Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
07.05.2012

Буйрак хасталикларининг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликлар кенг миқёсда ишлатилади. Бундай ўсимликлар диуретик, яъни пешоб ҳайдовчи доривор ўсимликлар дейилади. Республикамиз табиатида бундай ўсимликлар кўплаб учрайди. Чунончи қуш торон, қирқ бўғим, рўян, иттиканак ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундан ташқари пешоб ҳайдовчи дори воситаси сифатида табобатда маккажўхори попуги, бодринг (айниқса сарғая бошлагани), укроп ва петрушкалар ҳам қўлланилади.
    Аммо, буйрак хасталикларини самарали даволайдиган доривор ўтлардан бири – бу тукли эрва, яъни “пол-пола” бўлиб, у асосан тропик ва субтропик мамлакатларда, жумладан, Филлипин ва Янги Гвинияда ёввойи ҳолда кенг тарқалган. Тукли эрва (Aerba lanata (L.) Juss.) – матинчдошлар (Amarantaceae) оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. У табиатда тошлоқ ва қумлоқ ялангликларда, чўллар ва бутазорлар орасида ўсади.
    Ўзбекистон шароитида эса бир йиллик ўт ўсимлик сифатида етиштирилади. Илдиз тизими 15–20 см. га етади. Пояси ёғочланган бўлиб, ўртача 70–75 см. ни ташкил этади. Барглари наштарсимон-тухумсимон ёки тухумсимон-эллиписсимон, узунлиги 2–3, эни 0.5–1.5 см, қисқа бандли, атрофлари бутун, учки қисми ўткирлашган ёки тумтоқ бўлиб, асоси понасимон. Барглари пояларда даст¬лаб қарама-қарши, кейин кетма-кет жойлашган бўлиб, қуйи қисмидаги дастлабки барглари йирикроқ, юқорилашган сари майдалашади. Тўпгули конуссимон зич бошоқ шаклида бўлиб, қалин оқимтир тук билан қопланган. Гулларининг катталиги 2 мм, ташқи томони сертуклиги туфайли кулранг-оқиш тус олади. Ички томони эса оч яшил рангли. Уруғлари 0.6–0.8 мм, қора ялтироқ рангли.
     “Пол-пола”нинг ер устки қисмларидан тайёрланган дамламаси буйрак ва сийдик йўллари хасталиги, простата безларининг шамоллашини даволашда қўлланилади. Ҳиндистон ва Цейлон халқ табобатида ўсимлик дамламаси буйракдаги тошларни эритишда, буйрак шамоллаш асоратларини даволашда, организмдаги гижжалар ва ҳар хил гельминтларни тушуришда ишлатилади.
     Таъкидлаш жоизки, айни пайтда республикамизнинг ихтисослашган ўрмон хўжаликлари ва айрим фермер хўжаликларида мазкур ўсимлик экиб ўстирилмоқда. Жумладан, Поп туманидаги Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослашган Давлат ўрмон хўжалигида, фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” ҳамда “Асель” ва “Оқтош” кичик хусусий корхоналарида ўсимлик хомашёси биринчи қайта ишланиб, қадоқланиб дорихоналарга чиқарилмоқда.
     “Пол-пола” ўсимлигини икки хил усул билан ўстириш мумкин. Биринчи усулда кузда яхшилаб шудгорланган, бегона ўтдан тозаланган, молаланган, чизелланган, текисланган майдонларга оралиғи 60 см қилиб олинган эгатларга уруғ сепилади. Мартнинг охири ва апрели ойларида 10 кг/га ҳисобида уруғ сепилади. Уруғларни белгиланган майдонга тўғри тақсимлаш мақсадида уларга тенг ҳисобда қум, кул ёки кукун ҳолидаги чиринди гўнг аралаштирилади ва эгатлар юзасига сепиб чиқилади. Шундан сўнг эгатлар захлатиб суғорилади ва майса ҳосил бўлгунга қадар тупроқ юзаси нам ҳолатда сақланиб турилади. Апрель ойи охири ва майнинг бошларида майсалар униб чиқади. Майсалари жуда нозик бўлиб, 3–4 жуфт чинбарг ҳосил қилгандан сўнг, қатор ораларига ишлов берилади.
     Вегетация давомида экин 8–10 маротаба суғорилади. Ҳар 2–3 маротаба суғоришдан сўнг культивация ўтказилади ва қатор оралиғига кетмон билан ишлов берилади. Ниҳолларнинг озуқа майдонини тўғри тақсимлаш ва меъёрда ривожлантириш мақсадида (бир-биридан 10–15 см оралиқда ҳар бир уяда 2–3 тадан) ўтоқ ва ягона қилинади ҳамда парваришланади. Иккинчи усулда иссиқхоналарда кўчати етиштирилади. Бунда 18–240С ли иссиқхоналарга февраль ойининг охири ва мартнинг бошларида 60–30 см ўлчамли, баландлиги 25 см. ли тахта яшикларнинг тубига майда шағал ва йирик донадор қум солинади. Унинг устидан олдиндан 3х3х1 нисбатда тайёрланган аралашма (тупроқ, чириган гўнг ва қум) солинади ва уруғлар сепилади.
    Намликни сақлаш мақсадида сепилган уруғлар устига ёғоч қириндисини 1–2 мм қалинликда тўшаш яхши натижа беради. 1 м2 майдонга 50 г уруғ сарфланади. Экилган уруғлар ҳар куни гулдон (лейка) ёрдамида суғорилади. Майса ҳосил бўлгунга қадар ер усти нам ҳолатда сақланади. Уруғлар 8–10 кундан сўнг униб чиқади. Майсаларнинг униб чиқиши билан суғоришлар сонини аста-секин камайтириб борилади. Бир жуфт барг пайдо бўлгач майсалар бир-биридан 3–5 см оралиқда кўчириб ўтқазилади. 3–4 жуфт чинбарглар чиққандан сўнг, об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда олдиндан тайёрлаб қўйилган очиқ далалардаги эгатларга 10–15 см масофада экилади. Бунда 1 га майдонга 60–70 минг дона кўчат ўтқазиш мақсадга мувофиқ. Очиқ ерларга кўчат қилиб экилган ниҳоллар юқорида таъкидлаб ўтилган агротехника қоидаларига биноан ишлов берилади ва парваришланади.
    Ўсимликнинг ер устки қисми қийғос гуллаб, уруғлар пишиб етилгандан сўнг қўл ўроғи ёки бошқа ўткир тиғли мосламалар ёрдамида ўрилади ва йиғиштириб олинади. Ер устки қисмининг ёғочланганлиги сабабли, уларни ҳўл ҳолатда 5–10 см узунликда қирқиш, соя-салқин жойларда қуритиш мақсадга мувофиқдир. Уруғ олиш учун яхши ўсиб ривожланган алоҳида майдонлар ажратилади. Бу майдонлардан йиғиб олинган хомашё алоҳида тўшалган брезент ва бошқа мосламалар устида қуритилади. Сўнгра янчилиб элакдан ўтказилади, уруғлари олинади ва тозаланади. Тозаланган уруғлар бўз қопчаларга жойланиб, унинг устига ёрлиқлар ёпиштирилади.
    Хомашё ўсимликнинг ер устки қисми, яъни поя, барг, бошоқ ва уруғларидан иборат бўлиб, оч-кул рангли ўзига хос ҳид ва таъмга эга. “Пол-пола”нинг қуритилган, майдаланган ер усти қисмлари ва айрим ҳолатларда илдизлари ҳам хомашё сифатида ишлатилади. Бўз қопларга жойланиб, устига ёрлиқ ёпиштирилган хомашё махсус омборхоналарда сақланади. Сақланиш муддати 2 йил.
      М.Аллаёров, Э.Ахмедов 


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech