Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
17.09.2011

Табобатда юрак ва қон-томир касалликларини олдини олиш ҳамда даволашда, айниқса асаб системасини тинчлантиришда доривор ўсимликлар ва улардан олинадиган дори воситалари кенг миқёсда ишлатилади. Доривор валериана ана шундай доривор ўсимликлар сарасига киради. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, айрим хўжаликларда чунончи Наманган вилояти Поп туманидаги Абу Али ибн Сино номли ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида ва Тошкент вилояти Й.Охунбобоев номли ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида ҳамда Паркент туманидаги айрим шахсий хўжаликларда доривор валериана экиб ўстириш борасида маълум ижобий ишлар амалга оширилди ва Республикамизнинг тоғли ҳудудларида мазкур доривор ўсимликнинг етиштириш мумкинлиги исботланди. Ҳозирги вақтда республикмизнинг ихтисослашган давлат ўрмон хўжаликларида ўндан ортиқ доривор ўсимликлар зироат қилинмоқда, валериана шулар жумласидандир.

Доривор валериана – Valeriana officinalis L, валерианадошлар (Valerianaceae) оиласига мансуб, кўп йиллик ўт ўсимлик, илдизпояси қисқа ва кўпгина майда илдизчалар билан қопланган бўлиб, ер остида тик жойлашган.

Илдизпоядан биринчи йили илдизолди тўпбарглар, иккинчи йилидан бошлаб поя ўсиб чиқади. Пояси тик ўсувчи 1.5-2.0 метргача етади. Цилиндрсимон, майда қиррали шохланмаган (баъзан юқори қисмлари шохланган), ичи ковак, юқори қисми туксиз, пастки қисми эса туклар билан қопланган. Барги оддий, тоқ патли ажралган, 4-11 жуфт сигментлар (бўлакчалар)дан иборат. Илдизолди барглари узун бандли бўлса, поядаги барглар банди поянинг юқори қисмига етгани сари қисқара боради. Барглари пояда қарама-қарши жойлашган. Гуллари майда, ҳидли, поя учида қалқонсимон йирик рўвакчага тўпланган. Косача барглари гул ичига қараб қайрилгани сабабли аниқ билинмайди. Гултожиси варонкасимон беш бўлакли, учи ичкарига қайрилган, оқ ёки пушти рангли, оталиги 3 та оналик тугуни 3 хонали, пастда жойлашган. Меваси – чўзиқ тухумсимон, оч қўнғир писта. Валериана ўсимлиги уруғини 1000 донасининг оғирлиги – массаси 0.4-0.6 граммни ташкил қилади. Май ойининг охиридан бошлаб август – сенятбр ойларигача гуллайди.

Валериана туркумига кирувчи турлар полиморф ўсимликлар ҳисобланади. Дунёда ёввойи ҳолда уларнинг 250 га яқин турлари қайд қилинган. Шимолий ва Жанубий Америка, Европа ва Осиёнинг тоғли минтақаларида тарқалган. Собиқ иттифоқ ҳудудида 23 тур, Ўрта Осиёда 12 тур, Республикамизда эса 3 тур учрайди. Валериана турлари табиатда тарқоқ ҳолда учрагани боис табиий захиралари фармацевтика саноати ҳамда аҳоли талабини қондираолмайди. Табобатда асосан доривор валериана – Valeriana officinalis L, ишлатилади, мазкур тур махсус хўжаликларда экиб ўстирилади. Дори воситалари тайёрлаш учун валерианани илдизи ва илдизпояси ишлатилади. Буни доришунослик амалиётида “Валериана илдизи” деб аташади.

Валерианани уруғлари пишиб етилгандан сўнг, ер остки қисмлари ковлаб олинади. Плантацияларда ўстирилган валерианани вегетацияни иккинчи йили махсус конструкцияли плуглар ёрдамида ёки кетмонлар воситасида ковлаб йиғиб олинади ва илдизпояси поядан ажратилади.

Валериана ўсимлигини илдизи ва илдизпояси таркибида 0.5-2% эфир мойи ва соф ҳолда изовалериан кислотаси бўлади. Валериананинг эфир мойи асосан ингичка илдизларда, изовалериан кислота эса, юғон ва қари илдизпояларда кўпроқ бўлади. Бу мой таркибида изовалериан кислотанинг барниол спирти билан ҳосил қилган мураккаб эфири – барниолизовалерианат, шунингдек барниолнинг сирка, чумоли кислоталари билан ҳосил қилган мураккаб эфири ҳамда терпениол, пинен, камфен, азулен, кессил спирти (проазулен), лимонен, соф ҳолдаги барнеол, изовалериан кислота ва бошқа бирикмалар бўлади.

Маҳсулот таркибида эфир мойидан ташқари 0.01% га яқин алколоидлар (хатинин, валерин, актенидин ва бошқалар), учувчан асослар, валерид гликозид почул спирти, ошловчи моддалар, санонинлар, қандлар, олма, сирка ва бошқа кислоталар бўлади. Валерианани бизнинг республикамиз шароитида кузда ва эрта баҳорда экиш тавсия этилади. Айрим минтақаларда, ҳусусан ёғингарчилик кўп бўладиган Россиянинг бир қатор вилоятларида ёз ойларида ҳам экиш мумкин.

Кузда ер шудгор қилиниб, молаланиб текисланади, чизелланиб бегона ўтлар қолдиқларидан тозаланган майдонга 60 см кенгликда эгат олиниб, ҳар бир гектар ерга 7-8 кг миқдорда уруғ сепиб чиқилади, қадалган уруғнинг чуқурлиги 1-1.5 смдан ошмаслиги керак. Валериананинг уруғи совуқга чидамли бўлиб, тупроқ ҳарорати 50 С бўлганда униб чиқади. Аммо уруғ униб чиқишининг оптимал даражаси 15-200 С ни ташкил қилади. Об-ҳаво шароити яхши бўлган даврларда уруғ ерга қадалгандан сўнг 15-20 кун ўтиб уруғ униб чиқади. Вегетациянинг иккинчи ва келаси йилларида ердан қор кетган заҳоти валериана майсалари униб чиқади. Валерианани парвариш ишлари майсалар орасини юмшатиш, чопиқ қилишдан бошланади. Униб чиқган ниҳоллар маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб чиқилади.

Ҳар бир гектарга 30-40 кг дан азот ва фосфорли минерал ўғитлар бериш тавсия этилади. Валерианага ишлов бериш даврида, унинг ерости илдизпояси ва илдизлари массаси катта бўлишлиги учун, ўсиб чиқган гул поялари олиб ташланади. Валерианани уруғдан ташқари кўчатлари орқали ҳам кўпайтириш мумкин. Бунинг учун махсус ниҳолхона (питомник) ташкил қилиниб кўчатлар етиштирилади ва етилган ниҳолчалар очиқ ерга кўчирилиб ўтказилади. Ўтқазилган ҳар бир ниҳол оралиғи 10-15 см бўлишлиги ва зудлик билан суғорилиши керак.

Валерианани илдизлари вегетацияни иккинчи йилининг оҳирида, ўсимлик уруғлари пишиб етилгандан сўнг ковлаб олинади. Ҳар бир гектар майдондан 15-20 центнердан қуруқ ҳолда илдиз ковлаб олинади. Йиғиб олинган маҳсулот тупроқдан тозаланиб, маҳсус идиш ёки саватларга солиб сувда ювилади. Суви селгиши учун бироз вақт очиқ ерда қолдирилади ва ҳаво кириб турадиган жойда ёки қурутгичда 35-400 С да қуритилади. Валериананинг илдизи ва илдизпояси ҳўллигида ҳидсиз ва оқиш бўлиб, қуритилгандан сўнг қўнғир ранга айланади ҳамда ўзига хос “валериана ҳиди”га эга бўлади. Бу ўзгаришлар қуритиш даврида юз берган ферментация жараёни натижасидир.

Умуман олганда, фармацевтика саноати корхоналари эҳтиёжларини доривор ўсимликлар хомашёси билан тўла-тўкис, узликсиз таъминлаш, ҳамда доривор ўсимликлар ҳомашё базасини яратиш учун уларни экиб ўстириш, ҳамда уларнинг экин майдонларини кенгайтириб, доривор ўсимликлар деҳқончилигини республикамизда ривожлантириш, қишлоқ хўжалигимиз фанлари олдидаги асосий вазифалардан ҳисобланади.

“Шифобахш” илмий-ишлаб чиқариш маркази
17.09.2011 йил


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech