сезиларли даражада зарар келтирмоқда. Эътиборсизлик оқибатида сариқ занг касаллиги дон ҳосилдорлигининг 45–55 фоизгача йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Замбуруғли касалликлар кучли тарқалиши хавфи сезилганда 22,5 фоизли “Дуплет ТТ” (0,3–0,5 л/га), 26 фоизли “Титул ДУО” (260 г/га), “Колосаль” э.м.к. (0,3–0,5 л/га меъёрда 200–300 литр ишчи эритма ҳисобида) каби кимёвий препаратлардан бири билан ишлов берилади.

Шунингдек, ўсимликларни ҳимоя қилиш марказининг жойлардаги мутасаддилари касалликлар тарқалиши башорат қилинган майдонларга қўшимча 20–25% миқдорда гербицид ва фунгицидлар захирасини яратиб қўйишлари лозим.

Об-ҳаво мураккаб келаётган бу йилги шароитда ғаллакорлар ва мутахассислар ҳамкорлиги ниҳоятда муҳимдир. Бу ўз навбатда ҳар бир майдоннинг доимий назоратини ташкил этиш, шу мақсадда вилоят ва туманларда ғалла майсалари ҳолатини ўрганиб, амалий ёрдам берувчи гуруҳлар тузишни тақозо этади. Зеро, ғалладан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш ғаллакорларимизнинг бугунги саъй-ҳаракатларига боғлиқдир.

Р.Сиддиқов,

Н.Юсупов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech